Ҳоким кубоги

Урганч туман ҳокимининг туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан ҳамкорликда “Ҳоким кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди.

Урганч тумани ҳокими Ғайратжон Султонов ёшлар билан суҳбатлашиш мақсадида учрашган пайтида ўқувчилардан бири ҳокимнинг ихтисослиги ҳуқуқ фани бўйича эканлигидан хабар топиб, туман раҳбарига қарата: “Устоз, бизга “Маҳорат дарси” ўтиб беришингизни истар эдик”, деди.

Ушбу ўқувчининг таклифи кўплаб ёшлар томонидан маъқулланди. Туман ҳокими бу таклифга рози бўлди ва “Маҳорат дарси” ўтишга қарор қилди.

Шундай қилиб, ҳуқуқ фанига қизиқувчи ёшлар бу борадаги билимларини янада мустаҳкамлашга киришдилар. Бу дарсга қизиқувчилар жуда кўпайиб кетганлиги боис Ғ.Султонов “Ҳоким кубоги” мусобақасини ўтказишни таклиф қилди. Таклиф ташаббусга айланди. Ҳокимнинг ташаббуси билан тумандаги 44 та мактабда “Ҳоким кубоги” мусобақаси учун беллашувлар бошланди. Мазкур жараёнда ўқувчилар ҳуқуқ фанига бўлган қизиқишларини намоён этишди. Ҳар бир ўғил-қиз ўз ҳуқуқини билиб олди. Бундан ташқари, жамиятда юриш-туриш, ўзини тутиш, жамоат жойларида одоб сақлаш борасида бирмунча тушунчага эга бўлиб, ҳуқуқ борасидаги кўпгина саволларга жавоб изланди. Ёшлар ўзларининг билимларини мусобақанинг мактаб босқичида синовдан ўтказдилар.

Жорий йилнинг 30 октябрь куни ушбу беллашувнинг мактаб босқичлари якунига етди. Мазкур ҳудуддаги 44 та мактабнинг иқтидорли ўқувчилари — биринчи босқичда ғолиб бўлганлар якуний босқичда иштирок этдилар.

Биринчи ўринни тумандаги 5-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Диана Бекбаева, иккинчи ва учинчи ўринларни 1-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Моҳира Латипова ва 42-сонли мактабнинг битирувчиси Ҳусинбой Матназаровлар эгаллади.

Урганч тумани ҳокими ёшларнинг илм-фанга бўлган муҳаббатини кўриб, ҳуқуқ фанини ўқитишга бўлган эътиборни кучайтириш бўйича топшириқ берди, бу борада ўзларининг меҳнатларини аямаётган фидойи устозларга миннатдорлик билдирди.

Ўқувчи ёшлар “Ҳоким кубоги” мусобақаси натижасида ўзларининг ҳуқуқий билимларини янада ошириб олишмоқда.

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × five =