Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат
Жорий йилнинг 25 ноябридан Тошкентда “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат” глобал кампанияси бошланди. Бу ташаббус Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан ўтказилмоқда. Мазкур кампания аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун жамиятнинг барча қатламлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини эслатади.
Шу муносабат билан ташкил этилган давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати Раиси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, BMT, UNFPA, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жумладан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигига алоҳида урғу берилиб, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларнинг аҳамияти борасида фикр юритилди.
— Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли “Инсон қадри учун” тамойили асосида зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Қонунларимиз такомиллаштирилди, жазо чоралари қатъийлаштирилди, ушбу иллатга қарши ишлайдиган аниқ тизим — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти йўлга қўйилди.
Лекин қисқа муддатда амалга оширилган ишлар ва бугунги натижаларимиз — бу борада қилиниши зарур бўлган ҳақиқий фаолиятга дастлабки қадамдир. Бу йўналишда ҳали муаммолар етарлича. Бунинг учун барчамиз масъул бўлишимиз даркор. Бутун жамиятимиз зўравонликка қарши курашиш учун ягона кучга айланиши керак. Бефарқ бўлмаслик, зўравонлик аниқланиши ва тўхтатилиши учун барча имкониятларни ишга солиш орқали барбод бўлган тақдирлар, йўқолган умидларга нажот беришимиз мумкин — деди Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ушбу муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз логотипини олов рангга ўзгартирган.
Олов ранг — умид, ёруғлик ва зўравонликсиз келажак рамзидир.
Ташаббусни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам қўллаб-қувватлаган ҳолда ушбу кампанияга қўшилган.
Айтиш жоизки, “Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” жаҳоннинг 187 та мамлакатида ўтказилади. Бугунги кунда кампания 6 мингдан зиёд ташкилот ҳамда 300 млн кишини қамраб олмоқда.
Аслида, зўравонлик — жамият учун катта таҳдид бўлиб, у инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига жиддий зарар етказади. Бу ҳодиса жамиятнинг барча қатламлари ва барча ёшдаги инсонлар орасида учрайди.
Зўравонлик нафақат жисмоний, балки психологик, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам кучли таъсир кўрсатади. Шу сабабли, зўравонликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.
Афсуски, аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик дунёдаги энг кенг тарқалган ва барча жойда мавжуд инсон ҳуқуқлари бузилишларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, дунёда деярли ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида камида бир марта яқин шериги томонидан жисмоний ёки руҳий зўравонлик ва нотаниш шахс томонидан жинсий зўравонлик ҳолатларидан бирини ёки иккаласини ҳам бошдан кечиради.
БМТ аёллар ва БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун курашиш куни — 25 ноябрда эълон қилинган халқаро ҳисоботга кўра, 2023 йилда 85 минг аёл ва қиз қасддан одам ўлдириш қурбони бўлган. Бундан ташқари, ушбу жиноятларнинг 60 фоизи — 51, 1 минг нафари яқин умр йўлдошлари ёки бошқа оила аъзолари томонидан содир этилган.
2008 йилдан буён бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам Халқаро инсон ҳуқуқлари куни нишонланадиган 25 ноябрдан 10 декабргача “16 кунлик фаол ҳаракатлар” акцияси ўтказиб келинмоқда.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш аёллар ва қизларга нисбатан “зўравонлик эпидемияси”ни “инсоният учун шармандалик” деб атаган.
БМТ аёллар ташкилоти раҳбари Сима Бахус аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш мумкинлигини таъкидлаган: “Бизга кучли қонунчилик, маълумотлар тўпламини яхшилаш, ҳукуматнинг масъулиятини ошириш, бағрикенглик маданиятини юксалтириш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва институтларини кўпайтириш керак”.
Мавжуд маълумотлар шуни тасдиқлайдики, ваҳшийлик қурбони бўлган аёлларнинг катта қисми (22% дан 37% гача) илгари шериги томонидан жисмоний, жинсий ёки руҳий зўравонликка учрагани ҳақида хабар берган. Бу шуни кўрсатадики, кўплаб қотилликларнинг олдини олиш мумкин бўлган.
Олий суд Жамоатчилик билан алоқалар маркази масъулининг маълум қилишича, Ўзбекистонда жорий йилнинг 10 ойи давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 15 427 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 9 210 нафарига жарима жазоси, 6 217 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Хўш, бу ҳолатларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш йўллари борми?
Зўравонликка қарши курашишда жамиятнинг ҳар бир аъзоси фаол иштирок этиши зарур. Бунда нафақат давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки ҳар бир инсоннинг масъулияти бор.
Зўравонликка қарши курашишда энг муҳим қадам — хабардорликни оширишдир. Жамиятда зўравонликнинг зарарли таъсирларини тушунтириш, оила ва мактабларда болаларни зўравонликнинг олдини олишга ўргатиш муҳимдир.
Шунингдек, давлат органлари томонидан ҳуқуқий чора-тадбирлар кучайтирилиши зарур. Зўравонлик қилган шахслар қонун олдида жавобгарликка тортилиши, жабрланувчиларга эса зарурий ёрдам ва ҳимоя кўрсатилиши керак.
Зўравонлик қурбонларига руҳий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш уларнинг травмадан тезроқ тикланишига ёрдам беради. Жабрланувчилар атрофидагиларнинг қўллаб-қувватловини ҳис этиб, руҳий хотиржамликка эришишида психологлар, ижтимоий ходимлар ва маслаҳатчилар муҳим роль ўйнайдилар.
Зўравонликнинг олдини олиш учун жамиятда тенглик ва ўзаро ҳурматни ривожлантириш керак. Ҳар қандай табақага мансуб инсонлар бир-бирини ҳурмат қилиши зарур. Бу эса зўравонликни камайтиришга катта ҳисса қўшади.
Хулоса қиладиган бўлсак, зўравонлик — жамиятимизнинг ривожланиши ва фаровонлиги йўлидаги катта тўсиқдир. Ҳар биримиз зўравонликка қарши туриш, унинг олдини олиш ва уни камайтиришга ҳисса қўшишимиз лозим. Зўравонликнинг ҳеч қандай шакли оқланиши ёки қабул қилиниши мумкин эмас. Биз барча турдаги зўравонликка қаршимиз ва жамиятда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ҳурматни тарғиб қилишда биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Ислом АСИЛБЕКОВ.