Сўз эркинлиги маданиятсизлик базми эмас!

“Республика Маънавият ва маърифат маркази, АОКА, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, МТРК, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмасининг қарори билан теле- ва радиоканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар учун тайёрланаётган медиамаҳсулотлар, хусусан, сериал, мультфильм, кино ва қўшиқларни “маънавий экспертиза”дан ўтказиш тартиби жорий этилди” — бу хабар жуда кўп зиёлилар, устозлар, ёши улуғлар, мулоҳазали-мушоҳадали ота-оналарни хурсанд қилди.
Эркин фикрлар очиқ майдонида айни янгиликни “Маънавият ниқоби остида цензура ўрнатилмоқда”, деб кутиб олганлар ҳам оз эмас.
Масалан, мен — ақлимни таниганимдан буён ашула ва қўшиқлар билан ҳамнафас яшаган одам, қарийб кейинги чорак асрдан буён ҳар қандай янги қўшиқни, албатта, маънавий ва адабий меъёрлар элагидан ўтказиб, шундан кейингина миллион-миллион томошабинлар эътиборига ҳавола этиш керак, деган фикрдаман. Бу таклиф бошқалар томонидан ҳам кўп айтилди, қай бир радио ва телеканаллар қошида экспертиза гуруҳлари тузилгандек ҳам бўлди, лекин қоғозда қолиб кетди. Бизнинг топган-эришганимиз шу бўлдики, айрим қўшиқ (бошқа нима ҳам дердик?!)лар матни, ижроси, ижрочининг кийимию хатти-ҳаракатларидаги мантиқсизлик, беҳаёлик, шармандалик, олди-қочдилар ҳар қандай қуюшқонларни ёриб ташлади.
…Инсоннинг маънавий эҳтиёжлари жисмоний эҳтиёжлари билан эгизак туғилармикин? Эсимда, ёшлигимда уйимизнинг пастак дераза токчасига қўйилган усти рангпар мато билан қопланган радиочамизнинг ёнига ўрнашволиб… кўзларим дўппи гулларида, қўлларим қатим тортар, ўзим радиодан тараладиган ашулалар оламида бўлардим.
Айдингиз жанонима жаврини
кўп орттирмасин,
Ишқ бозорида жисмим поралаб
соттирмасин.
Ўзгалар базмида танҳо жилва айлаб
ҳам яна
Бир рақибим элчи айлаб кулбама
чоптирмасин…
Ахир бу дилбар оҳангга вобаста Нодира ғазали тўрт қатор шеър эмас, ажойиб киноновелла лавҳалари-ку! Шу пайтгача дилимда, тилимда қолган жуда кўп ашулаларнинг деярли ҳаммаси бундан эллик, олтмиш йиллар олдин уларнинг мазмунига мафтунлигимдан, хонандаларнинг ёқимли овозию юрагининг ҳарорати билан хотирамга ўз-ўзидан ёзилиб қолган.
Йиллар ўтиб китоблар, устозлар сабоқлари шарофатидан севимли ашулаларимнинг маъносини теранроқ тушундим.
Энди ҳақиқий санъат дурдонаси бўлган у ашулалар шеърларининг фикр салоҳияти, шоир қалбининг назокати, ажойиб лутфлари, саховати, камтарлиги билан юксаклиги… ҳофизнинг Аллоҳ берган бетакрор овозига уйғун катта муҳаббат ва маҳорат ила ижроси билан ҳозиргача ўз-ўзимники.
Ишқсизларга мани ишқимни қилма ошкор,
Ишқ карвонига кўксимни очиқ дарвоза қил.
Собир Абдулла ғазали билан Муроджон Аҳмедовнинг забардаст овозида қўшиқ бўлиб янграган бу сатрлар ҳар сафар ҳайратга солаверади: ишқ карвони қандай бўларкин ва унга дарвоза бўлгувчи қалб салобати, кенглиги, саодати қандай экан?! Умрим давомида сон-саноқсиз хаёлан такрорлаган ёки қайта-қайта хиргойи қилган бўлсам-да, ҳар сафар қалбимни титратадиган, кўзимга ҳайрату эҳтиром ёшларини силқитадиган ижролар, шукрким, оз эмас. Зебуннисонинг:
Китобхонаи олам варах-варах жустам,
Хати Ту дийдаму гуфтам: Ки муддао инжост —
деган сатрлари Зайнаб Полвонова ижросида хотирамга ёзилди, устозлар айни сатрларда шоира ёруғ дунёнинг энг катта ҳикмат-ҳақиқатини баён этмоқчи бўлганини тушунтирдилар, ҳар хил синовлар пайти уни хиргойи қиламан, таскин топаман. Буларнинг ҳаммаси — катта санъатимизнинг асл ганжиналари, авлодлар асраб ривожлантириши мерос бўлган хазина.
Биламан, бугун юқоридаги фикрларимдан кимлардир, юмшоқ қилиб айтганда, зерикади, тезроқ тугатишимни истайди. Чунки мумтоз ашyлалар айтилганда, “Шу ҳай-вайлар кимга керак?” дейдиганлар, хонадонида йил-ўн икки ойлаб миллий соз асбоблари жўрлигида айтилган қўшиқ, ашулаларни тингламайдиганлар, англамайдиганлар оз эмас. Уларни тушунгинг келади: глобаллашув, одамларнинг вақти жуда қимматли бўлиб бораётган, ахборот оқими имконият тугул тасаввурларга ҳам сиғмаётган даврда қўшиқларнинг сўзлариям аниқ, озу соз, ишчан, замонавий тил билан айтганда, “мотивация берадиган” бўлиши керакдир?!
Ёдимга тушиб кетди. “Саодат” таҳририятида ишлаётган пайтимда, бир куни журналнинг навбатдаги сонига бериладиган материаллар муҳокама қилинаётганди. Зулфия опа тақдим этилган шеърлардан биридаги фикрнинг енгил-елпи, йиғлоқи эканини айтгандилар, кимдир: “Энди, шоир-да”, деб уни оқламоқчи бўлганди, устоз: “Нима, шоир дегани ақли паст деганими?!” – деб мавзуга нуқта қўйгандилар. Шунга ўхшаб, ҳаваскору шеъриятдан умуман тушунчаси бўлмаган “шоир”ларнинг ижоди маҳсули бўлган бир нима (қўшиқ, куй сўзини ишлатгим келмаяпти)ларни машҳурдан тортиб кечагина битта “клипи” билан бу соҳага кириб келганларнинг ижросида “Ҳа, энди бу қўшиқ-да”, — деб тинглайвериш; машҳуридан тортиб кеча тухумдан чиққанигача ўзини санъаткор деб билганларнинг тилидаги, хатти-ҳаракатидаги алмойи-алжойилик, кибр, мақтанчоқлик, томошабинни менсимаслик, ёшига ёки айтаётган сўзларининг маъносига номутаносиб кийимлари ва қилпиллашларни “Буларга бўлаверади” ёки “Фикр эркинлиги” деб қабул қилиш бир томондан уларнинг ижодий-ижобий ўсишига ғов бўлса, иккинчи томондан ўзимизнинг савиямиз ночору пажмурда эканини тан олишдир.
Фарзандларимизга ёшлигидан савияси юқори ёки паст асарларни тавсия этишимизнинг оқибати “экилган уруғи”га яраша бўлади. Бугун қай бир ўғил-қизимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазали билан айтиладиган “Яхшилик” қўшиғини шартта ўчириб, “Жонзе, Жонзе”ни мароқ билан эшита бошласа, бу унинг онгига она сути билан бирга енгил-елпи, ўтар-кетар, вақтингни ўғирлайдиган қўшиқлар қуйилганининг натижаси. Буларни яхши кўриб тинглайверганинг сайин фикринг доираси мана шу ижролар қобиғидан четга чиқмайди; хатти-ҳаракатинг, ҳаёт тарзинг унга мослашади. Афсуски, кейинги йигирма йиллар давомида қўшиқчилигимиздаги саёзлашиш, жўнлашиш, енгил-елпилашиш жараёнига гувоҳ бўлдик; бу ҳақда ташвишланиб гапиргандек, ёзгандек бўлдик, аммо самарали ишлар қўлимиздан келмади.
Адашмасам, бундан йигирма йиллар илгари Республика “Наво” бирлашмасида янги қўшиқларни кўрикдан ўтказиб, ижросига рухсат бериш (ёки бермаслик) комиссияси тузилиб, бир неча йиллар фаолият кўрсатди. Комиссия таркибида Анор Назаров, Дилором Омонуллаева каби таниқли бастакорлар, Фаррух Зокиров каби халқ артистлари, Гулчеҳра Умарова каби санъатшунослар, қўшиқчи шоирлар, улар қаторида мен ҳам бор эдим. Комиссия йиғинларига доим бир нечта қўшиқчиларнинг янги ижролари тавсия этиларди. Уларнинг аксарияти элга тақдим этишга муносиб эмас, аммо йиғинларга раислик қилувчи билан танқидий фикр билдирганлар орасида бўладиган музокара, баҳсларнинг деярли ҳаммаси раислик қилувчининг фойдасига ҳал бўларди, ўша қўшиқ эфирга узатилишига “оқ йўл” бериларди.
Аслида, Республика телерадиокомпанияси ҳузурида ҳам янги ёзилган қўшиқлар матнини, ижросини назорат қилиши керак бўлган, сарани сарага, пучакни пучакка ажратадиган ижодий гуруҳлар доим бўлган, вазифасини бажарган. Аммо қайта қуриш ва ошкоралик йиллари, кейинчалик мустақиллик даврининг сўз эркинлигини ўз тарозисида “тош босган шеъри”, ўз доирасидагиларга ёққан қўшиғини катта минбарларга олиб чиқиш, элга ҳавола қилиш деб билганларни муҳарририятлардан катта экранлар, эфирларга “олиб ўтиб қўядиган кўприк”лару “айланма йўллар”, “сўқмоқлар” очилди, улар кенгайиб кетди.
Мазмунли, чиройли овозда ижроси гўзал қўшиқ ёки ашула бошланса, “Ҳамма ундан баҳраманд бўляптими?” деган хаёлда ён-атрофимдагиларга қараб чиқаман: кимдир ҳушёр тортган, кимдир бепарво, яна кимдир қошиқ билан овора. Беихтиёр Иммант Зиедониснинг бир эпифаниясидаги “Шеър айтилаётганда, кавшанма, болам” деган гапи ёдимга тушади. Аммо ҳозир айрим “қўшиқ”лар бошланса, атрофингдагилар уни тинглашидан кўра тингламаслигини, бошқа бирор машғулот билан банд бўлишини, қўшиқни ўчириб қўйишини хоҳлайсан. Чунки…
Яқинда бир байрам даврасида кузатиб ўтирибман: ёш санъаткор “Сени жуда яхши кўраман” деган сатрларни такрор, такрор, такрор… нақорат қилиб куйлаяпти, ўртада рақс тушаётганларнинг аксарияти унинг сўзларини қайтаришяпти, демак, ёд билишади. Ўн яшар қиздан: “Қайси қўшиқларни куйлаб юрасан?” — деб сўрадим. У аввалига жавоб беришга уялди. Сабабини сўрагандим: “Бизга мос эмас-да”, — деди. Бу суҳбатимизни ҳеч кимга айтмаслигимга қизчани ишонтирганимдан кейин у нафақадаги бобоси билан ўтириб телевизор кўрганда эшитадиган қўшиқларидан сатрлар айта бошлади. Мен уни ортиқ уялтиргим келмади…
Менга қараб нега ёнимда ҳар кун
қолмайсан,
Баланд дорга осилсанг ҳам,
ета олмайсан.
Мантиқий, ахлоқий, миллий менталитет, бадиий асарга қўйиладиган талаблар нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, шу икки сатр таҳлилида айтилажак мулоҳазаларнинг ўзи алоҳида танқидий мақола бўлади.
Ғазалнависликнинг ХХ аср чин ворисларидан бири Эркин Воҳид:
Сени ётлар тугул, ҳатто қилурман
рашк ўзимдан ҳам,
Узоқроқ термулиб қолсам, бўлурман
ғаш кўзимдан ҳам,
деса, бугунги “шоир” мана бундай ёзади:
Офтоб юзингникими,
Томчи кўзингникими,
Бир бўса олай десам,
Лабинг ўзингникими?
Исмим сўзингникими,
Кўзинг кўзингникими,
Гумон қийнайди, жоним,
Лабинг ўзингникими?
Бу сатрларни тизган қалам синсин-э, дейсан! Уни куйга солган, куйлаган ва шуни қўшиқ деб эфирга узатаётганларга: “Таъбинг, фаросатинг, муҳим муаммойинг шу бўлса, баттар бўл!” — дегинг келади, аммо бу “янги қўшиқ” миллионлаб кишиларнинг эътиборига ҳавола қилинаётгани, кимлардир қизиқиб тинглаётгани ва хиргойи қилиб юргани аламига сўз йўқ, даво йўқ.
Халқнинг дид-фаросатини тарбиялаш, юксалтиришда адабиёт, санъат энг муҳим омил. Кейинги йилларда юртимизда китобхонлик тарғиботи, айниқса, ёшларнинг бадиий асарлар ўқиб, уқиши учун шахсан Юртбошимизнинг ташаббус, таклифлари билан амалга оширилаётган тадбирларнинг илк хайрли меваларини кўриб турибмиз. Аммо ёш тоифаси, шароит ва имкониятлар билан боғлиқ жиҳатлардан қарасак, халқимизнинг катта қисми деярли ҳамма хонадонда мавжуд бўлган телеэкранлар, каттаю кичикнинг “ажралмас қисми”га айланган телефондаги хабар, маълумот, кинолар, қўшиқлар таъсирида. Ҳадиси шарифда одамларни қириб ташлайдиган ёмон касаллик тарқалса, бу жойдан ҳеч ким ташқарига чиқарилмай, ташқаридан ҳам айни ҳудудга ҳеч ким киритилмаган ҳолатдагина офатдан қутулиш мумкинлиги айтилади.
Сўз эркинлиги, ҳамма ўзи хоҳлаган иш-машғулот билан шуғулланишга ҳақлилиги ҳуқуқидан фойдаланиб, битта гапнинг эгасини кесими билан мослаштиролмайдиган айримларнинг (фикр, мақсад, мантиқ анқонинг уруғи бўлган) “жўқича” тизмаларини қандайдир мусиқаларга “ўраб”, тафаккур кўчасидан ўтмаган, бадиий-мусиқий иқтидори ҳаминқадар, ингичка ипчалик (ипак эмас!) овози-да бўлмаган, санъат йўлини енгил-елпию омадлар кўчаси деб билганлар ижроларига эфирлар, экранлар, катта саҳналар йўлини узил-кесил тўсиш вақти келди.
Қаранг, ўтган йили доришунос, шифокор ва айрим масъулларнинг ўз вазифасига нолойиқ ишлари оқибатида Ҳиндистондан келтирилган бир дори етмишга яқин болажонларнинг оғир касалликка мубтало бўлиши, ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлди. Бугун эфирлардан кунига такрор-такрор берилаётган, ўзларининг назарида “хит”га айланган “Қизил кўйлак”ка мафтун бўлиб,
Менга яна шартлар қўясан,
сенинг талабинг кўп,
Биттаман дема, осмондан келма,
сендақаси жуда кўп, —
деб берилиб айтиб юрганларнинг қалбига қўполлик, аёлга нисбатан беписандлик, маданиятсизлик, бевафолик каби иллат-дардлар илдиз отмаяпти, дея олмаймиз.
Юқоридаги мулоҳазаларим — теле- ва радиоканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар учун тайёрланаётган медиамаҳсулотлар, хусусан, сериал, мультфильм, кино ва қўшиқларни “маънавий экспертиза”дан ўтказиш тартиби жорий этилиши зарурлигига қисқача далилларим.
Сизга, балки, узундан-узоқ туюлгандир, лекин бу — бугунги кун қўшиқчилиги билан боғлиқ оғриқли фикрларимнинг мухтасар баёни, холос. Сериаллар, мультфильмлар, кинолар билан боғлиқ одамлардан эшитганларим, ўзимнинг тинглаб, кўриб чиқарган хулосаларим тахини навбат билан очиш ниятидаман.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.