“Алла”сини йўқотаётган авлод
Республика Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 25 декабрдаги “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича Ўзбекистон Маданият вазирининг жорий йил июнь ойидаги “Ноёб ва (ёки) йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган номоддий маданий мерос намуналарини сақлаш, асраб-авайлаш, оммалаштириш ва кейинги авлодга етказиш билан шуғулланадиган шахсларни аниқлаш ва рағбатлантириб бориш тўғрисида”ги буйруғига кўра, мамлакатимиздаги каштачилик, темир ва ёғочдан маиший буюмлар ясаш, қўғирчоқ ўйнатиш, халфачилик, қуроқчилик, ўтов тикиш, “Алла” айтиш, аскиячилик, пичоқчилик, дорбозлик каби йигирма турдаги номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи 20 нафар шахс аниқланди; уларга ўз соҳасига оид номоддий маданий мерос намуналарини асраб-авайлаш, оммалаштириш, кейинги авлодга етказиш борасидаги фаолиятида кўмаклашиш чоралари белгиланди. Тошкент шаҳар Учтепа тумани маданият марказига қарашли “Дурдона” халқ фольклор жамоаси раҳбари Маҳфузахон Боймирзаева ҳам ана шу рўйхатга кирган маданий меросимизни сақлашда жонбозлик қилаётганлардан бири. Шу боис санъаткор билан асрлар оша она ва бола қалбининг бетимсол сеҳрли риштаси бўлиб келган “Алла” билан боғлиқ дил оғриқларини ўртоқлашдик.
— Маҳфузахон, кўпчилик “Болалигимда онам айтган аллалар ёдимда қолган”, дейди. Менинг хотирамга онамнинг синглимга, жиянларимга айтган аллалари ёзилиб қолган…
— Мен ҳам энг яхши аллаларни онамдан ўрганганман. Сўзга жуда тийран, бийрон бўлган онам иккита укамни, жиянларимни ухлатиш учун айтган аллалари ўз-ўзидан ёдимга муҳрланган, қулоғимдан сингиб, хотирамга ўрнашган аллалар… Алла — онанинг фарзанди дунёга келган кунлардан бошланган мулоқоти, дейиш мумкин. Гўдак қалбини илк бора уйғотган, ёруғ оламнинг иссиқ-совуғига кўникиш жараёнида нозик-ниҳол вужудга ором, тинчлик бағишлаган мўъжиза “Алла” қўшиғи бўлса, ажабмас. Онам айтган аллалар ҳамон қулоғимда, қалбимда.
Эй Худоё, қудратинг шеваси-ё,
болам, алла,
Фарзанд экан одамзоднинг
меваси-ё, алла.
Фарзанд бўлса одамзоднинг
меваси-ё, алла,
Савил қолсин молу дунё ҳаммаси-ё,
жоним болам, алла.
Уйларимнинг ўчмас чироғи, болам, алла,
Юрагимнинг мадори, болам, алла,
Орқамдан қалар изларим-о, болам, алла.
— Улғайиб борганингиз сайин эътибор берганмисиз, болалик, ўсмирлик даврларингизда сиз яшаган муҳитда боласини алла айтиб ухлатиш барча аёлларга одатмиди ёки кимлардир алла айтиб, кимлардир айтмасмиди?
— Андижон вилояти Избоскан туманининг Чувама қишлоғи “Тошкечик” маҳалласида туғилиб вояга етганман. Учта дугона кичкиналигимиздан бирга ўсдик, улғайдик. Бир-биримизнинг оиламиздагилар худди туғишгандек, учала хонадон ҳам ўз уйимиздек эди. Сўриларда, супачаларда эшитиб ўтирардик, момолар, оналар — ҳаммаси боласини алла айтиб ухлатишарди. Масалан, амакимнинг хотини — момом жуда маҳзун аллалар айтарди. Уларни эшитсак, йиғлагимиз келарди. Ҳеч эсимдан чиқмайди:
Юрагим чойдишмиди, алла, болам, алла,
Сувлар солиб қайнатгани, алла.
Мен ўзим ғамсизмидим,
жоним болам, алла,
Ғамлар солиб уйғотгани, алла-ё, алла.
Ўша пайтда, ўтган асрнинг 70-йилларида момом раҳматли 50 ёшлардан ўтганди.
— Демак, момонгиз ўтган асрнинг кўп синовларини бошдан кечирганлардан бўлса керак-да… Айтганингиздек, ўша даврларда деярли ҳамма боласини алла айтиб ухлатган. Ҳатто далагаям ўзлари билан олиб чиққан ёш болаларини…
— Узр, гапингизни бўлганим учун. Хотирамдаги бетакрор саҳифаларни очиб юбордингиз. Ўсмир ёшда эдим, онам билан далага чиқардим. Ҳамма қатори ёш болали оналар ҳам пахтанинг барча меҳнатига жалб этиларди. У пайтларда енгил уловлар фақат туман марказидаги айрим раҳбар одамларда бўларди. Биз, асосан, юк ташийдиган машиналарни кўрардик, узоқроқ даладаги пахтазорларга ўша юк машиналарида ёки тракторнинг четанли прицепида олиб боришарди. Тонгда ёш аёллар, келинчаклар қўлида боласи, бошига беланчагини қўйиб далага йўл оларди. Дала шийпонларида ҳам темирдан ясалган беланчаклар бўларди. Боғча йўқ, шароит ҳақида ҳеч ким ўйламасдиям… Беланчакларга ётқизиб кетилган гўдакларга оналарнинг ўзлари навбат билан қарардилар. Улфатхон опа деган аёлнинг беланчакларни тебратиб юриб “Қўлларимда қўш бешик…” деб айтган алласини элас-элас эслайман.
Деярли барча аёллар учун (овози борми, йўқми) ўз боласига алла айтиб ухлатиш оддий ҳолат, мисоли эҳтиёждек бўлган.
— Сиз халқ қўшиқларини куйлайсиз, уларнинг баъзиси шўхчан, баъзиси ғамгин. “Ёр-ёр”, “Келин салом”лар айтасиз. Мана шу халқ қўшиқларини куйлаш билан “Алла” айтишнинг ўзига хослиги, фарқи борми? Сизнингча, алла фақат боланинг тинчланиб ухлаб қолиши, ором олишига восита бўладими ёки уни айтган онанинг ўзи учун ҳам руҳий, маънавий аҳамияти борми?
— Албатта, бор-да! “Алла” айтишнинг таъсири, роҳатини бошқа ҳеч бир қўшиқдан топиб бўлмайди. Тасаввур қилинг, баъзида болани бағримизга босиб, елкасига аста-аста уриб ёки эмизиб туриб алла айтганмиз. Каттами, кичкинами… она учун боласи билан ҳар қандай мулоқотнинг қадри, баҳоси жуда юксак; дилбандининг тарбияли, ақлли, бахтли, элсевар, юртсевар бўлиши билан боғлиқ тилаклари, насиҳатлари, маслаҳатлари, орзу-истакларини жигаргўшаси қалбига сингдиришни истайди. Бу орзуга етиш йўлининг муқаддимаси, балки, “Алла”дир…
Тол учидан танлаб олган
Тоза чавконим, болам, алла,
Гул ичидан ҳидлаб олган
Гули райҳоним, болам, алла.
Мен сени алла қилай, алла,
Кўтариб катта қилай, алла,
Худойим умрингни берса,
эрка қўзим, алла,
Ўқитиб мулло қилай, кўрар кўзим, алла.
Шундай аллалар борки, уларнинг мазмунига қараб оналар тилуқмас гўдаги билан ҳам сирлашганига, ҳеч кимга айтолмаган дардларини алласига тўкиб енгил тортганига ишонасан. Менинг онам Маликахон ойимнинг аллалари ҳам хотирамга ўрнашиб қолган. Улар ичида:
Булбулим учди қўлимдан, алла,
Қайларда меҳмондир бугун,
жоним болам, алла.
Булбулимни йўқотиб, ўйнар қўзим, алла,
Кўнглим паришондир бугун,
меҳрибоним, алла, —
деган сатрларни бошқача майинлик, ғамгинлик билан айтардилар. Бунинг сабабини кўп ўйлардим, кейин тушундим: балки, ёшликларида вафот этиб кетган оналари соғинчи, балки, балоғат ёшида уйдан чиқиб кетганча қайтиб келмаган акаларини эслагандирлар… Ҳатто қизлар камолга етгач, узатганингдан кейин ҳам айни шу сатрларга сингиган фикрлар она қалбидан ўтавераркан.
Ҳа, бекорга “Яхши-ёмон кунимда Менга жуда кераклигим, алла”, — деб айтишмаган. “Рустаму достоним, болам”, “Алпомишим, паҳлавоним, алла” — буларнинг ҳаммаси қуруқ сўзлар эмас, уларни айтаётган онанинг меҳр-муҳаббати, туйғулари шабнамдек шаффоф, самимий бўлади. Ҳар бир она битта болани катта қилгунича катта достон ёзаётгандек ҳолатга тушиб қолади, назаримда. Бу ҳолатни умрининг охиригача қўмсаб ўтса керак. Бир воқеани айтмасам бўлмайди: онам 98 ёшда оламдан ўтди. Ҳаётининг охирги кунлари эди. Ота ҳовлимизда опам, жиянларим ҳам бор эди. Мен онамнинг қўлларини силаб ўтиргандим. “Болам, бир алла айтиб бергин”, — деди-да онам. Ғалати ҳолатга тушдим, “болам” деб айтаманми, “онам” деб айтаманми… Назаримда, агар ўшанда онамга алла айтсам, кейин ҳеч қачон айтолмайдигандай эдим. “Айт”, — деди онам яна қўлимни ушлаб. Ўша лаҳзада шоира Саида Зуннунова ёзган “Алла” шеъри лоп этиб ёдимга тушди. Айтдим:
Кундузим десам-да, оз,
Юлдузим десам-да, оз.
Дунёда нима гўзал —
Бўлса ундан ўзинг соз,
Ором ол, онам, алла…
Онам юзларимни силаб, тинмай дуо қилди… Энди ҳар сафар “Алла” бошласам, ўша бетакрор ғанимат онлар хаёлимдан ўтади.
— Сиз “Алла” бўйича ўтказилган жуда кўп танловларда иштирокчи сифатида ҳам, ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлиб ҳам қатнашгансиз…
— Ҳа, 1997, 2009, 2011, 2013 йилларда “Алла” бўйича республика танловларида қатнашдим, фахрли ўринлар олганман.
— Ўша танловларда вилоятлардан келганларни ҳам эшитгансиз. Улар орасида ёдингизда қолган аллалар борми?
— Муқимий театрида бўлиб ўтган танловда Жиззахдан келган қатнашчи ёш аёлнинг “алла, алла, лу-лу-лув” дегани қулоғимга сингиб қолган.
Жоними зиндалаги, лу-лу-лув,
Меҳримнинг бир бўлаги, лу-лу-лув…
Бундай халқона аллалардан маҳаллий аҳолининг нафаси келади. Ёки:
Олло, Олло, ойланди, олло,
Сувда балиқ лойланди, олло.
Балиқми деб ўйласам, олло,
Илонлар бўлиб айланди, олло…
Хоразмлик онадан эшитганим бу тўрт қатор аллага чуқур ҳаёт фалсафаси сингдирилгандай.
— Энди… бугунги кунларга келсак. Ён-атрофингиздаги ёш оналарни, ҳали эллик ёшга етмай буви бўлган аёлларни кузатасизми, улар алла айтишадими?
— Йўқ-да! Камдан-кам, бармоқ билан саноқлидан ҳам кам. Сабаби, уларнинг ўзи, ука-синглиси ҳам алла эшитмаган ёки оиласидаги катта ёшли аёллар алладан узоқлашиб, узилиб кетишганга ўхшайди.
Алла — жоннинг роҳати, алла,
Уйқу — кўзнинг қуввати, алла…
Афсуски, бутун бир авлоднинг аксар оналари “алла жоннинг роҳати” эканини тамоман унутиб, гўдакларини ақлий ва жисмоний камолот остонаси бўлган алланинг роҳатидан бебаҳра қолдиряптилар, десам лоф эмас. Бир воқеа айтиб берай: телевидениеда “Алла”га бағишланган кўрсатувда қатнашаётгандик. Педиатрия институтидан келган шифокор шундай ҳаётий воқеани сўзлаб берганди: “Бизга етимхонадан тўрт ойлик оғир бетоб чақалоқни олиб келишди. Сунъий овқатлантиришга мажбур эдик. Тиббий муолажаларнинг ҳам натижалари сезилмас, бола тинмай йиғлар, безовта эди. Бир куни ҳамшира муолажа ўтказаётганда, гўдакнинг йиғиси янада авжига чиққан. Ўша пайтда хонани артиб, тозалаб юрган фаррош ходима алла айта бошлайди, шунда гўдакнинг йиғиси аста-аста пасайиб, у тинчланиб ухлаб қолади. Шу гапни эшитганимиздан кейин фаррош Васила опадан етим боланинг ёнида кўпроқ бўлишни, уни аллалаб ухлатишни илтимос қилдик. Қарангки, норасида алла эшитганда тинчланиб ухлаб қоладиган бўлди, дори-дармонларнинг ижобий таъсири ҳам тез сезила бошлади, аста-секин бутунлай соғайиб кетди, шу орада “Алла онаси”га жуда ўрганиб қолди. Кўп фарзандли Васила опа униям ўз тарбиясига олди”.
— Алла — дунёга янги келган мурғак инсон учун илк маънавий неъмат десак, арзирли. Мурғак ҳазрати инсон ҳали гапиришни, сўрашни, талаб қилишни билмагани учун уни бу неъматдан бебаҳра, бенасиб этиш лоқайдлик, меҳрсизлик десак, қаттиқ ботар. Аммо… гулдек нозик, майин, хушбўй, оромбахш, жонингнинг бир парчаси бўлган Аллоҳ неъматини бағрингга босиб, унинг қуёшчадек юзларидан кўзу қалбинг нурланиб алла айтишнинг бахту саодатини ҳис этмай ўтиб кетиш аёлнинг ўз-ўзига ҳам меҳрсизлиги, дегим келади… Бунақалар озми, кўпми, деган саволга “болажонмиз” деб ифтихор билан гапирадиган халқимиз орасида аллалар ҳам “Ноёб ва (ёки) йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган номоддий маданий мерос намунаси” сифатида расман қайд этилгани жавоб бўлади.
— Ҳа-a… давраларда юраман. Ёшларимиз, айниқса, шаҳарлик қизлар кўпроқ миллий мумтоз мусиқаларга эмас, чет эл мусиқаларига қизиқишяпти. Фольклор қўшиқларни унда-мунда телеэкранларда кўрсалар ҳам, эътибор бермайдилар. Менинг келиним учинчи фарзандини алла билан катта қиляпти. Ўзим ўргатганман.
Севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов “Дунёнинг исталган бурчагида таржима қилинмаса ҳам тушуниладиган қўшиқ бу — “Алла”, деган эди. Маматқул Жўраевнинг “Оқ олма, қизил олма”, Гулжаҳон Мардонованинг “Онам айтган аллалар”, Мунаввар Ёқуббекованинг “Аллалар” китоби” катта меҳнат, изланиш самараси. Аммо жуда оз ададда чиққан, шуларни қайта нашр эттириб, ёш оналарга етказиш керак, деган таклифни киритмоқчиман.
— Республика радиоси, телевидениесида бу мавзуда тайёрланган дастурларда ҳам, асосан, Ҳабиба Охунова ижро этган, мусиқали драмадан олинган “Алла” эсланади, холос. Юртимизнинг турли бурчакларида меҳри дарё, қалби дурдона аллаларга тўлиқ опа-сингилларимиз оз эмас. Уларнинг ҳар бири хазина, унутмайликки, ғанимат… Менимча, республика телерадиоканалларида махсус лойиҳа ташкил этилиб, унда “Алла” тўғрисида баландпарвозу сийқа гаплар такрорланмай, мутахассислар ва кўп фарзандли оналар далилли фикрларини билдирсалар; вилоятлардан таклиф этилган моҳир оналар, бувию момоларнинг кўнгил бисотидаги “Алла”лар халққа етказилса, самарали иш бўларди. Шу билан бирга, қизларнинг, ёш оналарнинг онгига гўдакларнинг жисмоний, маънавий, ақлий ривожида меҳру сеҳр чашмаси бўлган она қалби навосининг беқиёс аҳамиятини ҳам сингдириб бориш керак. Бундай кўрсатувларни шаҳар, туман телевидениеларида ҳам тайёрлаш мумкин. Бу ҳам “Алла”ларни тиклаш, тўплаш, тарғиб этиш, қизлар ва ёш оналар қалбида унга қизиқиш ва муҳаббат уйғотиш, “Олтин фонд”га олиб қолишнинг бир усули.
— Ҳозир катта режалар асосида ўқув даргоҳларида, маҳаллаларда Юртбошимиз қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича ишларни бошлаб юборганмиз.
— Бу хайрли ишда яхши янгиликларни оммалаштиришга ҳамиша тайёрмиз.
Муҳтарама УЛУҒОВА суҳбатлашди.