Элнинг, жамиятнинг кўзи ва қулоғи бўляпмизми?

Ўйлаб кўрсам, ҳамиша ҳаракат, ташвиш ва қувончда ўтган умрга, босиб ўтилган йўлга бир қаргим келди… Журналист сифатида имзо чекиб биринчи бор иш ҳақи олганимга ҳам 53 йил, почтадан қалам ҳақи келганига эса 63 йил бўлибди. Журналист учун аслида ишлаган йилларини акс эттирувчи рақамлар эмас, у қандай ишлагани, ундан элга, юртга фойдаси теккан нима қолгани муҳим.

Тўртинчи синфда ўқиб юрганимда ҳовлидаги сим­ёғочга ўрнатилган карнайдан фойдаланиб, мактаб радиоузелини ташкил қилишни таклиф қилдим. Директор рухсати, физика ўқитувчиси ёрдами, адабиёт муаллими назоратида мактаб ҳаётига оид янгиликлар – аълочи ва қолоқ ўқувчилар, спорт мусобақалари, алломалар ҳаётидан ҳикоялар каби мавзуларда эди, “Диққат мактаб радиоузелидан гапирамиз”, деган сўзлар ортидан ифодали қилиб ўқиб берардим. Кейинчалик дадамга велосипед ўрнига олдирганим “Весна” магнитафонига интервьюлар олиб, уларни ҳам симёғочдаги карнай орқали қўяр эдим. Ўша даврларданоқ ахборот тарқатиш, ҳақиқатни сўзлашга қандайдир илоҳий ички руҳ бор эди менда. Кейинчалик, ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини битирмай туриб ишлай бошлаганимдан ҳозиргача ана ўша болаликдаги эътиқод кучайди, менга фаолиятимда маёқ бўлди ва бошимга кўп ташвишлар ҳам келтиргани ҳам бор гап.

Журналист ким у? Расмий ҳужжатларда қайд этилганидек, “ахборот изловчи, қайта ишловчи ва тарқатувчи”ми? Бу ҳам керак. Аммо у, аввало, жамият кўзгуси. Парда ортидаги воқелик ва ҳолатларни ҳам пайқай оладиган кўз! У имо-ишорадан товуш топиб тинглай оладиган қулоқ! Журналист ўзини кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмасликка олишга ҳаққи йўқ. Уни жамиятга кўрсатиши, эшиттириши шарт! Шундагина холислик, ҳақчиллик, адолат каби тушунчалар тўлақонли маъно касб этади. Чунки журналистнинг виждони – ҳақиқатнинг кўзи.

Аммо мен, ҳамкасбларим виждони, журналистик виждони ҳамиша ҳам ҳақиқатнинг кўзи бўла олдикми?

Фаолиятим давомида мендаги ҳақиқат кўзи неча-неча бор зарбаларга учради. Ёлғон маълумотлар билан фельетон чоп этдилар, туҳмат, исботи йўқ “далиллар” тўқиб жиноий иш қўзғадилар. Неча бор ҳукумат идораларида муҳокама бўлдим. Босим билан бир инсонга туҳмат қилишга мажбурлаб босим қилдилар. Мутлақо асоссиз камситиш, жамиятдан четлатиш, вазифамдан озод этиш каби хўрланган кунларни ҳам кўрдим. Ва не бахтки, Яратганнинг ҳимояси ва ҳаётда адолатли инсонлар борлиги туфайли ҳар гал ғолиб чиқдим. Амалдорларнинг қўзғатган жиноий ишлари, ноқонуний қабул қилган қарорлари, адолатсиз буйруқлари… бекор қилинди. Лекин, инсон деган мавжудотнинг феъли ўзгача экан. Йиқитишган жойидан туриб яна ўша, қонига сингган рух кўрсатган йўлдан давом этаверар экан. Билмадим, бундай ҳаёт тарзи фақат элга кўз, қулоқ бўламан деган журналистгагина хосмикан? Ҳолбуки, неча бор жарга қулатганларида, бас, энди бу касбни тарк этаман, деган изтиробли фикр вужудимни қийноққа солган. Аммо виждон йўлига, амрига қарши туриб бўлмасди. Яна ва яна болаликда танлаган йўлдан қолмасдим.

Атрофга қарайман. Мен кабилар бир эмас. Гарчи тақдирлар турлича  бўлса-да бир йўлдан бораётган сочлари оқарган, уст-бошлари униққан, соғлиғи ҳам бир қадар, аммо кўзлари, қалбида олов алангаси тафтидан “ҳақиқат”, “адолат”, “холислик” деб аталувчи ҳарорат таралаётган ҳамкасбларимни кўраман. Улар кўп бўлмаса-да, муҳими – бор! Демак, журналистика уйғоқ, у яшайди, давом этади.

Тақдирни қарангки, мен телевидение, газета, интернет деб аталмиш оммавий ахборот воситалари кўчасини кездим. Балки, шунинг учунми, уларнинг барчасидаги ютуқларни ҳам, оғриқларни ҳам юрагимдан ўтказаман.

Бу кунлар ўтар кетар, дея ўзимни овутаман. Аммо … газеталар адади, обуна жараёни, шу соҳанинг фидойи журналистлари оғирроқ аҳволга тушиб қолганини кўриш, кузатиш қанчалар оғир. Бунинг боиси – халқ газета ўқимай қўйди! Кечагина эмасмиди, даврий нашрлар сотиладиган дўконча олдида турнақатор навбатда турилгани. Кечагина эмасмиди, етакчи, ўқимишли газеталар ўша пайтлари 23-25 миллион аҳолиси бўлган мамлакатда бир миллиондан зиёд ададда чоп этилгани? Кечагина эмасмиди, газетада босилган танқидий – таҳлилий мақолалар тегишли тартибда муҳокама бўлгани. Йўқ, мен ўтмишни қумсашдан йироқман. Аммо ҳаёт ҳақиқатидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

“Телевидениеда шундай дейишди”, дер эди халқ бирор мавзуда баҳслашса. У телеахборотни мунтазам кузатар ва унга ишонар эди.

Энди-чи? Мамлакат миқёсидаги газеталар адади (3-4 та ҳукуматга дохил нашрларни ҳисобга олмаганда) 3-4 минг нусха атрофида…

Телевизорни кўрувчилар сони ҳам кундан-кун камайиб боряпти.

Нима бўлди ўзи? Смартфон деган бало барчани “сеҳрлаб” қўйдими? Ҳали юролмайдиган ва бир сўз айтолмайдиган чақалоқ ҳам ундан мультфильм кўради, ўйин ўйнайди.

Оила аъзолар бир дастурхон атрофида ўтирса-да, барчаларининг “ўз виртуал олами” бор. Мулоқот, тарбия, меҳр-мурувват ўрнини ўша “сеҳргар” эгаллади.

Бу ғоят аянчли ва назаримда ўнглаб бўлмас салбий оқибатларга олиб келадиган офат!

Биргина мисол. Смартфон туфайли саводсизлик авж оляпти. Саводни мактабда ўргатишади-ку деманг, савод асосан ёзиш ва ўқиш туфайли шаклланади.

Газеталар сони ва адади қисқариши, интернет журналистикаси кенгайиши таҳлилий журналистикага таҳдид бўлди. Ҳамкасблар орасида ахборот ёзиш билан чегараланиб, таҳлилий – танқидий мақолалар, суриштирув, очерк сингари жанрларида қалам тебратадиганлар борган сари, йил сайин эмас, кун сайин камайиб боряпти.

Босма нашрлардаги обуна билан боғлиқ иш ҳақининг даражаси журналистларнинг касбини ўзгартиришига, масалан, ахборот хизматларига ўтиб кетишига сабаб бўляпти. Бу ҳам журналистикамизга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сўнгги йиллар ўзбек журналистикасида муросасозлик анъанаси мустаҳкамланмоқда. “XXI АСР”, “Hurriyat”, “Ishonch”, “Миллий тикланиш” каби саноқли нашрлардан ташқари босма ОАВлари ўта сипо. Гўё давлат, халқ манфаатларига зид воқелик, коррупция, порахўрлик, масъулиятсизлик, қўшиб ёзиш каби ҳолатларни “сезишмайди”. Бу аввало касбий ахлоқ меъёрларига мутлақо зиддир. Журналист кўриб, билиб турган ҳодисаларга бефарқ бўлишга ҳаққи йўқ. Аммо бир қатор сабаблар, жумладан, муаммо қолиб, уни кўтариб чиққан журналист шахси билан шуғуллана бошлаганлари туфайли касбий талаб, ахлоқ меъёрларида ўзгариш рўй берди. “Менга нима, буни барибир ҳал этиб бўлмайди”, “катталарга ёмон кўриниб нима қиламан” деганга ўхшаш тушунчалар сингиб боряпти, қалам аҳлига.

Ўзбек медиа матбуотидаги яна бир оғриқли нуқта шундаки, дезинформация, сохта янгиликларга қатъий муносабат, маъмурий жавобгарлик қўллаш камдан кам учрайди. Фалончи ишдан бўшатилди, пистончи чет элга қочиб кетибди каби ахборотлар ёлғонлиги тез орада ошкор бўляпти. Лекин “ёлғончи” ОАВ ҳеч нарса бўлмаганидек қолмоқда. На раддия, на узр ва унга нисбатан жазо… Оқибатда масъулият, жавобгарлик ҳисси каби қадриятлардан узоқлашмоқда, ўша ахборот тарқатувчи. Бу эса ҳеч шубҳасиз “фейк” усталарини рағбатлантиришдир.

Оллоҳга шукрки, замонамиз тинч. Осмонимиз мусаффо. Бу баландпарвоз гаплар эмас. Тинчликнинг қадрини ташвишли кунларда чуқур ҳис қилади инсон.

…2000 йил Саросиё ва Узун туманларига жангарилар гуруҳи бостириб кирганида бир ой ҳар куни жанг майдонларидан репортажлар бериб бордим. Тасвирчи Шуҳрат Мирзакаримов билан хавф хатарли ҳолатларда ишладик. Отишмалар чоғи воқеликни тасмага муҳрладик, интервьюлар олдик. Ўшанда ҳар икки томондан қандай ҳалок бўлаётганлари-ю, душманнинг чекиниш чоғи ташлаб кетилган жасадларини кўрдик. Бу мудҳиш, кўнгилсиз воқеликларнинг барчаси видеотасвирларини телевидение архивига топширганмиз. Бир қисми “Ахборот” дастурида кўрсатилган. Ўшанда мен жанговар ҳаракатларнинг бориши ҳақидаги ҳар бир сўз ва тасвирни халқ интиқлик билан кузатиб, кутиб турганини, қалбан ҳис қилиб зиммамда, балки тақдиримдаги энг масъулиятли кун ва соатларни бошдан кечираётганимни билар эдим.

Тинч даврларда ҳам, аммо хавфли ҳудудлар: Мингбулоқ нефт фаввораси, Шоҳимардонни сел олаётган кунлар, Бойсун газ конидаги техноген авария… Уларнинг ҳар бирини журналист  қисмати деб қабул қилганман. Бундай ҳолатларда ахборот олиш, қайта ишлаш, тарқатиш 50 йиллик фаолиятимдаги энг масъулиятли давр бўлди. Буни англаб, кейин бир сўз айтдим, бир тасвир кўрсатдим. Эфир ортида қанча тасвиру гаплар қолиб кетгану… Улар ватан манфаати, халқ кайфияти, журналистик ахлоқ туфайли эди.

Бир гал мамлакат махсус хизмат раҳбарининг ўринбосари (у киши ҳозир нафақада) мени дарғазаб бўлиб сўроққа тутди.

— Сен кимга ишлаяпсан, – деди у сўкиниб. — Нега бизнинг ҳалок бўлган аскарларни ҳам тасвирга туширяпсан!

Мен жанг оний воқелик, тасвирлар эса тарих эканини, эфирга уларнинг ҳаммаси берилмаслигини ҳарчанд уриниб тушинтира олмаганман.

“У ҳақида гапирмайсан, буни кўрсатмайсан”, каби босимлар ҳам бўлади, журналистга. Бу шубҳасиз, масъулларнинг “юқорининг муносабати”дан чўчиши туфайли рўй берарди. Ҳа, муроса йўлидан юрганим ҳам бўлган. Лекин барибир имкон топиб, лозим деб ҳисоблаганим – фикримни айтиб, тасвирни кўрсатганман.

Журналист фақат ахборот тарқатувчигина эмас, унинг ҳар бир воқелик, далилга нисбатан ўз муносабати бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Аммо бу муносабат, аввало, Ватан манфаатига мос тушиши лозим.

Журналист воқеликни ифодалашда сўз танлаш маҳоратини ишлатиши, тилимиздаги бой заҳирадан ўринли фойдаланиши зарур. Бунинг учун эса луғат, изоҳли луғат, бадиий асарларни ҳар доим ўқиб бориш талаб қилинади.

Журналист, ҳақ сўзи учун босимга учраш ҳоллари кузатилади. Босимнинг кўринишлари турлича. Мен ҳаёт ва фаолиятим давомида уларга дош беришга ҳаракат қилдим. Чидадим, таржимаи ҳолимни тилка пора қилдилар. Сабр билан кутдим. Аммо, бир гал мен қолиб ҳатто фарзандларим билан шуғуллана бошлашди. Ана ўшанда сукутнинг, жим туришнинг исми қўрқоқлик эмаслигини билдирдим.

Очиғи, муаммо қолиб, айнан муаллиф билан шуғуллана бошлаганларида руҳий тушкунликка учрайман. Ўзимда ўта толиқиш сезаман. Баъзида маълум муддат бирор нарса ёзмай қўяман. Адолатсизлик, натижасизлик қалбимни жароҳатлайди. Ўзимни мағлублардек ҳис қиламан. Шундай пайтларда бир сўз, мухлис, ўқувчи, томошабиннинг бир сўзи мени “даволайди”: “кўрдим” ёки “ўқидим”, ҳақ гапни айтибсиз, деган. Бундан ортиқ эътироф борми? Аслида шу юрт, эл манфаати учун таваккал қилиб “бошни кундага қўйиб” ўша сатрларни ёзасан, тасвирларни ошкор қиласан. Улар буни ёқлаяптими, демак сен ғолибсан! Бундан ортиқ бахт, қувонч борми журналист учун?

Бу жамият талаби. У ҳеч қачон ўзгармаган. Ҳамиша ҳақиқатни, ҳақ сўзни кутган ўқувчи. Ҳозир ҳам шундайми? Назаримда журналистларимиз масъулиятини “унутиб” қўяётгандек. Бунинг асосий сабабларидан бири – журналист сўзига бўлган муносабат, у кўтарган муаммога расмийлар ёндашуви. ОАВ харчанд бонг урмасин, масъуллар муаммони ҳал қилмас экан, халқда журналистикага ишонч йўқолиб бораверади. Бу даврнинг энг оғриқли масалаларидан бири, деб ҳисоблайман. Истиқбол-чи? Қанчалар умидбахш бўлмай, жамият, давлат журналист айтган хақ сўзга холис муносабатда бўлмас экан, бундай журналистиканинг келажаги мажрух.

Яқинда Хитойда бўлдим. Пекиндаги халқ кутубхонасида сунъий интеллект билан савол-жавоб қилиш имкони яратилибди. Мен ҳам бундан фойдаландим. Ўзбекистон – Хитой иқтисодий муносабатлари ҳақида сўрадим. У дона-дона қилиб мен илгари билган рақамларни айтди. Қойил қолдим. Босма нашрлар келажаги, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпиони бўлиши ҳақидаги саволларимга анчагина ўйланиб, сўнг “фикрини” айтди. Қизиқ, ҳар бир саволга сунъий интелектдан жавоб топа олсак, унда вақти келиб, умуман ОАВлари керак бўлмай қолмайдими?! Чунки йил сайин ахборот олишнинг техник имкониятлари кенгайиб боряпти. Бу кетишда сунъий интелектдан ҳар бир фуқаро тўғридан-тўғри фойдалана оладиган вақт жуда тез етиб келади-ку!

Аммо ҳеч қачон, ҳеч қандай сунъий интеллект инсоний ҳис-туйғу, меҳр ва ғазаб, ҳамдардлик ва қасос каби яна кўплаб руҳий ҳолатларни англай олмайди. Демак, унинг “хулоса”лари қуруқ, фақат рақамли дастурларгагина асосланади. Ҳаёт эса жонли эволюция, асло рақамли технология эмас. Демак ҳали инсоннинг мулоқот, ҳаётий туйғуларига асосланган журналистика яшайди. Фикр, ахборот алмашув журналистикаси, уни тарқатувчи журналист касби йўқолмайди.

Биз қайси даврда яшамайлик, ҳақ сўз, холис фикр, адолатга эҳтиёж сўнмайди ва у ҳаёт, биз нафас олаётган ҳаво каби абадийдир.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + seventeen =