Ишқ — инсоннинг ибтидосидир…

Севги шундай илоҳий туйғуки, унинг қудрати ҳар қандай қалбни ёритиб, унга маъно бағишлайди. У шоҳни гадога, гадони шоҳга айлантириши мумкин.

Инсон учун севги туйғусини тўғри англаш ва ҳис қилиш ҳаётнинг энг муҳим мазмунидир. Чунки ишқ — инсон қалбининг ибтидосидир.

Ҳар нарсанинг бошланиши муҳаббатдир. Ҳар биримизнинг орзу-мақсадларимиз, ҳаётга бўлган интилишларимиз қалбимиздаги севгидан куч олади. Оламни ушлаб турган ягона ва қудратли куч муҳаббат эканлиги аниқ.

Ушбу ҳақиқатни шоир қаламидан чиққан қуйидаги сатрлар чиройли ифода этади:

Ким дунё ўткинчи дер,

Ким мангу дер у абад.

Ким чин ишқни англабди,

У ўзин топмиш албат.

Дунёни ушлаб турган,

Ягона куч муҳаббат.

 

Ҳа, бу дунёда севгини англаган инсон ўзини топган инсондир.

Севги фақатгина қиз ва йигит ўртасидаги илиқ муносабат эмас. У Яратувчига бўлган ишқ, она юртга бўлган меҳр, инсониятга бўлган садоқатдир. У инсонлар қалбини маънавий занжирлар билан боғлайди, бу занжирлар эса фақат бахт, нур ва эзгулик, комиллик сари етаклайди.

Аслида, севги бутун борлиқни қамраб олади. У ўзининг хилма-хил кўринишлари билан ҳаётни мазмунли қилади. Ҳар бир инсон муҳаббатни ўз қалби ва тасаввурида турлича ҳис этади. Бироқ ҳеч кимни муҳаббатсизликда айблаб бўлмайди. Чунки ҳар бир қалбда муҳаббат мавжуд, фақат уни сезиш, тушуниш ва қадрлаш даражаси ҳар хил.

Ҳаётимизнинг ўзи Яратганнинг бизга бўлган улкан муҳаббатининг исботидир. У бизга нафас ато этди, тириклик неъматини инъом қилди ва бу дунёда борлиқни ҳис қилиш имкониятини берди. Шу боис севги кўришдан ҳам кўпроқ ҳис этиш орқали қалбларимизга кириб борувчи илоҳий туйғудир. Агар ҳаётга бўлган муҳаббатимиз бўлмаганида эди, бизни бу дунёда ҳеч нарса ушлаб туролмасди.

Ишқ — илоҳий туйғу. Инсоннинг яратилиши, унинг яшашга бўлган интилиши, мақсад ва орзулари — ҳаммаси муҳаббатдан келиб чиқади. Ҳаётимиздаги ҳар бир ҳаракатимизнинг марказида севги бор.

Улуғ шоир Юнус Эмро ҳам бу ҳақда шундай деган:

“Биз дунёга манманлик учун келмадик. Биз севги учун, бошқаларнинг меҳрини қозониш, махлуқотни яхши кўриш, яратилган нарсаларга шафқат, муҳаббат кўрсатиш учун келдик”.

Бугунги кунга келиб, инсонлар муҳаббатнинг илоҳий моҳиятини унутиб, уни моддият билан ўлчашга одатланиб қолишган. Қалбнинг энг пок туйғулари пул ва бойликлар қўлида қул бўлиб қолмоқда. Бу эса инсон қалбидан самимиятни олиб қочиб, уларни маънавий қашшоқликка етакламоқда.

Муҳаббатни, унинг қудратини моддият билан ўлчашнинг имкони йўқ! У инсон қалбининг энг нозик, энг пок занжири бўлиб, ҳар қандай ҳис-туйғулардан юқоридир. Аммо, афсуски, дунёда шундай одамлар ҳам борки, муҳаббатни ўз манфаатлари йўлида қурбон қиладилар.

Ҳақиқий муҳаббатда ҳеч қандай манфаат ёки шахсий фойдага ўрин йўқ. У қалбларни боғлайди, ҳаётга мазмун бағишлайди ва инсонни юксакликка етаклайди. Севги нафақат инсонларга нисбатан, балки борлиқнинг ҳар бир жиҳатига бўлган энг юқори даражадаги эҳтиромдир. Биз яратилган ҳар бир нарсага муҳаббат ва шафқат кўрсатиш орқали ўзимизнинг ҳақиқий моҳиятимизни топамиз.

Зеро, муҳаббат — бу Яратганнинг бизга бўлган энг буюк инъоми.

Ҳаётга муҳаббат билан қараган инсон унинг чиройини ҳис қилади. Қалбимизда муҳаббат нурини ёқсак, бу нур нафақат ўзимизни, балки бутун атрофимизни ёритади. Чунки ҳаётнинг энг буюк сабоғи ҳам, унинг энг чиройли ибтидоси ҳам севгидир.

Эрих Фроммнинг “Севги санъати” китоби — бу севги тушунчасининг энг чуқур таҳлили ва талқини ҳисобланади. Муаллиф ушбу китобида севгини нафақат шахсий туйғу, балки ҳақиқий санъат сифатида очиб беради.

Севги бу ерда шунчаки ҳиссий ҳолат эмас, балки инсон ҳаётини мазмунли ва маънавий бойликка тўлдирувчи маъноли жараён сифатида қаралади. Китобда севги назарияси бир қанча муҳим жиҳатлари билан очиб берилган. Ота-она ва фарзанд муҳаббати, дўстлик, худога ишқ, инсонпарварликка асосланган меҳр-муҳаббат каби турли кўринишлар алоҳида ёритилган.

Э.Фроммнинг фикрича, муҳаббат — бу фақат табиий эмас, балки ижтимоий ва маънавий санъат ҳамдир. Муаллиф севги инсоннинг энг юксак ва буюк қобилияти эканини таъкидлайди ва уни эришиш мумкин бўлган комиллик сифатида кўради. Асарда муҳаббатнинг назарий ва амалий жиҳатлари ўзаро боғлиқ равишда чуқур таҳлил қилинади. Муаллиф инсонлар ўртасидаги самимий муносабатларнинг сусайиб бораётганига диққат қаратади. У муҳаббатнинг моддийлашиши ва унга бўлган нотўғри ёндашувлар ҳақида гапирар экан, инсон қалбидаги асл туйғулар қандай қилиб тўғри шаклланиши кераклигини мисоллар орқали тушунтиради.

Китобнинг ҳар бир боби ўқувчини севгига нисбатан бошқача қарашга чорлайди. Муаллифнинг таъкидича, севги — бу шахсий, ижтимоий ва маънавий санъатдир. Унинг назарий жиҳатини тушуниш билан бирга, амалий жиҳатини ҳам ҳаётга татбиқ этиш муҳим. Китобни ўқиган киши севги тушунчасига нисбатан ўз қарашларини қайта кўриб чиқади. У ўзидаги туйғуларнинг маънавий саводхонлигини ошириб, севгининг инсон ҳаётидаги марказий ўрнини чуқур ҳис қилади. Асар инсонларга ўз хатоларини англаш ва муҳаббат орқали уларни бартараф этиш йўлини ўргатади. Муаллифнинг фикрига кўра, ҳақиқий муҳаббат инсон ҳаётининг маънавий мазмунини белгилайди, унинг қалбини бойитади ва ҳаётга бўлган қарашини юксакликка олиб чиқади.

Эрих Фроммнинг “Севги санъати” асари ҳар бир ўқувчини муҳаббатни янги кўз билан кўришга ва унинг моҳиятини теран англашга ундайди. Бу китоб нафақат фалсафий ёки психологик асар, балки инсоннинг маънавий юксалиши учун мукаммал қўлланма ҳамдир.

Жаҳонгир НОМОЗОВ,

ЎзЖОКУ талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 11 =