Эзгуликка чорловчи сатрлар
Китоб жавонимдан иккита янги шеърий тўплам жой олди. Истеъдодли адиб, шоир ва журналист Тўлқин Эшбекнинг жорий йилда “Yangi asr avlodi” нашриётида чиққан “Бобурнинг гавҳарлари” ва “Dunyo nashr”да чоп этилган “Бухорои шариф зиёси” деб номланган шеърий тўпламларини мутолаа қилиб, бир олам таассурот олдим. Тўпламлардан жой олган шеърларнинг аксариятини “Hurriyat”, “Маърифат”, “Маҳалла”, “Янги Ўзбекистон”, “Улуғ йўл”, “Диёр овози” газеталари, “Ҳидоят” журналида ва ижтимоий тармоқларда ўқиганман. Баъзи шеърлари ҳақида телефон орқали муаллифга ўз фикрларимни айтганман. Чиройли муқоваларда 1000 нусхадан чоп этилган тўпламларни кўздан кечириб, шоирнинг катта истеъдод эгаси эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Мен Тўлқин Эшбекнинг мақола, шеър, ҳикоя ва публицистик асарларини кўп йиллардан бери кузатиб келаман. Дунёқараши ўзгача ижодкор дўстимизнинг сермазмун шеърларида мамлакатимиз тарихида ёрқин из қолдирган аждодлар сиймоси билан ҳозирги ҳаётимиз ва келажак орзу-умидлар қанчалик теран уйғунлашиб кетганини ҳис этасиз. Бу муаллифнинг тафаккури, изланишлари самарасидир.
“Бобурнинг гавҳарлари” тўпламидан жой олган достон, поэма, қасида, шеър ва фардларнинг мавзулари ҳаётий, ранг-баранг ва долзарбдир. Қай бир жанрда, қандай мавзуда қалам тебратмасин, халқона ва жозибали тилда ёзиш муаллифнинг ўзига хос услубидир.
Бобур Мирзога бағишланган достонни ўқиган киши улуғ аждодимиз, буюк шоир, машҳур саркарда, йирик давлат арбобининг залворли фаолияти ва бетакрор ижоди нафақат бугунги Ўзбекистон ва Ҳиндистон тарихи, маданияти ва фани, балки бутун жаҳон цивилизацияси учун улкан аҳамиятга эга эканини теран англаб етишига шубҳа йўқ. Бу мавзуларда анча-мунча изланган Тўлқин Эшбек атоқли адиблар Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” ва Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” асарларидан илҳомланиб битганлиги яққол сезилади. Унинг туркум шеърларида буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоси ўзгача намоён бўлади. Муҳими, тўпламга киритилган бу достон Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқларининг дўстлигини мустаҳкамлашга қўшилган салмоқли ҳисса, дейиш мумкин.
Муаллифнинг оҳанрабодек ўзига тортадиган қуйма сатрларини мутолаа этган ўқувчи она тилимиз нақадар бойлиги ва жилоларини ҳис этади:
Темур бобомнинг бешинчи авлоди бўлсам-да,
Шоҳ йигитга тақдир раво кўрди гадолиғлар.
Тенгримга боз шукр айладим, саёқни доим ҳам
Таёқ ила сийламайин, берди фароғлиғлар.
Ўз юртимда умид топмай заррача, Ҳинд сори
От бошини бурдим, қилиб юзи қаролиғлар.
Икки ёндан қанча мўмин-кофир қони оқди,
Бир-бирини кўролмасди қаро қароғлиғлар.
“Бобур муножоти” сарлавҳаси остида битилган мана шундай сатрлар улуғ шоир Бобур ғазалларига ўзига хос назира десак хато бўлмас.
Кўп миллатли мамлакатимизда улғайган Тўлқин Эшбек халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни жуда қадрлайди ва бу мавзуга тез-тез мурожаат қилади. Чунончи, “Қардошлик ришталари” бобидаги туркман халқининг атоқли шоири Махтумқулига бағишланган “Туркман булбули” достони ва Озарбайжон мумтоз адабиётининг йирик намояндаси Насимий ҳақидаги “Насимийнинг мангу зиёси” поэмаси ўша миллатга мансуб қардошларимиз билан меҳр ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган умиддамиз.
Тўлқин Эшбек — ҳақиқий ватанпарвар шоир. Унинг она юртга меҳр-муҳаббат туйғуси “Янги Ўзбекистоннома”, “Янги Ўзбекистоним”, “Ўзбек мадҳи билан олам тўлғуси”, “Ўзбекистон байроғи”, “Юртим”, “Халқимнинг қудратли қўшиғи”, “Ўзбек тилим”, “Самарқанднома” каби шеърларида янада яққол намоён бўлади. Атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасидан илҳомланиб ёзилган “Янги Ўзбекистоним” шеъри юракларни тўлқинлантиради:
Истиқлолдан мунаввар ҳаёт,
Дилларимиз бўлди чароғон.
Энди янги Ўзбекистонда
Яшамоқда элим фаровон.
Шоир фахр ила дейди:
Бу кун жаҳон бермоқдадир тан
Сенга, Янги Ўзбекистоним!
Халқдан чиққан, унга беминнат хизмат қилаётган ижодкор юртдошларни, айниқса, ёшларни энг яхши инсоний фазилатларга эга бўлишга чорлайди, турли жанрлардаги асарлари орқали ҳамиша яхшилик қилишга, ҳаёт қийинчиликларини сабр-тоқат билан енгишга ва ҳамжиҳат бўлишга даъват этади. Энг муҳими, ана шу ибратли ўгитларига, аввало, ўзи амал қилишини қуйидаги сатрлари орқали ифода этади:
Ечилгай йўлидан ғовлар —
кишидир гар саховатли,
Тўкилгай қум бўлиб тоғлар —
киши гар бўлса тоқатли.
Бир ўринда шоир шундай ёзади:
Бир жойга йиғилса — катта анжуман,
Бирники минггадир, мингники туман!
Тўлқин Эшбек инсонлар, халқлар, мамлакатлар ўртасидаги дўстликни қадрлаб, уни ўзига хос тарзда тараннум этадиган шоир. У меҳр ришталарини ардоқлаб, чин дўстликни шундай таърифлайди:
Тутишга дўст расмун этибсан
ихтиёр, Тўлқин,
Қўй улкан ишқни дўстликка,
магар дўстдир муҳаббатли.
Ҳаётнинг кўп аччиқ-чучугини кўрган, ҳатто саратон касалини енгиб, соғайган шоир қатор шеърларида ўқувчини умр ва соғлиқ қадрига етишга даъват этади:
Боши тошга теккач очилган кўзлар!
Билган ҳикматингиз барчага айтинг.
Яшашни истасанг — ичиш, чекишдан,
Нафсибузуқликдан шу онда қайтинг!
Ўқинг улуғ Сино бобом китобин,
Ҳикматларга албат амал қилингиз.
Минг йил яшаш сирин кўрсатган Ҳаким,
Соғлик — бойлик, ҳаёт қадрин билингиз!
Ҳаётдан, жамиятдан нолиб яшайдиган баъзи кимсаларни яхшилик ҳислари билан яшашга ундаган шоир бир ўринда шундай ёзади:
Эсим танигандан кўрдим замондин яхшилик,
Ҳаёт тегирмонидан чиқдим бутун яхшилик!
Гар тиласанг ўзингга, ўзгага икки ҳисса,
Истасанг астойдил чиққай ёмондан
яхшилик.
Она Ватанга, буюк аждодларга эҳтиром руҳи билан яшаб ижод қилаётган шоирнинг шеърларида кўҳна тарихимиз зарварақлари ва бугунги кун нафаси бир-бирига пайваста бўлиб кетган. Кўҳна Турон заминимиз кўрки саналмиш Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Тошкент ва бошқа шаҳарлар кўркига кўрк қўшиб турган Исмоил Сомоний, Ҳаким Термизий, Амир Темур мақбаралари, Имом Бухорий, Зангиота, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари тараннум этилган ашъорлар ўқувчи қалбига нақшланиб қолади. Жаҳон илм-фани ва маънавиятига беқиёс ҳисса қўшган Форобий, Фарғоний, Хоразмий, Замахшарий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фурқат, Муқимий, Ойбек, Ҳабиб Абдуллаев, Абдулла Қаҳҳор, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби ўнлаб ёрқин сиймолар Тўлқин Эшбек ижодида ўзига хос равишда тараннум этилади. Шоир янги Ўзбекистонни бунёд этишда, аввало, ана шундай улуғ сиймоларнинг маънавий-маърифий, илмий, ижодий хазиналаридан баҳраманд бўлишга барча замондошларини даъват этади.
Талабалик давридаёқ ноёб истеъдоди ва сермаҳсул ижоди билан устозлари эътиборига тушган Тўлқин Эшбекни дастлаб Қибрай туман газетасига ишга таклиф этишган. Сўнг қатор йиллар “Ўзбекистон овози” газетаси, “Ўзбекистон матбуоти”, “Гулхан” журналларида, “Наврўз” нашриётида, “Марказий сайлов комиссияси Ахборотномаси” таҳририятида қалами қайралган шоир ва адиб айни пайтда ўзи таҳсил олган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида талабаларга дарс бермоқда. Ёш авлодни қанчалик ватанпарварлик ва миллий истиқлол руҳида тарбиялашга ҳаракат қилаётгани унинг қатор шеърларида ҳам ўз ифодасини топган. У бир шеърида ўқувчисига қарата:
Тилингни тийиб юр, кам гапир, деди,
Югурмай қадаминг билиб бос энди.
деб огоҳлантирса, “Йигит ва чол” шеърида:
Беҳудага ўтказма умринг,
Йигитликда бўлгин болари.
Кексайганда роҳатин кўриб,
Ғам-андуҳдан бўласан нари!
дея ўгит беради. Бу панднома, аслида, барча ёшлар учун ҳаёт мактаби эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ.
Айниқса, муаллифнинг “Бобурнинг гавҳарлари” тўпламидан ўрин олган шеърларида халқ мақоллари, ривоятлари, ҳикматлари, ўрни келганда, маҳаллий шеваларни қанчалик пухта билиши яққол сезилиб турибди. Бу ҳол “Бухорои шариф зиёси” тўпламида ҳам теранроқ акс этган. Мазкур тўпламларга сўзбоши ёзган таниқли адабиётшунослар Нурбой Жабборовнинг “Сўз гавҳарининг қадри” ва Султонмурод Олимнинг “Давом этар Бухоро мадҳи”, шунингдек, Оллоёр Бегалиевнинг сўнгсўз ўрнида битган “Зиёлийдур”, “Бухоро болалик аразим” сарлавҳали мақолаларида муаллиф ижодининг турфа қирралари теран таҳлил этилган.
Бугунги адабиётимизда шоир Тўлқин Эшбек китоблари ўзига хос воқелик бўлгани бежиз эътироф этилмаяпти. Чунки бу тўпламлардан ўрин олган шеърий асарлар шакл ва мазмун жиҳатидан ўзига хослиги, юксак бадиий маҳорат ила ёзилгани билан ажралиб туради. Истеъдоднинг тўқсон тўққиз фоизи меҳнат, деган ақидага амал қилган шоир шу тариқа кўп сонли мухлислари қалбидан жой олишига шубҳа йўқ. Бу сара асарлар келгусида хорижий тилларга ҳам таржима қилинишига ишонамиз.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллий адабиётимизга, ижод аҳлига бўлган эътибори кўплаб ёзувчи-шоирларга туганмас илҳом ҳамда улкан маънавий куч ато этаётгани сир эмас. Наздимда, “Бобурнинг гавҳарлари” ва “Бухорои шариф зиёси” китоблари Давлатимиз раҳбарининг шу эътиборига муносиб жавоблардан биридир, десак хато бўлмайди.
Собир ҚУРБОНОВ,
тарих фанлари номзоди, доцент,
фахрий журналист.