“Кўнгил кўчирмалари” кўнглимдан жой олди

Бу китоб тасодифан қўлимга тушди. Июннинг боши эди, чамамда. Ёзувчилар уюшмасида “Маърифат улашиб” лойиҳасида қатнашганларни тақдирлаш маросими ўтказилиб, ижодкорларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ташаккурномаси ва китоб тарқатилди. Тадбирдан сўнг оғаларим — ёзувчи Нормурод Норқобилов, шоир Очил Тоҳир билан “Адиблар хиёбони” томон юрдик. Нормурод ака қоғоз халтани очиб, бир китоб олди. Муқовага тикилиб турган адибга тақлидан секин кўз ташладим. Норқобил Жалилнинг “Кўнгилдан кўчирмалар”и экан. Бирга ишлаганим учун ҳаддим сиғиб Нормурод аканинг қўлидан тутдим.
— Ака, алмашайлик, илтимос. Менда Йўлдош Эшбек бор…
Оғиркарвон Нормурод ака қўлимдаги қоғоз халтага қараб туриб, “Майли…” дегандек ноилож бош ирғади.
Таниқли муҳаррир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалил билан телевидениеда ишлаганимиз учунми ёки китоб номи ўзига тортганиданми — йўл-йўлакай варақлаб қўяман.
2020 йилда чиққан бу китобни кўрмаган эканман.
Дунёда қоғозга кўчмайдиган бир суврат бор — кўнгил суврати. Бу сувратни қўшиқ қилиб айтиш мумкин, шеър ё ҳикоя қилиб ёзиш, расм қилиб чизиш мумкин, аммо уни тўлиқ тасвирлаб бўлмайди. Кўнгил қурғур ҳамиша олис манзилларда — гап уқмас болаликдами, нодон ўсмирликдами қолиб кетади. Инсон бир умр ана ўша бегидир кўнгилни излаб, унга интилиб яшайди. Норқобил Жалилнинг китоби ана шу излам маҳсули!
Иш юзасидан ҳар хил китоб варақлашга тўғри келади. “Тепа”нинг топшириғи ўлароқ ёзилган китоблар базўр ўқилади. Қалб буюртмаси билан дунёга келган китоблар эса хотирага чиппа ёпишади. “Кўнгилдан кўчирмалар” ана шундай безовта қалб нидоси. Ғамгин ва унутилмас хотираларни ёзган улкан юракка тасанно! Йиғлаб битилган саҳифалар йиғлаб ўқилади. Китобни мутолаа қилган ўқувчи одам боласи ҳаётнинг кўп ҳақиқатларини жуда кеч англашига иқрор бўлади.
Салкам қирқ йиллик ғамгин ва унутилмас хотираларни ўқиб, эринмасдан хотира дафтар тутган муаллифга ҳавасим келди. Тошкентда улоқиб юрган мусофирларга таниш бир ҳолатни ижодкор шундай тасвирлайди: “Қишлоққа борсам, уйга сиғмасдим. Дўстлар билан кетиб қолардим. Ярим тунда кириб келсам, отам ухламаган бўларди. “Келдингми?” деб қўярди… Уч кун-тўрт кун шундай алфозда ўтарди. Кейин қайтишимда…
Бир оғиз сўраган гапи “Пул-мулинг борми?” дерди. Мен эса сокин овозда: “Етади, бор”, дердим. Кулимсираб: “Манавини олиб қўй”, дея эски қопчиғи-блокнотини очиб, ичидан пул узатарди. Мен бўлсам: “Ота, нима қиласиз, керакмас”, десам-да, “Болам, бизнинг пулимиз табаррук, баракали, олавер”, деб қўярди…
Ўша гапларини эсласам…
Ҳозир шу воқеаларни йиғлаб ёзяпман. Сиёҳли ручкамнинг сиёҳи тугабди. Шу рангни яхши кўраман, кўзимга ёқади. Лекин кўзимнинг сиёҳи қуримабди…”
Соғинч ва хавотир зўридан эрталабгача ухлаёлмай чиққан отанинг фарзандини кўриб йиғлаганлари…
Муаллиф ҳикоя қилган изтиробли, эзгин воқеалар меҳр-оқибат, хотира ва соғинч бемисл кучлигига, хотира одамни гоҳида бўлакларга бўлиши, гоҳида улкан қудратга эвириши мумкинлигига далолатдек туюлди.
“Ака, қачон келасиз? Укамлар сизни ҳар куни кутади. Автобус келса, югуриб чиқамиз. Яқинда бораман, дебсиз, қачон келасиз, ўзи?!” деган сатрлар мусофирлик нонини еганларни ҳамиша ҳаяжонга солади. Чунки ҳар бир оға Норқобил Жалил каби ўз тиловчилари —зулхуморлардан ана шундай ичиккан хатлар оларди. Ҳа, қоғозга тўкилган соғинчлар кўнгилларни сассиз бўзлатарди. Муаллиф айтмоқчи, зил-замбилдай соғинчини ичига ютиб, кўзёшсиз йиғларди одамлар.
Китобда ўр қаламкашнинг сермашаққат ҳаёт йўли акс этган. Бир ўзбек оиласи, қолаверса, зиёлиси бошидан ўтган адоқсиз ташвишлар, айрилиқ, ситам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. “Отам ва акамнинг раъйига қарши бориб, энг гуллаган ҳаётимда кўп нарсаларни бой берганимни пойтахтга келганимдан кейингина англадим. Хайрият, бу тегирмондан жонимнинг ярим бўлагидан кечиб бўлса-да, омон чиқдим…” деб ёзади ҳамкасбимиз.
“Кўнгилдан кўчирмалар”, муаллиф таъбирича, кимнингдир юрагига малҳам, кимларгадир ҳаёт сабоғи.
Олим ТОШБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.