Биргина сўз талқини

Алишер Навоийнинг “Хазойинул маоний” куллиёти (“Ғаройибус сиғар”, “Наводируш шабоб”, “Бадоеъул васат” ҳамда “Фавойидул кибар” девонлари)да “йигит” деган сўз юзга яқин ғазалда учрайди, уларнинг ўнга яқинида эса бу калима радиф бўлиб келган – ҳар байтда такрорланади. Демак, Навоий ғазалларида “йигит” сўзи икки юз мартага яқин қўлланган. Бу сўз девонлар дебочасида, қитъа, мухаммас ва соқийномаларда ҳам мавжуд.

Шоир ғазалларидаги “йигит” сўзи талқинида адабиётшунослар ва умуман аҳли таъб орасида бирмунча ғалати муносабат ҳукм суради. Баъзилар айни мавзуни четлаб ўтишга ҳаракат қилади, уни тақиқланган, табу қўйилган масала деб билади, ўзинигина эмас, ўзгаларни ҳам “эҳтиёт қилиш” учун интилади. Шундай қарашлар оқибати бўлса керак, ҳозирги кунда шоирнинг

Йўлунда туфроғ ўлдум, эй сабо, ўтсанг ғуборимға,

Қуюн бўл, доғи элтиб садқа қилғил гулузоримға

деб бошланадиган ғазалига басталанган ашула матни алмаштирилиб… хоразмлик шоир Сафо Очилнинг “раво денглар” деган жўн бир шеъри ўша куйга солиб, қўшиқ қилиб айтиляпти. Ҳолбуки, Навоийнинг бу ғазалини тўғри талқин этадиган бўлсак, боягидай ноўрин қарашга мутлақо ўрин қолмайди. Мана, ғазалдаги айримларни тараддудга солган ўша “қалтис” байт:

Йигитлар ишқини гар ихтиёр этмай десам, қўймас

Йигитлик бирла ошиқшевалиқ ўз ихтиёримға.

Тушунмаган одам шоир йигитларга бўлган ишқини айтаяпти, деб ўйлаб, “цензура” талабларини қўйишга бошлайди. Аслида эса…

“Йигитлар ишқи”, ҳатто грамматик жиҳатдан олиб қарасак ҳам, йигитларнинг ишқи деганидир, яъни йигит кишига хос аёлга бўлган ишқ-муҳаббат деб тушуниш керак, йигитларга бўлган ишқ, деб эмас.

Тасаввуфда, заминий муҳаббат сўфий ошиқни йўлдан оздиради, деб уқтирилади. Бу ўринда хослар ишқи (сўфийлар ишқи)га оддий “йигитлар ишқи” қарама-қарши қўйиляпти. Шоир йигитлар каби ишқни ихтиёр этмайин десам-да, йигитлигим (йигит ёшида эканлигим) ва феълимдаги ошиқшевалигим (муҳаббатпарастлигим) мени ўз ихтиёримга қўймайди, деб нолиётир. Йигитлик ва йигитлик давридаги ишқ — ўткинчи нарса, ошиқшевалик эса жибиллий хислат, у туғма бўлади ва бир умр кишининг тийнатида қолади. Чунончи, “Ўткан кунлар” романи қаҳрамони Отабек гўзал Кумушни кўриб севиб қолиши — йигитликка хос, аммо унинг хизматкори Ҳасанали хожасининг ошиқшева ҳам эканини “Муҳаббат жуда оз йигитларга муяссар бўладиган нозик юрак жавҳаридир”, деган бир калима билан ифшо қилган. Яъни, Отабек кабиларнинг ишқи йигитлик айёми ўтгач тамом бўлмайди, бир умр юрагида қолади. У асл ёр — Яратган зотга, ҳаётга, одамларга, эзгуликка… муҳаббатдир. Шунинг учун ҳам бу ғазални Алишер Навоийнинг пок тийнатига асло тўғри келмайдиган бир гумонга суяниб талқин этиш, алалоқибат, йўққа чиқариш мутлақо ножўя. Навоий этагини бу дунёнинг алдоқчи лаззатларидан батамом узгани, покдомон бўлиб, риндона ҳаёт кечиргани, ўта нозиктаъб бўлганини, ўз ички дунёсига бировларнинг аралашишига йўл қўймаганини яхши биламиз.

Тўғри, ўтмишда бутун дунёда, жумладан, Шарқ оламида ҳам, турли сабабларга кўра, ахлоқий айниш оммавий тус олган ҳоллар бўлган. Ва бу ижтимоий ҳодиса сўз санъатига кўчган жойлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, такяхоналарда, ўзгалар кўзидан четда уюштирилган базмларда ана шундай “ишқ” тараннум этилган қўшиқлар ҳам ижро қилинган. ХIX аср охирларида ижод қилган айрим шоирларнинг манзумаларида сўфиёна руҳ барҳам топиб, унинг ўрнига “мен асраганда сен ёшгина эрдинг” дегандай мотивлар учраб қолади. Ёдингизда бўлса, Мирзакарим қутидорнинг ҳовлисидаги меҳмондорчилик оёқлаганда хонадон соҳибаси Офтоб ойим оқсоч аёл Тўйбекадан меҳмон йигит (Отабек)нинг келишган, кўркам эканини эшитгач, “Бирон бачча-маччадир-да”, дея унча эътибор қилмайди (“Ўткан кунлар”). Демак, ўша давр жамияти учун бу фавқулодда бир ҳол бўлмаган. Шунингдек, биз бугун дунёнинг офати деб биладиган наркотиклик — наша ва кўкнор чекиш эса бир пиёла чой ичишдай жўн бир ҳол эди, барча жамоат жойларида чилим хўрандаларнинг хизматига шай турган. Кўчаю бозорларда эса одамларга чилим чектириб, шундан пул топадиган “пояки” деган одамлар тирикчилик қилишган. Ва ҳоказо.

Бироқ маданият юксалган, ахлоқий поклик жамиятнинг идеалига айланган XV аср шароитида шаҳвониятни очиқ куйлаш тасаввурга ҳам сиғмас эди. Ҳазрат Навоийнинг ўшандай талқинларга йўл берадиган нарса ёзиши мумкинлигини эса, айниқса.

Унда, Навоий сарвиноз қизларнигина эмас, келишган йигитларни ҳам мадҳ этиб, уларнинг гўзаллигини куйлаганлигини қандай тушуниш керак, деган бир савол юзага чиқиши табиий. Чунончи:

Англамонким ҳурму эркин, ё малакму ё парий,

Ким башар жинсида андоқ кўрмадук ҳосил йигит.

Янаям ажабланарлиси шуки, “Хазойинул маоний” куллиётида, боя айтганимиздай, “йигит” сўзи бирон икки юз бора келса, унинг муқобили бўлган “қиз” калимаси ниҳоятда оз — ўн мартага ё етади, ё йўқ. Унинг ҳам асосий қисми “раз қизи” — узумдан қилинган қизил шароб, фақат айрим ўринлардагина қиз фарзанд (масалан, Расулуллоҳ қизи Фотима) деган маънода қўлланган. Бўй етган аёл деган маъно эса “дилбар”, “жоно”, “ёр” сингари кўплаб калималар билан ифодаланган.

Нега шундай?

Гап шундаки, туркий тиллар динамик хоссага эга — тез ўзгаради. Сўз устига сўз пайдо бўлади, бири иккинчиси билан алмашиб туради, аксар сўзларнинг маънолари янгилана боради ва ўзгариб ҳам кетади. Бизнинг мисолга қайтсак, Навоий замонида “йигит” сўзи ҳозирги ўзбек тилидаги ёш эркак (ва унга алоқадор маънолар)нигина эмас, аввало, камолга етган инсонни билдирган. Ушбу сўзнинг этимологияси ҳам буни тасдиқлайди: “йигит” — “етук” (етик — етилган) деган маънони билдирган. Иккинчи бўғин диссимиляцияланиб, “йэт+ик” — “йи+гит” шаклини олган.

Йигит сўзи ҳамма маъноси билан тожик тилидаги “жавон”га уйқаш. Жавон — аввало, ёш йигитдир. Аммо ўзбек ва бошқа туркий тилларда бу икки сўз кейинчалик ўзаро тафриққа учраб, “йигит” — ёш эркакни, “жавон” (жувон) эса ёш аёлни англатадиган бўлиб қолди. Демак, Навоий замонида йигит — вояга етган, баркамол инсон деган маънода қўлланган. Бу — бир.

Иккинчидан, шоир “йигит”га муҳаббатини изҳор этаркан, унинг ҳадафи, кўзда тутилган асл ёр — Яратган зот эканини ёдга олсак, бируборни аёл жинсига мансуб қилиб тасвирлашни талаб этиш ноўрин экани аёнлашади. Қуръон оятлари (“Ихлос” сураси) бунинг далилидир; уни ҳамма билади.

Ва ниҳоят, учинчидан, аҳли таъбга мафҳум, аммо авомга эса мавҳум бўлиб келаётган бир гап. Нима учун шоирлар ёрни, асосан, қиз сифатида, ўн саккиз ёшли сарвиноз қиёфасида тасвирлайдилар, деган саволга жавобан айтиш керакки, аҳли шеър азалдан асосан эркаклар бўлган, улар Оллоҳ яратган мавжудотларнинг энг мукаммали инсон, инсонлар орасида энг кўркам ва жозибадори эса бўй етган гўзал қиздир, деган тушунчадан келиб чиқиб, ишқ изҳори бўлган шеърларида ёрни ана шундай беқиёс гўзал қиз қиёфасида тасвир этишган. Эр киши учун энг гўзал хилқат — жозибали аёлдир. Бу қараш умумийлик хоссасига эга.

Бироқ мутафаккир зотлар махлуқотнинг гултожи бўлган инсонларнинг энг мукаммал (қадди-қомати мутаносиб ва бежирим) вакили — эр киши эканини уқтирадилар. Навоийнинг змондоши Леонардо да Винчи (1452-1519) ҳам “Витрувиан одами” расмида буни тасвирлаган. Навоий ҳам, да Винчи ҳам замонасидан анча илгарилаб кетган ва ўз юксак мақомида туриб, авомнинг содда маломатидан ҳадиксирамайдиган шахслар бўлишган.

Навоий айтади:

Не ажаб хам қад била сарғарса рухсоримки, бор

Дилбарим бир қомати раъно, юзи гулгун йигит.

Бу ўриндаги “йигит” сўзи замирида сўфийнинг ёри турганини қайта бошдан далиллаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Чунки ошиқ — фоний одам. У, албатта, қарийди, бироқ ёр ҳамиша “қомати раъно, юзи гулгун”. Ёр мудом сарвқомат, чеҳраси доим порлоқ.

Хастадур жоним менинг, то борди жононим менинг,

Бўлмасун гар борса жононим менинг, жоним менинг.

 

Гул тўкулмиш суға, бормиш сарв ўзидин гўйиё,

Чеҳра очмиш боғ аро сарви хиромоним менинг.

 

Дафъа-дафъа қон аро жисмимдадур бир-бир туган,

Лолаедур гўйиё ҳар доғ ила қоним менинг.

 

Тилга олмиш телба кўнглумни яна хайли рақиб,

Қолмиш итлар оғзида мажнуни урёним менинг.

 

Мен анга ҳайрону эл минг захм урса бехабар,

Бехабар захм урғучилар доғи ҳайроним менинг.

 

Халқдин пинҳон мени маст айла шояд, эй рафиқ,

Сокин ўлғай шаммае бу дарди пинҳоним менинг.

 

Эй Навоий, бўлмаса бир пири комил ҳиммати,

Ул йигит бедодидин йўқ махлас имконим менинг.

 

Бироқ афсуски, Навоийнинг сўзларига бугун авомнинг тиши ўтиши мушкул, у кўзда тутган маъноларни англаш ҳар кимга насиб этавермайди. Оқибатда, улуғ шоир нима деяётганини англамай турибоқ, баъзилар ўзича хулоса чиқариб қўяди. Бу жўяли иш эмас. “Йигит”, “йигитлар ишқи” каби ифодаларнинг тагига етмасдан, бир ўқибоқ обивателларча талқин этиш ярамайди. Навоий-ку, бу орқали ўз юксак мақомидан бир бахя ҳам пастга тушмайди, аммо руҳи озор топиб қолиши турган гап. Дарвоқе, шоирнинг ўзи юқорида дарж этилган ғазалнинг бир байтида бунга ишора қилгандек ҳам:

Мен анга ҳайрону эл минг захм урса бехабар,

Бехабар захм урғучилар доғи ҳайроним менинг.

Яъни, авом менга минг бор озор етказса, бехабарман ва бунга ўзим ҳам ҳайронман, аммо озор бераётганидан ўзлари бехабарлар ҳам мендан ҳайрон…

Шеърият — ўзига хос бир олам. Унинг ўз тили, ўз англамлари бор. Шунинг учун ҳам шеър бошқа, назмбозлик бошқа. Шавкат Раҳмоннинг бир мисрасини эсланг-а:

Борми эр йигитлар, борми эр қизлар?

“Эр қиз” — Шавкат Раҳмоннинг беқиёс топилдиғи, “ёмонам яхши” деган каби, маънони акс йўлда кучайтириш усули. Энди, буни ҳам, баъзилар Навоийни талқин этганидай, “эр қиз бўлмайди”, деб чайнаб ўтириш мумкинми?

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 1 =