Ғарбнинг Ҳиротида туғилган шоир

Олмон тилини иштиёқ билан ўрганаётган талабалик йилларимда улуғ Гётенинг Ватани — Ваймарда бўлишни орзу қилардим. Муаллиф олтмиш йил мобайнида яратган шоҳ асари “Фауст” нафасини, ҳароратини қалбим билан унинг киндик қони тўкилган заминида ҳис қилгим келарди. “Ўн беш минг мисрага яқин бу мўъжизани инсоният тарихининг мағзи деса бўлади”, деб ёзган эди асарнинг таржимони, улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов. “Инсон Қалби Озодлигининг тараннуми” деб ном олган, неча асрлардан бери дунёни Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си, Дантенинг “Илоҳий комедия”си, Алишер Навоийнинг “Хамса”си каби ҳайратга солиб келган бу асар донишмандлик фалсафаси билан яратилган улуғ мўъжизадир.

Асар аччиқ кўз ёшлар билан битилганга ўхшайди. “Сўнгги қўшиқларим эшитолмади, Китобим илк бобин тинглаган дўстлар” деб аччиқ армон билан ёзганида шоир аллақачон оламдан ўтган синглиси Корнелия Шлоссер, дўсти Мерк ва   шоир Ленцни кўзда тутгандир.

1773 йилда Гёте   “Фауст”ни ёзишга киришганида йигирма тўрт ёшда эди. Ушбу асарнинг ёзилишига тарихий шахс – сеҳргар ва жодугар доктор Фауст тўғрисидаги ривоят асос қилиб олинган. 1587 йилда Олмонияда “Таниқли сеҳргар ва жодугар доктор Фауст тарихи” номли китоб чоп этилиб, унда Фаустни фош қилиш мақсади ётади. Бироқ улуғ даҳо талқинида Фауст инсониятга хизмат учун бел боғлаган, комилликка интилаётган, курашчан, қалби турли зиддиятли қарама-қарши­ликларда ҳам аслиятини сақлаб қололган сиймо сифатида гавдаланади.

Ушбу асар дунё халқлари тилларига жуда кўп бор таржима қилинди. Таржима жараёнида мутаржимлар томонидан турлича ёндашувлар бўлди.

Масалан, рус таржимони Борис Пас­тернак аслият матнидаги Nacht (тун) эпизоди тасвири қуйидагича қайд қилинган:

“Habe nun ach! Philosophie,

Juristerei und Medizin,

leider auch Theologie

durchaus studiert

mit heißem Bemühen.

Da stehe ich nun, ich armer Tor,

und bin so klug als wie zuvor”.

Бундай таржима қилган:

Я богословьем овладел,

Над философией корпел,

Юриспруденцию долбил

И медицину изучил.

Однако я при этом всем

Был и остался дураком.

Ўзбек тилидаги таржимада эса севимли шоиримиз Эркин Воҳидов айнан шу русча вариантни танлаб, уни қуйидагича ўгирган:

Илоҳиёт ила банд бўлдим,

Файласуфи хирадманд бўлдим.

Ўргандим илми ҳуқуқ,

                         илми табобат,

Ва амин бўлдимки фақат,

фақат менга бир нарса аён,

Нодон эдим, нодонман ҳамон.

Таржимани русча вариант билан қиёсласак, мутаржим нафақат аслий монанд, балки русча аслидан ҳам гўзалроқ бажарган. Бироқ олмонча (яъни Гёте) асли билан қиёслаганда, ўзбек таржимони ҳам рус таржимонининг қўпол хатосини такрорлашга мажбур бўлган. Натижада русча ва ўзбекчада комилликка интилиб ўша замон асосий фанларини қайноқ иштиёқ билан ўрганган олим ва мутафаккир инсон образи бузилиб,   нодон одамга айланиб қолган. Олмонча матнда биринчи ўринда фалсафа айтилса, русча ва ўзбекчада биринчи ўринда илоҳиёт қайд қилинган. Ахир Гётенинг ўзи ҳам худди шундай қилиши мумкин эди-ку! Йўқ, барча замонлар ва маконларда ФАЛСАФА энг муҳим умуминсоний фан бўлиб қолаверади. Аслият матнидаги олмонча der Tor сўзи рус таржимони томонидан нотўғри тушунилиб, луғатдаги салбий маъноли нодон, ахмоқ, тентак, гўл, ақлдан озган сўзлари ичидан ижобий маънолисини, яъни телбани тополмаган. Аслият тили мутахассиси бўлган таржимон Пошо Али Усмон охирги қатордаги бу олмонча сўзни “мен ҳамон ғўр, телба бечора” деб тўғри, аслиятга мос ўгирган. Албатта,   Пошали ака таржимасида Эркин аканинг гўзал шеърияти йўқ. Нотўғри таржима эса мунаққидларни ҳам адаштириши ва нотўғри хулосалар чиқаришларига йўл бериши мумкин.

Шунингдек, Гётенинг жаҳон аҳлига қолдириб кетган яна қатор сабоқ ва ибратлари борки, бу сабоқларни ҳали бери кўпчилик мутахассис ва китобхонлар ўзи учун кашф қилолмагандай, олмон шеърияти қиролини том маънода анг­лолмаган, тушуна олмагандай туюлади. Бу ҳақиқатни нафақат биз   олмонзабон бўлмаган чет эллик олиму муаллим, китобхону сиёсатдон, балки Гётенинг тириклик пайтидаёқ ўз ватандошу тилдош­лари ҳам тўлалигича англаб етолмаганга ўхшайди. Аск ҳолда Гётенинг ҳатто Наполеондай жаҳонгирликка даъвогарни йиғлатган “Ёш Вертернинг изтироблари” эпистоляр романини ўқиган талай олмон ва фарангзабон севишганлар   Вертердан “ибрат олиб”, ўз жонларига қасд қилмаган бўлардилар. Йигирма беш ёшли нав­қирон адиб Гёте эса севги ёшида бўлган кўпчилик йигит-қизларни бошига тушадиган савдо (суйган ёри билан турмуш қура олмаслиги) қаршисида ўз жонига қасд қилишдан тийилишга ундайди. Бу масала ҳеч бир динда   оқланмаслиги Гётега маълум бўлганлигидан, у севишган ёшларнии айнан шу ҳолатдан огоҳлантириш мақсадида ҳам шу асарини ёзган эмасмикин? Асар бош қаҳрамон навқирон Вертернинг ўз дўстига ва севгилиси Лоттега ёзган мактубларидан, жавобсиз қолган муҳаббат тарихи ва унинг фо­жиали тақдири баёнидан иборат. Уни ўзбек тилига моҳир таржимон Янглиш Эгамова ўгирган эди.

Асардаги яна бир нозик ишора шундан иборатки, гўзал Лоттенинг унаштирилган бўлғуси турмуш ўртоғига бўлган садоқати барча бамаъни аёллар учун ҳозиргача ибрат мактабидир. Айни пайтда роман   йигитлар учун ҳам зарур хулосалар чиқариш учун имконият яратади.

Ёки икки персонаж тақдири ва фожиаси тасвирланган: комилликка интилган, ўз замонасининг асосий фанларини қайноқ иштиёқ билан ўрганган етук олим Ҳайнрих Фауст ва ўз тажрибасизлиги туфайли Фаустнинг қурбонига айланган 14 яшар Гретхен (Маргарита) фожиалари ҳам муҳим сабоқ сифатида идрок этишга ундайди.   Ўз даврининг асосий фанлари бўлган фалсафа ва ҳуқуқ, тиббиёт ва илоҳиётни қайноқ иштиёқ билан ўрганса-да, на илмнинг тагига етолган ва на ҳаёти мазмуни ва маъносини англаш йўлида не қиларини билолмай турган кекса олимни шайтон тимсоли бўлган Мефис­тофел таъқиб қилади, уни ўз йўлига юргизмоқчи бўлади ва маълум вақт бунга эришади ҳам. Натижада изланишлардан чарчаган ва чалғиган Фауст ўз идеалларидан воз кечиб, собитқадамликдан чекина бошлайди. Фауст ва Мефис­тофел образлари орқали Гёте Раҳмон ва Шайтон курашини тасвирлашга ҳаракат қилади. Асарнинг биринчи қисмида Фауст енгилиб, ўз танлаган тўғри йўлидан оза бошлайди. Шу йўлда у невараси қатори бўлган 14 ёшли бегуноҳ бокира қизни йўлдан уради. Мефистофел воситачилигида Фауст ва Гретхен танишиб, тобора дўстлаша бошлаганда, қиз унга: “Энди айт-чи, динга муносабатинг қандай? Сен бир самимий инсонсан. Фақат, ўйлашимча, бу масала сен учун аҳамиятсизга ўхшайди” каби саволларни берганда, Фауст ҳар сафар ўзини ўзи мақтаб, “яхши одамлигини” айта бош­лайди. Унинг алдовига ишонган Гретхен унга ўз ихтиёрини ишониб топширганини сезмай ҳам қолади. Натижада 14 яшар вояга етмаган бокира қизнинг ҳаёти фожиа билан тугайди: ҳомиладор бўлиб қолган бечора қиз ўзини қаёққа қўйишни билолмай, ҳатто ўз онасидан ҳам қоча бошлайди. Ой-куни етиб, фарзанди дунё­­га келганда, у не қиларини билмай қолади ва ўз фарзандини сувга чўктиришга қарор қилади. Чўкаётган гўдагининг сув ичидаги жон талвасасини кўрган тажрибасиз она ниҳоят ақлдан озиб қолади. Бу ҳолатдан хабардор бўлганлар уни қамоққа ташлашади. Аммо уни шу ночор аҳволга тушишига сабабчи бўлган Фауст Мефис­тофелнинг таъсирида унга ёрдамга келолмайди. Ночор Гретхен ўзини заҳарлайди…

Бундан чиқадиган хулоса ва сабоқ нимадан иборат? Улуғ Гёте Гретхен образи орқали бахтли ҳаёт ҳақида ширин орзулар сари яшаётган дунё қизларини англашилмовчилик ва ишонувчанлик асосида содир бўлиши мумкин бўлган алданишдан огоҳлантирмаяптими? Қизларнинг қўлини сўрайдиган талабгор ва давогарларга Гретхен берган саволларни беришга даъват қилмаяптими? Айниқса, ҳозирги кунда авж олиб бораётган ажралишларнинг туб сабаблари ҳам қизларнинг ана шу саволларни йигитларнинг ўзига ва уларнинг ота-оналари ва совчиларга бермаётганидан алданиб қолаётганидан эмасми?!

Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони”ни ўқиган айрим ватандош ва замондошлари унга шубҳа билан қараб, уни мусулмонликка ўтиб кетишда гумон қилганча, кинояомуз: “Жаноб Гёте, сиз мағриблик бўла туриб машриқликларга бағишлаб катта девон битибсиз. Мабодо сиз ислом динини қабул қилмаганмисиз?”, деб савол беришади. Адиб эса (der grösste Deutsche) “Wenn Islam heisst Gotergebenheit, dann sind wir alle im Islam geboren und sterben im Islam” (Агар ислом дегани Аллоҳга тоат-ибодат қилиш бўлса, биз барчамиз исломда туғилганмиз ва исломда ўлажакмиз) деб жавоб беради. Ана шу шеърий достоннинг илк нашри 800 саҳифадан иборат бўлиб, унинг 200 бети Ҳотамнома, Зулайҳонома, Ишқнома, Ҳулднома, Темурнома каби ўн икки достондан ва қолган 600 бети шу достонларда номлари зикр қилинган буюк машриқлик (Жомий, Низомий, Румий, Хайём каби) алломалар ҳаё­­ти ва ижодига бағишланган изоҳ ва эсселардан иборат бўлган. Бу дос­тоннинг бир қисмини аввал Мақсуд Шайхзода русча таржимасидан ўзбекчалаштирган бўлса, олмон тили мутахассиси бўлган шоир Садриддин Салим Бухорий бевосита олмонча матндан ўзбек тилига ўгирган.

Ўзбек адабиётига барча чет эллик адиблар каби Й.Гёте ҳам, асосан, таржималар орқали кириб кела бошлади. Дастлаб Қўқон фарзанди, шоир Иброҳим Даврон “Erlkönig” (Ўрмон шоҳи) балладасини аслият тилидан ўгириб, Маҳмуд­хўжа Беҳбудийнинг “Ойина” ойномасида 1915 йилда чоп эттирган. Шу шоир­нинг фарзандлари Мадамин Даврон ва Насрулло Давронларнинг айтишича, Гёте ижоди билан яхши таниш бўлган Иброҳим Даврон ўз шоир ҳамюрти Усмон Носирни ҳам Гёте асарларига қизиқтириб, унинг “Эгмонд” фожианомасини таржима қилишни тавсия этган. Бу асарнинг бир қисмини Усмон Носир она тилимизга ўгирган ва   таржима дастлаб радиопьеса сифатида ўзбек радиосида эълон қилинган. Бироқ шоирнинг фожиали тақдири бу таржимани унинг тириклигидаёқ нашр қилдиришга имкон бермаган. Академик Наим Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан бу таржима топилиб, у ниҳоят Усмон Носир таваллудининг 90 йиллиги арафасидагина нашр эттирилди.

Мамлакатимизда китобхонлик ва китоб мутолааси асри бошланди. Яна улуғ даҳоларнинг дунёга келмоғи учун биз асл асарларни тинмай ўқимоғимиз ва уқмоғимиз, сабоқ ва ибрат олмоғимиз, асарнинг мазмуни билан чегараланиб қолмай, бу каби даҳо адиб ва асарларнинг маъносини чақмоғимиз даркор. “Фауст”нинг илк таржимони худди менинг кўнглимдан ҳам ўтган фикрларни таъкидлаб ўтганларидек: “Улуғ шоирнинг фикри ва руҳига чуқурроқ киришга уриндим. Унинг Ватанида бўлиб, Ваймар кўчаларида кезиб юрдим. Неча улуғ шоир ва созандаларни берган бу шаҳар менга Ғарбнинг Ҳироти бўлиб туюлди”.

Ҳуррам РАҲИМОВ,

Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари

университети профессори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × two =