“Телефон билан туғилган” болалар

ёхуд мобиль алоқа воситаларидан оқилона фойдаланишни биламизми?

Қўл телефонларининг инсон саломатлигига, айниқса, ёш болаларга қанчалик зарар эканини олимлар, соҳа мутахассислари айтишмоқда. Ёш оналар бу хавфдан огоҳлантириляпти. Замонавий мобиль телефонлар болалар учун ўйинчоқ ёки овуниш воситаси эмаслиги уқтириляпти. Бироқ кўча-кўйда ҳолатнинг батамом аксига дуч келяпмиз.

Таксида кетяпман. Ёнимда икки нафар ёш она ўтирибди, бирида икки нафар, иккинчисида бир нафар гўдак бор. Машина бироз юргач, она қўлидаги бола инжиқлик қила бошлади. Ёш она тезда қўл телефонининг экранини очиб, боланинг қўлига берди. Бола ундаги мультфильмга озгина қарагач, яна инжиқлик қила бошлади. Бу ҳолат бир неча бор такрорлангач: “Болага нега ҳадеб телефонни кўрсатаверасиз, у буни хоҳламаяпти-ку?” дедим. Аёл: “Йўқ, ундай эмас. Болам ўзининг мультфильмини кўрмоқчи бўляпти. Кўчада “Wi-fi” йўқлиги учун унинг мультфильми чиқмаяпти, телефонимдаги бошқа мультфильмларни болам кўришни истамаяпти”, деди.

Бир яшар боланинг ҳар куни қўл телефонида кўрадиган севимли мультфильми борлигидан лол қолдим. “Бу ҳали гўдак-ку, телефон боланинг кўз нурига ёмон таъсир қилишини билмайсизми?” дедим. Аёл индамади. Суҳбатимизга қулоқ солиб кетаётган ҳайдовчи: “Гапингизга қўшиламан, менинг ҳам неварам бор, телефонсиз туролмайди. Телефон билан туғилган, десам ҳам бўлади. Жим ўтирсин деб яна телефон олиб бераман. Лекин кейинги вақтларда телевизорнинг яқинига бориб кўраётганидан сезяпманки, кўзи узоқни яхши кўрмаяпти”, деди.

Мультфильм кўришни хоҳлаётган гўдак йўл давомида ёнидаги ўзи тенги болалар билан иши бўлмади, хархашаси ҳам тугамади. Аслида, ҳали гапира олмайдиган болалар ҳам бир-бири билан тез чиқишиб кетади, ўзлари тушунадиган “тилда гаплашади”. Аммо машинадаги болаларда бундай ҳолат бўлмади. Бола ҳалитдан ташқи оламдан узилиб, виртуал оламга боғланиб қолганига ачиндим. Афсуски, бундай болалар атрофимизда жуда кўп.

Яқинда ёзувларни яхши ўқий олмаётганимдан шикоят қилиб, кўз дўхтирига бордим.

— Хавфли томони йўқ, ёшингизга яраша кўриш қобилиятингиз пасайган, — деди врач.

Шу пайт ота-она лупали кўзойнак таққан 7-8 ёшлардаги боласини етаклаб келди. Дўхтир боланинг кўзларини текшириб:

— Энди кўзинг батамом тузалиб кетиши учун бир кунда ярим соатдан кўп телефонга қарамайсан, — деди.

— Йўқ, йўқ, умуман, телефонга қарамайди, ўзим уйда назорат қиляпман, — деди аёл эридан ҳадиксираб.

Аёлнинг ўзини тутишидан турмуш ўртоғидан роса гап эшитгани сезилиб турарди. Аммо ғишт қолипдан кўчган, боланинг кўриш қобилияти анча пасайиб кетгани шундоқ кўриниб турибди. Таксидаги мультфильм кўрмоқчи бўлган боланинг ҳам ота-онаси эртага кўз дўхтирига мурожаат қилиши тайин. Даволангани билан бола бир умр кўриш қобилиятининг пастлигидан қийналиши, вақтида эътибор бермагани учун ота-онасидан норози бўлиши мумкин.

Мобиль телефон 7 ёшгача болаларга умуман мумкин эмас!

— Кейинги вақтларда болаларда ғилайлик ва миопия (узоқни кўролмаслик) кўпроқ учраяпти, — деди Самарқанд давлат тиббиёт университетининг офтальмология кафедраси ассистенти Феруза Ҳамидова. — Бу касалликлар айнан телефон, планшет, компьютер экранларига кўп қарашдан келиб чиқяпти. Аслида мобиль телефон 7 ёшгача бўлган болаларга мумкин эмас. 7 ёшдан бола бир кунда ярим соат, 12-14 ёшли болалар эса бир соатдан ортиқ телефон, планшет, компьютердан фойдаланмаслиги керак. Катта ёшдагилар ҳар ярим соатда 5-10 дақиқага компьютер экранидан узоқлашиши талаб этилади.

Замонавий гаджетлардан кўп фойдаланиш оқибатида одамларда қуруқ кўз синдроми касаллиги ҳам учраяпти. Масалан, телефонда бирор нарсани томоша қилиб ўтирган одам 1 дақиқа 3-4 марта мижжа қоқади. Аслида меъёр бўйича 1 дақиқада 18 марта мижжа қоқиши керак. Қуруқ кўз синдромида кўз ёшланиши, қум тиқилгандай бўлиши, ёт жисм ҳисси, эрталаб турганда кўз қуруқ бўлиши, кўзнинг толиқиши каби белгилар кузатилади.

Баъзилар компьютер учун махсус кўзойнаклар кўзнинг кўриш қобилиятини асрайди, деб ҳисоблайди. Ҳақиқатда бу нотўғри фикр. Махсус кўзойнаклар экрандаги маълум нурларни қайтара олади, аммо кўриш қобилиятининг пасайишини қайтара олмайди. Юқорида айтганимдек, катта ёшдаги одамлар ҳам ҳар ярим соатда экрандан узоқлашиши лозим.

Бизга кўплаб абитуриентлар, мактаб ўқувчилари кўриш қобилиятининг пасаяётганидан шикоят қилиб келяпти. Суриштириб кўрсак, улар кўпинча уйга вазифани телефонда бажаради. Айрим ўқитувчилар ўқиш учун болаларга уйга вазифани китобдан эмас, телефонда беради. Бола уйга вазифани телефонда ўқийди, кўп вақтини экранга тикилиб ўтказади. Ўқитувчилардан болаларга фақат китобдан вазифа ва топшириқлар беришини илтимос қилган бўлардим.

Кўриш қобилияти пасайиб кетган болалар шифокор муолажасидан кейин ҳам юқоридаги нормаларга амал қилмаса, яна кўзи аввалгидек хиралашади. Шунинг учун касалликни даволашдан олдин уни келтириб чиқарувчи омиллардан четлашиш керак.

Ихтисослашган мактаб ўқувчиларига телефон тақиқланган, умумтаълим мактабларида-чи?

Яқинда ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси билан гаплашиб қолдим. Унинг айтишича, мактаб-интернатда фақат эрталаб ярим соатга ота-онаси билан гаплашиш учун ўқувчиларга қўл телефонлари берилади. Куннинг қолган вақтида ўқувчилар телефонларини мактаб ходимларига топширади.

Ихтисослаштирилган мактаб-интернатда дарслар соат 16: 00 гача давом этади. Дарсдан кейин тўгараклар бошланади. Ўқувчилар ўзи ёқтирган фанлар бўйича тўгаракларга қатнайди. Кечки овқатдан сўнг дарс тайёрлайди. Албатта, уйга вазифаларни китобдан ўқийди, телефондан эмас.

— Мактабимизда қўл телефонлар тақиқланган, — деди Каттақўрғон шаҳар ихтисослаштирилган мактаби директори Жавлон Абдуллаев. — Ҳар бир синфнинг телефон сақлайдиган қутиси бор. Ўқувчилар мактабга келгач, ўша қутига қўл телефонини солади. Дарслар тугаганидан кейин ўқувчиларнинг мобиль телефонлари қайтариб берилади. Ўқувчиларга телефонда бажариш учун уйга вазифа берилмайди. Улар иложи борича уй ишларини ҳам дарсдан кейин мактабнинг ўзида тайёрлашади. Шунинг учун ҳам ютуқларимиз билан фахрлана оламиз. 2023-2024 ўқув йилида мактабни 21 нафар ўқувчи битирган бўлса, улардан 17 нафари давлат, 4 нафари хорижий олий таълим муассасаларининг талабаси бўлди. Ўқувчиларнинг ўртача кириш балларига нисбатан шаҳар мактаблари ўртасида 1-ўрин, вилоятдаги 1200 дан ортиқ мактаб ичида 10-ўринни эгаллади.

Ихтисослаштирилган мактабларда жорий этилган бундай тартиб, афсуски, умумий ўрта таълим мактабларида қўлланилмаяпти. Айрим ота-оналардан фарзанди дарс тайёрлаши учун қўл телефони олиб берганини эшитиб қоляпмиз. Хўш, нега умумтаълим мактабларида уйга вазифалар дарсликдан берилмайди? Шундоқ ҳам телефонга қарам бўлиб бораётган ёш авлодни фикрсизлик, кўриш қобилиятининг сусайиши каби дардлардан қутқариш вақти келмадими?

Хуршида ЭРНАЗАРОВА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 1 =