Жуманазар БЕКНАЗАР: “Шифокор кун ўтказиш учунгина ишлаши мумкин эмас!”

Тиббиёт ва адабиёт. Аслида, бу икки соҳа — икки олам. Аммо уларда биз кўпинча эътибор қилмайдиган яқинлик бордек. Тиббиёт инсонларнинг соғлиги-саломатлиги билан курашса, адабиёт одамлар қалби-шуурига, дардларига шерик бўлиб, керак бўлса, бутун жамиятнинг дарди ва муаммолари билан курашади.

Гап шундаки, бугунги суҳбатдошимиз ҳар иккала соҳага дахлдор инсон, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Республика бош уронефрологи, “Шуҳрат” медали соҳиби, тиббиётга оид 250 дан ортиқ мақолалар, 50 га яқин ихтиро ва рационализаторлик таклифлари, қатор тиббий рисолалар муаллифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, бир қанча шеърий ва насрий асарлар автори — Жуманазар БЕКНАЗАР устоз билан кўпчиликни ўйлантираётган мавзулар — тиббиётнинг ютуқ ва муаммолари, дунё тажрибалари, соғлом она ва бола тарбияси, бугунги ва эртанги шифокорларнинг билим даражасию маҳорати ва бошқа масалаларда суҳбатлашдик.

— Устоз, суҳбатимизни бугунги дунё тиббиётининг ютуқ ва муаммолари мавзусидаги фикрларингиз билан бошласак.

— Ҳозир тиббиёт ўрта асрларга нисбатан анча илгарилиб кетди. Бугун буйракни, юракни кўчириб ўтказиш оддий ҳолатга айланди. Бу мураккаб жараёндан ўтганидан сўнг одамлар 20 йилдан ортиқ ҳам яшашмоқда. Буйрак кўчириб ўтказилгандан сўнг беморлардаги яшаш ёши ўртача 16 йилни ташкил этмоқда. Илгарилари бу кўрсаткичлар ақлга сиғмас, фантастик ҳолат бўлиб туюлар эди. Трансплантация амалиёти йўлида олимлар кечаю кундуз меҳнат қилишди, тўқималарнинг бир-бирига мослашуви устида тадқиқотлар олиб боришди, янги дори воситалари ихтиро қилишмоқда. Айни ҳозирги пайтда олимлар янада каттароқ тажрибалар устида бош қотиришмоқда. Бу — одамдан одамга бош мияни кўчириб ўтказиш. Билганингиздек, ҳазилакам иш эмас бу. Сабаби миянинг кулранг ҳужайралари кўпи билан 3-4 дақиқа яшайди, холос. Бу вақт ичида ҳужайраларни озиқ билан таъминлаб туриш ва зудлик билан амалиётни якунлаш талаб қилинади. Албатта, олимлар шунчаки тадқиқот қилишаётгани йўқ. Келажакда бу ҳаракатлар муваффақиятли якунланади, деган ишонч мавжуд. Чунки одам танасидаги ДНК ва РНКларнинг қаерда, қандай жойлашганлиги, қандай тузилганлиги синоатлари тиббиёт томонидан кашф қилинган.

Ҳатто хромосомаларда қандай геномлар борлиги, яъни қайси жойида наслга тегишли қандай калитлар борлигини аниқлаш ишлари ҳам охирига етай деб қолди. Мана шу тажрибаларнинг ҳаммаси келажакда одамларнинг умрини узайтириш учун хизмат қилади. Айни пайтда 2,5 мингдан ортиқ насл касалликлари мавжуд. Агар мана шу геномлар кашф қилинса, хромосомадаги генларнинг қайси жойда жойлашганлигини билиб, уларга таъсир ўтказувчи механизмлари яратилса, келажакда наслий касалликларни бутунлай бартараф қилиш имкониятлари пайдо бўлади. Америка, Англия ва бошқа ривожланган мамлакатларда ирсий касалликларни аниқлаш учун катта лабораториялар ишламоқда. Шунинг учун ҳозир дунё тиббиётининг эришган ютуқларини сўз билан таърифлаш қийин. Шифокорлар доим соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлишлари керак. Менинг назаримда, айни тиббиётдаги муаммоларнинг энг каттаси — янги туғилаётган болаларда норасоликларни камайтириш, ички аъзоларидаги етишмовчиликларни йўқ қилиш ва уларни ер юзига соғлом келтириш бўлмоқда. Бунинг учун оналарга ижобий таъсир йўли билан фарзандининг мутлақо соғлом туғилишига эътибор бериш кераклиги юзасидан кўникмалар ҳосил қилиш зарур. Бу ҳам тиббиётнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Чунки охирги пайтларда норасолик билан туғилишлар ўн йил илгарига қараганда ҳам бир оз кўпайган.

— Демак, дунё тажрибалари бизнинг диққатимизни ўзига қаратмоқда. Нима деб ўйлайсиз, ўзбек тиббиёти қачон жаҳон тиббиёти билан тенглаша олади?

— Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тайёрлаш ва уларни етук, саводли, такомиллашган билимли, ҳар томонлама маънавиятли ва маърифатли қилиб етиштириш керак. Энг аввал шифокор бўлишга қобилиятли, бу касбни эгаллашни жон-дилидан истаган ўқувчи-абитуриентларни тиббиёт олий даргоҳларига қабул қилиш керак. Бундан ташқари, тиббиёт муассасаларига фақат тест орқали қабул қилиш ярамайди. Чунки шифокор деган масъулиятли касбга ўқитиладиган талабгорнинг табиати қандай, касалликларни даволашга ечим ахтариш, изланиш унинг ақлий режаларида борми — бу нарсаларни тест орқали билиб бўлмайди. Тестда мутлақо ҳеч нимани тушунмайдиган бола ҳам тахминий жавоблари билан тиббиёт олийгоҳига кириб кетиши мумкин. Ва шундай бўлаяпти ҳам. Бундайлар тушуниб-тушунмай дарсларда ўтириб, ўқишни тамомлар ҳам. Бундан ташқари, қўшимча контракт асосида, супер-контракт деган гаплар бор. Бу ҳам ёш кадрларнинг етук тиббиёт мутахассиси бўлиб етишишига зарар берадиган омил. Сабаби, шифокор бўламан деган абитуриент фақат берилган адабиётларни тўлиқ ўзлаштириш билан шуғулланиши керак. Хотирасига мустаҳкам ўрнатиши керакки, келажакдаги амалий ишларига ёрдам бўлсин. Фақат имтиҳон топшириш ёки курсдан-курсга ўтиш билан келажакда етук, ўз ишининг уста жарроҳи ёки етук шифокори бўлади, дейиш нотўғри. Олий таълим дипломини олган билан моҳир шифокорга айланиб қолмайди, тинимсиз изланиш, ўз устида ишлаш, янгиликларни топиб, янги билимларни амалиётда қўллаш керак. Бунинг учун эса улкан уқув керак. Агар уқув бўлмаса, бу шифокордан асло фойда йўқ. У кундан-кунга олий таълимдан олган билимини ҳам йўқотиб борувчи оқ халат кийган оддий одамга айланади. Бир жойни банд қилади.

Шифокорлар бошқа касб эгаларидан, масалан, ҳайдовчи, сотувчидан фарқ қилади. Чунки у инсон танаси, руҳий ва жисмоний саломатлиги билан ишлайди. Қабулига келган беморларнинг бугунги ва келажак ҳаёти унга боғлиқ бўлади. Тиббиётни ривожлантиришга институт, университетларнинг, шифокорларнинг сонини кўпайтириш билан эришиб бўлмайди. Чунки битта билимли шифокор юзта билимсиз шифокор ўрнини босади, юзта шифокор билимсиз бўлса, битта билимли шифокор ўрнини боса олмайди. Қачонки ўта билимли мутахассисларни етиштирсак, ўзбек тиббиёти “мана мен” деб бошқаларга ўзини кўрсатиб қўйиши мумкин. Биз фақат ўтмиш тиббиётимиздаги буюк шахслар билан мақтанишимиз эмас, келажакда етишиб чиқадиган шифокорлар билан ҳам мақтанишимиз керак. Ана ўшанда турли мураккаб операциялар учун чет элдан жарроҳларни олиб келмаймиз, балки дунё тиббиёт даргоҳлари бизнинг шифокорларни таклиф қиладиган даражага етамиз. Оддий бир мисол, Америка, Англия, Испания, Франциянинг жуда машҳур журналларида шу пайтгача юқори мазмун ва моҳиятга эга мақолалар 1 млн 100 мингтадан ошган. Агар янглишмасам, шу мақолаларнинг бирортасида  ўзбек шифокори ёки олимининг исми-шарифи йўқ. Улар мутлақо янги, юқори талабларга жавоб берадиган мақолалар қабул қилади, холос. Бу нашрларда ўзбек тиббиёти вакилларининг бўлмаслиги ёки бўлса ҳам битта-иккиталиги ачинарли ҳол. Демак, бизда ҳали тиббиётга оид ихтиролар, янгиликлар етишмайди. Шифокор ойлик олиш, кун ўтказиш учунгина ишлаши керак эмас, балки бир кун “Нобель” мукофотини оларман, мана бу касалликка даво топарман, деб изланиши керак.

— Жуда оғриқли масалалар ҳақида сўз юритдингиз. Нима бўлганда ҳам шифокорлар — саломатлик посбонлари. Аммо танадаги касалликка одамнинг ўзи кўпроқ сабабчи бўлиши таъкидланади. Инсондаги турли касалликлар инсон руҳиятининг бузилганлигидан, салбий фикрлар билан тўлганидан деган қарашлар ҳам мавжуд. Бу ҳақда нима дея оласиз?

— Инсонни, аслида, руҳият бошқаради. Руҳиятда бўлаётган ўзгаришлар, албатта, унинг ички аъзоларига таъсир қилади. Тасаввур қилинг, бир одам икки кун чўлда қолиб кетди. Бир қултум сувга зор, ҳолдан тойган бир аҳволда. Узоқдан бир дарахтни кўрди. Балки, галлюцинациядир. Ўша одам “энди тирик қоладиган бўлдим” деган ўй билан, ўрмалаб бўлса ҳам етиб боради. Шунинг учун оғир ётган беморга “сен икки соатдан сўнг ўласан”, деса, у икки соатдан сўнг ўлиши мумкин. Ёки бир воқеани қаранг, фолбин бир одамга: “Сен шу йили шу кунда ўласан”, дебди. Фолбиннинг гапини ўйлаб юриб, айнан ўша кунда оддий кўричак операциясидан сўнг, ҳатто шифокорлар: “Сиздаги бу оддий яллиғланиш”, деса ҳам, ҳаётдан кўз юмган экан. Аслида, бу касалликдан мингтадан бир-иккита одам ўлиши мумкин, холос. Бу — руҳият кучи. У кучини сарфлаб бўлди. Инсон организмида буйрак усти безлари мавжуд, уларнинг уст қисмида жуда актив моддалар ишлаб чиқарилади. Масалан, адреналин, норадреналин каби. Агар инсон ҳаддан ташқари руҳий тушкунликка тушиб қолса, шу буйрак усти безларининг пўстлоқ қисмидаги моддалар ишлаб чиқарилиши тўхтайди. Натижада қон босими тушиб кетади. Баъзида қон босимини қайта ўртача ҳолатга кўтариш имконсиз бўлади. Руҳий тушкунлик кўпгина касалликларнинг асосидир. Доим мамнун, ишдан, атрофдагилардан рози, хурсанд қиёфада юриш керак. Шунда инсон умри узоқ бўлади.

— Тўғри айтасиз, устоз. Юқорида тиббиётнинг ривожланаётгани, кўплаб касалликларга шифо топилаётгани ҳақида сўз юритдингиз. Лекин шунга қарамай кўпчилик ҳамон қандайдир “табиб”лардан даво изламоқда. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

— Биласизми, бизда шифокорлардан кўра “табиб”ларни кўп мақташади, реклама қилишади. Чунки у дори ёзиб бермайди, укол қилмайди. Қандайдир ўзи тайёрлаган дориларини беради. Чиқим ҳам кам бўлади. Халқимиз жуда содда. Уларни ишонтириш осон. Лекин халқ табобатини инкор қила олмайман, сабаби табобат даво тополмаса, бирор касалликка шифокор даво топади. Буни оддий халқ тушунмайди ва мақталган табиб ёнига югуради. Афсуски, бугунги кунда ўзини “табиб” деб атаган қаллоблар ҳам кўпайгандан-кўпайган. Аммо огоҳ бўлган одам ундай сохта табибларга бориб ўтирмайди.

— Соғлом онадан соғлом бола дунёга келади, деган гап бор. Бугун оналар кўпроқ нималарга эътибор қаратишлари керак?

— Сир эмаски, ҳозирги ёшлар юртнинг эртанги эгалари, меҳнат маҳсули яратувчилари ва ижодкорларидир. Бу хислатларнинг қай даражада намоён бўлиши уларнинг соғломлигига бевосита боғлиқ. Ҳа, соғлом фарзанд эса соғлом онадан дунёга келади. Она ёки бўлажак онанинг ташқи кўриниши, қад-қомати ҳеч қачон саломатлик даражасини белгилаб бермайди. Ўзини ва келажагини ҳурмат қилган ҳар бир аёл, бўлажак она, энг аввало, соғлиғига жиддий эътибор бермоғи, ҳеч бўлмаганда, ҳар йили бир ёки икки марта шифокор кўригидан ўтмоғи, ўзини ҳар томонлама мукаммал текширтирмоғи лозим. Зеро, агар хасталиклар ҳали ўзини намоён қилмасдан, хос белгилар пайдо бўлмасдан олдин дард аниқланса, уни тезда, бутунлай бартараф қилиш осон бўлади. Бўлажак оналар асабийлашмаслиги, руҳий тушкунликка тушмаслиги керак. Чунки она стрессга тушса, ғам-алам қуршовида қолса, изтироб чекса, ундаги аёлларга хос ўта актив моддалар тизимида ёхуд қандайдир молекула занжирида узилишлар рўй беради. Натижада унда ортиқча моддалар пайдо бўлади ва болага ҳам таъсир қилади. Бу эса бўлажак фарзанднинг қайсидир органини издан чиқаради ёки шаклланмай қолишига сабаб бўлади. Натижада бола нуқсон билан туғилиши мумкин. Демак, она доимо хотиржам муҳитда яшаши муҳим ва шарт.

— Бугун телефонга қарамлик авж олиб кетди, ҳамма бирдек телефонни қўлидан қўймайди. Бу қандай оқибатлар келтириб чиқаради?

— Агар телефон фақат мулоқот манбаи бўлиб хизмат қилса, унинг фойдаси кўп. Аммо сўнгги кунларда ёшларнинг маданиятини бузувчи воситага, ғийбатлар, фош қилиш, изза қилишлар маконига айланган. Одамлар “янгиликни тезда билиб оласиз”, деб телефон хизматини оқлашади. Асло ундай эмас. Маълумот оламан деб излаган одам умумий нимадир топади, холос. Янгилик ололмайсиз. Агар ихтиёримда бўлса, бутун чет элдан келтирилаётган телефонларнинг барчасини чеклаб, фақат алоқа-сўзлашув воситасига айлантирган бўлар эдим. Чунки у билим олиш йўлини тўсяпти, ҳа, айнан шундай. Таълим масканларида топшириқларни интернетдан тайёр кўчириб олиб келишади. Бу билим оширишга эмас, саводсизликни оширишга сабаб бўляпти. Аслида, китобнинг олдига тушадиган нарса йўқ. Телефондан фойдаланишда иродали бўлиш керак. Фақат фойдали ишлар учун. Телефон сабаб бугун ахлоқсизлик ҳам авж олмоқда. Кунора ижтимоий тармоқда қизларимизнинг шаънини қораловчи ҳолатлар, мерос масалалари чиқиб турибди. Уларнинг ҳаммаси ҳам тарбиявий аҳамиятга эга эмас. Бу нарсалар боланинг бор маънавий пойдеворини ҳам парчалаб ташламоқда.

Баъзи мамлакатларда телефондан ортиқча фойдаланиш қонун йўли билан тақиқланган ва улар тўғри йўл тутяпти. Чунки унинг фойдасидан зарари кўп. Иш жараёнида ўзим кўрганман ёшликдан телефон ўйнаб кўзлари ожиз бўлиб қолган болаларни. Улар бор кўз нурини телефонга беради. Кўз тубидаги тикланмас нерв ҳужайралари аста-секинлик билан атрофияга учраб бораверади.

— Халқимиз жуда қизиқ-да. Кўплар болаларни гўдаклигидан шифокордан қўрқитиб тарбиялайди. Яъни болам айтганимни қилсин, жим ўтирсин деб “ҳозир докторга олиб бораман, доктор укол қилади” дегандек сўзлар билан қўрқитади. Натижада мурғак гўдак шифокор ва шифохоналардан қўрқиб улғаяди. Шу ҳақида ҳам ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

— Болани тарбиялаш йўлини билиш керак. Уни табиатга, мусиқага, расм чизишга қизиқувчан қилиб тарбиялаш керак. Бу боланинг келажакда ким бўлиб етишишига катта таъсир қилади. Умуман, болани қўрқитиш усулларидан воз кечиш лозим. Қўрқитиш усулларининг ёмон томони — болада руҳий азият пайдо бўлади. Бу баъзида бир умр сақланиб қолиши мумкин. Инсонда иккита хотира маркази бор. Сиз Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййиднинг бирор шеърини ёд олсангиз, эртасига тутилмасдан айтиб берасиз, бир ҳафтадан сўнг эса баъзи сўзлар ёдингиздан чиқади, бир ойдан сўнг “қандай бошланарди” деб қоласиз. Сабаби, биринчи ёд олган пайтингизда у биринчи хотира марказига электр зарядлари сифатида жойлашади. Лекин электр зарядлари аста-секин тугайди. Агар шеърни қайта-қайта ёд олсангиз, у биринчи хотира марказидан иккинчи хотира марказига оқсил молекулалар сифатида жойлашади ва ҳеч қачон йўқолмайди. Масалан, ота-она, ака-ука, яқинларингиз исмини кечаси қаттиқ уйқудан уйғотиб сўраса ҳам айтиб берасиз. Чунки у жуда қаттиқ молекула ҳисобланади. Шу каби қўрқитиш усулларидан бир-иккитаси иккинчи хотира марказига келиб ўрнашиши мумкин. Шунинг учун уларни қўрқитиш эмас, тарбиявий ишларга банд қилиш керак. Ота-оналар фарзандларини тонгданоқ яхши ниятлар билан уйғотиб, яхши ишларга йўналтиришлари керак.

— Авваллари ҳар бир уйда бешик бўлар эди. Бугун уларнинг ўрнини турли замонавий жиҳозлар эгалламоқда. Ўзларини замонавий кишилар деб билган айримлар бешикка нисбатан “эскилик” сифатида қарашаётгани сир эмас. “Бешикда болани ухлатиш зарар, унинг бошини қийшиқ қилиб қўяди” каби фикрлар ҳам бор. Бу ҳақдаги фикрларингизни билмоқчи эдик.

— Бешикни “эскилик” деб қараш шўролар даврида, айниқса, авж олди. Бешик бола учун ҳар томонлама қулай, гигиеник томондан ҳам тоза ҳисобланади. Унинг устидаги ёпқичлари, тагидаги тўшамалари унга шифокорлик ҳам қилиши мумкин. “Бешикда ётган боланинг боши қийшиқ бўлиб қолади”, дейдиган оналарнинг ўзида камчилик бор. Агар она бир соат бир томонда, бир соат нариги томонда туриб уни овқатлантирса, ҳеч қандай салбий ҳолатлар бўлмайди. Бундан ташқари, бешикни тебратиш жараёни ҳам болага фойдали, у тебранганда танадаги майда қон томирлари фаоллиги ошиб, ички органларни қон билан таъминлайди. Авваллари бешикда турли рангларга бўялган ошиқлар осиб қўйилар эди. Бола ўзи севган рангни ўйнайди. Натижада келажакда шу ранглардан бирини севиш ҳиссиёти пайдо бўлади. Бешикни бешиксиз хонадонларга қайтаришимиз керак.

— Сиз энг муҳим соҳа — тиббиёт соҳаси ходими ва шу билан бирга таниқли ижодкорсиз. Сизни ёзишга нима ундайди?

— Шифокор дегани юқорида айтганимдек, кўп тармоқли билимга эга бўлиши керак. У фақат тиббиёт соҳасида илғор бўлиши керак эмас. Адабиёт, фалсафани тушунса, янада яхши. Фалсафий фикрлаган шифокоргина соҳасида янгилик қила олади. Қолаверса, тиббиётнинг отаси ҳисобланган буюк ибн Сино бобомиз тарих, фалсафа, математика, астрономия каби фанларнинг юксак билимдони бўлгани каби, адабиёт билан ҳам жиддий машғул бўлганлиги бежиз эмас. Эътибор қилинг, сиз наср ёки назмдан маълум миқдорда хабардор бўлсангиз, фикрлаш қобилиятингиз шу қадар кенг бўлади. Зеро, Навоий бобомиз айтганидек:

Мени мен истаган ўз суҳбатиға

                                      аржуманд этмас,

Мени истар кишининг суҳбатин

                           кўнглим писанд этмас.

Агар бирор фалсафий мушоҳадали, кенг тафаккурли одам билан суҳбат қилсангиз, суҳбатидан завқланасиз. Адабиётни ўқимаган, шеърият, насрни билмаган одам билан суҳбатлашсангиз, ундан ҳеч нима ололмайсиз. Мабодо шунақа одамлардан тўрт-бештаси йиғилиб қолса, бошқа гапи йўқлигидан ғийбат бошланади. Шунинг учун ҳар бир шифокор ўзига яраша ижодкор бўлиши керак. Ана ўшандагина у ўзидан кўнгли тўлиши, ишидан мамнун бўлиши учун янгилик қидиради. Янгиликка интилиш фақатгина ижодкор одамлардагина такомилга етади. Шифокор: “Бўлди, мен шифокор бўлдим, етади”, деб ўйласа, катта хато қилган бўлади. Унинг соҳаси терапия бўлса ҳам, болалар касалликлари, юқумли касалликлар, жарроҳлик тўғрисидаги билимларга эга бўлиши керак. Шунда у тўғри ташхис қўяди ва муаммоларга осон ечим беради.

— Матбуотдаги чиқишларингиздан бирида бугунги кўпчилик шифокорларнинг беморларга ҳаддан зиёд кўп дори ёзиб беришлари ҳақида айтган экансиз. “Иккита дорининг ўрнига ўнта дори ёзишади…” деб…

— “Зангори экран”лардаги чиқишларимнинг бирида “шифокор кўпи билан учта дори ёзиши керак” деган эдим. Бу жуда кўп баҳсларга сабаб бўлганди. Агар бир инсонда битта дард бўлса, шунга керакли таъсир қиладиган учта дори ёзиш етарли. Лекин, афсуски, бизнинг қабулимизга келаётган беморларда энг камида уч-тўртта дард бор. Шу сабаб баъзида олти-еттита дори ёзиб беришга тўғри келади. Бу ҳам бор гап. Лекин битта дард учун ўнта дори ёзиб бериш, бу — нотўғри. Баъзи шифокорлар “буниси таъсир қилмаса, буниси”, деб қатор дори ёзишади. Қайси дорилар қайси касалликка яхши таъсир қилишини билиш керак. Бемор билан суҳбатлашиш, унинг руҳиятини ҳис қилиш, ҳолатини англаш лозим эмасми?! Менимча шундай.

— Сўзларингизни тинглаб, “дориларгина даво воситасими, бошқа имконимиз йўқми?” деган савол хаёлга келяпти. Балки, табиий даволаш усулларини кенгайтириш керакдир?

— Ўзи, аслида, Аллоҳ инсонни яратаётган пайтда унга қандай касалликлар келишини ва уни нималар даволашини ҳам белгилаб қўйган. Қадимда одамлар табиатни кузатган. Ундан нажот топган. Кейинги вақтда одамзод ўзи яратган техникалар орасида табиатдан анчагина узоқлашиб кетганини чуқур ҳис қила бошлади. Шунинг учун ҳам ҳозирги пайтда халқ табобатига эътибор кучайиб, бу усулда даволаш анча ривожланиб бормоқда. Табиий воситалардан фойдаланиш бу жуда катта ютуқларга олиб келади. Илгари микроблар ҳаддан ташқари кучли бўлган ва кўп турлари ўлимга олиб келган. Масалан, инсонни ёриб кўриш маҳалида беморнинг ички аъзосига озроқ тиғли нарса тегса, ўлган. Ҳозир эса қутқариб қолиш муаммо эмас. Пенициллин яратилганидан кейин 23 миллион инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинди ва уни яратган Александр Флемингга Нобель мукофоти берилди. 40-50 йилларда дунёда менингит деган касаллик бироз кўпайди. Шу пайтда пенициллиннинг қирқдан бир нисбатдаги ҳиссаси танага киритилса ҳам касаллик чекинар эди. Ҳозир эса бемор вазнининг ҳар килограмига бир миллион дозадан берсангиз ҳам, таъсир қилмаяпти. Чунки микробларда пенициллинга нисбатан чидамлилик юзага келди. Ҳозирги пайтда антибиотикларнинг тўрт-беш авлоди ишлатиляпти. Бироқ улар ҳам кучсизлик қилмоқда. Яқин келажакда микробларга қарши антибиотик ишлаб чиқиш энг катта муаммога айланиши мумкин. Табииий маҳсулотлардан фойдаланишнинг яхши томони шундаки, уларга қарши микроблар ўзларининг чидамлилик хоссасини ишлаб чиқа олмайди. Чунки табиий маҳсулотлар ичида флавоноидлар мавжуд бўлиб, уларда қайси орган касал бўлса, ўша жойга бориб таъсир қилиш механизми бор. Халқ табобати ва табиий маҳсулотлардан фойдаланиш аста кўпаймоқда. Ҳозир ўзим ҳам антибиотикларсиз, гиёҳлар билан даволаш устида ишлаяпман. Жарроҳликдан олдин ҳам, кейин ҳам табобат орқали яхши натижага эришиш учун изланмоқдамиз.

— Сизнинг мамлакатимиз тиббиёти тўғрисидаги фикрларингиз одамни мушоҳадага ундайди. Ўзбекистонда саломатлик тўғрисида ҳам газета ва журналлар фаолият олиб бораётгани қувонарли. Улардаги чиқишларингизни ҳам мунтазам кузатиб борамиз. Шу ўринда матбуотимиз тақдирига ҳам тўхталсак. Бугунги матбуотнинг кузатувчиси сифатида, газеталарга ўқувчиларни қайтариш учун қандай йўл тутиш тўғри, деб ўйлайсиз?

— Аввало, “мажбурий обуна” деган гапни йўқотишимиз керак. Бизнинг халқимиз бу тушунчани интеллект даражасига етказа олмади. Газеталарда эркин фикр ҳукмрон бўлиши керак. Бундан ташқари, мамлакатимиздаги турли муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган мақолалар кўпайиши зарур. Бу масалада бошқа кўплаб газеталарга нисбатан “Hurriyat” илдам кетмоқда. Уни ҳурмат қиламан ва бирор сонини ўтказмай ўқийман. Сўзим сўнгида “Hurriyat” газетасига равнақ тилайман, саҳифаларида янада ўткир мақолаларни чоп этишини истаб қоламан.

— Жуманазар ака, мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат!

Гулнора ШЕРМАТОВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =