Иброҳим Ғафуров: “Ҳақиқат шуки, мукофот билан моҳият ўзгармайди”

Ўзбек адабиётида нега Нобель мукофотини олишга қодир ёзувчилар йўқ? Нега бадиий адабиётимиз дунёга чиқишга оқсаяпти? Фикр адабиёти қанақа бўлади? Бугун биз шу каби саволлар билан устоз адиб, моҳир таржимон, таниқли мунаққид, Ўзбекиcтон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров билан суҳбатлашдик.

— Ассалому алайкум, устоз! Бугунги адабий жараён ҳақидаги  айрим масалаларда фикр-мулоҳазаларингизни билмоқчи эдик.

Куни кеча халқаро Нобель мукофоти тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда жанубий кореялик ёш ёзувчи Хан Ган мукофотни қўлга киритди. Бу борада ўзбек адабиётида ҳали ушбу нуфузли мукофот олишга қодир ёзувчи-шоирлар йўқми? Бундай улуғ кунлар бизга қачон келади, сизнингча?

 

— Нобель нишондори бўлганлар, илоҳо, қандини урсин. Жумладан, энг янги нишондор, жанубий кореялик ёш адиб Хан Ганга ҳам бу мукофот муборак бўлсин! Нобель мукофоти халқаро миқ­ёсларда қанчалар обрўли ва қанчалар шарафли бўлмасин, у ҳаётнинг ва инсон муваффақиятлари, инсон сурур мезонининг ўлчови бўлолмайди. Масалан, мен учун, менинг адабий-бадиий муҳаббатим учун Абдулла Орипов Нобель мукофотидан ортиқроқ шоир, унинг ёниб-куйиб Ватан ва халқни севганлари Бродский ёки Эллиотдан ҳеч бир кам эмас. Балки, у ортиқроқ оташ билан суйгандир, ортиқроқ интилиш билан интилгандир озодликка, мадҳиянинг ҳар бир сўзида ҳар бир ўзбекнинг юрагида жўш урган сўзни айтгандир. Биз учун бу ҳар қандай юксак мукофотдан ортиқроқ қадр-қимматга эга. Ўтмишда олти марталаб Ленин мукофоти олган адиблар ўтган эди. Ҳозир ким ўқияпти уларни, ким эл-юртнинг маъракаларида эслаяпти? Ҳақиқат шуки, мукофот билан моҳият ва аҳамият асло ўзгармайди. Нобель мукофоти олмадик деб ёзғириш, менимча, тўғри эмас. Ҳеч нарсада ёзғирмайлик, армон қилмайлик. Одам эканмиз, одамча яшайлик. Ҳар соҳада меҳнатнинг зўрини қилайлик. Шунда биз қўлга киритмаган мукофот, тортиқ қолмайди. Худо ер юзида ҳеч бир халқни иқтидор ва истеъдоддан қисмаган.

 

— Бугун дунё адабиётида қайси миллат адабиёти етакчилик қиляпти, деб ўйлайсиз? Бунинг омиллари нимада кўринади?

— Ҳозирги дунёда барча одамлар энг кўп сўзлашаётган, энг баракали ва маҳсулдор мулоқот қилаётган, энг кўп ўрганилаётган, энг яхши натижаларга эришилаётган бу — инглиз тили. Инглиз тилини ҳозир тақдир шундай ўрин ва мавқега олиб чиқди. Америка, Англия, Канада, Австралия, Германия китоб ёзиш, чиқариш, тарқатиш ва шулар орқали жуда катта муваффақиятлар, амалий натижаларга эришмоқда. Бу мамлакатларда ҳар соҳада янгидан-янги китобларга бўлган талаб ниҳоятда кучли. Талаб кучли бўлгач, яъни аҳоли олимлар, ёзувчилар, санъаткорлар, тадқиқотчилар, инженерларни қистаб тургач, ўсиш, ўзгариш ҳам шунга яраша шиддат билан давом этади-да. Уларда баъзан китоб ҳали чиқмасдан обуна орқали сотилиб, тарқалиб кетади. Мавзулар ҳали қоғоз саҳифаларига тушмай реклама қилиниб, улар атрофида ажиотаж (шов-шув) бошланади. Жамият ҳамиша янги фикр, янги ғоялар билан яшаб нафас олади.

 

— Бугунги ўзбек адабиётининг энг яхши асарлари дунё тилларига ўгирилмаётганлиги, дунё китобхонларининг ўзбек адабиёти билан танишлиги кўнгилдагидек эмаслигининг бош сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

 

— Тадрижий такомил деган тушунча бор. Ўзбек ҳамма нарса ўз вақтида пишади, дейди. Жамият изчил ва реал ишлаганда, кўзлаган натижасига эришади. Бизнинг жамиятимиз ҳозир шундай паллага аста-секин кириб бормоқда. Ўзбек адабиётининг энг яхши асарлари — Қодирий, Чўлпон, Фитрат, янги замон адабиётининг намояндалари асарлари жаҳон тилларига ўгирилмоқда. Хорижий мамлакатларда ўзбек тили, адабиёти, санъати, маданиятига ҳар томонлама қизиқадиган, ҳар томонлама ўрганадиган ва буларга ўта масъулият ҳамда муҳаббат билан ёндашадиган одамлар (уларни Ўзбекистоннинг чин дўстлари, хайрихоҳлари деб атайлик) кўпайган сари маданиятимиз намуналарини хорижий тилларга адекват таржима қилиш ривожланади, мустаҳкам йўлга тушади. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам ўзбек тили ва бошқа бир қанча хорижий тилларни адекват таржима қилиш лаёқати тарбияланган, бу соҳаларда асоси мустаҳкам билимларга эга мутахассис даражасидаги кишилар юзага чиқиб, фаолият майдони яратганларида бадиий ва илмий таржималар ўзаро гуллаб яшнайди. Бунда, айниқса, билимдон, кордон адабий агентларнинг етишиб чиқиши ва фаолият йўлларини очиши жуда катта аҳамиятга эга. Ҳозир шундай агентларимиз йўқ даражада ёки бармоқ билан санарли оз. Яхши билиб олайликки, маданий Ғарбнинг адабиёт ва санъат дунёси адабий агентларсиз яшамайди, ҳатто буни тасаввур ҳам қилолмайди. Ғарбда ҳар бир профессионал адабий агент муболаға бўлиб туюлмасинки, битта Ёзувчилар уюшмасининг ишини бир ўзи бажаради. Ёзувчининг асари қўлига киргач, у асарни баҳолайди, таржимон топади, нашриётлар билан гаплашади, келишади, ҳақ-ҳуқуқ, қалам ҳақларини келишади. Тарқатиш, хорижий тилларга ёйиш чораларини белгилайди. Яъни ҳозирги бизнинг ёзувчиларимиз ҳеч имкон топмайдиган барча ташкилий ишларни бажаради. Бизга шундай иш усули сув билан ҳаводек зарур. Шунда китобнинг янги ривожланиш йўли, тенденциялари бошланади. Ривожнинг бошқа йўли йўқ.

 

— Суҳбатлардан бирида: “Фикр адабиётини яратмоқчиман”, дегансиз. Бунга қанчалик эришдингиз?

 

— “Мансура” деган янги бир адабий жанрни юзага чиқариб, “фикр адабиёти” деган бир йўналишни бошлаган бўлдим. Мансуралар Фитрат, Чўлпон, Айний бошлаган ва гўзал намуналарини яратган эҳтиросли, жангжў сочмаларнинг узвий ва чамбарчас давоми эди. Назаримда, янги даврда адабий анъаналар янги қиёфа, янги либос талаб қилаётгандек бўлаверди. Кутилмаган фикр, кутилмаган ғоя шакл излай бошлади. Мен Фитратдан ташқари, Лубноннинг улуғ шоири Жуброн Халил Жуброннинг мансур шеърларини қайта-қайта ўқидим. Назаримда, янги замон адабиёти мана шундай лўнда ва ўта эҳтиросли намуналар яратиши керакдай туюлди. Мансураларнинг бир қанча туркумлари юзага чиққач ва матбуот юзини кўргач, ўқилгач, замон адабиёти шундай шаклларни кенг истифода қилгандагина ўқувчиси билан жуда мустаҳкам алоқага эга бўлади, деган фикрим мустаҳкамланди. Вилоятларда мансурага қизиқувчи шоирлар пайдо бўлди. Улар мендан: “Мансуранинг қоидаси қандай?” деб сўрашди. Мен: “Бир мисрага қанча кўп фикр жойлай олсангиз ва бу фикрлар кутилмаган тембрда жўш уриб турса, ана шу мансура бўлади, бу “фикр адабиёти”нинг ибтидоси”, деб жавоб бердим. Шу-шу мансуралар — сочма оҳангдор проза “фикр адабиёти”нинг тимсоли бўлиб қолди. Мансураларим баъзан шундай ўзларини эркин тутишдики, улар баъзан ўта лирик проза, баъзан ўта эссе (бадиа), баъзан лирик танқид-мулоҳаза тусига ҳам кирди — ўзим ҳам билмай қолдим. Уларни тақриз ёки мақола деб бўлмасди, баъзан шунчалар шахсий ўйларга ўхшарди ва охири мансура ўз-ўзидан кўпая бошлади, шаклларини ўзгартиряпти, деган хулосага келдим. “Саксон билан тўқсон ораси” деган мансуралар туркуми қоғозга тушди. Лекин ҳамон уни ўқувчиларимга тақдим қила олмаяпман. Тушунарли бўлармикин? Мураккаблашиб кетмадимикин? Қариганда, яшаришга уриниш бўлиб қолмасмикин? Кексайганда саволлар исканжасида қоласан… Саволларингга жўяли жавоб топишга уриниб, ёлғизликни ҳам, кунлар, тунлар ўтиб кетаётганини ҳам билмай қоласан…

 

— Асарларни ўзбекчалаштиришда бугунги кунда дунёнинг қайси ёзувчиси сизни ўзига кўпроқ жалб қилмоқда ва нима учун?

 

— Умумжаҳон адабиёти хазиналарида ўзбек тилига ҳозир ва келажакда албатта ўгирилиши зарур бўлган буюк асарлар жуда кўп. Мен мисол учун ҳозир тилимизга Ф.М.Достоевскийнинг “Ўсмир” романини, Марсель Пруст, Фолкнернинг асарларини жон-жон деб таржима қилган бўлардим. Фақат уларнинг устида узоқ ва жуда машаққатли меҳнат қилишга тўғри келади. Қанийди, ҳозир ёшим қирқда бўлсайди, деб ғайратим жўш уриб ўтираман. Аммо ҳақиқий аҳвол бошқа… Реалликларнинг тазйиқларини ҳисобга олишга тўғри келади…

 

— Ўзингиз кутилмаганда муваффақиятли чиққан таржима асарингиз қайси деб айтган бўлардингиз?

 

— Меҳнатим, пешона терим сингган асарларнинг барчаси ўзим учун жуда қимматли. Улар менинг ҳаёт ва унинг ҳодисалари ҳақидаги тасаввурларим, таассуротларим. Ҳаммаси ҳаёт ва инсон борасидаги менинг ўз версияларим. Уларда, чамаси, такрорланмас кайфиятлар мужассамлашган. Улар кимларнидир ўз ортидан эргаштиради, жозибаси, оҳанрабоси билан ўзига тортиб туради. Агарда бадиий таржима соҳасида яратган асарларимга келсак, негадир Хемингуэйдан қилган илк таржималарим — “Чол ва денгиз”, “Алвидо, қурол!”, Мопассаннинг “Азизим”, “Беш муқаддас китоб”, “Айюб нидоси”, Ницшенинг “Зардушт таваллоси”, Жойснинг “Улисс” эпопеяси ўлмас фасоҳати билан ўзига доим магнитдай тортиб туради. Умуман, барча бадиий таржималарим менга ғоятда қадрли. Чунки улар билан бирга мен халқим учун мангуликка ошно бўлганман.

 

— Китоб дўконларида бугун хилма-хил таржима китобларни кўришимиз мумкин. Уларнинг кўпида ҳам мазмунан, ҳам имловий жиҳатдан хатоларга йўл қўйилганига гувоҳ бўламиз. Қизиғи, бу манфаат ортида пайдо бўлган тахламаларнинг ҳам, афсуски, харидори бор. Шу ҳақида фикрларингиз.

 

— Менимча, аҳвол сиз саволингизда айтганчалик тушкун ва ночор эмас. Ҳозир китоб нашр этиш борган сайин кўпайиб боряпти. Ранг-баранг, жуда қизиқарли илмий, адабий-бадиий асарлар пайдо бўлмоқда. Бадиий таржималар, оригинал асарларнинг сифати, савияси, қизиқарли эканлиги турлича бўлса-да, кўпинча, жўнлик, сийқалик, юзакилик, сохталик яққол кўзга ташланиб қолаётган эса-да, орада ёрқин ва гўзал намуналар ҳам юзага чиқмоқда. Шарифжон Аҳмад Борхес ва Платоновни баланд бадиий савияда аслиятлардан ўзбек тилига ўгирди. Мириқиб ўқийсиз. Таржимон адиб сифатида ҳавас қилса арзийдиган маҳорат касб этаётганига гувоҳ бўласиз. Ҳозир Рустам Жаббор, Рисолат Ҳайдарова каби ижодкорлар ҳалол ва таъсирчан таржималари билан ажралиб турадилар. Илмий-оммавий адабиётларни ҳам қиёмига келтириб ўзбек тилига аслиятдан ўгираётган бир қанча салоҳиятли қаламкашлар майдонга чиқмоқда. Ўқиб, беихтиёр “баракалла!” деб юборасиз. Шуларга қараб яқин келажакда ўзбек адабиётида иқтидорли ва чин мутахассис таржимонлар тўдаси, албатта, шаклланиб етишига ва бадиий таржима равнақи бошланишига ишонгингиз келади. Шунга интеллектуал тайёрланаётган ижодкорлар етишмоқда.

 

— Китоб маънавиятни ўстириш учун ўқилади, лекин барибир пайдар-пай чиқаётган айрим таржима асарлар уни ўлдиришга хизмат қилаётгандек. Балки таржима жараёнида онлайн, ижтимоий тармоқ ёрдамидан фойдаланиш бунга сабаб бўлаётгандир? Бу жараёнларни назоратга олиш керакмасми?

 

— Бунинг учун китобхонлар ва айниқса, нашриётлар назоратни эмас, адабий-бадиий талабчанликни оширишлари айни муддао бўларди. Тил маданияти, нутқ маданияти, таҳрир маданияти ҳозир бизга сув билан ҳаводай зарур. Кўпгина ижодкорлар, айниқса, шу уч соҳада ниҳоятда оқсамоқдалар. Ҳар бир фуқаро ўзини том маънода “ўзбек халқининг вакили” деб англамагунча ва чин шундай вакилга айланмагунча интеллектуал хомлик, ғўрлик, тубанлик давом этаверади. Буларни кўтариш, юқори савияга олиб чиқиш учун 200 дан зиёд университет-институтларимиз, уларнинг она тили ва адабиёт кафедралари, илмий тадқиқот институтлари, ўрта таълим ва бошланғич мактабларни тилимизнинг аниқ ва изчил, пухта ишлайдиган таянчларига айлантирмоғимиз зарур. Тинмай мамнун бўлиб юргандан кўра, тил ва маданият ислоҳотларида фақат аниқ-конкрет ишларга ўтиш зарур. Барча соҳаларда ўзбек тили қандай қўлланаётганини кунма-кун, соатма-соат кўрикдан ўтказиб боришга тўғри келади. Мамнуниятбозлик фақат турғунликка олиб боради. Хорижий тилларни қизиқиб ўрганаётганларни ғоятда қўллаймиз ва ёқлаймиз. Аммо уларнинг она тилини қанчалар эгаллаганликларини аниқлаштириш зарур. Она тилини аъло эгалламаган мутахассис хорижий тилларни мукаммал билиши қийин. Бу чала, бирёқлама билиш бўлади.

 

— Таржимон таржима учун асар танлашда нималарга эътибор бериши керак? Умуман, таржима жараёнида қандай деталларга аҳамият бериш лозим?

 

— Таржима учун асар танлаш ишнинг ярим муваффақиятини белгилайди. Аввало, таржима ўзбек китобхонига қанчалар фойдали, у ўзбек ўқувчиларининг маънавий-маърифий дунёсини қанчалар бойитади, руҳоний ҳаётимизга, тафаккуримизга қанчалар янгиликлар — янги ғоялар, янги қарашлар олиб киради, деганга ўхшаш мезонларга аниқ жавоб топиш зарур. Мен таржима, аввало, аслиятга тўла адекват бўлиши тарафдориман. Иккинчидан, таржима асарнинг бадиий нафосат хусусиятларини тўла акс эттириши зарур. Шу икки хусусият юзага чиқарилгандагина бадиий таржима ҳақида сўз юритиш мумкин. Аксинча, таржима йўқ ёки жуда сохта ва суюқ, айниқса, шеърий таржималарда суюқлик ва олтмиш фоизгача ўзидан қўшиш, тўқиб юбориш, шакл ва мундарижани вайрон қилишлар тез-тез учраб туради.

 

— Бугунги кунда ўзига хос услубда ижод қилаётган шоирларимиз ва ёзувчиларимиздан кимларни эътироф қилган бўлардингиз?

 

— Ҳозир кўп умидли иқтидор эгалари адабиётга кириб келяпти. Улар ичида, айниқса, Шуҳрат Маткаримов, Маъмура Зоҳидованинг қисса ва романлари ўзига катта эътибор қаратмоқда. Уларни бемалол хорижий тилларга таржима қилиш мумкин. Бу асарлар бугунги ўзбек адабиёти жараёнлари ҳақида яхши тасаввур уйғотади. Уларни янги ренессанс адабиётимизнинг ишончли ёрқин пойдевори деб айтиш мумкин. Холиёр Сафаров, Жасур Кенгбоев, Жонтемир, Тилланисо сингари ёши ўттиз беш-қирқларга яқинлашиб бораётганлар ижодида умидбахш изланишлар пайдар-пай кўзга ташланмоқда. Булар катта тўлқин, катта адабий оқимга айланармикин? Яқин келажак буни кўрсатади.

 

— Одамлар орасида матбуот нашрлари ҳақида: “Обуна қиммат, бунинг пулига бир камимни тўлдираман” деб қаровчилар жуда кўп. Наҳотки ҳаётдан мақсадларимиз тобора майдалашиб бораверса? Ана шулар ҳақида ҳам фикрларингизни билмоқчи эдик.

 

— Газета-журналлар турли енгил-елпи йўл-йўриқлар, ҳийлаи шаръийлар қидирмасдан, саҳифаларини қизиқарли, одамлар қидириб ўқийдиган, уларни тамомила безовта қилиб қўядиган материаллар билан тўлдириб чиқарсалар, обуналари юз минг нусхадан кам бўлмайди. “Янги Ўзбекистон”, “Hurriyat”, “Жадид”, ҳеч бўлмаганда, “ Нью-Йорк таймс” билан мусобақалашсин, ундан кейин кўрайлик обуналар ҳақидаги беҳосил гаплар, аслида, қандай туюлишини. Газеталар ўз мавжудлиги учун йигитча бел боғлаб курашмаса, атрофида кучли журналистлар армиясини яратмаса, қайсидир “акахон”дан нималарнидир “умид” қилиб кун ўтказса, унда газетанинг газетлиги қаергача боради?.. Аллаким ўғлим сузишни ўргансин деб, уни океанга ташлаб юборган экан… Хўб ҳикмат-да…

 

— Қимматли вақтингизни аямай, суҳбатлашганингиз, саволларимизга жавоб берганингиздан миннатдормиз. Устоз, ҳамиша соғ бўлинг.

Суҳбатдош:

Гулнора ШЕРМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 4 =