Сирдарёлик мусаввирнинг “Темурнома”си

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, миниатюрачи мусаввир Баҳодир Бобоназаров ижодида Амир Темур ва унинг авлодлари сиймосини акс эттириш борган сари бойиб, мукаммаллашиб бормоқда. Сирдарёлик мусаввирни Соҳибқирон образи қай тарзда ўзига жалб этган эди? Суҳбатимизни мана шу савол билан бошладик.

— Хабарингиз бор, буюк давлат арбоби Амир Темур бобомизнинг давлатчиликни барпо этиш, фан, таълим ва маданият тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини ҳисобга олиб, ­ЮНЕСКО Бош конференцияси 1996 йилда Соҳибқироннинг 660 йиллигини жаҳон миқёсида кенг нишонлаш бўйича қарор чиқарган эди, — деб сўзини бошлади Баҳодир Бобоназаров. — Мана шу жаҳоний ҳужжатга таяниб, мамлакатимизда 1996 йилни “Амир Темур йили” деб эълон қилинганди. Ушбу икки воқеа менда Амир Темур сиймосига нисбатан қизиқиш уйғотди. Қўлимга Соҳибқирон бобомизнинг “Темур тузуклари” китобини олиб, ҳижжалаб ўқий бошладим. Китоб қатларидан ҳар томонлама етук инсон қиёфаси манаман деб кўзга ташланиб турарди. Қўлимга мўйқалам олиб чиза бошладим. Албатта, буюк давлат арбоби, саркарда, фан ва маданият ҳомийсининг салобати босди. Бироқ қўл қовуштириб ўтиришнинг вақти эмасди. Ана шу тариқа менинг Соҳибқирон ҳақидаги “Амир Темур тузуклари” деб номланган дастлабки миниатюра асарим дунё юзини кўрди.

Толени қарангки, илк қадамим қутлуғ келди. ЮНЕСКО томонидан таъсис этилган танловга асаримни йўлладим. “Темур тузуклари” ишим ғолиблар сафидан ўрин олди. Соҳибқирон бобомизнинг 660 йиллигига бағишлаб ЮНЕСКО томонидан Парижда нашр этилган “Темурийлар салтанати даври” альбомида чоп этилди. Айни пайтда бу миниатюрам Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейида сақланади, — деб мусаввир китоб жавонидан ўша чиройли, бир неча тилларда изоҳлари билан босилган альбомни кўрсатди.

— Илк муваффақият сизнинг ўзига хос “Темурнома” яратишингизда туртки бўлган экан-да?

— Ҳа, шундай. 1996 йили мамлакатимиз пойтахти Тошкентда Амир Темур музейининг тамал тоши қўйилди. Ҳукумат томонидан мамлакатимизнинг номдор миниатюрачи мусаввирлари — Ўзбекистон санъат арбоби Хуршид Назиров, Содиқ Қорабоев, Ғайрат Камолов, Тоир Болтабоевлардан иборат “Санойи нафис” гуруҳига музей деворларини маҳобатли миниатюралар билан безаш вазифаси юклатилди. Мана шу гуруҳга камина ҳам жалб этилдим. “Тарих ҳайрати” деб номланган триптихт (учлик) асар яратилди. Устозлар ёнида ишлаб, маҳобатли миниатюра санъатининг сир-асрорларини янада чуқурроқ ўзлаштирдим.

— Амир Темур сиймоси дарж этилган илк мустақил маҳобатли асарингиз Сирдарё бағрида туғилди. Шундайми?

— Тўғри. 2002 йили Сирдарё вилояти ҳокимлигининг ташаббуси билан каминага вилоят “Маънавият ва маърифат маркази”нинг кенг-мўл фойесини монументал деворий миниатюралар билан безаш вазифаси ишониб топширилди. Бу бир деворий расмлардан иборат ўзига хос туркум эди. 10 та алоҳида-алоҳида миниатюра 65 квадрат-метр жойни эгаллаганди. Улар орасида фойенинг қоқ марказидаги Амир Темур сиймоси акс этган “Буюк Соҳибқирон” асарим ўзгача салобат касб этиб турарди. Бу деворий расмларни яратишимда тўплаган тажрибаларим асқотди, десам, муболаға қилмаган бўламан.

— Баҳодирбек, айтинг-чи, Сиз Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг авлодлари сиймосини яратишга ҳам ҳаракат қилганмисиз?

— Ижодий ишларимиз Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбариятига маъқул келган, шекилли, 2010 йили бизни Самарқанддаги Улуғбек музейини безаб беришга таклиф этишди. Ушбу музей учун шогирдларим билан Амир Темур авлодлари акс этган 12 та деворий миниатюра ишлаб бердик. Улар орасида Соҳибқирон бобомизнинг фарзанди аржуманди Шоҳруҳ Мирзо сиймоси ҳам бор.

Шу ўринда эсда қоладиган бир воқеани айтиб ўтаман. Бадиий академиянинг ўша пайтдаги раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Турсунали Қўзиев қўлимга Туркиядан келтирилган қаламда чизилган ҳилвираб қолган қоғоздаги бир расмни тутқаздилар. “Бу жуда қадимий миниатюра. Мана шуни қайта ишлаб жон киритасиз”, дея менга ишонч билдирдилар. Ана шу тариқа “Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи” миниатюраси туғилди. Камина асарни янгича талқинда тирилтирдим. Айрим атрибутларни қўшдим. Масалан, аслиятда миз йўқ эди. Назаримда, реставраторлик ишим мутахассисларга маъқул келди.

— “Темурнома”нгизни янада бойитиш ҳақида бош қотираяпсизми?

— Соҳибқирон сиймоси мусаввирлар учун битмас-туганмас илҳом манбаидир. Албатта, тажриба тўплаганим сари Амир Темур образига масъулият билан ёндашишни ҳис этмоқдаман. Соҳибқирон бобомиз сиймоси дарж этилган асарларим миллатимизнинг улуғ фарзанди олдидаги қарзимни озгина бўлса-да узишга хизмат қилса, шояд, деган таскин бор.

Суҳбатдош:

Муҳаммадали АҲМАД.

 

Суратларда мусаввирнинг ижодий ишлари:

“Буюк Соҳибқирон”  ва “Темур тузуклари” миниатюралари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 18 =