ХУСУСИЙ ОЛИЙ ТАЪЛИМ: Жадидлар орзуси амалга ошдими?

2023 йилнинг 11 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони, шунингдек,  “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланган эди. Фармон “халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида” қабул қилинди. Унда таълим ислоҳотларига алоҳида эътибор қаратилган.

Дунё тажрибасида таълим соҳасига сарфланган инвестиция ҳеч қачон касодга учрамаслиги кўп карра исботланган. Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим, жумладан, олий таълим соҳасини ислоҳ қилиш жадал босқичга кирди. Бунинг  самарасини ҳозирданоқ кўра бошладик: бу йил олий таълим муассасаларига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентларнинг 40 фоизи ўқишга қабул қилинди. Бу рекорд натижа ҳисобланади.  Яқин йилларда бу кўрсаткични 60 фоизга чиқариш кўзда тутилган.

Бунда талай омилларнинг аҳамияти бўлди, албатта. Шулардан энг муҳими – хусусий олий таълимнинг жорий этилгани.

Биз хусусий асосда фаолият юритаётган Тошкент амалий фанлар университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Абдусалом Воҳидович Умаров билан шу борада суҳбатлашдик.

— Абдусалом Воҳидович, Сиз давлат бюджетидан таъминланадиган Наманган  давлат университетига ҳам кўп йиллар раҳбарлик қилгансиз, мана, учинчи ўқув йилидирки, хусусий университетни бошқаряпсиз. Бугун ўқувчиларимизни давлат олий таълим муассасаси (ОТМ)  билан хусусий олий таълим ташкилоти (ОТТ) ўртасидаги ўхшаш ва фарқли тарафлар ҳақидаги маълумот кўпроқ қизиқтиради. Суҳбатимизни шундан бошласак.

 

— Масалани тўғри қўйдингиз. Аввало, стандартлар ҳақида фикр билдирсак. Стандартни, табиийки, давлат белгилайди. Давлат кадрлар тайёрлаш бўйича икки хил стандарт белгилаши мумкинми? Йўқ, албатта. Демак, олий таълимнинг бу икки тури ҳам жамиятга бир хил умумий талаблар асосида мутахассислар тайёрлайди.

Соддароқ тушуниб олишимиз учун бир мисол келтираман. ОТМларнинг кўпи – Олий таълим, фан ва инновация­лар вазирлиги таркибида. Аммо бу вазирлик бошқа ташкилотлар ҳузуридаги ОТМлар фаолиятини ҳам методик жиҳатдан мувофиқлаштиради. Худди шу қатъият асосида ҳар қандай  хусусий ОТТ ҳам Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тарафидан методик жиҳатдан назорат қилинади. Таълим дастурлари, мутахассислар йўналишларига талаблар ҳам бир хил. Фақат хусусий ОТТ айнан қайси йўналишлар бўйича талабалар тайёрлаш лозимлигини нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фао­лияти учун лицензиядан келиб чиқиб белгилайди.

Асосий фарқ – маблағда. ОТМ давлат бюджетидан ва шартнома асосидаги тўловлардан тушган маблағлардан фойдаланган ҳолда фаолият олиб борса, хусусий ОТТ фақат ҳомийлар киритган инвестиция ва шартнома асосидаги тўловлардан тушган маблағ асосида фаолият олиб боради.

 

— Жадид боболаримиз бевосита ўзларининг ёки ўша замондаги саховатпеша ва миллатпарвар бойларнинг маблағи эвазига мактаблар очган эди. Мустақилликка эришганимиздан кейин кўп йиллар илғор зиёлилар шуни бот-бот эслатиб, сармоядорларимизни таълим соҳасига ҳомийликка даъват этиб келди. Аммо бундан ҳеч қандай амалий натижа келиб чиқмади. Хусусий асосда фаолият олиб борадиган ОТТларга изн берилиши эса бунга кенг йўл очди. Айнан бойлар хусусий ОТТлар очди. Яъни, шу тариқа хусусий капитал олий таълим соҳасига ҳам йўналтирилди. Шундан келиб чиқиб: “Жадидларимизнинг асрий орзуси ушалди”, – деб айта оламизми?

 

—“Айта оламизми”гина эмас, балки баралла айтамиз! Ҳақиқатан ҳам,  хусусий ОТТларга хусусий капитал кириб келди. Ҳомийлар таълимга сарфлаган маблағидан имкон доирасида моддий фойда кўради, албатта. Чунки биз, асосан, шартнома асосида талаба ўқитамиз. Бироқ бундан халқ ҳам, табиийки, давлат ҳам ютади. Чунки барча хусусий ОТТлар ҳам, аввало, шу мамлакат учун кадр тайёрлаб беради.

Ўтган йилларда жадидларни эслатиб, бойларни ҳиммат қилишга чорлаш қуруқ бир даъват, яъни оёғи ердан узилган бир ғоя эди, холос, назаримда. Мана, энди йирик тадбиркорлар маблағини таълимга сарфлашининг қонуний йўли топилди. Айни борада жаҳонда аввалдан мавжуд бўлган тайёр механизм ишга туширилди. Бундан тадбиркор ҳам ютади, жамият ҳам.

 

— Жаҳонда  донғи кетган хусусий ОТТлар кўп. Масалан, Гарвард, Стенфорд, Кембриж университетлари, Массачусетс технология институти – жуда машҳур. Сизнингча, бизда ҳам хусусий ОТТлар давлат ОТМлари билан тенг тарзда рақобатлаша оладими?

 

— Кўп йўналишларда рақобатлашиш юз бера бош­лади. Биринчидан, давлатники бўладими, хусусийми, бундан қатъи назар, барча ОТМлар ва ОТТлар ўртасида, айниқса, бир йўналишдаги мутахассислар тайёрлаш бўйича табиий равишда рақобат юзага келади. Иккинчидан, давлат ОТМлари билан хусусий ОТТлар рақобатлашяпти. Чунки ҳамма буларни ўзаро солиштиради-да. Учинчидан, хусусий ОТТ билан хусусий ОТТ ўртасида ҳам мусобақа кечмоқда. Тўртинчидан, ОТТларнинг кўпа­йиши билан зимдан улар ўртасида мамлакатдаги етук мутахассисларни, таниқли ва маҳоратли профессор-ўқитувчиларни ишга жалб этиш учун кураш ҳам кетаётир. Ахир, таълим сифатини оширишда инсон омили бирламчи аҳамиятга эга-ку. Рақобат эса – тараққиёт омили. Ижобий маънода мусобақа тарафларни тиришишга, янада самарали йўлларни излашга, меҳнат қилишга, малакани оширишга, бор ҳунарини кўрсатишга ундайди. Бешинчидан, кейинги йилларда ҳатто мамлакатда илмий даража ва унвонлар олиш ҳаракати ҳам жадаллашиб кетди. Ахир, дарс бериш билан бирга, илмий тадқиқот ҳам олиб борган профессор-ўқитувчи ўзини тинимсиз ўстириб боради. Олтинчидан (эҳтимол, энг муҳими шудир), мамлакатда олий таълимга қабул қилишдаги порахўрликнинг томири қирқилди. Хусусий ОТТлар кўпайганидан ўқишга қабул қилиш бўйича дефицит, яъни танқислик барҳам топди. Энди абитуриентнинг ўқишга кириши учун пора беришнинг ҳеч қандай ҳожати қолмади.

— Хўш, шу рақобатда, яъни таълим бозорида  ўтган икки йилдан ошиқроқ давр мобайнида Сиз бошқараётган университет қайси жиҳатлардан муваффақиятларга эришди? Ёки айтайлик, давлат стандартида ОТТ­лардаги илмий салоҳият, яъни илмий даражаси бўлган профессор-ўқитувчилар  сони 35 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Агар хусусий ОТТда айни кўрсаткич бундан кам бўлса, давлат унинг фаолиятини тўхтатишга қарор қилиши ҳам мумкин. Шу маънода бугунги кунда университет профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳияти неча фоизни ташкил этади?

 

— Шу кунларда университетимизда 6 та бинода 8000 дан ошиқ талаба бир вақтда таҳсил олиши учун энг қулай шароит яратилган. Замонавий техника ва технологик ускуналар (хорижий лаборатория қурилмалари) билан жиҳозланган, турли қулайликларга эга бежирим чиройга эга биноларда 451 нафар профессор-ўқитувчи (жумладан, 39 нафар фан доктори, профессор, 119 нафар фан номзоди, доцент), 200 дан ошиқ ўриндош профессор-ўқитувчининг 45 фоиздан ошиғи илмий даражага эга. Айрим кафедраларимизда илмий салоҳият 75 фоиздан юқори. Аммо бу кўрсаткичлар билан чегараланиб қолмоқчи эмасмиз. Айтмоқчи, профессор-ўқитувчиларимизнинг бир қисми – реал иқтисодий секторда (банк, солиқ, суғурта, сиёсий партиялар, ишлаб чиқариш тизимларида) кўп йиллик тажрибага эга. Университетимизда 200 дан ошиқ ёрдамчи ходимлар ҳам фаолият юритяпти. Айни борада мамлакатдаги 65 хусусий ОТТ орасида биринчилар қаторидамиз. Ҳатто, илмий салоҳият ва яратилган шароитлар жиҳатидан етакчи давлат ОТМлари даражасига етиб олдик.

 

— Аммо “Гап сонда эмас, сифатда”, деган гап ҳам бор-да.

 

— Чин гап. Энди фалсафада айтилганидек, миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига олиб келишига эришиш лозим. Бунинг учун эса кўп-кўп меҳнат қилишга тўғри келади. Айниқса, бу борада университетимиз профессор-ўқитувчилари ва ходимлари олдига сифат кўрсаткичлари бўйича юқори марраларга эришиш нуқтаи назаридан вазифалар белгиланган. Бунда малакали профессор-ўқитувчиларимиз билан тенг қаторда замонавий фикрлай оладиган ёш ўқитувчиларимизнинг ҳам ўз ўрни  бор. Юқорида айтилганидек, ҳаммага ўзига яраша вазифа топширилган. Масалан, таълим сифатини назорат қилиш бу соҳада кўп йиллик тажрибага эга Бойсун Назаров, маънавий тарбия кўпчилик талабалар шаҳарчасининг собиқ ҳокими сифатида танийдиган Қаҳрамон Шоназаров, ректор маслаҳатчиси вазифаси катта ҳаётий таж­рибага эга бўлган Ортиқбек Юсуповга юклатилган.

 

— Хусусий университетнинг айнан қандай ўзига хос   эркинликлари мавжуд?

 

— Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 51-моддасида, жумладан: “Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга”,  деб қайд этилган. Шу ҳуқуқдан фойдаланиб, биз: “Ҳар ким ўз иши билан шуғулланиши керак”, деган қоидани шиор қилганмиз. Айтайлик,  ректор хўжалик ишлари билан шуғулланмаслиги лозим. Биз профессор ва ўқитувчиларни ҳатто талабалар билимини баҳолашдан ҳам озод қилдик. Улар саволлар, тестларни шакллантиради. Аммо баҳолаш билан алоҳида бўлим шуғулланади. Бу билан порахўрликнинг ҳам томири қирқилади. Ниятимиз – тўрт йилда талаба ҳам билимга эга бўлиб, ҳам киришимлиликни ўрганиб чиқсин. Шунинг учун биз иккинчи босқичдан бошлаб талаба олти кунлик ўқишининг бир кунини корхона ва ташкилотларда амалиёт сифатида ўтказишини йўлга қўйдик. Лекин ҳеч бир корхона ёки ташкилотга 3 нафардан ортиқ талаба жўнатмаймиз. Уч йил ичида талаба жамоат билан ишлаш, соҳага киришишни ҳам ўзлаштиради. Ўша корхона ва ташкилотга ёқса, уни шу ташкилот ё корхона  ишга қабул қилиши ҳам мумкин.

Университетимиз номида “амалий фанлар”  борлиги ҳам бежиз эмас. ОТТда олинган назарий билимлар ҳаёт, реал иқтисодиёт, ишлаб чиқариш билан боғланиши – шарт. Кейин профессор ва ўқитувчилар билан талабалар ўртасида яқинлик бўлиши, шўро замонидан мерос қолган, таъбир жоиз тутилса, “муаллим диктатураси”дан тамоман қутулишимиз, демократик қадриятлар асосида шогирд ўзини қизиқтирган ҳар қандай масала юзасидан хоҳлаган маҳалда устоздан сўраш имкониятига эга бўлиши муҳитини шакллантиришимиз лозим.

Бизда йўналишлар бўйича нисбатан кам фан ўқитилади. Чунки талабанинг ўнта фанни чала билганидан кўра бешта фанни пухта ўргангани афзал. Бу борада хориж тажрибаларига суяняпмиз. Номи чиққан халқаро ОТМлар (Эстония амалий фанлар университети, Литванинг Резекне технологиялар академияси, Финляндиянинг Корелия амалий фанлар университети, Буюк Британия, Германия ва Хитойнинг бир нечта университети) билан ҳамкорлик шартномалари ҳам имзоланган.

 

— Омма ўртасида: “Давлат ОТМларига кириш тест­ларидан юқори балл тўплаганлар, хусусий ОТТларга эса аксинча, айнан бали пастлар киради”, – деган гап юради. Шунга муносабатингизни билмоқчи эдим.

 

— Бу “Бутунлай хато фикр”, дейишдан йироқман. Қисман шундай, албатта. Лекин талабанинг қанча балл билан ўқишга киргани бирламчи эмас, балки унинг қандай таълим олгани муҳим. Юқори балл билан кириб, ОТМдан яхши мутахассис бўлмай чиққанлар ҳам, аксинча, паст балл билан кириб, етук мутахассис сифатида ўқишни тугатганлар бўлган, бўляпти, бўлаверади ҳам. Бу ёғи  ўша ОТТда ишнинг қандай савияда ташкил этилганига бевосита боғлиқ, деб ўйлайман. Биз етук мутахассислар тайёрлашни ўзимизга шиор қилиб олганмиз. Биринчи қалдирғоч бакалаврларимиз 2025 йили қўлига диплом олади. Ҳозир ҳам кундузги, ҳам сиртқи бўлимларимиз бор. Келажакда, албатта, магистратура ҳам очамиз.

 

— Таълим сифати ОТТнинг моддий-техникавий базасига ҳам бевосита боғлиқ. Чунки замонавий талаб­лар асосида дарс ўтиш учун, аввало, шароит керак.

 

— Олтита ўқув биномиз бор. Ҳаммаси янги қурилган. Гарчи улар ОТТга мўлжаллаб тикланмаган бўлса ҳам, биз уларни таълимга мослаштирдик. Ҳамма аудиторияда информацион технология қурилмалари – “ақлли доска”,  катта форматдаги компьютер, моноблок компьютерлар, телевизор, проектор ва бошқа дарс ўтиш учун шароитлар яратилган. Бу жиҳатдан кўпгина бошқа ОТМлар ҳавас қилиши мумкин. Ахир, бугун компьютердай беминнатдан-беминнат ахборот воситаси имкониятларидан фойдаланмай туриб ҳам замон талабларига тўла жавоб бера оладиган кадр тайёрлашнинг ҳеч имкони йўқ-да.

 

— Давлат ОТМларининг аксариятида докторантура бўлими бор. Уларга давлат гранти асосида уч йил мобайнида бюджетдан стипендия тўланадиган фалсафа доктори диссертацияси ёзиш учун таянч докторантлар, фан доктори диссертацияси ёзиш учун эса докто­рантлар, шунингдек, стипендия олмайдиган мустақил ва эркин тадқиқотчилар  қабул қилинади. Шу тариқа унда ўзи ва бошқа ОТМлар учун илмий даражали етук кадрлар тайёрланади. Бу масала хусусий ОТТларда қай тарзда ҳал қилинади? Умуман, хусусий ОТТларда мавзу тасдиқлатиб, диссертациялар ёзишни ташкил этиш йўллари қай тарзда йўлга қўйилган? Яъни, хусусий ОТТ ўзида ишлаётган тадқиқотчини университет маблағи ҳисобидан таянч докторантура ва докторантурага чиқара оладими? Мустақил ва эркин тадқиқотчилар шу ерда диссертация мавзусини тасдиқлатиб, иш бошлаши мумкинми?

 

— Бизда ҳозирча бакалавриатнинг уч босқичида таълим бериляпти. Бора-бора магистратура, докторантура масалаларини ҳам ҳал этамиз. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Давлат ОТМларида докторантларга давлат гранти асосида маблағ ажратилади, биз бунга хусусий капитални йўналтирамиз. Яъни, хусусий ОТТ давлат ОТМларидаги миқдорда маош тўлаб, илмий кадрлар тайёрлаш ҳуқуқига эга. Аммо ҳозирдан университетимизда мустақил ва эркин тадқиқотчиларнинг мавзуларини тасдиқлаб, иш юритишини бошлаб юборганмиз.

 

— Кўплар: “Хусусий ОТТларда давлат ОТМларига қараганда юқорироқ даражада маош тўланади, дарс сифатли ўтишини таъминлашнинг омили тарзида дарс соатлари ҳам нисбатан камроқ қилиб белгиланади”, – деб ўйлайди. Ростдан ҳам, шундайми?

 

— Худди шундай. Бироқ бу ерда аниқ рақамларни келтириб ўтирмайман. Келинг, бу сир бўлиб қўя қолсин.

 

— Мамлакатимизда узоқ даврлардан буён фаолият олиб бораётган давлат ОТМларининг факультетлари ва улардаги йўналишларни кўпчилик яхши билади. Уларда янги факультет ёки йўналишлар очилгани ҳақида хабар берилса, бундан ҳам омма тез хабар топади. Аммо одамлар хусусий ОТТлар ҳақида унчалик катта маълумотларга эга эмас. Шу маънода Сиз бош­қараётган университет факультетлари ва улардаги йўналишлар ҳақида билгимиз келади.

 

— Педагогика факультетида бошланғич таълим, мактабгача таълим, педагогика; Иқтисодиёт факультетида иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйича), банк иши ва аудит, бухгалтерия ҳисоби ва аудит (тармоқлар бў­йича), молия ва молиявий технологиялар; Ахборот техноло­гиялари факультетида компьютер инжиниринги, мультимедия технологиялари, ахборот хавфсизлиги, математика ва информатика; Тарих ва филология факультетида тарих, хорижий тил ва адабиёт (тиллар бўйича), ўзбек тили ва адабиёти йўналишлари, жами 4  факультетда 14 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланяпти. Келажакда  Медиа факультети очиб, унда матбуот ва интернет журналистикаси, телерадио ва фотожурналистика, жамоатчилик билан ишлаш  йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш ниятидамиз. Шунингдек, туризм йўналишини ҳам ўйлаб кўришимиз мумкин.

Жамиятимизнинг мақсади ҳаётни ўзгартириш, бош­қача айтганда, ривожланиш. Ҳаётни ўзгартиришни таълимдан бошлаш керак. Ҳар қандай тараққиёт шахсни ўстириш ҳосиласи сифатида юзага чиқади. Ахир, ҳеч ким ўзини ўстирмай туриб, яъни бошқалар ҳисобига бахтли бўла олмайди-ку.

 

— Мазмунли суҳбат учун Сизга кўп сонли ўқувчиларимиз номидан ташаккур.

 

Суҳбатни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Султонмурод ОЛИМ

олиб борди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 5 =