Руҳшан Ифтихор хоним: “Бобурий маликалардан илҳомланаман!”

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ҳинд томон юриш қилиши кейинчалик бу юртнинг тарихида кўплаб ижтимоий-сиёсий бурилишларни бунёдга келтирди. Мана шу тарихий ҳодисаларни ёритиш борасида икки юрт тарихчи олимлари қандай илмий мезонларга таяниб иш кўришмоқда. Мавзу доирасида покистонлик бобуршунос олима Рухшон Ифтихор хоним билан суҳбатлашдик. Унда Ҳиндистон ва Покис­тон давлатлари ажралгандан сўнгги тарих дарсликларининг ёзилиши, уларда бобурийларга бўлган муносабат масалаларига ҳам тўхтаб ўтилди.

Руҳшон Ифтихор хоним – тарих фанлари доктори. Покистоннинг Панжоб университети Тарих факультетида фаолият олиб боради. Бобуршунослик соҳасига доир 50 дан зиёд мақолалари эълон қилинган. Олиманинг “Ҳинд феминизм тарихи” мавзусидаги монографияси 2016 йилда чоп этилган бўлиб, тадқиқотнинг йирик бўлими бобурий маликаларнинг сиёсий фаолиятига бағишланади.

 

— Муҳтарама Руҳшон   Ифтихор хоним, бугунги кунда Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий-ижтимоий алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда. Шу жумладан, икки давлат олимлари ўртасида илм-фан борасидаги алоқаларни юқори даражага чиқариш фурсати келди, деган фикрдамиз. Чунки бу давлатларнинг ўтмиши ва маданияти ўзаро кесишган бўлиб, кўплаб тарихий воқеликлар ўзига хос жараённи бошдан кечирган. Бугунги кунда ўзингиз раҳбарлик қилаётган Покистондаги Бобур марказининг фаолияти ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

— Ҳа, сиз ҳақсиз. Покистон ва Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда. “Бобур мероси” маркази масаласига келсак, “Бобур мероси” маркази Заҳириддин Бобурнинг номини абадийлаштириш борасида семинарлар, конференциялар ва бошқа ҳамкорликлар орқали бу давлатлар муносабатларини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

2021 йилда Панжоб университетида Заҳириддин Бобур мероси ва унинг Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги замонавий икки томонлама муносабатлар алоқадорлигига бағиш­ланган халқаро конференция ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси жаноб   Ойбек Усмонов иштирок қилган эди. Ўзбекистон элчихонаси, шунингдек, 2022 йили Исломобод шаҳрида бир кунлик семинар ташкил қилди. Унда “Бобур мероси” маркази нашрларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда элчихона Ўзбекистон олимлари ва олий мансабдор шахс­лари билан бирма-бир учрашув ўтказишга ўз ҳиссасини қўшди. Шу йил Панжоб университетида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонлади. “Бобур – Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муштарак мерос рамзи” деб номланган ушбу бир кунлик семинарда Англия, Покистон ва Ўзбекистон олимлари ўзлариниг илмий маърузалари билан қатнашдилар.   2023 йил декабрь ойида биз “Покистонда Бобур ва бобурийлар мероси” мавзусида йирик халқаро конференция ташкил этишни режалаштирганмиз. Ушбу анжуман материалларини тўплам шаклида нашр қилишни режа қилганмиз. Марказ директори сифатида Ўзбекистоннинг икки катта университети билан доимий алоқадаман ва биз ушбу университетлар билан ўқитувчилар, олимлар ва талабаларнинг малака ошириш дастурларини алмашиш бўйича меморандум имзоламоқчимиз.

— Илмий мақолаларингизда, бобурий маликаларнинг сиёсатда тутган ўрнига алоҳида эътибор бергансиз…

— Бобур оиласининг аёллари сиёсий жиҳатдан жуда фаол эдилар, айниқса, унинг бувиси Эсон Давлат Бегим, опаси Хонзода Бегим, рафиқаси Моҳим Бегимларни алоҳида айтиш жоиз. Ўзим ҳам аёл сифатида бу аёллардан жуда илҳомланаман. Биз уларнинг фаолияти ва бунинг сиёсий аҳамиятини алоҳида таъкид­лашимиз керак. Уларнинг ҳозирги замонга алоқадорлиги шундаки, аёлларнинг гендер тенглик асосидаги сиёсий иштироки бугунги дунё ҳолатини яхшироқ томонга ўзгартириши мумкин. Аёллар дунё аҳолисининг катта қисмини ташкил қилади; улар тенглигининг таъминланиши дунёнинг ҳар бир жамияти учун жуда фойдалидир. Агар мураккаб тарихий вазият ХV-ХVI асрларда Бобурий маликалар сиё­сат билан жиддий шуғулланган бўлса, бугунги дунё аёллари ҳам буни бемалол   уддалай олади.

— Ғарбда, бутун Европада Бобур асос солган Бобурийлар салтанатини, афсуски, “Буюк мўғуллар” номи билан аташ урфга кирган. Кўплаб бобуршунос олимлар жумладан, Аннетта Беввередж хоним (Буюк Британия), Виллер Такстон (АҚШ), Эйже Мано (Япония), Магда Маҳфуз (Миср) сингари олимлар Бобур Мирзонинг туркий эканлиги ва мўғул   номи билан аташ хато тушунчалиги ҳақида фикр билдириб ўтганлар. Бобур Мовароуннаҳрда темурийлар сулоласига тегишли бўлган Фарғона вилоятида таваллуд топган ҳамда у туркий тилда ижод қилган. Йирик насрий асари “Бобурнома” ҳам туркий тилда ёзилган. Жаҳон тарихшунослигида унинг сулоласига нисбатан Бобурийлар номини оммалаштириш фурсати келмадимикан?

— Чиғатой уруғига дахлдорлик бошқа темурийзодалар каби   Бобур учун ҳам фахр эди. Заҳириддин Бобурни ўрганишда унинг   кимлигини, шахсиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Заҳириддин Бобур ҳаётини илмий тадқиқ қилишни бошлаш, унинг ҳаётининг турли қирраларини миллий ва халқаро миқёсда ёритиш бугунги давр талабидир. Ўйлайманки, иккала ҳукумат ҳам ҳамкорлик қилиб, Бобур шахсиятига урғу бериш учун қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга оширади.

— Бугунги кун Покистон мактаб дарслик­ларида Бобурийлар сулоласи ҳақида тарихий маълумотларга қанчалик ўрин ажратилган? Покистоннинг 1950 йилларигача бўлган тарихи Ҳиндистон тарих дарсликларидаги маълумотлар билан муштаракми? Хусусан, бугунги кунда Покистон тарих дарсликларида Бобурийлар сулоласининг қайси жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратишади?

— Покистондаги дарсликларда нотўғри талқин Бобурга Ҳиндистондаги Мўғуллар империясининг асосчиси сифатида жой ажратилган. Бу борада тарихий ҳақиқатни тиклаш ўта муҳим вазифа албатта. Покистондаги ўрта таълимдан юқори синфгача бўлган катта қисми Покистондаги Муғуллар сулоласига бағишланган. Шунингдек, бу сулоланинг тарихи Покис­тонда университетларининг тарих йўналишида битирув ва магистратура босқичида ўқитилади. Покистон дарсликларида Бобурнинг тарихий-маданий ривожланишдаги ҳиссаси ҳам қайд этилган, албатта.

— Бобурнинг холаваччаси Ҳайдар мирзо ҳам бир муддат Бобурийлар номи остида Кашмир шаҳрида ҳукмронлик қилган эди. Айнан шу шаҳарда у ўзининг (“Бобурнома” каби ) машҳур “Тарихи Рашидий” асарини ёзган. Бугунги кунда Кашмирда, хусусан, Ҳиндистон ва Покистонда бу тарихий сиймонинг мероси қай даражада ўрганилмоқда?

— Бобурнинг холаваччаси –   Мирзо Ҳайдарнинг фаолияти жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у Марказий Осиё ва Ҳиндистонда Бобур ҳаётининг энг муҳим жиҳатларини таъкидлаб ўтади. Кашмир тарихи бўйича олиб борилаётган   тадқиқотлар билан профессор Муҳаммад Исҳоқ Хон шуғулланади. У Кашмир университетининг тарих факультетига бириктирилган. Айни кунларда Кашмир университетида Марказий Осиё тадқиқотлари бўлими ташкил этилган бўлиб, унда Марказий Осиё бўйича турли фаолият ва тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

— Биласизми, биз учун жуда муҳим ва қизиқ. Покистонда Бобурнинг қайси фазилатларига кўпроқ аҳамият берилади? Ёшлар аудиториясига, тарихга қизиқувчи талабаларга унинг соҳибқирон Амир Темур авлоди экани, унинг ҳарбий анъаналарининг давомчиси экани ҳақида маълумот бериладими?

— Албатта, талабаларимиз ўз қизиқиш мавзуси доирасида Бобурнинг буюк империя асос­чиси эканлиги ва унинг жангчи сифатида Покистонда бўлган пайтларини ҳамда Бобурнинг Амир Темур авлоди ва унинг ҳарбий анъаналарининг давомчиси   сифатида эътироф этишади.

— Бобурнинг мумтоз ижодкор экани, унинг туркий адабиётда алоҳида ўрни бор экани маълум. Покистонда унинг ижоди билан боғлиқ филологик тадқиқотлар амалга оширилганми?

— Афсуски, Бобур ҳаётига оид мустақил филологик тадқиқотлар Покистонда маълум эмас. Ҳинд ва ғарб тарихчилари бу ишни қисман амалга оширган бўлиб, Покистонда   бу асарларининг урду тилига бир нечта таржималари мавжуд.

— Бобур туғилган юрт Ўзбекистон ҳақида фикрларингиз ҳақида ўртоқлашсангиз. Ўзбекистоннинг бугунги кунда ташқи сиёсатда тутган ўрни ва олиб бораётган ислоҳотларидан қанчалик хабардорсиз?

— Покистон 1991 йилда Ўзбекистонни биринчилардан бўлиб тан олган давлатлар қаторига кирган эди. Икки давлат ўртасида дўстона муносабатлар мавжуд ва бу муносабатлар кундан-кунга мустаҳкамланиб бормоқда. Ўтган яқин вақт ичида   улар Темир йўл лойиҳасини имзоладилар. Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси йил сайин ортиб бормоқда. Икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри рейслар 2018 йилдан бошланган эди. Лекин муносабатлар ҳали кўп нарсани талаб қилади. Ўйлайманки, биз академик тадқиқот олиб борувчи олимлар Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги мус­таҳкам алоқаларни ривожлантириш ва бош­­қа йўналиш­ларда ҳам   ҳамкорлик қилиш учун ўз   ролимизни ошириб боришимиз мумкин.

— Келгусида Бобур ва бобурийлар билан боғлиқ қандай тадқиқотларни амалга оширмоқчисиз?

— Мен Бобур ҳаёти, айниқса, Бобурийлар сулоласининг тарихини ўрганишда ўзаро ҳамкорликда тадқиқот олиб боришни таклиф қиламан. Бобурнинг бошқарув маъмурияти, унинг артиллерияси ва Ҳиндистонда порохдан фойдаланишдаги маҳорати, ҳарбий қўмондон сифатидаги фазилатини чуқур ўрганиш даркор. Покистондаги Бобур   маданий меросининг қиёфаси унинг меъморлик қобилияти юксаклигини англатади. Булар камина томонимдан тадқиқот учун тавсия қилинадиган мавзулар сирасидан саналади.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Сизни Ўзбекистонда кутиб қоламиз. Умид қиламизки, илмий ҳамкорлик натижасида бобуршунослик соҳасида   янги чўққиларни забт этасиз.

— Сизга ҳам раҳмат! Ўзбекистонда амалга оширилаётган Халқаро бобуршунослик электрон платформасини яратиш ишларига биз ҳам муносиб ҳисса қўшишимизни билдириб қоламан.

 

Суҳбатни Темурийлар тарихи давлат музейи

илмий ходими, филология фанлари бўйича

(PhD) фалсафа доктори

Элмира ҲАЗРАТҚУЛОВА

ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 1 =