Тасаввурнинг акс-садоси

Тақдирнинг тақсимоти ҳамиша адолатли бўлган. Бани башарнинг ҳар бирига ҳар бир кунига 24 соатдан вақт ажратилган. Бироқ ундан қай даражада унумли фойдаланиш, нималарга сарфлаш энди ҳар кимнинг ўз салоҳиятига, хоҳишига боғлиқ. Кўплаб таржима асарлари билан тилга тушган Мирзаали АКБАРОВ билан таржимачилик, китобхонлик мав­зуида суҳбатлашдик.

Суҳбатдошимиз 1955 йилда Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида туғилган, 1977 йилда Тошкент давлат чет тиллар педагогика инс­титути (ҳозирги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети)нинг олмон филологияси факультетини битирган. Таржима асарлари орасида халқаро Нобель мукофоти сов­риндори Херманн Хессе қаламига мансуб “Чўл бўриси” романи ҳамда Гётенинг “Ҳикматлар хазинаси” алоҳида ўрин эгаллайди.

Х. Хессенинг “Нюрнбергга саё­ҳат”ини, шунингдек, Вольфганг Борхерт, Герхард Бранстнер, Фридрих Кристиан Делиус, Томас Манн, Стефан Цвейг каби олмон ҳамда олмонзабон шоир ва ёзувчиларнинг кўп­лаб ҳикоялари ва новеллаларини аслиятдан ўзбек тилига таржима қилган…

— Мирзаали ака, бугун нафақат республикамизда ўз ўрнига эга бўлган, балки муҳтарам ўқувчилар муболағага йўйишмасину, дунё таниган, тан олган таржимонсиз. Бу манзилларга етиш осон кечмагандир?

— Ўз ҳаётингга кўз югуртириб чиққанингдан кейингина буюк ижодкор бўлишинг мумкин, деган экан Марсель Пруст. Ҳа, аслида китобга бўлган меҳр-муҳаббатим мени бу йўлларга бошлади. Отамиз, раҳматлик, тўғрисўз, ҳалол инсон, деҳқон одам эди, аммо бироз забти танг, китоб ўқишимни ҳам унчалик хушлайвермас, “Қоғозга термулиб ўтирмай, фалон-фалон ишларни қилиб қўйинглар”, дея укам икковимизга иш буюриб, ўзлари кўчага ёки бозорга кетардилар. Шунда укам билан ишларни бўлишиб олиб, ўзимга тегишли юмушларни тез-тез бажарардим-да, отамиз уйга қайтгунга қадар китоб мутолаа қилардим. Ўқиган илк китобларим — “Ўзбек халқ эртаклари”, “Ҳинд халқ эртаклари”, “Сайёр труппа”, “Зумрад шаҳар сеҳргари”, “Эрали ва Шерали” ва бошқа асарлар ҳамон кечагидек эсимда. Онамиз, раҳматлик, эса аксинча, китоб ўқишимни рағбатлантирар ва ўзлари ҳам бизга кўп эртаклар сўйлаб берарди.

Қишлоғимизда узунасига қурилган, эски отхона бўларди, ота-онамизнинг айтишича, уруш йилларида колхозга қарашли отлар шу ерда сақлаб боқилган экан. Беш-олти ёш болалик пайтларимизда қаровсиз қолиб нурай бошлаган ана шу отхонада кўчма кинофильмлар, асосан, ҳинд бадиий фильмлари олиб келиниб намойиш қилинарди. Айт­моқчиманки, даставвал, ҳинд тилига меҳрим тушган, кейин мактабга кириб, ўқишга қатнай бошлаган чоғларимда ҳаётимга рус тили кириб келди. Уни баҳолиқудрат ўрганганимиздан сўнг 5-синфдан бизга немис тили ўқитила бошланди ва менда нимагадир ушбу тилга алоҳида меҳр-муҳаббат уйғонди. Бу, албатта — Аллоҳдан. Қолаверса, раҳматлик устозимиз Саҳобиддин Жамолов домламизнинг астойдил қилган саъй-ҳаракатларининг натижаси ўлароқ бу хорижий тилга меҳрим тушгандир. Ўша пайтларда киночилар ҳинд фильмлари билан бир қаторда уруш ҳақидагиларини ҳам олиб келишарди. Кунларнинг бирида “Матонатли кишилар” номли фильм намойиш этилди. Ўшанда шу фильм қаҳрамони, жасур разведкачи Николай Кузнецов (оберлейтенант Паул Зиберт)нинг душман ичида юриб, амалга оширган қаҳрамонона ишларидан қаттиқ таъсирланганман. Ҳозиргача, у севимли қаҳрамоним ва ўша кино энг севимли фильмим ҳисобланади. Эҳтимол, шу фильмлар сабаб ҳам ўзга тилларни ўрганишга иштиёқим кучайган бўлса керак, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, домламиз қўшимча равишда турли хил адабиётлар, луғатлар, немисча газеталар олиб келиб, тилни чуқур ўрганишим учун қўлидан келганича ёрдам берар эди. Шу тариқа 1972 йили ўрта мактабни битиргач, ҳеч иккиланмасдан Тошкент давлат чет тиллар педагогика институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети)нинг немис тили факультетига ҳужжат топширдим ва кириш имтиҳонларидан муваффақият билан ўтиб, талаба бўлдим. Ушбу даргоҳдаги ўқишим давомида Эргаш Сармонов, Шавкат Каримов, Софья Кестен, Шариф Рўзиев (уларни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) ва бош­­қа устозларнинг илм чашмасидан баҳраманд бўлиб, олмон тили ва адабиёти бўйича билимларимни мустаҳкамлашга эришдим.

— Ҳақиқатан ҳам, ёшликда олган билим тош­­га ўйилган нақш кабидир, дейишади. Бугун юртимизда тил биладиган ёшлар кўпая­ётгани эса жуда қувонарли. Аммо таржимачилик борасидаги ишлар ҳали мақтангулик эмас, назаримда. Ёшларга бу борада қандай маслаҳатлар берардингиз? Ўзингиз таржима жараёнида қандай хулосалар чиқардингиз?

— Мутлақо ҳақсиз, бугунги таржимачилик соҳасидаги ишларимиз мақтангулик эмас. Хўш, бунинг асосий сабаблари нимада? Фикри ожизимча, аввало, кўплаб ёшларимиз ўз она тилимизни яхши билишмайди, адабиётни, хусусан, миллий адабиётимизни чуқур ўрганишмайди. Аввало, мана шу босқичлар муваффақият билан босиб ўтилгандан кейингина рус ва бошқа чет тилларни ўрганишга киришиш лозим, деб ҳисоблайман. Ўз она тилимиздан ташқари, рус, инглиз тилларини ҳам чуқур ўрганиш керак. Чунки деярли барча зарур адабиётлар, луғатлар рус тилида, афсуски, ҳали бизда уларга тенг­лашадиган луғатлар яратилмаган, вақти келиб, албатта яратилар, лекин унгача боридан фойдаланиб туришни тавсия қилган бўлардим. Инглиз тили эса аллақачон оммавий тилга айланиб улгурди.

— Ҳамкасбларингизга таржима учун асар танлашда қайси жиҳатларни ҳисобга олишни маслаҳат берган бўлардингиз? “Шунга бекор вақтимни сарфлабман”, дейдиган таржималарингиз борми?

— Таржима жараёни, буюк Гёте ибораси билан айтганда, сўлиб бораётган гулдастанинг сувга солингач, қайта жонлангани каби ҳая­жонли ва эътиборга моликдир. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, таржима учун  асар танлашнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Бунда кўпроқ нималарга эътибор бериш лозим? Менимча, энг аввало, ўша маълум бир хорижий тилда яратилган асар ўзингизга, қалбингизга яқин бўлиши, ўқиганда юрагингиз “жиз” этиши лозим, ана ундан кейин эса “Ушбу асар миллий менталитетимизга, урф-одат, анъаналаримизга тўғри келадими-йўқми, маънавий-маърифий ва тарбиявий жиҳатдан олганда таржима қилишга арзийдими-йўқми?” деган саволларни мутаржим ўзига ўзи бериб кўриши керак. Шукр­­ки, шунга бекор вақт сарфлабман, деган таржималарим йўқ.

— Адабий бисотимизни кўплаб дурдона асарлар билан бойитганингиз учун сиздан ҳамиша миннатдормиз. Ўзбек адабиётини жаҳонга олиб чиқиш борасида янги лойиҳаларингиз борми?

— Дастлабки кичик-кичик таржималарим талабалик йилларимдаёқ матбуот юзини кўрган бўлса, ўшандан буён то ҳозиргача ўттиздан ошиқ китобларни аслиятдан ўзбек тилига таржима қилиб, чоп эттирдим. Шулардан бир нечтаси таниқли ўзбек шоир, ёзувчи ва олимларининг бевосита олмон тилига ўгирилган асарларидир. Бир йилча бўлди, машҳур ватандошимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Ҳикматлар”ини олмон тилига таржима қилган эдим, китобча ўтган йили кузда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Адабиёт” нашриётида минг нусхада босилиб чиқди. Албатта, ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш борасидаги бундай лойиҳаларни келгусида ҳам мунтазам амалга ошириб боришни ўз таржимонлик бурчим, деб биламан. Ўрни келганда шуни айтиб ўтиш керакки, жаҳон адабиёти билан бўйлашадиган асарларимиз бисёр, уларни хорижий тилларга таржима қилиб, дунё саҳнига олиб чиқиш борасидаги мавжуд муаммолардан яна бири – масаланинг моддий тарафидир. Зеро, халқимизда “қуруқ қошиқ оғиз йиртар” деган нақл бор, шуни ҳам ҳисобга олиб қўйсак, фойдадан холи бўлмасди.

— Машаққатини назарда тутишган бўлса керак “Душманингга луғат туздир”, деган ҳазилнома ибора бор. Ўзингиз нашр эттирган немисча-ўзбекча луғатнинг яратилиш жараёни ҳақида гапириб берсангиз.

— Ҳақ гап, луғат тузишнинг ўзи ниҳоятда машаққатли иш, уни чиқариш эса ундан қийин. Сабаби, ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, атиги беш мингга яқин муҳим сўз ва иборалардан ташкил топган “Немисча-ўзбекча луғат”имни 2006 йили тузган бўлсам, 2019 йилдагина дунё юзини кўрди. Хўш, бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз? Жавоб эса оддий: нашриётларимиздаги ўзибўларчилик, боқибеғамлик, лоқайдлик, нопрофессионализм, қолаверса, тил биладиган мутахассисларнинг етишмаслигидадир. Ахир, болаларимиз рус тили воситасида эмас, ўз она тилларида чет тилларини ўрганишини хоҳламаймизми?! Юқорида ҳам айтиб ўтдим, ҳозир аксарият луғатлар рус тилида. Ҳар бир хорижий тил бўйича тугал ўзбекча луғатлар яратиш давр талаби бўлиб турибди.

— Мирзаали ака, кўплаб хорижий мамлакатларни кўргансиз, табаррук ёшдасиз. Теварагингиздаги одамларга, айниқса, ёшларга қараб, нималарга шошилиш кераклигини уқтирган бўлардингиз?

— Кези келганда, саволингиз баҳона бир “мақтаниб” қўяй: Ўзбекистондаги жами германист ҳамкасблар орасида бадиий таржима бўйича Европага –  олмонзабон мамлакатлар (Австрия, Германия ва Швейцария)га ижодий сафарларга энг кўп бориб келган мутаржим ўзимман. Касбим туфайли дунё кўрганимдан фахрланаман. Ёшларга ҳисоблик умрни зинҳор-базинҳор беҳуда ишларга сарфламасликни, аксинча, ҳар бир дақиқанинг қадрига етиб, жамият учун фойдали амаллар қилишга шошилиш зарурлигини уқтирган бўлардим. Зотан, кечаги кун тарих, эртанги кун жумбоқ, бугунги кун эса Яратганнинг инъомидир.

— Фарзандларингиздан ижодий маънода давомчиларингиз борми? (Оилавий ишларга аралашганим учун узр сўрайман) Шогирдларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Йўқ, афсуски, фарзандларим ижодий маънода изимдан боришмади, ўзлари қизиққан соҳаларда таҳсил олиб, меҳнат қилиб келишмоқда. Шогирдларим бор, Худога шукур. Кўпчилиги ишончимни оқлашаётганидан хурсанд­ман. Аммо беш қўл баробар эмас, дегандек, уларнинг орасида иши битгач, салом-аликни йиғиштириб қўйиб, қийшайиб кетганлари ҳам йўқ эмас. Нима ҳам дердим, ҳар кимга Яратганнинг ўзи инсоф берсин.

— Дунёга уйғоқ қалб билан қарашни истовчи ёшларимизга (катталар ҳам шу баҳона билиб олади) қайси асарларни вақтни ўтказмай ўқишни тавсия қилган бўлардингиз?

— Катталарга, жумладан, ёшларимизга ҳам зудлик билан бу китобни ўқинг, у китобни ўқиманг, дея маслаҳат бериб, билағонлик қилиш фикридан йироқман. Чунки ҳар бир киши ўз таъб-диди, савияси, дунёқараши ва билим даражасига эгаки, шунга қараб мустақил иш юритаверсин, дейман. Энг муҳими, китоб мутолаасидан узилишмаса, бўлди. Чунки мутолаада, айниқса, бадиий адабиёт мутолааси инсон қалбини юксалтиради, маънан озиқлантиради.

— Суҳбатимиз давомида айтмоқчи бўлган яна фикрларингиз бўлса, марҳамат.

— Модомики, суҳбатимиз мавзуи адабиёт, ижод, таржимага бағишланган экан, рухсатингиз билан нашриётларимиз ҳақида ҳам бирозгина тўхталиб ўтишни истардим. Ҳозирги кунда республикамизда китобхонлик ва китоб савдосини тубдан яхшилашнинг ҳуқуқий асослари яратиб берилганига қарамасдан, бу соҳада олиб борилаётган ишлар бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди. Тармоқдаги энг оғриқли нуқталардан бири эса айнан нашриётлар фаолияти билан боғлиқ. Минг афсуски, ҳамон кўпгина нашриётларда, китоб дўконларида ўз ишига қизиқмайдиган, “куним ўтса бўлди” қабилида иш юритадиган тасодифий кимсаларга дуч келамиз. Нашриётларнинг  айнан китоб савдосини ташкил этишга масъул бўлган маркетинг бўлимлари ходимлари ўз ишига совуққонлик билан қарайди, оқибатда қанчадан–қанча ажойиб асарлар ўз ўқувчиларига етиб бормасдан, нашриёт омборларида қалашиб, чанг босиб ётади. Натижада эса, шўринг қурғур, муаллифлар ўз вақтида қалам ҳақи ололмай, қора қозон қайнатишга–да қурби етмайди ёки гонорар ўрнига китоб олиб, уни сотиш учун у дўкондан бу дўконга зир югуради, бозордаги атторчидек сарсон-саргардон бўлади. Ахир, барака топгур, иш дегани шундай бўптими? Мабодо билмасак, бошқалардан сўраб ўрганайлик. Мисол учун, Германия тажрибасига мурожаат қилсак, у ерда ёзувчи ёки муаллиф фақат ижод билан машғул бўлади, китобини сотиш ҳақида заррача қайғурмайди, бу иш билан унинг адабий агенти шуғулланади. Literaturagent – aдабий агент китоб чиққан куниёқ уни ўқувчиларга етказишга ҳаракат қилади.

—  Мирзаали ака, умид қиламанки, сиз ва бошқа кўплаб адибларимизни қийнаб келаётган бу масалага ҳам эътибор қаратилади, ечимлари топилади. Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Азиз НОРҚУЛОВ

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =