“Йилига биттадан китоб чиқариш фазилат эмас”

Суҳбатдошимиз ҳақида:

Маъсума АҲМЕДОВА — 1952 йил 1 октябрда Паркент туманида туғилган. 1970 йили ўрта мактабни тугатиб, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига ўқишга кирган. 1976 йили университетни тугатгач, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, “Деловой партнер”, “Новости неделя” газеталарида таржимон муҳаррир бўлиб ишлаган.

1968 йили “Ёрдам” ҳикояси “Гулхан” журнали танловида ғолиб бўлган. Биринчи ҳикоялар китоби 1982 йили “Офтобли кун” номи билан чоп этилган.

1990-2000 йиллари “Байрамлик”, “Мактуб”, “Тожи опанинг тугуни”, “Яшил пальто”, “Ҳамдардлик” ҳикоялари “Шарқ юлдузи” журналида; “Шаҳарга саёҳат”, “Оддий ҳикоя”, “Бировнинг ҳаёти” ҳикоялари “Ёшлик” журналида; “Огинский полонези”, “Кечмиш ҳисоби”, “Ёмғирда”, “Марказдаги қиз”, “Шудрингли туйғулар” ҳикоялари “Саодат” журналида; “Телефон романи” қиссаси эса “Санам” журналида чоп этилган.

2000 йили “Бировнинг ҳаёти” ҳикоялар тўплами “Истиқлол умидлари” сериясида “Чўлпон” нашриётида, 2012 йили “Ҳикоялар” номли тўплами, 2014 йили “Жўнатилмаган мактуб” қисса ва ҳикоялар тўплами Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа-ижодий уйида нашрдан чиққан.

 

Ёзувчи одамнинг ёзувчи билан яшаши оддий одамлар ҳаётидан фарқ қилади, назаримда. Чунки икки адибнинг бир том остида турли фикрлар, ғоялар, қаҳрамонлар ва сўзлар билан яшаши ҳам мураккаб, ҳам қизиқ бўлса керак. Бу каби оилалардаги муҳит, турмуш тутумлари ёш ижодкорлар учун ибрат мактаби аслида. Шунинг учун ҳам бугун ана шундай инсон, истеъдодли ижодкор аёл, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиба, таржимон машҳур ўзбек ёзувчиси Тоғай Муроднинг умр йўлдоши—Маъсума Аҳмедова билан суҳбатлашдик. Қуйида ушбу суҳбат сиз муштарийлар эътиборига ҳавола этилмоқда.

 

— Маъсума опа, болалигингизни қандай эслайсиз? Сиз туғилган жой – Тошкент вилоятининг тоғлар қўйнидаги Паркент тумани гўзаллиги, хушҳаволиги билан тилга тушган. Ижодкор бўлишингизга бу сўлим гўшанинг қанчалик таъсири бор деб ўйлайсиз?

— Болалик – инсон ҳаётида унинг келажагини белгилаб берадиган энг муҳим ва зарур бўғинлардан бири деб ўйлайман. Болалик хотиралари кишига бутун умри давомида ҳамроҳ бўлади. Болалик хотиралари ҳаяжонлантирмаган, болаликнинг романтик хаёллари билан яшамаган ижодкор бўлмаса керак. Шундай, болалик хотираларим кўп ҳикоялар ёзишимга замин бўлган. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, айнан болалик таассуротлари қўлимга қалам олишга ундаган.

Тоғлар ўраб турган сўлим Паркент тумани, табиати ижодга мойил одамнинг ижодкор бўлишига туртки бўлади. Бизнинг туманимиздан кўплаб шоир-ёзувчилар чиқишига гўшамизнинг гўзаллиги сабаб бўлган бўлса, ажабмас. Агар ўзимни ижодкор деб атайдиган бўлсам, мен ҳам бу ҳолдан мустасно эмасман.

— Умр йўлдошингиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, раҳматли Тоғай Мурод ҳам Паркентга ўхшаш ҳудуд, яъни Сурхондарёнинг тоғли Олтинсой туманида туғилган. Шундай қадрли адибни тарбия қилиб берган Сурхон одамлари ҳақида нима дея оласиз? Улар билан гаплашганингизда нималарни англайсиз?

— Сурхондарёликлар кўнгли тоза, қатъиятли, аксарияти бир сўзлидир. Улар ҳақида яхшироқ билмоқчи бўлсангиз, Тоғай Мурод асарларини ўқийверинг. Сурхондарёликлар, хусусан, олтинсойликлар менга паркентлик ҳамюртларим сингари қадрдон ва яқин. Мен улар орасида ўқимишли, зиёли кишиларни кўрдим. Дейлик, бирор китоб хусусида баҳс-мунозара бўлади. Шунда улар орасида манаман деган адабиётшунос билан ҳам беллаша оладиганлари топилади. Бир қарашда кес­кин, чапдаст кўринган одамлар кўнглига разм солсангиз, теран бир ички маданиятни, маънавиятни англайсиз. Мен ана шундай сурхондарёликлар билан фахрланаман.

— Тоғай Мурод “Танланган асарлар”ининг III жилдини ўқидим. Ўқиганларимдан шу нарсани англаяпманки, адиб ёзувчиликка қисмат дея қараган, ҳатто газета учун суҳбатни муҳаррир ўз билганича таҳрир қилиб ташлагани сабаб, босмахонадан қайтартирган, бадиаю мақолаларигаям худди бадиий асардай ёндашган экан. Бугунги ёзувчиларимизда эса бундай қатъият негадир кам кузатилади. Нима деб ўйлайсиз, бу ҳафсаласизликка нима сабаб бўляпти?

— Тоғай Мурод “ёзувчи” сўзига, бу шарафли номга катта ҳурмат билан ёндашган ва ўзида бу номга муносиб бўлиш масъулиятини ҳамиша ҳис этиб   турган. Ана шу масъулият ундан ўз сўзига эгалик ва уни муҳофаза қилишни ҳам талаб этган. Бу, аввало, ижодкор характери – табиатидан, Тоғай Муроднинг ўзи айтмоқчи, ёзувчи профессионализмидан келиб чиқади. Сиз айтаётган ҳозирги ижодкорларимиз ҳафсаласизлиги сабабини айнан шу жиҳатдан, ёзувчилик масъулиятини ҳис қилишдан қидириш керак бўлади. Менимча, ўзини ёзувчи деб билган ижодкор одам зиммасидаги ёзувчилик масъулияти юкини ҳис қилиши, ўз сўзини ҳам ҳимоя қила олиши керак.

— Тоғай Муроднинг ёзилмаган, айтилмаган, фақат сизу яқинларигагина маълум бўлган қандай фазилатлари бор эди?

— Мен анчадан буён катта ижодкор, севимли ёзувчимиз Тоғай Мурод ҳақидаги ўй ва хотираларимни бир китоб қилиш ҳаракатида юрибман. Худо хоҳласа, ана шу бўлажак китобдан ёзувчимизнинг кўплар билмаган фазилатлари ҳақида ҳам хабардор бўласиз.

— Маъсума опа, ёзувчиям ёзмаган маҳаллари оддий одам. Бугун мени адиб­ларнинг асарларидан ташқари, уларнинг яшаш тарзи, одамларга, табиатга, атрофга бўлган муносабати қизиқтиради. Чунки ёзувчиликни мақсад қилган адибларимиз фақат ёзсак бўлди, бизнинг асосий машғулотимиз ёзиш бўлиши керак, дея баъзан соғлиғини эсдан чиқариб қўяди. Натижада баъзан касаллик уларни енгиб қўяди. Бу эса табиийки ёзувчининг ижодигаям салбий таъсир қилади.

Назаримда, яхши асар ёзиш учун ҳам ижодкор, биринчи навбатда, соғлом бўлиши зарур. Касал одам яхши асар ёзол­майди. Буни инкор қилганлар билиши шарт.

Эшитишимча, Тоғай Мурод ҳам спортга, соғлом турмуш тарзига жуда қизиққан экан. Адибнинг шу фазилатлари ҳақида гапириб берсангиз.

— Тоғай ака спортчи эди. Полвонкелбат эди. Ҳар тонг соат 5дан 7гача 5 чақирим югурарди. Уйга қайтгач, ювиниб чиққунча илиқ сутга 5-6 дона бодомни ташлаб қўярдим. Бодом сувда ивигач, таомни нонуштага ерди. Нонсиз. Нондан воз кечган эди, есаям “хлебцы” ерди. Соат 11да битта олма, кечқурун уйқудан олдин 1 пиё­­ла ёғсиз қатиқ ичарди. Мунтазам су­зишга борарди, тош кўтарарди, моржлар гуруҳига қўшилиб, музни ёриб пишинарди. Лабзакдаги фин ҳаммомида чўмилишга борарди. Ҳеч қачон тўйиб овқат емасди. Аммо гўштни яхши кўрарди. “Бир лаган хамир овқатдан, икки туюр гўшт яхши”, дерди кўпинча.

Тоғай ака кечқурун ёзмасди, туйғулари тиниқ бўлиши учун доим кундузи ижод қиларди.

Ёзувчи оғайниларингиз ҳам сизга қўшилиши керак. Соғлом бўлиш учун буни ҳамма қилиши керак. Соғлом турмуш тарзига ўтиш учун одамга кучли ирода керак, буни қила олсангиз, қатъиятли шахсга айланасиз.

— Энди ўзингиз ҳақингизда сўрасам. Ёзувчи аёл бўлишнинг машаққати қандай? Ёзувчининг аёли бўлишнинг-чи?

— Фикримча, ёзувчилик жинс танламайди. Хоҳ аёл, хоҳ эркак ижодкор бўлсин, бирдай қийин. Адиблик масъулияти иккиси учунам бир хил. Баъзилар аёл ижодкорга қийин, дейди. Бу гапдаям жон бор. Тўғри, уй-рўзғор қилиш, болани дунёга келтириш, фарзандларни тарбиялаш кўпинча аёллар зиммасига тушади. Балки шунинг учундир, балки табиат тақозосидир, аксарият аёл ижодкорлар ўзларидаги ижодий имкониятларини кечроқ намоён этадилар. Агар жаҳон адабиётида аёл ёзувчилар ижодини кузатсангиз, кўп ҳолларда улар сара асарларини ўрта ёшларда яратганини билиб олишингиз мумкин. Лекин турмуш икир-чикирлари, ташвишлари эркак ижодкорни ҳам четлаб ўтмайди. Шу жиҳатдан олганда, ижодкорлик машаққати-ю, завқлари кўпинча ҳаммада бир хил кечади.

Ёзувчининг аёли бўлиш… Агар Худойим аёлга шундай тақдирни ато этган бўлса, бунга шукур қилиш керак. Бир пайт­лар Юрий Подпоренко деган ҳамкасбимнинг ҳазил аралаш айтган гапи сира эсимдан чиқмайди: “Ижодкор одам билан турмуш кечириш жуда мароқли ва қизиқарли. Сира зерикмайсан, ҳаётинг жўшқин, ҳис-ҳая­жон, ҳар хил қизиқ воқеаларга бой ўтади. Мана, ҳозир тинч, сокин ўтирибсан. Ярим соатдан кейин-чи, нима бўлишини билолмайсан. Хуллас, ҳаётинг оддий одам билан бирга кечирадиган турмушдан кўра анча завқли ўтишига кафолат беришим мумкин”.

Бу гап, албатта, ҳазилнамороқ эди. Лекин ана шу ҳазил замирида инкор қилиб бўлмас ҳақиқат ётади. Аслида ҳаётда ҳеч бир аёлга осон эмас.   Оила осойишталигини сақлаш, уйга файз киритиш, оила аъзоларининг кўнглига қараш, оилада тинч-тотувликни таъминлаш кўп жиҳатдан уй бекасига боғлиқ. Ёзувчининг аёли бўлиш эса унинг зиммасига янада кўпроқ масъулият юклайди.

— “Офтобли кун”, “Жўнатилмаган мактублар”. Қисса ва ҳикоялар тўпланган икки китоб. Билишимча, икки тўп­ламдан бошқа муаллифлик китоб чиқармадингиз, чамамда.

— Наздимда, ижодкорнинг йилига биттадан китоб чиқариши фазилат эмас. Менинг бу жавобим ёзиш машаққатларидан чўчиш баҳонасидай туюлишиям мумкин. Лекин ижод оламида яна бир ҳақиқат борки, бу – ҳар томонлама ўқиб-ўрганиш, изланиш… Тоғай Мурод доимо амал қилган иш принципларидан бири: аввало, ёзувчи ёзажак мавзуини чуқур ўрганиши, изланиши, ҳаёт билан таққослаб, яратадиган ҳар бир образини минг ўйлаб кўриши керак.

Сиз юқорида санаб ўтганларингиздан ташқари нашр қилинган яна бошқа китоб­ларим ҳам борлигини, вақтли матбуотда янги ҳикоя, мақола, бадиий таржималаримни эълон қилиб бораётганимни айтсам, ортиқча мақтаниш бўлмасмикин… Ҳар бир ижодкор қалбида ўз яширин режалари, сирлари бўлади. Агар Худойим умр берса, кўнглимга тугиб қўйган ижодий режаларим бор. Майли, шу сирни айтай. Ота-она меҳрига қонмаган тирик етимлар… Дунёга келажак янги қиссам жамият яраси саналмиш тирик етимлар тақдири ҳақида бўлади. Унинг қўлёзмадаги хомаки номи – “Онамга бағишлов”.

Шу кунларда “Биллур гулдон” номли қисса, ҳикоялар ва бадиий таржималардан иборат сайланма китобим нашр қилиниш арафасида турибди.

— Дарвоқе, ўзбек китобхони сизни нафақат ёзувчи, балки таржимон сифатида ҳам яхши билади. Бу борада баракали ижод қиляпсиз. Масалан, озарбайжоннинг таниқли ёзувчиси Чингиз Ҳусайиновнинг машҳур “Муҳаммад, Мамад, Мамиш” романини, Хулио Кортасарнинг “Автобус”, “Даҳшатли тушлар”, “Иблис сўлаги”, “Михлаб ташланган эшик” ҳикояларини, рус адиблари – Дмитрий Мамин-Сибирякнинг “Урал ҳи­коялари. Доктор Осокиннинг соғайиши” асарини, Александр Куприннинг машҳур “Олеся” қиссасини ўзбек тилига ўгирдингиз. Булар турли йилларда “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” журналларида, “Ўзбе­кистон”, Ғафур Ғулом нашриётларида чоп этилган.

Таржимонлик борасидаги режаларингиз ҳақидаям билгим келяпти.

— Айни кунларда магик реализм йўналишида унумли ижод қилган, дунёга машҳур аргентиналик ёзувчи Хулио Кортасарнинг “Бошқа бир осмон” номли ҳикоялар тўпламини нашрга тайёрлаяпман.

ХХ аср бошларида рус халқининг ажойиб ёзувчиси Леонид   Андреев яшаб ижод қилган. Унинг ҳикоялари жуда ўзига хос, бу адиб ўз насри билан ёш қаламкашларга маҳорат сабоқларини бера олади. Мен Леонид Андреев ҳикояларини ўзбек тилида бир тўплам қилиб нашр қилиш ниятим бор.

— Ижодингизга барака тилайман. Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!

Фозил Фарҳод

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − nine =