Сўз ва фикр эркинлигига кафолат

Одамзот ҳамиша сирли ва яширин оламларга қизиқиб келган. Инчунин, виртуал борлиқ бугун инсониятни ана шу “махфийлиги” билан ҳам ўзига тортмоқда. Шунингдек, интернет кўп­лаб имкониятларни тақдим этаётгани билан аҳамиятли. Ундан унумли фойдаланаётганлар эса тобора илгарилаб боришмоқда. Жумладан, бугунги ёшлар аудиокитобларни интернетдан ўқишмоқда. Харидларни амалга оширишяпти. Ўз-ўзидан шу тариқа турли хизматлар виртуал оламга кўчиб ўтмоқда.

Бу ўз навбатида қонунчиликни ҳам замонга ҳамнафас тарзда ўзгартиришни тақозо қилмоқда. Мана шундай ўзгариш ва янгиланишлар янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз аксини топмоқда.

Жумладан, янгиланаётган Бош Қомусимизнинг 33-моддасида: “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат   Интернет жаҳон ахборот   тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади” дейилади.

Хўш, бунинг ҳуқуқий аҳамияти нималардан иборат? Биз Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази медиаматериалларни тайёрлаш бўлими мудири, таниқли журналист Бобир АЛИХАНОВ билан шу мавзу юзасидан суҳбатлашдик.

 

— Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 33-моддаси биринчи қисмида “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга” дейилган.

Аввало, суҳбатимизни мана шу модда шарҳидан бошласак…

— Одамлар, ўзларига тегишли бўлган эркинликдан жуда кам фойдаланишади. Масалан, беқиёс аҳамиятга эга — фикрлаш эркинлигидан баҳраманд бўлмай туриб, сўз эркинлигини талаб қилишади. Соғлом ва моҳиятан фикрга йўғрилмаган сўзлар тўплами – оддий грамматик белгилардан бошқа нарса эмас.

Шу боис янги таҳрирдаги Конс­титуциямизнинг 33-моддаси биринчи қисмида айнан фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи яхлит бир бутунликдаги норма сифатида белгиланган. Аслида булар инсоннинг базавий, фундаментал эркинликлар сирасига тааллуқли бўлиб, бу норма бевосита медиа соҳасига, ОАВлари фаолиятига доир жиҳатлари билан алоҳида аҳамият касб этади. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 33-боби биринчи қисмида айни норманинг муҳрланиб қўйилиши эса Ўзбекистонда давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатининг инъикоси, сиёсий ироданинг ёрқин намоёни десак тўғри бўлади. Модомики, гап миллий ОАВларимиз фаолиятини янада такомиллаштириш, ислоҳотлар жараёнида уларнинг амалий иштирокини таъминлаш хусусида бораркан, шубҳасиз, улар олдида тўғаноқ бўладиган ҳар қандай тўсиқлар, чекловлар ва босимлар олиб ташланиши даркор. Фақат биз журналистлардан бу каби имкониятлардан муносиб ва умумманфаат йўлида фойдаланиш тақозо этилади. Тан олайлик, биз ҳали-ҳануз, соғлом ва конструктив фикрлаш амалиётини, ҳақ сўзнинг мислсиз қудрати-ю, холис фикрнинг чексиз салоҳиятини тўла-тўкис англаб етаётганимиз йўқ.

— Мустақил тафаккур юритишда ОАВ эркинлигини таъминлаш, цензурага йўл қўйилмаслиги нечоғлик аҳамиятга эга деб ўйлайсиз?

—“Эркин ОАВ яхши ҳам, ёмон ҳам бўлиши мумкин. Бу бор гап. Бироқ эркин бўлмаган матбуот, шак-шубҳасиз, фақат ёмон бўлади”. Француз ёзувчиси, Нобель мукофотининг лауреати Альбер Камьюнинг бу фикрларига қўшилмасликнинг иложи йўқ. Аслида эркин матбуот – озодлик ва ҳурлик посбони, цензура эса – жамиятнинг ўзига ўзи ишончсизлигининг ифодасидир. Чунки чинакам цензурада одамларга бирор нарсани тақиқлаш эмас, балки у нарса тўғрисида билишга ҳам йўл қўйилмайди. Цензуранинг абсурдлик ҳолати шу даражадаки, баъзида уни бутун бошли туяни ўз тешигидан ўтказишга уринган игнага ҳам ўхшатишади.

— Ҳазрат Алишер Навоийда шундай байт бор: “Оқил киши чин сўздан ўзгани демас, Вале, ҳар рост сўз ҳам дегулик эмас”. Мазкур байтни бугун   интернет макони билан боғласак, хабарларни саралашда нималарга аҳамият беришимиз керак деб ўйлайсиз?

— Интернет тармоғи оддий алоқа ва коммуникация воситасидан аллақачон умумбашарий ресурсга айланиб улгурди. Кўплаб тушунча ва хизматлар реал ҳаётдан виртуалликка кўчиб ўтмоқда. Инсоният кундалик иши, ўқиши, қизиқишлари-ю, турли хизматларини ҳам интернет кўланкасига кўчиряпти. Шу сабаб уни тақиқлаш ёхуд чеклаш, ойни этак билан ёпишга ўхшайди. Ижтимоий тармоқлар ва блогосферани чеклаш ҳам худди шундай бесамар иш. Қолаверса, ҳозир технологиялар шу қадар ривожланиб кетганки, оддий фойдаланувчилар учун ҳам ҳар қандай тўсиқни четлаб ўтишнинг техник имкониятлари бис­ёр. Иккинчидан, ахборот тарқаладиган воситани ижтимоий тармоқ бўладими, ОАВдами, чеклаш муаммонинг узил-кесил ечими эмас. Бу борада барчамиз англаб етишимиз керакки, ахборотни, шу жумладан, интернет орқали, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги зиммамизга алоҳида мажбурият ва масъулият юклайди ва бу борада қонунга мувофиқ равишда айрим чеклов шартлари ўрнатилиши мумкин. Биздан лозим бўладигани — оқни қорадан, тўқни пучдан, ҳақиқатни ёлғондан, далилни провокациядан ажрата олиш. Конституциямизнинг 33-моддасига киритилаётган янги нормаларда ҳар бир шахснинг интернет жаҳон ахборот тармоғидан эркин фойдаланиш ҳуқуқи ҳамда мазкур ҳуқуқларни чеклашга қайси ҳолларда йўл қўйилиши аниқ белгиланмоқда.

 — Янги таҳрирдаги Конституциянинг айнан 33-моддаси инсонлар учун яна қандай ҳуқуқий эркинликлар беради?

— 33-модданинг иккинчи қисмида “Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга” деган норма бор. Бу фаолият учун шароитларни яратиш давлат томонидан кафолатланади. Бироқ шу билан бирга мазкур йўналишда айрим чеклаш шартлари ҳам Конститу­цияда аниқ белгиланмоқда. Хўш, бунинг сабаби нимада? Таъкидлаш жоиз: бу медиа соҳаси учун ҳеч қандай чек­лов эмас, айнан чеклаш шартларидир. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддаси тўртинчи қисмида бу нормаларнинг мустаҳкамланиши ҳеч бир ҳолатда ОАВлар фаолиятини чекламайди, балки фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, уларнинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган, дея тушунишимиз даркор. Бунда конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бош­­қа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ҳамда жамоат тартибини сақлаш, шунингдек, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсади кўзда тутилган. Мазкур ҳуқуқ ва чек­ловлар рақамлаштириш асрида демократик, ҳуқуқий ва адолатли жамият қураётган барча давлатлар учун зарур. Уларни Конституциямизда мус­таҳкамлаш фуқароларимизнинг ҳуқуқларини амалга ошиши, уларнинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

— Суҳбатимиз сўнггида мавзу юзасидан лозим топсангиз янада кўпроқ мулоҳазаларингизни баён этсангиз…

— Ўзбекистон Президенти мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати орқага қайтмайдиган жараён эканлигини такрор ва такрор таъкидлайди. Шу сабабли ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши Бош қонунимизда қатъий белгилаб қўйилмоқда. Умуман, тараққий этган мамлакатларнинг тарихий тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, сўз ва матбуот эркинлигини таъминламай туриб иқтисодий ривожланиш ва аҳоли фаровонлигига эришиш даргумон.

Бугун мамлакат обрўйи, давлат мавқеи унинг табиий бойликлари, моддий захиралари билан эмас, балки ҳазрати инсонга бўлган эътибори билан ўлчанади. Зотан, сиёсатшунослар айтмоқчи, бир инсон ҳаётини қадрлай олмасликдан бошланадиган муаммо кўпинча бутун бир миллатлар учун ҳаёт-мамот масаласига айланиб кетади.

Жиловланган ОАВ, босимга тобе журналистнинг давлатга ҳам, жамиятга ҳам ҳеч қандай нафи йўқ! Ёпиқлик ва коррупциявий цензура билан дунё ҳамжамиятига уйғунлашишимиз ҳам орзулигича қолаверади. Янги таҳрирдаги Бош Қомусимиз эса биз учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат, у ёки бу тазйиқ- таҳдидлардан халоскор куч ва адолат қалқони бўлажак!

Гулзебо Иброҳимова

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + two =