Юсуф ал-Утайбий: “Билимдонларга имкон эшиклари очиқ”

Сомий тиллар гуруҳининг жанубий тармоғига мансуб араб тили Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Африка шимолидаги йигирмадан зиёд мамлакатнинг расмий лисони ҳисобланади. Ушбу бой ва қадимий тилдан сайёрамиз бўйича 400 миллионга яқин киши фойдаланади. Қолаверса, икки миллиардга яқин мусулмон уни айрича қадрлайди.
Араб тили башарият тамаддунида, илм-фан тараққиётида тақдируламал аҳамият касб этган. Ўз даврида инсоният ақл-заковатининг юксак намуналари – илмий, бадиий, фалсафий ва диний асарлар айни шу лисонда яратилган.
Илоҳий мўъжиза бўлмиш Қуръони каримнинг арабийда нозил бўлгани ҳам ушбу лисоннинг ўта бой экани, фасоҳат ва балоғатда беназирлигини тасдиқлайди.
Араб тили ва ёзувининг юртимиз тарихида тутган ўрни ҳам улкан экани сир эмас. Асрлар мобайнида ушбу тилда бой илмий-маънавий мерос яратилган. Жумладан, Уйғониш даврида буюк алломаларимиз бебаҳо илмий асарлар, нодир рисолалар битганлар. Бинобарин, дунё илм-фани равнақига беқиёс ҳисса қўшган боболаримиз меросини ўрганиш учун ҳам бу тилни пухта билмоқ лозим.
18 декабрь — Халқаро араб тили куни. Ушбу сана БМТ томонидан таъсис этилган бўлиб, 2012 йилдан буён жаҳон бўйлаб нишонланади. Шу муносабат билан подшоҳликнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчи Юсуф ал-УТАЙБИЙга бир неча савол билан мурожаат қилдик.
— Мутахассислар эътироф этишича, араб тилининг сарфу наҳвини (грамматикасини) такомиллаштиришда улуғ ватандошимиз Маҳмуд Замахшарий (1075-1144) Маккаи мукаррамада ёзган “Ал-Муфассал” асари алоҳида ўрин тутади. Иқтидор суяк суради деганларидек, бугун ҳам Ўзбекистондаги кўплаб ёшлар араб тилини мукаммал ўзлаштиришга интилмоқда. Элчи жаноблари, мамлакатимизда араб тилини ўрганиш даражасини қандай баҳолайсиз?
— Араб тили дунёда энг кўп ўрганилаётган тиллар cирасига киради. Қолаверса, у БМТ томонидан жаҳон тилларидан бири деб эътироф этилган. Ўзбекистонликлар ҳам араб тилини ўрганиш бўйича тарихий анъаналарга эга. Халқингизнинг араб тилига алоҳида эътибори, эҳтироми, аввало, муқаддас ислом динимиз билан боғлиқ. Қолаверса, мамлакатларимиз тарихан яқин робиталарга эга. Бугун Ўзбекистон бутун дунё, жумладан, Араб олами билан сиёсий-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратмоқда. Бу эса араб тилини пухта биладиган кадрларга бўлган талабни оширади.
Ўзбекистонда минглаб ёшлар араб тилини ўрганаётгани бизни мамнун этади. Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Ўзбекистон миллий университети каби бир қатор олий таълим муассасаларида араб тилидан сабоқ берилаётир.
Ўзбекистонда араб тилини ўқитиш даражасини юқори баҳолайман. Зеро, бу тасодиф эмас. Бу юрт фарзандлари исломий билимлар ҳамда араб тилини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшганлар. Бу ўринда Имом Бухорий, Имом Термизий, Ал-Хоразмий, Абу Райхон Беруний ва яна ўнлаб алломалар номини эҳтиром билан ёдга олиш мумкин. Сиз эслаб ўтган аллома Маҳмуд Замахшарийнинг ҳам илм-фан равнақида ўрни катта. Бугун ҳам боболаридан улги олган ўзбек ёшлари илм-фан чўққиларини забт этиш йўлида жидду жаҳд қилмоқда.
— Саудия Арабистони дунё бўйлаб араб тилини кенг ёйишда жонбозлик кўрсатмоқда. Подшоҳлик бу борада Ўзбекистонда қандай лойиҳаларни режалаштирмоқда?
— Ўзбекистон билан сиёсат, иқтисодиёт, маданият каби соҳалар қатори таълим, жумладан, араб тили таҳсили бўйича ҳам кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Жорий йил июнь ойида Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Подшоҳ Салмон номидаги халқаро араб тили академияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат ўқитувчилар ва талабалар алмашуви, араб тили таҳсилига доир қўшма лойиҳаларни кўзда тутади. Халқаро академия Ўзбекистон таълим даргоҳларида араб тили бўйича ўқув курсларини аллақачон бошлади. Олий таълим масканларига дарсликлар тақдим этиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Умуман, икки мамлакат олий ўқув юртлари амалий шериклиги тобора кенгаймоқда. Жумладан, Умм Ул-Қуръа университети ҳам Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатган.
Саудия университетлари хорижлик билимдон ёшларга ўз эшикларини очаётир. Талабгорлар “Саудия Арабистонида таҳсил ол” (Study in Saudi Arabia) платформасига кириб, таҳсил учун мақбул йўналишни танлаши мумкин.
Илм-маърифат – тараққиёт калити. Биз Ўзбекистон билан таълим йўналишида ҳам ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятидамиз. Зеро, Саудия Арабистонининг “Нигоҳ–2030” дастурида ҳам, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида ҳам илм-маърифатни юксалтириш борасида катта марралар белгиланган.
Абдул СОБИР ёзиб олди.