Эссе — кўнгил изҳори
Эссе — бадиий публицистиканинг ғоят муҳим, таъсирчан жанри. Шу маънода у адабиёт ва журналистиканинг ўртасида, ҳар икки томоннинг белидан маҳкам тутган ҳолда қаддини ғоз тутиб туради, бирини иккинчисига боғлайди, фикрни чархлаб, ёзилажак янги асарларга хамиртурушлик қилади. Машҳур романлар, қиссалар ёзиб, жаҳонга танилган адиблар кутилмаганда публицистик асарлар ёзишгани ва, аксинча, ижод суяги журналистикада қотган ҳамкасбларимиз вақти келиб, қисса ва романларга қўл уришганининг сабаби шунда. Соҳа мутахассислари сўнгги юз йилликда инсон маънавий-руҳий оламини тадқиқ этиш билан боғлиқ янги “уйғониш” фаслининг юзага келишида эссе ўзига хос катализатор ролини ўйнаганини эътироф этадилар.
Дарҳақиқат, ХXI аср бўсағасига келиб, медиаборлиқ “эссечилик дардига чалинди”, бу жанр олам ва одамни, жамият ва шахсни англашга ёрдам берди. Шу боис у ўз ўқувчиларини топа олди. Эссе мухлислари шаклланди. Шу давр ва унинг яқин атрофида яратилган бир қатор машҳур эсселарда, масалан, Оноре де Балзакнинг ХIХ аср француз ёзувчиларига мактуби, Жон Голсуорсининг “Адабиёт ва ҳаёт”, Лев Толстойнинг “Жим туролмайман”, “Иқрорнома”, Юхан Боргеннинг “Ёзувчи бўлмоқ нима дегани?”, Гоголнинг “Ал Маъмун”, Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси”, Фитратнинг “Шарқ сиёсати”, Исмоилбек Гаспринскийнинг “Оврупо маданиятига бетарафона бир назар” асарларида тараққиётнинг беқиёс шиддати боис, одамларнинг онг-шуурида юз бераётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисалар моҳиятини тўғри англаш, қиёсий таҳлил элагидан ўтказиш, ютуқ-камчиликларни адолатли баҳолаш, тарих ҳақиқатини тўла юзага чиқариш билан боғлиқ муаммолар ғоят таъсирчан, айни чоғда чуқур фалсафий идрок, бадиий тафаккур билан талқин этилганини кўрамиз. Бу асарлар айни шу фазилати билан китоб ўқувчиларнинг профессионал қисмини ўзига оғдириб олди. “Истеъмолчи”нинг борлиги бу жанрга бўлган талабни кескин оширди.
Публицистик асарда, хусусан, эсседа муаллиф бадиий талқин ва ифода усулларидан унумли фойдаланади: ижодкорнинг образли мушоҳадаси, ҳиссий, эмоционал туйғулари, ижтимоий-эстетик қарашлари, конкрет воқеликка нисбатан ижобий ёки танқидий муносабати бу жанрда эркин ифодаланади. Муаллиф гоҳ бирор воқеа-ҳодиса сабабчиси билан, гоҳ жамиятнинг маълум қатлами билан, кези келганда эса ўзи билан ҳам баҳслашади. Бундай ҳолатда публицистик асар ўқувчини фикрлашга, ижтимоий фаолликка даъват этади, муаллифнинг шахсий нуқтаи назари, ички “мен”и янада журъатлашади.
Ўзбек адабиётида шундай ўқишли, бақувват эсселар борми? Бор, албатта. Шукур Холмирзаевни “эссечилик касали”га биринчилардан бўлиб чалинган муаллифлардан десак, муболаға бўлмайди. Кейинроқ Абдусаид Кўчимов бу соҳада ҳам ўзини кўрсата бошлади. Унинг бир гуруҳ адибларнинг Аму қирғоқларига саёҳати ҳақидаги, Барот Бойқобилов, Азим Суюн, Рустам Обидга бағишланган эсселари бадиий саргузашт асардай ўқилади. Сафардошлар тилидан келтирилган мақолу матал, ўхшатишу сифатлаш, орттиришу бўрттиришлар шу қадар кўпки, халқнинг жонли, жозибали тили ўзининг бор нафосати, мафтункорлигини тўла очиб беради.
Шунингдек, Иқбол Қўшшаева, Шукур Қурбон, Шодмон Отабек, Умид Бекмуҳаммад ва бошқа фаол муаллифлар қаламига мансуб туркум эсселарда қаҳрамонларнинг характери, турмуш тарзи, ўй-фикрлари, амал қиладиган маънавий-ахлоқий принциплари уларнинг айрим “хос” жиҳатларигача қаламга олинади. Фикримизча, эссе бизни жуда узоқ давом этган, қон-қонимизга сингиб кетган бирёқлама таҳлил қолипидан, кўнгил тубига етиб бормаслик, кўнгилни англамаслик, ярим йўлга етиб-етмаёқ юзаки, ўринсиз хулоса чиқариш иллатидан қутқармоқда. Ҳаёт кўчалари китобларда ёзилганидек ҳамиша равон ва ёруғ эмаслигини, унинг ногаҳоний зарба ва бурилишлари ҳар қандай одамни кутилмаган душворликларга гирифтор этиши мумкинлигини уқтирмоқда.
Эссе эркин композицияли асар, мазмунан ижтимоий, бадиий, фалсафий, тарихий, биографик, илмий-оммабоп ёки соф беллетристик характерда бўлиши мумкин. Ифода услуби образлилиги, жонли тилга яқинлиги, эркин (субъектив) мушоҳадалари, ҳис-ҳаяжон туйғуси, иқрор ёки раддиялари билан ажралиб туради. Севара Алижонованинг “Маҳкум саёҳати” эсселар тўплами китоб ҳолида чоп этилганидагина ушбу жанр ихлосмандлари унга жиддий эътибор беришди. Чунки ёш муаллифнинг кўнглида кундан кунга мураккаблашиб бораётган дунёвий воқеа-ҳодисалар моҳиятини, инсоннинг фавқулодда чигал оламини, ўзаро муносабатлар, унутилаётган ва урфга кираётган янги қадриятлар замирида нималар борлигини англашга интилиш борлиги учун ҳам шундай бўлди. Севара эссечиликда деярли шаклланган услуб ва йўлдан осонгина юришни, қаламини койитмасликни эмас, туйғулари, ҳайрат ва изтироблари, гоҳо бугунча жўнроқ эшитилаётган овозини ифодалашда ўз йўли ва услубини топишга ҳаракат қилаётганини ўқувчи сезади, албатта. Фикримча, унинг “Сукунат шовқини”, “Бегемот ва мен”, “Маҳкум саёҳати” эсселарининг муҳим ютуғи шу. Аммо йўл топиш, бошқаларникига ўхшамайдиган овозга эга бўлиш осон эмас. Бундан ҳам оғири — эсседа муаллиф кўп ўринларда (туғён ва ҳиссиёт вужудини бутунлай эгаллаб олганида, идрок кўзлари нимадандир катталашиб қотиб қолганида ҳам) ўзини ўзи чекламаслиги, ўзи билан ўзи курашиб, бу жангда ғолиб бўлиши зарур. “Сукунат аллақачон орзуларга эврилган рўё. Шовқин ичидагина сукунатга эҳтиёж сезамиз, — дейди муаллиф ўзига хос овозда. — Шовқин мутлақ эркин, уни тутиб қутига жойлаб бўладими?! У ҳамиша йўлда, унинг йўли ва манзилини ҳеч ким аниқлаган эмас. Буткул йўқ қилишнинг иложи қаерда? Шовқинни қабул қилмаслик учун эшикларни, қулоқларни ёпсак ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. У бизни аллақачон ўзига маҳкум этган, шу боис ундан қутулишни эмас, унга қўл беришни, англашни истаймиз. Шовқин мени ҳаракатга ундайди: гоҳ ташвишлардан фориғ этади, гоҳ хасталикка кўмиб юборади, гоҳ шоштиради, гоҳ таққа тўхтатади… не қилса ҳам тушунарсиз тарзда менга таъсир ўтказмай қўймайди. Борлиқни ва борлиғимни қуршаб олган шовқиндан қочолмас эканман, у билан келишаман. Аммо… шовқин мени бошқаришига йўл қўймайман…” Ёки “Эссе ҳақида эссе”сида “Кўнглимга таскин истасам, Навоийга юкинаман. Неча йиллардан буён ўзгармас ақида, “У мени тушунади, мен унда ўзимни топаман”, деган эътиқод бу. Мутолаага чоғланишим биланоқ, Ерга ўхшамас, буткул бошқа дунёда, кўзни қамаштирувчи кумушранг кенглик, оппоқ булут устида ўтиргандек бўламан. Мутолаа қанот, покиза руҳ, сакинат беради…”, дейди.
Севара Алижонова эсседа сўзлар, туйғулар воситасида китобхон билан ғойибона кўришув, жонли суҳбат, бугунги кун учун ғоят муҳим бўлган мулоқот заруратини кўради: “Эссе — исён, муаллифнинг мукаммалликка даъвоси, номукаммал дунёга зардаси, эссе яна — якун, тугал хулоса. Эссенависнинг ютуғи ҳам шунда, журналист ёки ёзувчидек хулосани ўқувчига қолдирмайди. Мавзуга ўз хулосаси билан нуқта қўяди. Ёки аксинча хулосаси маҳсули ўлароқ эссе яралади”, дейди ва Альбер Камюга юзланади: “Ижод — ваҳдадул вужудга интилиш, шу билан бирга мавжуд оламдан қочиш, уни инкор қилиш ҳамдир. Бироқ у оламда ўзлигини тополмагани, бу олам ўзлигига мос келмагани учунгина инкор қилади… Бугун инсониятнинг исёни машиналарда мужассамлашади, санъат ва санъат тарафида турган нарсаларнинг ҳаммасини у ишга халал берувчи тўсиқ-ғов, ҳатто қуллик аломати деб билади”.
Севара бутун умрини жадидларнинг аянчли тақдирини ўрганишга бағишлаган Шерали Тошматовнинг “Эрк қуши” романи ҳақида фикр юритар экан, ўзи таъкидлаганидек, мерган қиз Майна Ҳасанованинг 16 ёшида Бухоро амирининг баджаҳл амалдори Саид Валихон ҳарамини безашга мажбур бўлиши, жоҳил эрнинг тепкиси сабаб ҳомиласидан ажраши, хўрлигу азобларга дош беролмай эрини отиб ўлдириши, қулликдан қутулиб, оддий аскарликдан отлиқ аскарлар батальони командири даражасигача кўтарилиши, охир-оқибат босмачилар томонидан икки қўли, кўкраги, тили кесиб олиниб, ваҳшийларча ўлдирилиши ўқувчини ларзага келтиради. Ижод умрини таҳрир санъатига бағишлаган Маҳмуд Саъдий ҳақида сўз юритар экан, унинг “Муаллифларнинг айбини яширгувчи, хатоларини тузатувчи, хом-хатала қўлёзмаларни одамбашара қилиб китоб ҳолига келтирувчи “мардикор”лар ҳам керак-да! Мен ҳаётим мазмунини таҳрир санъатидан топдим”, деган сўзларини ёдга олади. Хуршид Дўстмуҳаммад билан қилган суҳбатидан қуйидаги парчани ўқувчиларига илинади: “Армонларимдан бири — мусиқий асбоблардан ҳеч қурса бирини чалишни ўрганмаганим, — дейди севимли адибимиз. — Мусиқа дидни тарбиялайди, ором беради, жунбишга келтиради. Мусиқани тушунмаган одам кўп нарсалардан бебаҳра қолиб кетади. Ҳар бир асарнинг ҳали яралмасидан ўз оҳанги, мусиқаси бўлади. “Ёлғиз” деб номланган асарим “Чўли ироқ” садолари остида яратилган”.
Чархпалагим чархпалак,
Айланасан мулойим.
Тўхтатолмай мен ҳалак,
Юргизганми Худойим.
Севара бу қўшиқда Хуршид Дўстмуҳаммад ижодининг серенадасини кўради: “Адиб ҳаёт манзарасини ҳам, моҳиятию ҳикматини ҳам чархпалакда деб билади. Чархпалакни яхши кўради. Унинг фалсафасича, ҳаёт тинимсиз ҳаракатдан иборат. Бу ҳаракатнинг боши ҳам, охири ҳам йўқ. Чархпалак донолик, донишмандлик, кўҳналик ва абадият рамзи”, дейди.
Ижодда ҳадсиз, машаққатли йўлга чиққан муаллифга омад тилаймиз, унга ишонамиз, умид қиламиз, чунки у ўзи танлаган йўлни моҳиятан чуқур идрок этади, бу йўлда ёлғиз эмаслигини тушунади. Мана, унинг фикрлари: “Эссе — тинимсиз ўйлаш, тафаккур қилиш, уни шахсий кузатув, тажриба ва кечинмалар чиғириғидан ўтказиб, оққа тушириш. Эссе — фалсафа, инсониятнинг азалий саволларига жавоб излаш, англанмаган, англаб бўлмас борлиқни англашга интилиш, инсоний қадриятлар, фазилат ва иллатларга муносабат, хайрихоҳлик ёки инкор фалсафаси. Эссе — озодлик. Қуйилиб келаётган фикрларнинг ўзанига сиғмай тошиши. Онгга назар, кўнгилга қайтиш. Қўрқувни енгиш. Ўзингда кечаётган ҳолатни ўзгаларда такрорлаш, даъват. Марио Варгас Льоса айтганидек, “Адабиёт гўзаллик ва бахтга йўғрилган орзуларни уйғотиб қолмай, ҳар қандай шаклу шамойилдаги зулм-истибдод туғдирадиган хатардан огоҳ этади”.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ