“Журналистлик тоши жуда оғир, нони ғоят қаттиқ…”

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ЎзА Бош директори,

сенатор Абдусаид КЎЧИМОВ билан суҳбат

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан навбатдаги янги лойиҳа — “Устозлар нима дейди?” дастурини доимий равишда тайёрлаш йўлга қўйилганидан яхши хабардорсиз.

Ушбу лойиҳа орқали оммавий ахборот воситаларида узоқ йиллардан бери фаолият олиб бораётган, шунингдек, айни кунда кексалик гаштини сураётган устоз журналистларнинг тажрибалари, ҳаёт ва ижод йўли билан медиа соҳа вакилларини, жамоатчиликни таништириш, миллий журналистикамизнинг бугунги ҳолати, унинг ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар, соҳамизга оид долзарб масалалар хусусида фикр алмашишни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Бош директори, сенатор Абдусаид КЎЧИМОВ “Устозлар нима дейди?” дастурининг галдаги меҳмони бўлди. Қуйида айрим жузъий қисқартиришлар билан ушбу суҳбат матни билан танишишингиз мумкин.

— Абдусаид ака, ярим асрдан кўпроқ фаолияти журналистика билан боғлиқ ва меҳнатлари эътироф этилган ижодкор сифатида фикрингизни баён этсангиз: журналистнинг асосий қуроли нима ва журналист қаламининг кучи қандай намоён бўлади?

— Буни хушомад деб ҳисобламайсизлар. Аввало, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси “Устозлар нима дейди?” лойиҳасини ташкил этгани учун алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Сабабини изоҳласам, халқимизнинг жуда ибратли, ҳикматли мақолларидан бирида: “Бола — лой, устоз — кулол”, дейилади. Бу — устозу шогирдликнинг жуда мос рамзий ифодаси. Қачон устоз-шогирдлик деймиз? Қачонки устоз-шогирдлик яхши йўлга қўйилса, устозларнинг тафаккур чашмаларидан, босиб ўтган йўлларидан, орттирган яхши тажрибалардан ёшлар ҳам баҳраманд бўлсалар, ўша соҳада нимадир ижобий ўзгаришлар бўлади. Бу — ҳақиқий устоз-шогирдликнинг меваси.

Мана шу маънода “Устозлар нима дейди?” мавзуи атрофидаги суҳбат, фикримча, нафақат ёшларга, балки ўрта ва ҳатто кексароқ ёшдагилар, журналистлару ижодкорларга, томошабинларга ҳам фойдаси тегади.

Энди саволингизга келсак. Бугун жуда кўп масалаларда дунё билан бўйлашиш йўлидан боряпмиз. Бу кимдандир ўзиб кетиш, кимнидир менсимаслик ёки кимларгадир ўзимизни кўз-кўз қилиш дегани эмас. Чунки одам, аввало, ўзини, ёнидагиларни таниши ва ўзи яхши яшаши учун, Ватанию оиласи тинч, обод бўлиши учун ҳаракат қилади. Журналист, айниқса, ўзидан олдинги устозлар ўгитларидан тўғри хулоса чиқаргандагина дарсликларда, китобларда, дарсларда айтилмаган, ёзилмаган фикрларни, ҳаётий воқеаларни англаб таҳлилий фикр юритади.

Яна бир муҳим гап: ота-боболаримиз ҳамиша ёшларга бағрикенглик билан ғамхўрлик қилган. “Катта арава қаерга юрса, кичкинаси ҳам шу ерга юради”, деб бежиз айтилмаган.

Яъни, ёш авлод ўзидан улуғлардан ибрат олади. Айтишади-ку: “Игна қаерга юрса, ип орқасидан юради”. Дунё ахборот воситалари ниҳоятда ривожланиб, интернет сайтлари биринчи даражага чиқиб кетган бугунги кунда ёзма оммавий ахборот воситалари билан электрон оммавий ахборот воситалари ўртасида яхши маънодаги ижодий рақобат кучайди. Мана шундай шароитда ёзма учун ҳам, электрон учун ҳам устозлар ибрати, тажрибаси муҳим роль ўйнаяпти ва шундай бўлиши керак, деб ўйлаймиз.

“Электрон воситалар биринчи даражага чиқиб, ёзма оммавий ахборот воситалари ўляпти” ёки “улардан қайси бири қолади?” деган мунозаралар тинчигани йўқ, давом этиши табиий. Маълумотларга кўра, VIII асрда Хитойда биринчи марта газета ташкил қилиниб, императорнинг фармонлари, муҳим қарорлари қоғоз ўрнига тахталарга ўйиб ёзилиб оммага етказилган экан. Ундан кейин радио, сўнгра телевизор кашф қилинди, театр пайдо бўлди… Бугунги кунда электрон оммавий ахборот воситалари гуллаб-яшнамоқда. Энди юқоридаги саволнинг жавобига келсак, бугун электрон оммавий ахборот воситалари ўзидан ўн уч аср олдинги “аждоди”нинг ўрнини олиш, ўз фаолиятини янада гуллатиб яшнатиш учун курашяпти. Лекин радио пайдо бўлганда газета йўқолмади, телевизор газетага ўрнини бўшатиб бергани йўқ. Кинолар ва ҳоказолар пайдо бўлди, аммо газетанинг ўрнию аҳамияти заррача камаймади, бугун ҳам шундай. Демоқчиманки, инсон тафаккури ҳамиша ҳамма нарсага қизиқиш билан қарайди. Муҳими, мана шу иккита тўлқин ўртасидаги воқеалар моҳиятини илғаб олиш; бу эса ҳар бир қабул қилувчи, яъни, истеъмолчининг қалбига, тафаккурига, дунёқарашига боғлиқ бўлади.

Бугун кўриб-билиб турибмиз, ёзма воситалардан ёшларимиз анчагина четлашаётгандай. Бундан ажабланмаслик керак. Сабаби, ўзимиз ҳам дунёда бўлаётган воқеалар билан ҳаммадан олдинроқ танишишни, кўришни ва муносабат билдиришни истаймиз. Шу маънода электрон оммавий ахборот воситалари чин маънода ўзимизга, турмушимизга ҳар жиҳатдан ёрдами тегадиган, керак бўладиган, хуллас, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Кўплар бир-бирига: “Кечқурун ҳам телефонни қучоқлаб ётсанг керак”, — деб ҳазиллашади. Бу ҳам табиий, моҳиятида ҳаётий заруратлар бор. Сабаби телефонда, яъни интернетда нафақат бугунги дунё воқеалари, балки тарих ҳам, улуғ файласуфлар, олиму уламолар ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар ҳам жамулжам. Биз ундан истаган пайтда истаган жойда фойдалана оламиз. Лекин масаланинг иккинчи жиҳати борки, ҳамма нарса, ҳатто асал ҳам меъёрида тановул қилингани яхши, ортиғи зарардир.

“Хўп, шунақа экан, ёзма матбуот яшаб қолиши учун нима қилиш керак? Яшаб қоладими?” деган саволни имконимиз қадар таҳлил қиладиган бўлсак, ёзма матбуот бир минг уч юз йилдан буён яшаб келаётган экан, демак, бундан кейин ҳам неча минг йиллар давомида яшайди. Лекин бунинг учун ҳар бир қаламкаш, ҳар бир журналист қалами, фикри, ақл-иқтидори билан унинг умрига умр қўшиши керак.

“Газеталарда шу мақсад қай даражада амалга ошяпти?” деган савол билан амалиётга юзлансак, босма нашрлар бугунги кун талабларидан орқада қолмоқда. Яъни, кўп газеталаримизда, асосан, бўлиб ўтган воқеаларни ихчам, анъанавий саёз шарҳлаш, ҳатто воқеалар шўро замонидан қолган усулда ёзилгани кузатилади. Газета тили деган бир ёзув одамни бездиради. Унда она тилимизнинг хушбўй нафаслари, гўзал шаклу шамойили, бетакрор оҳанглари сезилмайди. Бир қоп пуч ёнғоқдек шақир-шуқур қилади, лекин чақиб кўрсангиз, ичи бўм-бўш… Она тилимизни асраш, қадру нуфузини оширишга хизмат қиладиган манбалардан биттаси ёзма матбуот бўлиши; воқеликнинг ичига, илдизига кириб, унинг барча нуқталарини батафсил, дунёнинг бошқа воқеаларига таққослаб таҳлил қилиб бериши керак. Одамларнинг катта бир авлодида шунга эҳтиёж бор, лекин уни қондирадиган манбалар кўп эмас.

Айтайлик, вазирликларнинг барчасида матбуот котиблари бор. Уларнинг кўпчилиги ўтказиладиган тадбир, тақдимотлар олдидан тайёрланадиган “пресс-релиз”ни олиб, унинг бошини охирига, охирини бошига “ямаб” бир мақола ёзган бўлади ва эълон қилади. Бу ҳолни ҳамма билиб турибди, агар шунга бир марта индамасангиз, иккинчиси, учинчиси… яна ёнига қўшилади. Турли идораларда, мисол учун, 50 нафар журналист хизмат қилаётган бўлса, улардан 10 нафари гўзал ёзадиган бўлса, ўша ташкилотнинг бахти. Лекин қолганлари, истайсизми-йўқми, менинг гапим ёқадими-ёқмайдими, талаб даражасидаги журналистлар эмас. Шундай ҳолатлар негизи — хатоларга вақтида чора кўрмаслик.

— Устоз, интернет журналистларига эҳтиёж кундан-кунга ортиб боряпти. Ҳозирги замон миллий журналистикамизда, айтайлик, айнан интернет журналистикасида устоз ва шогирдлик анъанаси қай даражада?

— Ҳозирги пайтда бу масалага журналистлар ичида ёки таълим-тарбия даргоҳларидагина эмас, давлат даражасида эътибор бериляпти. Бу ўринда муҳтарам Президентимизнинг шу йили Матбуотчилар байрами — 27 июнда чиқарган қарорларини назарда тутяпман.

Бу қарорда барча институтлардан ташқари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон” ва бошқа ўнга яқин газеталарда ҳам устозу шогирдлик анъаналарини расмий суратда давом эттириш вазифаси белгилаб қўйилган. Яна бир янгиликни жуда миннатдорлик билан айтишимиз керак: илгари хизмат кўрсатган журналист таклиф этилган жойларга бориб, борингки, маърузалар ўқиши, ҳатто дарслар ўтиши мумкин эди. Лекин унга оддий журналист сифатида қараларди. Президентимиз ҳозир уларнинг мақомини университетларда дарс берадиган доцент даражасига етказди. Устозлар ҳамиша шогирдларига чин юракдан, вақтларини аямасдан билганларини ўргатганлар. Ҳозир ҳам ўргатишяпти, лекин текинга эмас, профессор даражасида, доцент даражасида туриб сабоқ беряптилар. Шу имкониятдан қандай фойдаланяпмиз, натижа бер­яптими — мана шу томонини чуқурроқ, таҳлилий ўйлашимиз керак.

Биз кўпинча чет элларга бориб тажриба ўрганиб келайлик, деймиз. Яхши ният, лекин чет элда ҳамма ҳам қучоғини очиб тургани, қолаверса, бизга домлалик қиладиган одамлар тиқилиб ётгани йўқ. Ўзимизнинг тажрибали журналист, тажрибали ёзувчи, ижодкорларимиз, Худога шукур, бор. Шу ўринда биттагина устознинг номини айтаман, қолган устозларимизни, ҳамкасбларимизни камситмаган ҳолда. Мана шу ёзувчи, журналист Аҳмаджон Мелибоевнинг журналистикага оид ёзганларидаги куюнчаклик ва тилга олинган фикрларни агар ёшларимиз қунт билан ўрганса, чет эллик журналистлардан ҳеч қачон ололмайдиган тажриба, касб сирлари, маҳоратини ўзлаштирса бўлади. Гап фақат устозда эмас, шогирдга ҳам боғлиқ. Шогирд шу йўлга кирдими, соҳага ўзини, жонини ҳам бағишлаши керак.

Шу ўқув йили бошида журналистика университети талабалари билан учрашувда ўрни келиб қолиб, устозимиздан эшитган гапни айтдим: “Журналист — энг бахтсиз одам”. Ҳамма ҳайрон бўлиб қолди, албатта. Кейин бу гапни тушунтиришга ҳаракат қилдим: “Устоз шуни назарда тутган эдики, журналист ўзининг бахтидан, вақтидан, ташвишларидан воз кечиб, бировларнинг ташвиши, дарди билан яшайди, бошқаларга бахт улашиш учун қалбиям, ўзиям тинмайди. Журналист, масалан, ноҳақликка учраган одамни ҳимоя қилиш, шунинг ҳақ-ҳуқуқини жойига қўйиш учун жону дили билан ҳаракат қилади. Бу жараёнда қанча калтак ейди, кимларга бориб нималар дейди, нималарга дучор бўлади — буни ўзи ва Худо билади. Адолат юзини очганда эса, куйиб-ёнишлари, ҳамма ташвишлари унутилиб, бахтли одамга айланади.

— Блогерлар бугунги кунда жуда фаол. Лекин улардан айримлари берган маълумотлар ёлғон, хато чиқиши оқибатида одамлар алданиб қолиб, профессионал журналистларга ишонч ҳам маълум даражада камайганини кўряпмиз. Нега профессионал журналистлар блогерлар каби тезкор эмас?

— Тасаввур қилинг, дарё тепадан оқиб келяпти. Ёмғир, сел келса, суви лойқаланади. Дарё суви йўл-йўлакай тиниб, уммонга етгунича топ-тоза бўлиши мумкин. Бу ўхшатишдан мурод нима? Бугун ахборотлар дарёси тўлиб оқмоқда, унда лойқа ҳам, хас-чўп ҳам бор. Дарё суви ҳар хил табиий офатлар, селлар, тошқинлар камайганда тинади ва тиниқади. Матбуот билан боғлиқ саволлар ечими ҳам шундай. Блогерлар кўпайгани ва улар матбуотда бирдан мустаҳкам ўрин эгаллаш йўлини топганини табриклаш керак, бу ўз-ўзидан бўлмайди. Бунга сабаб — муҳит. Яъни дунё воқеалари бундан ўттиз-қирқ йил олдингига нисбатан уч-тўрт юз баробар тезлашиб кетди. Бу тезкор воқеаларни ёзма матбуотда биз ўрганган шаклда тезкор акс эттириш қийин. Чунки газета материаллари олдиндан ёзилади, тайёрланади, босмахонага туширилади, ўқилади, кейин босмадан чиқарилади.

Айтайлик, Европа мамлакатларида, Америкада ҳар куни икки-уч сони чиқадиган газеталар бор. Лекин улар ҳам бугунги шиддатли воқеаларни ёритишда блогерларга тенглаша олмайди. Блогер кўрганини, ҳатто икки дақиқа ўтмасдан, ижтимоий тармоқларда эълон қилиши мумкин. Бу ерда газетани айблаб бўлмайди. Блогерларга мана шу муҳит табиий йўл очиб берди, бу — хурсанд бўладиган воқеа. Лекин айни шу жараёнда, айрим ўринларда журналистика этикаси, одоби, талаблари деган масалалардан четлашиб кетилди. Айрим блогерлар қўйган постларни ўқиб… узр сўраб айтаман, улар орасида саводли, тил ва ёзув қоидаларимизга риоя қиладиган, фикрлайдиган, одобни жойига қўядиган, журналистика этикасига риоя қиладиганлари етарли, лекин етарли эмаслари ҳам керагича топилади.

Ёзма матбуот ҳужжат сифатида қолади. Блогер ёзгани эртага топилмай қолиши мумкин. Бояги ўхшатишимизга қайтадиган бўлсак, ҳаётий воқеалар селлар келиб, ёмғирлар ёғиб, момақалдироқ гулдураб турган пайтга монанд бўлганда, тезкор информацияга эҳтиёжманд аксарият одамлар унинг чала-чулпа, саводсиз тилда ёзилганига ҳам аҳамиятсиз бўлдилар. Шунинг учун хат, саводга эътибор бермайдиган блогерлар кўпайиб кетди. Ўзимиздан ҳам, ўқувчилардан ҳам хато ўтди. Яъни, “ҳурматли блогер” ёки “ҳурматли қаламкаш, шу воқеани бизга ўз вақтида етказганингиз учун раҳмат, лекин ўзимизнинг одатларни, тилимизни иззат қилинг-да, имло қоидаларига риоя қилинг, ука”, — демадик. Оқибатда тилга эътиборсизлик кучайди, ёзувни менсимайдиганлар пайдо бўлди, ёлғон билан обрў олишни шараф дейдиганларнинг кетмони учди. Бора-бора ёлғон ва хато ёзиш ҳам айрим кимсаларнинг тамагирликкача бориши чангида қолиб кетди, бундайларни қўштирноқ ичидаги “блогер” дейман. Энг ёмони, ўша тамагирлардан қўрқиб, уларни ўзига шотир қилиб оладиган раҳбарлар пайдо бўлди.

Агар вақтида ҳаммамиз бир бўлиб, темирни қизиғида босганимизда, яъни журналистга қўйилаётган талабларни блогерларга ҳам қўйганимизда, балки бундай бўлмасди. Ҳозир ҳам ҳеч иккиланмасдан айтаман, кўп раҳбарларимиз айрим блогердан кўнгли айнийди-ю… ўша блогерлар олдига бориб қолса, оёғининг тагига гилам тўшайди, лекин журналистга бундай илтифот кўрсатмайди. Нима учун? Чунки иззатини сақлаган журналист беодобчилик, юзсизлик қилмаслигини билади.

— Давлатимиз раҳбари жорий йил бошида миллий контент масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Ҳозир оммавий ахборот воситаларида миллий контент яратиш борасидаги ишлар талаб даражасидами? Бу борада яна қандай долзарб вазифалар турибди?

— Фикримни ҳаётий мисолдан бошламоқчиман. Яқинда нуфузли одамлар иштирокидаги бир йиғилишда ўтириб аввал эътибор бермадим, лекин ўрталарига келиб, блокнотимга сўзловчилар нутқидаги хорижий сўзларни ёза бошладим. Бу сўзлар — маърузачилардан эшитганларимнинг бир қисми: “дальше”, “молодец”, “любой”, “канатка”, “нереальный”, “пробка”, “комплект”, “пакет”, “давай”, “так”, “как раз”, “документ”, “решение”, “шлагбаум”, “холодильник”, “кольцевой”, “товар”, “всё”, “уровень”, “канал”, “двигатель”, “реальный”, “реализация”, “бассейн”, “пожарный”, “детский”, “больница”… Бунақа сўзлар ўнлаб эмас, юзлаб.

Бунинг сабаби, юз йилдан зиёдроқ босқинчилар қўл остида яшаган бўлсак, ўша зуғум ва азоблар арқонини ҳали тўла узиб кета олмаяпмиз. Гарчанд чегарамиз, байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз аниқ ва ўзимизники, пулдан тортиб банкимизгача, тилу маънавий бойликларимизгача мустақил деб эълон қилганмиз ва мустақил бўлганмиз. Лекин шундай ҳолатлар борки, улардан узилиш қийин экан.

Президентимиз нега бугун миллий контент яратишни муҳим масала қилиб қўйдилар? Бунинг сабабини ўзимиздан, ичимиздан қидиришимиз керак. Бизнинг ичимизда Шўродан қолиб кетган кирлар ҳали турибди, биз уни ювиб ташлолмасдан беихтиёр ишлатяпмиз — бу биттаси. Иккинчи жиҳати — биз бугун ҳорижий тилларни ўрганишни мақсад қилиб қўйдик, бунинг учун катта имкониятлар яратилди. Бизнинг Миллий ахборот агентлигимиз ходимлари орасида инглизлар, араб, хитойликлар билан бемалол ўша миллат тилида гаплашадиган, ёзадиганлар бор-у… ўзбек тилини яхши билмайди, фожиа бу.

Биз қачонки ўз тилимизни юрагимизнинг энг тўрига ҳурмат билан ўтқазиб қўймас эканмиз, ҳеч қачон миллий контент деган нарса бўлмайди. Матбуотда бу соҳада жуда кўплаб материаллар чиқяпти, шу ерда профессор Қозоқбой Йўлдошев мақолаларини эслагим келди. Қозоқбой ака: “Нима учун, масалан, пойтахтда рус тилида ўқитиладиган мактаблар кўпайиб кетяпти, нима учун ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар унчалик эмас, нега?” деган ҳақли саволни ўртага ташлайдилар. Рус тилидаги, инглиз тилига ихтисослашган мактаблар кўпайишига ҳеч ким қарши эмас, ёшлар қанча кўп тилни ўрганса, шунча яхши. Лекин, аввало, ўзбек тилини яхши билишимиз керак, гап шу ҳақда кетяпти.

— Хабарингиз бор, 2019 йилда Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси қабул қилинган эди. Ҳамкасбларимиз касб этикаси кодексидан қай даражада хабардор ва унинг талаб, қоидаларига нечоғлиқ амал қилишяпти?

— Касб этикаси, бошқа этикалардан ҳам, аввало, хабардор бўлиш, уни ўрганиш, билиш ва моҳиятини қалбга сингдириш керак. Шунинг учун ҳар бир нарса, ҳар бир фандан биринчи навбатда хабардор қилинади. Журналист, аввало, ўз касби этикасини, ўз ташкилоти тавсия қилаётган, дўстлари кўриб маъқуллаган этика бандлари, талаблари нимадан иборат эканлигини яхши билиши, тушуниши керак. Республикамиз журналистларининг барчаси буни билади, хабари бор, деёлмайман. Балки, Журналистлар уюшмаси фаолиятида ҳаракатни кучайтириш керак бўлган нуқталардан биттаси шудир. Ҳар бир журналистга касб этикаси талаб ва қоидаларини электрон шаклда юбориш керак. Улар орасида: “Мана шунақа этикамиз бор, нима дейсиз шунга, сиз унга амал қиляпсизми? Яна қандай таклифларингиз бор?” деган сўровнома ўтказиш ҳам мумкин.

Мана, бугун кўпчилик блогерлардан хафа бўляпмиз. “Унга амал қилмайди, буни билмайди”, — деймиз. Аслида ҳам улар буни билмаслиги мумкин. Бугун айрим блогерлар ўзини журналистдан паст деб билмайди, баланд санайдиганлари ҳам бор. Демак, бизда номи икки хил — журналист ва блогер деб аталса-да, бироқ мантиқан илдизи битта, хизмат қиладиган объекти ҳам, вазифаси ҳам битта бўлган инсонларга қўйиладиган талаб ҳам битта бўлиши — Касб этикаси қоидаларидан улар бирдек хабардор бўлиши керак. Шу маънода мен худди Журналистлар уюшмаси сингари алоҳида блогерлар уюшмаси ташкил қилиш тарафдори эмасман. Ташкилот қанча кўпайса, масала шунча чигаллашади. Журналистлар, блогерларнинг ҳаммасини ҳозир мавжуд уюшма атрофига жамлаш керак. Саволингиз жавоби битта гап билан бўлмайди; ҳаётнинг ўзи бу масалани ўртага қўйиб, секин-аста ечимини топиш йўлларини ўргатиб бораверади.

Хуллас, ҳақиқий журналистларга ҳеч қайси замонда осон бўлмаган. Ҳар биримизнинг шахсий танловимиз, кўнглимиз иши, ўз хоҳишимизга кўра, қийин бўлишига қарамасдан, мана шу йўлни танлаганмиз. Журналист ҳаёти курашдан иборат, ўз фикримизни, маълумотимизни, ахборотимизни имкон қадар оқлашга ҳаракат қиламиз ва бу учун курашамиз.

— Афсуски, мана шундай курашувчан журналистлар, эътибор берсак, кўпинча танқидга учрайди. Айрим қони қайноқ ёш журналистлар танқидни тўғри тушунмайди, ҳазм қилишолмайди. Тажрибали устоз сифатида уларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

— Журналистика оғир, масъулиятли касб, деган фикрга мен ҳам қўшиламан. Лекин масъулиятли инсон учун енгил касб йўқ дунёда.

Баъзан менга шундай туюлади-да, бир-биримизга “ёзувчи ёки журналист Худо алоҳида меҳр билан яратган бир яратиқ” деган маънода таъриф бергандай бўламиз-да, тўғримас бу, ҳамма ҳам бир одам. Абдулла Қаҳҳор домла: “Ижоднинг тўқсон тўққиз фоизи меҳнат”, — деганлар. Кейинги пайтларда учрашувларда кузатаман-да, ёш-ёш йигитлар минбарга чиқиб, халқ номидан гапира бошлаганда, баъзилар мийиғида кулиб ўтиришади.

Кўп одамлар ижодкор бўлиш ниятида юради, лекин ёзувчилик меҳнатига чидамайди ва умрини зое ўтказади. Демак, у бошқа йўлни танлаши керак. Бўлажак журналистлар билан учрашганда: “Агар журналист бўлмоқчи бўлсангиз, ҳаётингизни шунга бағишланг. Бундай қилолмасангиз, (улар учинчи курс талабалари эди), уч йиллик умрларинг зое кетса кетсин, бошқа касб танланглар. Акс ҳолда, келажакда бутун умрингиз бекор ўтиши мумкин. Шунинг учун ҳозирги имкониятларингдан фойдаланиб, тўғри йўлга тушиб олинглар. Қобилиятларингизга, қизиқишларингизга яраша касб танлашингиз керак”, — деган фикрни айтгандай бўлдим.

Журналистлик тоши жуда оғир, нони ғоят қаттиқ. Шунга чидаганлар журналист бўлади. Модомики шу касбни танладими, қийинчиликларига, калтакларига ҳам, роҳатига ҳам чидаши керак. Сиз мақтов ҳақида гапирдингиз. Биз бажарган ишимизга яраша бир оғиз ширин сўз эшитгимиз келади. Энди, агар бажарган ишингиз ҳақиқатан ҳам арзийдиган бўлса, одамлар: “Раҳмат қизим, раҳмат, синглим, отангга балли, барака топ!” — деган гапни айтади. Мақтов ва ундан кейингилари мукофотлар, орденлар ва ҳоказолар — одамнинг меҳнати баҳоси, эътирофи. Бундай мақтов ҳаммага керак.

Устозимиз Абдулла Орипов: “Агар одамлар мен эшитган мақтовларни эшитган бўлса эди, ҳозир уйини тополмай, кўчама-кўча дайдиб юрган бўларди”, — деган эдилар. Бу — мақтовни кўтариш ҳам осон эмас, дегани. Нима учун биз “ортиқча мақтов”, “мақтов одамни бузади” деймиз. Мақтов одамни бузмайди, мақтовни кўтара олмаган, ҳазм қила олмаган одам бузилади.

Бундай ҳол, айниқса, телевидениеда эфирга чиқадиган ёшларда кўп содир бўлади. Улар бир-икки марта эфирга чиққанидан кейин, албатта: “Кўрдик, жуда яхши олиб бордингиз”, — деб айтадилар. Бундан хурсанд бўлиш мумкин, аммо ҳовлиқиб кетмаслик керак. Баъзи ука-сингилларимиз табиатида бирдан ўзини даҳога айлантириб, бирдан бошқаларни менсимаслик, гапга қулоқ солмаслик, ўзини шу доирадаги энг ёрқин юлдуз деб ҳисоблаш ҳолатлари кўринади. Санъаткорлар орасида бунақа “юлдузлик”ка даъвогарлар кўп, улар тўғрисида кўрсатув ёки эшиттириш олиб борадиганларда эса ундан ҳам баттар. Кейинги пайтларда баъзи бир теле- ёки радиобошловчилардан кўра тўй олиб борадиганларнинг гапи мазмунлироқ бўлиб қолди. Ачинарлиси, телевидениени кўп одамлар кўради. Ҳозир айрим телебошловчиларимизда бошловчилик маданияти тамомила йўқолиб кетди. Мен бунга бир томошабин сифатида қаршиман. Илгари бир сўзни нотўғри талаффуз қилган бошловчи ёки диктор тартибга чақириларди, жазоланган вақтлари ҳам бўлган. Бу азбаройи шу одамнинг яхши-ёмонлиги деб эмас, уни кўриб турган минглаб, миллионлаб одамларга нисбатан менсимаслик, деб баҳоланган.

Ҳозир айниқса, хусусийлар, нодавлат телеканаллар орасида унча-мунчага парво қилмайдиганлар бор. Аммо биз нима бўлганда ҳам, ҳамма нарсани жой-жойига қўйишга мажбурмиз, уларниям мажбур қилишимиз керак, гап шунда.

— Устоз, кейинги йилларда юртимизда оммавий ахборот воситалари сони 55 фоизга ўсди, 400 га яқин янги интернет нашрлари фаолияти йўлга қўйилди, Миллий медиа майдонимизда ўзига хос рақобат юзага келди. Сизнингча, айни рақобатга босма оммавий ахборот воситалари қай даражада бардош беряпти?

— Рақобат бўлмаган жойда ривожланиш бўлмайди. Бошқа соҳаларда ҳам шундай. Ёзма матбуот билан электрон оммавий ахборот воситалари ўртасида рақобат ҳам шиддат билан давом этяпти. Қанийди, ана шу икки воситани икки дарёга қиёсласак, икки дарё қўшилиб оққанда, уларнинг атрофдаги дарахтларга, тупроқ, ўт-ўланларга фойдаси икки баробар ошгани каби, босма ҳамда интернет нашрларининг рақобати мақсади, интилишлари бир ўзанга тушса, одамларга, жамиятга фойдаси беқиёс бўлар эди.

Бугун ёзма матбуот, электрон оммавий ахборот воситаларидан фарқли ўлароқ, ўзига мос ва хос ишлар қилиши кераклигини тушунди. Кўп газеталарда ярим саҳифа, бир саҳифа материаллар, мақолалар босилади. Буни интернет бермайди, берганда ҳам биров ўқимайди, чунки одамлар интернетдан ихчам, қисқа, лўнда, тезкор материалларни ўқишга ўрганишди. Изланувчан босма нашр жамоалари бошқа йўналишда, бошқа нигоҳ билан, электрон воситаларда ёритилмаётган, ёритилиши қийин бўлган, у ерда ёритилса ҳам биров қўрмайдиган, ўқилиши қийин бўлган масалаларни, мавзуларни ўқувчиларга етказишга интилмоқда. Одамлар бошқа жойлардан топиши қийин бўлган ва бу усулда таҳлил қилинмаган, таҳлили ҳам қийин бўлган масалаларни ёритмоқда. Бу ёзма матбуотнинг рақобатбардошлигини таъминлаш йўлидаги ҳаракатларнинг дастлабки қадамлари, менимча. Ижобий маънодаги рақобат бардавом бўлсин.

— Айтганингиз келсин. Энди, бугунги кунда жаҳон медиа бозорида ўзбек миллий журналистикаси ўрнини қандай баҳолайсиз, унинг истиқболидан қандай умидларингиз бор?

— Дунёда ҳамма оммавий ахборот воситаларини тарозига соладиган бирорта ташкилот йўқ. Масалан, энг ривожланган деганимиз Американинг матбуоти, ёнимиздаги Россия матбуоти қандай? Уларни илдизи билан таҳлил қиладиган ҳеч қандай ўлчов йўқ. Аммо атрофдаги ёзувлардан, айтиладиган гаплардан хулоса қилсак, ҳар бир матбуот ўз миллати, давлати, халқига хизмат қиляпти. Айтайлик, Америка журналисти Ўзбекистоннинг бахти учун ёки ўзбек халқининг фаровон келажагини кўзлаб мақола ёзмайди. Чунки у муаммоларимизни биз билганчалик англамайди, тушунмайди, шу сабабли холис ва тўғри ёритмайди, бу уларнинг вазифасига ҳам кирмайди.

Газеталаримиз адади бир пайтлардагига нисбатан жуда пасайиб кетган бўлса ҳам, ўзбек матбуоти вазифасини бажариб, ўрнини эгаллаб турибди; халқимизнинг ишларини, муаммоларини баҳоли қудрат ёритаяпти. Яхши ёритаётган газеталаримиз ҳам жуда кўп. Худога шукур, муаммоларни тушуниб, жони ачиб, уйқусидан воз кечиб масалани илдизигача очиб беришга тайёр журналистларимиз ҳам оз эмас, биз бундан фахрланишимиз керак. Ўзбек матбуоти ўз овози, сўзига эга; ўз олдига қўйилган вазифаларини яхши бажараяпти. Тўғри, камчиликлари бор, зеро, беайб — Парвардигор. Асосийси, халқимиз ташвиши, қувончи, орзу-истакларини холис ёритаётган бўлса, шу матбуотга шон-шарафлар бўлсин, дейиш керак.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Мен журналистларнинг ёнидаман”, “Сизлар менга ишонинглар”, — деяптилар, нима учун? Чунки ҳали бизда журналистнинг тўғри гапини очиқкўнгиллик билан холис қабул қиладиган одамлар, минг афсуски, кўп эмас. Айниқса, ўрта бўғин ва маълум бир даражадаги раҳбарлар ичида. Яқинда бизнинг Ахборот агентлигимиз мухбири ёзган тўғри гапи учун олти-етти ой давомида жуда азият чекди, ўзи қолиб болаларига, қариндошларигача турли йўллар билан тазйиқлар бўлди. Лекин қараб турмадик, курашдик, ҳақиқатни охирига етказиш йўлларини топишга ҳаракат қилдик ва бунга эришдик. Журналист ҳақ эканлигини таъминладик. Мен битта нарсани айтаман-да, агар сенга нисбатан танқиднинг 90 фоизи туҳмат бўлса-ю, 10 фоизи рост бўлса ҳам, шуни айтган одамни ҳурматлаш керак, чунки у сен хатолардан холис бўлишингни истайди.

— Абдусаид ака, касблар чорраҳасида журналистликни танлаб турган ёшлар орасида катта ғайрат, шижоат билан шу соҳада жонбозлик кўрсатишга, матбуотда ўз номлари, ўринларига эга бўлиб, халқ ишончи ва меҳрини қозониш ниятида ўқиб, ёзиб, изланаётганлар оз эмас. Журналист қачон машҳур ва севимли бўлади?

— Мен Ўзбекистон журналистикасида ёшлар тўлқини мавж уриб келаётганини кузатиб, фахрланиб турганлардан биттасиман. Ёшларимиз орасида (ижодида тил ва таҳлил йўналишида камчиликлари бўлишидан қатъи назар) шу касбга ишонч билан ҳаётини боғлаган қаламкашлар бор. Улар келажакда бугунги оқсоқолларимиз, олдинги ўтган устоз журналистлар каби юксак даражаларга, катта иззат-икромга эришишига ишонаман. Фақат бунинг битта талаби бор: кимки меҳнатдан, учраши мумкин тўсиқлардан, ҳар хил кутилган ва кутилмаган воқеа-ҳодисалардан, ҳатто мақтовлардан ҳам ўзини ҳимоя қила олса, ҳеч қачон изланишдан тўхтамаса, албатта, мақсадига етади. Энг муҳими — қалбдаги юксак эътиқод. Халқимиз, Ватанимиз озодлиги, ободлиги, фаровонлиги барқарар бўлишига ҳисса қўшишга чин маънода камарбаста инсон доим элу юртга севимли бўлади.

— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.

Наргиза АЗИЗОВА суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × five =