“Юксалиш” ҳаракати раиси – Бобур БЕКМУРОДОВ: “Муаммолар ечимини топишга кўмаклашиш – асосий вазифамиз”

Ислоҳотлар ривожланиш сари ташланган қадамдир. Улар негизида халқ манфаатлари ва ҳимоясини таъминлашдек устувор вазифалар илгари сурилади. Ушбу хайрли ишларни амалга оширишда бир қатор ташкилотлар асосий ижрочи, кўмакдош ҳисобланади. Булардан бири 2019 йилдан бери Ўзбекистонда фаолият юритаётган “Юксалиш” ҳаракатидир. Бугун биз ушбу ҳаракатнинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ташкилот раиси Бобур Бекмуродов билан суҳбатлашдик.
— “Юксалиш” ҳаракатининг нима иш билан шуғулланишини ҳамма ҳам билавермайди. Барча учун мухтасар тарзда ушбу ҳаракат фаолияти ҳақида тушунча бериб ўтсангиз. Шунингдек, кейинги пайтларда сизлар амалга оширган ишлар ҳақида ҳам қисқача сўзлаб берсангиз.
— “Юксалиш” ҳаракати ўз номи билан жамиятни юксалтириш, давлат органларини ислоҳотларда қўллаб-қувватлаш, прогрессив юксалиш ғояларини жамиятимизга, мамлакатимизга олиб келишда хизмат қиладиган ташкилот десак бўлади. Бизнинг фаолият йўналишларимиз ҳам “Юксалиш” номи билан бевосита боғлиқ.
Ҳаракатнинг фаолиятига тўхталсак, биринчи навбатда мамлакатимиз раҳбарининг олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларига жамоатчиликни, одамларни жалб қилиш, унинг асл моҳиятини тушунтириш, давлатнинг стратегияси доирасида келгусида эришмоқчи бўлган мақсадлари ҳақида халқимизга ахборот бериш бизнинг асосий вазифаларимиздан ҳисобланади.
Одамлар билан мулоқот қилиш, жамоатчиликка батафсил ахборот бериш, ислоҳотларнинг очиқлиги ва шаффофлиги — бу янгилик десак ҳам бўлади. Биламизки, бундан бироз илгари давлатимизда ёпиқлик сиёсати мавжуд эди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга раҳбар бўлиб келганларидан сўнг очиқлик тамойиллари ҳамма жабҳада жорий этила бошлади. Шундан сўнг давлат учун ўзининг сўзини жамоатчиликка етказишга институтлар, майдонлар керак бўлди. Бунда “Юксалиш” ҳаракати майдон сифатида фаолият олиб бормоқда.
Бизда жамоатчилик назорати ҳам мавжуд ва у жойларда ислоҳотларнинг қандай йўсинда бораётгани ва уларга халқнинг муносабати қандайлигини ўрганади, Президент топшириқлари ҳудудларда амалдорлар томонидан тўғри бажарилаётганини ҳам назорат қилади.
Ҳар ойда республика миқёсида камида 2-3 та тадқиқот ва мониторинглар ўтказамиз. Халқимизни қийнаётган масалалар, ичимлик суви муаммолари, йўллар, мактаблар, тиббиёт муассасаларининг қурилиши ва фаолиятидаги қонун ижролари қандай бажарилаётганини доимий ўрганиб борамиз. Натижаларни Президент Администрациясига, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамасига танқидий шаклда киритиб турамиз.
Шунингдек, биз “Ақл маркази” сифатида ҳам фаолият юритамиз. Жамиятни қийнаётган турли муаммоларни давлат ва жамиятнинг кун тартибига олиб чиқамиз, яъни маълум бир муаммони чуқур ўрганиб, шу асосда мақбул бўлган ечимларни тегишли ташкилотларга берамиз.
Шу билан бирга, жамоат ташкилоти сифатида хайрия ишларини ҳам олиб борамиз. Масалан, икки йил аввал “Ҳаёт улаш” акциясини бошлаган эдик. Бунда 10 та ҳудудда қудуқлар қазиш ва одамларга сув етказиш ишларини олиб бордик. Бунда тадбиркорлар, ҳомийлар кўмак бўлишди. Биласизми, бизнинг ўзбек халқимиз жуда ҳам кўнгли очиқ, сахий эл. Биз шундай фикрга келдикки, Ўзбекистонда мавжуд сув билан боғлиқ муаммоларни бартараф этсак, сув иншоотларини қурсак, халқимизга сув етказиб берсак, уларнинг оғирини енгил қилган бўламиз, деган ниятда ушбу лойиҳани эълон қилган эдик. Яна бир лойиҳамиз — “Биз донормиз” акцияси бўлиб, 2 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Биз Республика қон қуйиш маркази ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда ушбу акцияни эълон қилгандик. Йилда уч-тўрт марта ўтказилади. Биринчи йилда 500 литр қон йиғилган эди. Айни пайтда эса “Яшил макон” номли умуммиллий лойиҳани олиб бормоқдамиз.
— Маълумки, юртимизда таълим-тарбияга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўрта мактаблардаги таълим-тарбия сифатини ошириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётир. Бу борада “Юксалиш”нинг ўрни ва вазифалари қандай бўляпти?
— Биз одамларни қийнаётган барча соҳаларда уларга кўмак беришга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, таълимда ҳам. Бизнинг таълим борасидаги энг муҳим вазифамиз — “Таълим тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлашга ҳисса қўшиш. Умуман, таълим доирасидаги жамики қонунлар ижро этилиши шарт ва зарур. Масалан, жойларда педагогларга оид қонунлар яхши ишламайди. Мажбурий меҳнат ёки “Опен бюджет” дастурларига ўқитувчилар жалб қилиниши ҳолатлари кузатилмоқдами-йўқми, биз буни назорат қилиб борамиз. Олинган натижаларни юқори ташкилотларга етказиб турамиз. Ёки бирор капитал таъмирланиши керак бўлган мактаб вақтида фойдаланишга топширилмаса, норозиликларга сабаб бўлади. Биз буни аниқлаб борамиз.
Таълим бу — узоқ вақт инвестиция қилинадиган ва натижаси ҳам узоқ вақтда билинадиган соҳалардан бири. Биз педагогларнинг мавқеини ошириш, турмуш шароитини яхшилаш, янги мактаблар қуришга эътибор беришимиз керак.
— Жуда катта кўламда иш олиб борилар экан-ку. Бу фақат ҳисобот кўринишида бўлмаса, яхши. Яна бир мулоҳаза: қанча баланд иншоотлар қурмайлик, қанча йўлларни равон қилмайлик, асосий куч одамларнинг илм олишида бўлиб қолаверади. Сизнингча, бугун ёшларнинг неча фоизи китоб ўқийди? Бу борада ҳам силар томонингиздан бирорта ўрганиш олиб борилганми? Газета-журналлар мутолааси бўйича-чи?
— Жамиятнинг неча фоизи китоб ўқиши давлатнинг маданий, илмий салоҳиятини ифодалайди. Ривожланган мамлакатларда китоб ўқиш фоизи ривожланаётган давлатларга нисбатан юқори бўлади. Жамиятимизда “Китоб ўқиб ким бўлар эдинг?” каби қарашлар ҳам бор. Лекин китоб ўқиш орқалигина биз дунёқараши кенг, қадриятлари мустаҳкам бўлган жамиятни ярата оламиз. Китоб ўқиш орқалигина жамиятда толерантлик, тўғри йўлни танлай билиш, ҳалоллик каби қадриятлар шаклланади. Очиқ айтиш керак, бизда китоб ўқиш даражаси мақтангулик эмас. Аммо қарашлар ўзгармоқда. Юртбошимизнинг китоб ўқиш бўйича танловлар, мусобақалар ўтказилишини эълон қилганликлари муҳим қадам бўлди. Китоб ўқиган ёшларга автомобиль берилаётганлиги ижобий тенденциялардан биридир. Бугунги жадал тараққиёт китоб ўқиган одам жамиятда ўз ўрнини топишини исботламоқда. Китоб инсоннинг ҳар бир соҳада етук ва керакли кадр бўлишида муҳим манба.
Энди газета-журналларга тўхталсак. Дунёда газеталардан чуқурроқ илмий билим олишга интилган одамлар фойдаланади. Масалан, “Washington Post” жиддийроқ мавзуларни топиш учун ўқишса, янгиликлар учун улардан фойдаланмайсиз, ижтимоий тармоқлардан топасиз. Ҳозирда нафақат босма нашрларни, балки тезкор хабарлар учун интернет нашрларни ҳам ўқиб бориш керак. Ҳозирда газета ва журналлар ҳам рақамлашмоқда. Масалан, бирор мақолани сайтдан пулга сотиб олиб ўқиш мумкин. Замонга мослашиш керак. Биздаги нашрлар ҳам тезроқ рақамлашган тизимга ўтиши керак.
— “Юксалиш” ҳаракатининг ўзи қайси нашрларга обуна бўлган?
— Биз ўзимиз ҳар ойда обуна кўринишида бўлмаса ҳам, марказий нашрлар билан танишиб борамиз. Ўзбекистонда газета-журналларнинг ривожланиши тарафдоримиз.
— Демак, ташкилот бирорта газетага обуна бўлиб ўқиб бормас экан-да?
— Обуна бўлганмиз, лекин кўп эмас. Айтамиз (ёрдамчисини кўрсатиб), сизга маълумот беришади. (Раҳбар ёрдамчиси ҳам елка қисиб қўйди, халос. Демак, тушунарли Г.И.)
— Яқинда ижтимоий тармоқларда сизнинг Россияда ишлаётган юртдошларимизни камситиш ҳолатларига жиддий муносабатингиз эълон қилинган эди. Буни олқишлаймиз. Ҳақиқатан ҳам, меҳнат муҳожирларига бўлган таҳқирловчи муносабатларга жим қараб туриш керак эмас. Бизнинг юртда эса аксинча, бундай нарсалар мутлақо учрамайди. Сизнингча, бундай икки хил муносабатга сабаб нимада?
— Маълумки, Ўзбекистон Россия билан иттифоқчилик, мустаҳкам дўстлик муносабатларини ўрнатган. Биз учун бу давлат ҳам анъанавий, ҳам манфаатли ҳамкор. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Турли давлатларда ташкилотлар, амалдорларнинг хориждан келган мигрантларга муносабатлари ёмон эканлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Хусусан, Россия давлат идоралари бу борада иш фаолиятини қайта кўриб чиқиши керак. Ватандошларимиз ҳалол меҳнати билан пул топяпти ва уларга нисбатан инсоний муносабат кўрсатиш тегишли давлатларнинг юридик мажбурияти ҳамдир. Ўзбекистон эса бу борада дунёга намуна бўла олади. Юртимизга келган сайёҳлар, меҳмонлар ва ишчиларга доим яхши муносабатда бўлинади. Яқинда Россиядан жуда кўплаб ишчилар келди. Биз уларни “релакант” деб атаймиз. Улар турли соҳаларда ишлашмоқда. Бизнинг жамиятимизда уларга нисбатан салбий қарашлар йўқ. Рус маданиятини ҳурмат қиламиз. Мамлакатимизда юздан ошиқ бошқа миллатлар билан, неча асрларки, бирга яшаб келамиз. Ўзбекистон бағрикенглик борасида дунёга ўрнак бўла олади.
— Ташкилотнинг келгуси катта режалари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
— “Юксалиш” ҳаракати келгуси йилда ҳам ўз фаолиятини жадаллаштириб, янги вазифаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. 2024 йил 26 августда қабул қилинган Президент фармонига кўра, эндиликда ҳар йили жамоат кенгашлари фаолияти самарадорлиги баҳоланади. Ушбу тадқиқотлар натижалари “Юксалиш” ҳаракатининг расмий манбаларида эълон қилинади.
Шунингдек, “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳаси юзасидан республика бўйлаб 20 та жамоатчилик муҳокамаси, давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бориши ҳамда жамиятда долзарб бўлиб турган мавзуларда Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда жамоатчилик эшитувлари, 8 та мавзули жамоатчилик мониторинги ўтказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистонда ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш ва ижтимоий тадбиркорларга кўмаклашиш мақсадида 25 та ижтимоий тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошираётган тадбиркорларга мутахассисларни жалб қилган ҳолда тренинглар ўтиш, “Ҳаёт улаш” акцияси доирасида 2 та вилоятнинг чекка ҳудудларида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун қудуқлар қазиш, республика бўйлаб 2000 дан зиёд аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш кабилар ҳам режалаштирилган.
Суҳбатдош: Гули ИКРОМ қизи.