Хитойда Ўзбекистон туризм йилига старт берилди
Пекин шаҳрида “Хитойда Ўзбекистон туризм йили”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир мамлакатимиз элчихонаси, Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Хитой маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Халқаро туризм ташкилоти (UNWTO) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тантанали маросимда Хитойнинг турли вазирлик ва идоралари, йирик сайёҳлик компаниялари, маданият ташкилотлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий туристлар учун яратилаётган қулай шароитлар, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олишди.
Хитой маданият ва туризм вазири ўринбосари Лу Инчуань Ўзбекистон Хитой фуқаролари учун жозибали сайёҳлик масканига айланиб бораётганини таъкидлади.
UNWTO бош котиби Зураб Поликашвили ўз нутқида, Ўзбекистон юксак туризм салоҳиятига эга мамлакат эканлигини алоҳида қайд этиб, UNWTO сайёҳлик соҳасида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорликни фаол давом эттиришини қайд этди.
Тадбир давомида, шунингдек, туризм ва инвестициялар бўйича бизнес-форум, тақдимотлар ва “B2B” учрашувлари ўтказилди.
Меҳмонлар эътиборига Ўзбекистон санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, иштирокчиларга миллий таомлар улашилди.
“Хитойда Ўзбекистон туризм йили” доирасида Пекин, Шанхай, Гуанчжоу, Ханчжоу, Сиань, Тянцзинь, Шэньчжэнь, Чэнду ва бошқа кўплаб шаҳарларда турли маданий, туристик ва иқтисодий тадбирлар, медиатурлар, сайёҳлик компаниялари ташрифлари, Хитой оммавий ахборот воситаларида туркум мақола ва кўрсатувлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзоладилар.
Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун 30 кунгача муддатга виза талабларидан озод қилинади.
“Дунё” АА,
Пекин шаҳри.