Оқкўнгил одамнинг олами

Таниқли ва истеъдодли халқаро журналист, дипломат, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, мамлакатимизнинг Ҳиндистон, Германия ва Хитой сингари давлатлардаги элчихоналарида пресс-атташе вазифасида ишлаган, яъни мазкур дипломатия ваколатхоналарида “Жаҳон” (ҳозирги “Дунё”) ахборот агентлигининг мухбирлик пунктларига мудирлик қилган Шуҳрат Умиров 60 ёшга тўлди.

Қорамағиздан келган, кўзлари доим сергак боқадиган, ихчам, серғайрат ва қувноқ, моҳир ва иқтидорли, жаҳонгашта, санъатнинг ҳақиқий шайдоси бўлган бу бетакрор журналист билан мулоқот қилар экансиз, ҳар бир масала юзасидан ўз шахсий фикрига эгалигини, табиатан закий ва чин ватанпарвар эканини дарров англайсиз. Суҳбат қизиб кетса, ундан яшаб турган оламимизнинг сир-синоатга тўлалиги, ўзи кўрган, истиқомат қилган мамлакатлар халқларининг ўзига хос ажойиботлари, глобал сиёсат ўзани қайси томонга юз бураётгани, одам болалари билиши лозим бўлган не-не ҳикмату ўгитлар ҳақида кўплаб жуда қизиқарли маълумотларни олишингиз мумкин. Диққаттортар мулоқотидан асло зерикмайсиз.

Рус, форс ва инглиз тилларида эркин сўзлаша оладиган, долзарб халқаро мавзуларни пухта таҳлил қилиш салоҳиятига эга Шуҳрат аканинг мен учун ҳам алоҳида қадрли инсонлиги шундаки, 2006 йилда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигидан “Жаҳон” ахборот агентлигига ўтишимга у киши асосий сабабчи бўлганини, бу соҳага бўлган иштиёқни кучайтиргани ва рағбатлантиргани, сўнгра халқаро шарҳларни тайёрлашда эътибор қаратиш зарур бўлган энг нозик қирраларни, талқинда миллий манфаатларнинг устуворликларига аҳамият бериш йўллари сингари турли кўз илғамас, лекин мураккаб жиҳатларни қунт билан ўргатганини сира ёдимдан чиқмайди.

Устознинг мутахассис сифатида ҳурматга лойиқ фазилатларидан яна бири шунда эдики, қалами бор кўпгина журналистларимизнинг тил билмаслик касали оёғимиздан чалаётгани, тажриба алмашиш учун хорижий мамлакатларга тез-тез чиқиш имконияти чеклангани, обуначиларга фақат сип-силлиқ, бир қолипдаги ахборотларни бериш билан чекланиб қолмасдан, ўқувчини фикрлашга ундайдиган, ақлини чархлайдиган, қалбига таъсир кўрсатадиган ва мавзулар чуқур таҳлил қилинган материаллар етишмаётгани сингари қусурларни ҳеч тортинмасдан жамоа раҳбарларига ҳам, вазирлик “каттаконлари”га ҳам айта оларди. У таржима қилинган ҳар бир сўз устида эринмай, синчиклаб ишлар, аслини топиб таққослаб-солиштирар, мабодо хато бўлса, азбаройи масъулият кучлилигидан пешонасидаги ажинлари тиришар ва кун бўйи жуда диққат бўлиб, асабийлашиб юрарди.

Қолаверса, агентликка ишга келган кезларимда Шуҳрат ака Ташқи ишлар вазирининг (ўша йиллари олижаноб инсон, таниқли дипломат Владимир Норов вазир эди) асосий нутқларини ёзадиган спичрайтер сифатида ҳам кўзга ташланган эди. Ташқи сиёсат маҳкамасининг фаолиятига доир муҳим маълумотларни қисқа ва лўнда шаклда умумлаштириш асносида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги устуворликларнинг чуқур моҳиятини очиб бериш учун жуда катта маҳорат талаб этилишини барчамиз яхши тушунар эдик.

2008 йилнинг январь ойида Шуҳрат ака Германияга узоқ муддатли хизмат сафарига кетганидан сўнг бу залворли, шу билан бирга, нозик ва масъулиятли вазифани бажаришга айнан “атак-чечак” қилиб турган мени тавсия этганини ва бу юксак ишонч кейинчалик фаолиятимга амалий жиҳатдан жиддий таъсир қилганини ҳам миннатдорлик билан эслаб юраман.

* * *

Шуҳрат Умировнинг журналистика касбига бўлган орзу-ҳаваси севимли амакиси (падари бузруквори — Тўлқин Умировнинг акаси), таниқли адабиётшунос олим, мунаққид ва публицист, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаларининг аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Сайди Умиров шахси билан бевосита боғлиқ бўлиб, амакиси унинг тақдирида ўчмас из қолдирган идеали ҳамдир. Ҳа, Шуҳрат ака миллий журналистикамизнинг бақувват устунларидан бири, ўзидан бой маънавий-илмий мерос қолдирган бу беназир адиб ва педагог сиймосида касб танлаган.

У туғилиб ўсган Пайариқ туманидаги Жўрабой қишлоғида қариндош-уруғлар, маҳалладошларнинг Сайди ака Тошкентда диссертация ёқлагани, китоби чоп этилгани, газета ёки журналда салмоқли мақолалари эълон қилингани, баодоб юриш-туриши ҳақидаги гурунглари ўспирин йигитнинг бот-бот қулоғига чалинар экан, бу ёш Шуҳратнинг болаларга хос тасаввурига жиддий таъсир қилмай қолмаган. Бу ҳақидаги хотираларни Шуҳрат ака шундай ёдга олади:

“Ҳамон яхши эслайман: қишлоқ мактабида ўқиётган 12-13 ёшли ўспирин бола эдим. Ўша кезлардаёқ “Сайди амакимдек одам бўлиб етишсам эди”, деган эзгу ниятни дилимга туккан эдим. Чунки амакимнинг илмли, камтарин инсон сифатида чор-атрофда қозонган улкан ҳурмат-эътибори мен учун қўл етмас тоғлардек эди. Теран идрок қилолмасам ҳам амаким сиймоси билан боғлиқ ичимдаги ўтли ҳавас тобора кучайиб борар ва ҳаёт йўлимда маёқ бўла бошлаган эди”.

Мактаб ўқувчисининг қалбида ниш отган бу туйғу сабаб у китоб мутолаасига шўнғиб кетди. Ўша вақтлари колхоз клубининг шундоққина биқинида жойлашган, ранг-баранг адабиётларга бой бўлган кутубхона унинг севимли ошёнига айланиб қолган эди. Мутолаага жуда берилиб кетганда ҳатто тунлари билан мижжа қоқмай ўқир, хаёлан китоблар дунёси ичида яшар эди.

Иштиёқи баланд йигитнинг илк ижодий машқи олтинчи синфлигидаёқ туман газетаси юзини кўрди. “Мароқли ўтди” сарлавҳали биринчи хабари мактабнинг аълочи ўқувчилар гуруҳининг Фарғона водийсидаги диққатга сазовор масканлар бўйлаб қизиқарли саёҳати тафсилотлари ҳақида бўлди. Ўшанда покдил ва тиришқоқ ўқувчининг бу муваффақияти бутун оила учун катта байрамга айланганини, онаси Ҳафиза аянинг қувончдан кўзига ёш қалққанини ҳамон эслайди у.

Шу тариқа журналистика соҳаси Шуҳрат Умиров учун асосий ҳаёт мазмунига айланиб қолган эди.

ЎзА ижод қозонида пишган бош муҳаррир

Шуҳрат Умиров 1986 йили Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаб, ўзбек ва рус тилларида чоп этиладиган “Қишлоқ ҳақиқати” — “Сельская правда” газетаси таҳририятига ишга кирди.

Пойтахтда қолиш қийин, уй-жой, “прописка” муаммоси кўндаланг бўлиб турарди. Аммо қанчалик оғир бўлмасин, Тошкентда қолиб, бутун борлиғи билан ишга, ижодга шўнғиди.

Кейинчалик Ўзбекистон телевидениесининг Ёшлар ва болалар дастурлари ижодий бирлашмаси муҳаррири (1990 йил), “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида катта мухбир (1990-1993 йиллар), Меҳнат вазирлиги муассислигида нашр қилинган “Меҳнат” газетасида масъул котиб (1993 йил) бўлиб ишлади. Бу даргоҳлар хабар-мақолалар ёзиш техникасини такомиллаштириш, уларни таҳрир қилиш, ижтимоий-сиёсий билимларни ошириш нуқтаи назаридан катта тажриба мактаби бўлди.

Аммо Шуҳратжонни халқаро мавзулар ўзига оҳанрабодек тортар эди. Шу боис форс тилини ўрганиш учун гарчи дорилфунуннинг журналистика факультетида 5 йил таҳсил олган бўлса-да, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг шарқшунослик факультетидаги кечки шарқ тиллари ўқув курсларига қатнади.

1993 йилдан то 2000 йилга қадар Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) мухбири, етакчи шарҳловчиси, Бош директор ёрдамчиси, Халқаро ахборот таҳририяти бош муҳаррири вазифаларида меҳнат қилди.

Ҳукумат тасарруфидаги асосий ахборот агентлигининг Халқаро ахборотлар таҳририяти раҳбари сифатида у биринчи Президентимизнинг хорижий юртларга давлат, расмий ва амалий ташрифларидан тортиб, бирон-бир чет мамлакат ҳаётига оид янгиликлару хабар-мақолаларни тайёрлаш, уларни ташкил этиш ва агентликнинг обуначилари бўлган оммавий ахборот воситаларига узатилишига бевосита масъул эди. Шу жиҳатдан бутун республика миқёсидаги йирик расмий ахборот агентлигида ишлайдиган ижодий ходимларнинг масъулияти қанчалик катта эканлигини англаш қийин эмас, албатта.

Шуҳрат ака 1993 йили биринчи марта ЎзА мухбири сифатида илк бор Покистон Бош вазири Беназир Бхуттонинг мамлакатимизга расмий ташрифини ёритганини, бу ҳақдаги салмоқли мақола унинг имзоси билан марказий газеталар саҳифаларида ўзбек ва рус тилларида чоп этилганини эслар экан, бундан жуда севинганини айтгани эсимда:

“Бу менга жуда катта рағбат бағишлаганди. Биз — Халқаро ахборотлар таҳририятининг бош муҳаррир ўринбосари Анвар Бобоев, Америка мамлакатлари бўлими бошлиғи Фарҳод Арзиев (ҳозирда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси), МДҲ мамлакатлари бўлими бошлиғи Мусулмон Намозов ва ижодий жамоамизнинг бошқа қатор аъзолари билан турли давлатлар президентлари ва ҳукуматлар раҳбарлари — Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний, Тансу Чиллер, Леонид Кучма, Борис Ельцин, Роман Ҳерцог, Франсуа Миттеран, Мирча Снегур ва бошқа расмийларнинг мамлакатимизга сафарларини жуда қизғин тайёргарлик асосида атрофлича ёритганмиз”.

“Оғриқли” тажрибалар

“Хабар йўналишида ишлайдиган журналистлар кунига ўнлаб хабарларни кетма-кет тайёрлашади, таҳрир қилишади ва обуначиларга тўхтовсиз, шиддатли тарзда жўнатиб туришади. Лекин улар эълон қилиниши биланоқ ахборотнинг янгилиги тугайди, қиммати ҳам йўқолади. Бу жанр материаллари тез эскирадиган маҳсулотдай гап. Шунинг учун бўлса керак, хабарчиларнинг меҳнати кўпам кўзга кўринавермайди”, деганди Шуҳрат ака ахборот жанрининг ўзига хосликлари ҳақида сўзлаб.

Устоз ЎзАга ишга киришидан аввал ушбу агентликда бўлиб ўтган қизиқ бир воқеани айтиб бергандилар. Туркия Президенти Турғут Ўзолнинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етганидан сўнг олий мартабали меҳмоннинг Тошкент аэропортида расмий кузатилишини ёритишга чиққан ЎзА мухбири агентликка қайтиб келиб, бу ҳақдаги хабарни ёзади ва у мамлакат бўйлаб барча обуначиларга тарқатилади. Хабар олий мартабали меҳмон Тошкентдан ўз ватанига жўнаб кетди, мазмунидаги жумла билан якунланган бўлади. Ҳолбуки, Туркия Президенти она ватанига эмас, балки минтақа бўйлаб турнесини давом эттириш учун бизга қўшни бўлган давлатлардан бирига жўнаб кетган экан.

Кўраяпсизми, мухбир буни билмаган. Ташриф ёритилишига масъул бўлган юқори идоралардаги мутасаддилар ҳам бу ҳақда агентликни хабардор қилишмаган. Натижада бу мўъжазгина хабар эртасига катта дилхираликларга сабаб бўлгани, кимлар тушунтириш хати ёзган, кимларгадир ҳайфсан эълон қилинган экан.

“Бу бизда замонавий халқаро журналистика мактаби илгари бўлмаганини, ушбу йўналиш мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин равнақ топа бошлаганини ва табиийки, “оғриқли” тажрибалар асосида шаклланиб борганини яққол тасдиқлайдиган воқеалардан биттаси, холос”, дейди Шуҳрат ака.

Шу тариқа у ушбу қутлуғ даргоҳда устозлари билан, уларнинг изидан бориб мустақил давлатнинг халқаро журналистикасига тамал тоши қўйилишига муносиб ҳисса қўшди. ЎзАда бутун юртимиз ўқувчиларига яхши таниш бўлган таниқли қалам аҳли вакиллари — Маматқул Ҳазратқулов, Машраб Бобоев, Эркин Аъзамов, Насриддин Муҳаммадиев, Қулман Очилов, Аҳмад Тошхўжаев, Амирқул Каримов, Ғулом Мирзаев ва Анвар Бобоев сингари истеъдодли қаламкашлар билан елкама-елка туриб меҳнат қилди.

Аммо Шуҳрат ака ҳамон ўзидан кўнгли тўлмас эди. Шу сабабдан чет тилларни ўрганишни, такомиллаштиришни давом эттирди. 90-йилларнинг охирига келиб, инглиз тилини пухта ўзлаштириб олган эди…

“Жаҳон”да жаҳонни топди”…

Шуҳрат Умиров 1999-2000 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг (ҳозирги Давлат бошқаруви академияси) Давлатлараро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар факультетида ўқиб, халқаро муносабатлар магистри даражасини олди. Шундан кейин Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Жаҳон” ахборот агентлигига ишга таклиф этилди. Қисқа муддат оралиғида агентлик директори, таниқли журналист ва дипломат, узоқ йиллар Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули бўлиб ишлаган, сўнгги йиллар давомида халқаро мавзуда жуда фаол ва сермаҳсул қалам тебратаётган Аброр Ғуломов раҳбарлигида ўзбек тилида халқаро мавзудаги пишиқ-пухта ахборотлар узатиладиган замонавий тизим яратилди. Бунда устоз Шуҳрат Умировнинг ҳиссаси катта бўлди.

Ўз-ўзидан аёнки, ташқи сиёсат маҳкамаси қошидаги ахборот агентлигида ишлаш халқаро журналистика йўналишидаги фаолиятни дипломатия билан бирга ўзаро уйғунликда олиб боришни тақозо қилади. Шуҳрат ака ушбу агентликда йигирма уч йил ишлади. Мамлакатимизнинг Ҳиндистон (2002-2005 йиллар), Германия (2008-2011 йиллар), Хитойдаги (2018-2021 йиллар) элчихоналарида матбуот атташеси, мухбирлик пункти мудири вазифаларида фаолият кўрсатди.

Ўзбекистоннинг муҳим стратегик шериклари саналадиган ушбу давлатларнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида юртимиздаги ўзгаришлар, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётига оид юзлаб турли хабар-мақолаларни эълон қилди. Шу билан бирга, мамлакатимиз марказий телевидениеси ва расмий даврий нашрлари учун элчихоналаримизнинг чет элдаги қизғин фаолиятини акс эттирадиган ранг-баранг кўрсатув ва хабар-мақолаларни тайёрлади. Улар “ойнаи жаҳон”да, турли газеталар саҳифаларида мунтазам равишда ёритилар эди.

Шуҳрат ака биргина Хитойнинг ўзида “Женьмин Жибао”, “Чайна Дэйли”, “Global Times” сингари энг нуфузли газеталар, “Чайна трейд”, “Чайна инвестмент”, “Дипломат мэгэзин”, “Китай” сингари журналлар саҳифаларида, “Синьхуа” ахборот агентлиги, “CGTN” телеканали ва бошқа қатор матбаа нашрлари, электрон оммавий ахборот воситаларида кенг қамровли ва узоқ муддатли ўзаро ҳамкорлигимизнинг турли қирраларини ўзида акс эттирган жуда кўплаб хабар-мақолалар, махсус репортажлар ёритилишига эришган забардаст журналистдир.

Албатта, халқаро журналист бўлиш учун фақат қаламнинг ўткирлиги ёки чет тилларини билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Шуҳрат ака тимсолида кўз олдимизда чорак аср давомида ўз мамлакатининг ички ва ташқи сиёсатини атрофлича билган, халқаро сиёсатнинг энг устувор йўналишлари ва глобал куч марказлари ўртасидаги зиддиятлар, халқаро муносабатларнинг замонавий тамойиллари, ҳатто ташқи сиёсатнинг ёзилмаган қоида ва тартибларини пухта ўзлаштирган баркамол таҳлилчи гавдаланади.

“Мен ёшлигимда дунёни кўрсам, деб орзу қилардим. Ниятда гап кўп экан. Тақдир тақозоси билан ЎзА ва “Жаҳон” (ҳозирги “Дунё”) ахборот агентликларининг ижодий вакили сифатида дунёнинг йигирмадан ортиқ мамлакатида жойлашган юзга яқин шаҳарларда бўлдим”, деди у ахборот агентликларида ўтган йилларини илиқ хотиралар билан ёдга олиш асносида, ният пок бўлса, албатта, рўёбга чиқар экан.

Ким ахборотга эга бўлса…

Шуҳрат ака мамлакатимизда халқаро журналистиканинг бугунги аҳволи талаб даражасида эмас, деб ҳисоблайди. Журналист кадрлар ўқитиладиган олий таълим муассасалари сони кўпайгани, бу йўналишда малакали кадрлар тайёрланаётгани билан охир-оқибат уларни иш билан таъминлаш ва ташқи хуружлар оқими кун сайин ортиб бораётган ҳозирги мураккаб вазиятлар тўлқинида миллий манфаатларимизни ҳимоя қиладиган чинакам ижод кишиларини етиштириш масаласи ҳамон оғриқли бўлиб қолаётганидан афсусланади.

Номи чиққан теле- ва радиоканаллар, газета ва интернет нашрлари таҳририятларида халқаро ҳаётга доир материалларни ёритиш ишлари кўнгилдагидек деб бўлмайди. Бу йўналишда баъзан бир, камдан-кам ҳолларда икки нафаргина журналист масъул этиб бириктирилган нашрларда халқаро ахборотлар, асосан, хорижий ОАВдан кўчириб таржима қилиб берилмоқда.

“Британиялик машҳур банкир Натан Ротшильд томонидан ”Ким ахборотга эга бўлса, у дунёга эгалик қилади”, деб айтилган фикрни кейинчалик машҳур сиёсатчи ва давлат арбоби Уинстон Черчилль бекорга такрорламаганини ҳам тушуниш қийин эмас. Дарҳақиқат, ишончли ахборотга эга бўлиш афзалликдир ва бирламчи ахборот замонавий дунёмизда аллақачон асосий қадриятлардан бирига айланиб бўлган”, дейди куюнчаклик билан Шуҳрат Умиров.

Албатта, журналистика ва дипломатияни уйғун ҳолатда олиб бораётган “Дунё” ахборот агентлигининг имкониятлари билан бугунги жуда катта бўшлиқни тўлиқ ёпиш мумкин эмас. Аллақачон бошқа йирик оммавий ахборот воситаларимизнинг хорижда мухбирлик пунктлари бўлиши зарур. ОАВ бюджетига каттагина юк бўлса-да, бу муҳим ишни бошлаш вақти аллақачон етган.

Қудратли давлатларнинг ўз мафкурасини ўтказишга қаратилган хуружу қутқулари, ўзларининг катта геосиёсий мақсадларини “ялтироқ қоғоз”ларга ўраб тушунтиришга интилишлари тобора кучайиб бораётган ҳозирги даврда ҳатто кичик бир хабарга қўшилган, мафкуравий ишлов берилган оддий сўз ёки жумла ҳам вазият ҳақида ўқувчи онгида ижобий ёки салбий фикрни тез шакллантиради. Шу маънода ахборотни “биринчи қўл”дан олиш, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолмоқда…

Ботиний хотиржамлик — улкан саодат

Қутлуғ ёшни қаршилаган Шуҳрат Умиров — меҳрибон оила етакчиси, уч нафар фарзанднинг отаси, беш неваранинг суюкли бобоси. Бир-бирларига кўнгил қўйиб турмуш қурган рафиқаси Ҳаловат опа Султонова ҳам курсдоши, ҳам чинакам умр йўлдоши бўлди. Ҳаловат опа бир неча йиллар давомида газета таҳририятларида, сўнгра нашриётда муҳаррир сифатида, кейинроқ эса Меҳрибонлик уйида тарбиячи бўлиб меҳнат қилди. Кўнгли ўксик етимларнинг бошини силаган бу фидойи аёл Шуҳрат ака билан фарзандлари олдидаги асосий қарзларини тўлиқ адо этишди, дейиш мумкин. Уларнинг ҳаммаси ҳозирда ўқимишли, уйли-жойли.

Тошкент давлат шарқшунослик университетини тамомлаган тўнғич ўғли Шавкатжон айни пайтда республикамиздаги йирик акциядорлик жамиятида гуруҳ раҳбари бўлиб ишламоқда.

Қизи Барнохон ҳам олий маълумотли — жаҳон тиллари университетини тамомлаган. У республикамиздаги нуфузли суғурта компаниясининг бош мутахассисидир.

Кенжа фарзанд – Дилшоджон эса Эрфурт (Германия) университетининг иқтисодиёт йўналиши бўйича бакалаври, Франкфурт-Майндаги Халқаро амалий фанлар университетининг Бизнес бошқаруви магистри дипломлари соҳиби. У ҳозирги кунда Франкфурт-Майн шаҳрида жойлашган йирик халқаро консалтинг компаниясида катта маслаҳатчи бўлиб ишлайди.

Шуҳрат ака билан касбимиздан ташқари, ҳаёт, инсоний қадриятлар, одамнинг зоҳирий ва ботиний олами сингари масалаларда ҳам кўп суҳбатлашамиз. Устознинг айрим пурмаъно фикрлари эътиборга моликдир:

“Камтарликни касб қилган одамларни яхши кўраман. Самимиятни, дўстликка садоқатни қадрлайман. Тилёғламалик, сохта мулозамат қилолмайман — нимани ўйласам, шуни гапираман. Бунинг учун жабр чеккан ҳолларим бўлган. Ҳаёт азалдан шундай”.

“Ҳаётдаги шиорим — ҳар бир сўз, ўзаро муносабат сохта ёки носамимий экан, у ҳурматга лойиқ эмас”.

“Тўғрисўзликни биров фазилат ҳисобласа, биров қусур деб билади. Лавозими, эгнидаги либоси ёки машинасининг арзон-қимматлигига қараб муомала қиладиган одамлардан ўзимни четга олишга ҳаракат қиламан. Кибрли, ўзига бино қўйган, тилида бошқа-ю, дилида бўлак, амалда эса тамоман ўзга ишни қиладиган одамларнинг ёнига оёғим тортмайди”.

“Инсон бировдан қочиб қутулиши мумкин, лекин виждонидан сира қочиб қутула олмайди”.

“Илмли, одобли, оқкўнгил, дунёқараши кенг, самимий инсонлар суҳбатига доим талпинаман. Бундай фазилатларга эга одамларга ҳамиша таъзимдаман. Чунки бизнинг ўткинчи дунёмизда ҳамма нарса нисбий, вақтинча. Инсонни илм ва одоб нақадар улуғлашини, шарафлашини биламиз. Одам ботиний хотиржамликка эришганига, дунёда ўзидан фақат эзгу ишлар, яхши номни қолдирганга нима етсин…”

Бундай фикрлар, шубҳасиз, ақл-идрок, ботин ва зоҳир уйғунлигига интиладиган инсоннинг маънавий олами қандай эканлигидан дарак беради. Шуҳрат Умиров ҳозир умри давомида ўзи гувоҳ бўлган ҳайратланарли воқеалар жамланган алоҳида китоб устида қизғин иш олиб бораяпти.

Биз етук инсон, заҳматкаш ижодкор Шуҳрат Умировга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, ижодий ишларида янги зафарлар тилаймиз.

Лазиз РАҲМАТОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + eighteen =