Бармоқ учидаги руҳлар қўзғолони

ёки дўстим, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмонга хат

Бахтиёр ГЕНЖАМУРОД,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Рустам, сизга ёзилаётган хатни тўрт қатор шеърингиз билан бошламоқчиман:

 

Йўловчи сув излаб, булоқни топар,

Зулматда нур излаб, чироқни топар.

Камондан чиққан ўқ топар нишонни,

Юракдан чиққан сўз юракни топар.

 

Сўз қадри бўлмаган жойда ҳеч кимнинг, ҳеч нарсанинг қадри бўлмайди. У қадрсиз жойда туғишганнинг, дўстнинг, она юртнинг қадри йўқ. Сўзни тушуниб, ўқиб ва уқиб қабул қиладиган юраклар бўлмаган юртда қадрли инсонларни, ҳатто Ватанни ғанимларга сотиш бошланиши мумкин. Яратган асрасин!

Ҳа, сизнинг шеърларингизда юрагингиз, жигарингиз кўриниб туради… Ўпкангиз-да (кимларгадир)… Шунинг учун ҳам менинг ўлчамим билан баҳолайдиган бўлсак, ҳар мисра ва сатр­ларингиздаги ўтли сўзларингиз шеъриятни қалби билан англовчи ҳар бир ўзбек ва қорақалпоқнинг юрак тўридан жой олмоқда, томир ёймоқда ва мевалари мўл савлатли дарахтга айланмоқда.

Бурунги йиллардаги “Мени тушунсайди одамлар” деган шеърингизда лирик қаҳрамон китобнинг монологи орқали поэтик сўзнинг қадр-қиммати ҳақидаги тўлғонишларини:

 

Мен китобман,

                      машҳур номимни, афсус,

Қаровсиз йилларнинг чанглари босган.

Мен пичоқман,

                    кескир дамимни нафсиз,

Яроқсиз қўлларнинг занглари босган.

Мени тушунсайди одамлар —

Титилиии-иб кетсайдим…

Катилиии-иб кетсайдим…

 

Ҳар кун дарсхонада гўзал толиба

Қолдирмай ўқиса варақларимни.

Ҳар кун ошхонада гўзал соҳиба

Билдирмай тўғраса юракларини —

Титилиии-иб кетсайдим…

Катилиии-иб кетсайдим…

 

Мени тушунсайди одамлар… —

деб тўкиб ташлаган эди. Ҳар қандай лирик шеърдаги дардлар — куюниш ва суюниш­лар муаллифнинг умр ва тақдир мазмунидан сув ичаётганини айтадиган бўлсак, бу шеърда шоир Рустам Мусурмоннинг поэтик концепция­­си ўз аксини топган, десам янглишмайман. Сабаби, бу шеърингиздаги китоб монологи орқали берилган лирик қаҳрамоннинг поэтик армонларида бўлажак шоирга катта масъулиятлар юклаш бор эди. Албатта, ҳар қандай поэ­зия тўплами кундуз ва тунларда ҳам сўз қадрини биладиган китобсеварлар томонидан “катилии-ииб кетадиган, титилии-ииб кетадиган…” даражада ўқиладиган бўлса, шоирга бундан ортиқ бахт борми?!

Ҳозирги даврда ўзининг “китобсевар”ларини ўзи сотиб олиб, кўпчиликка бепул тарқатиб юрган “ёзувчи ва шоир”лар ажриқдай кўпайиб кетган. Сизнинг бу бадиий асарингиз шундай салбий жараёнларга норозилигингиз ифодаси эди. Бундай истеъдодсизларга интернет тармоқлари — супер инкубатор хизматларини бажаряпти, энди уларга йўл очилиб қолди, китоб чиқариб юрмайди. Интернет сайтлари антипоэтик “коронавирус”ларни тарқатгувчи гигант лабораторияларга айланиб бормоқда… Қорақалпоқда: “Бўладиган бола беш ёшидан маълум”, деган мақол бор. Ҳайдар кокилингизни шамол ҳилпиратиб, Китоб, яъни иккита об — (ёки сув) орасида бармоғингиз учида бозбаракни осмонда айлантириб ўйнаган фариштадай болалик йилларингизда қалбингизда бир нурли қўзғолон уйғонган экан. Ўша руҳий уйғониш ижодингизнинг дастлабки дақиқаларидаёқ ўз ўқувчиларини “Мен Рустам Мусурмонман, Мен Рустам Мусурмонман!” деб қийқириб чақириб тургани билан ажойиб:

Инсон ер шарини кўтаролмасмиш,

Таянч нуқтасини топмасмиш…

                                                   Бироқ

менинг бир қўлимда замин чирпирак,

бармоғим учида айланар фалак —

Бозбарак, бозбарак, бозбарак…

 

Ушбу шеърингиздаги лирик қаҳрамон дастлаб ғуборсиз, ҳеч кимга қаттиқ гапирмайдиган нораста боладай таассурот қолдиради, келаси сатрларда эса айтганини қилмай қўймайдиган, қайсарлик қонида тўлиб-тошган курашчан, ўжар бола тарзида намоён бўлади:

 

Мен эса шамолнинг икки бетига

Тортиб юборганман икки шапалоқ —

Бозбарак, бозбарак, бозбарак…

 

Ўғлоннинг ўз ҳукмига кўнмаётган шамолнинг икки бетига бир-бир шапалоқ уриб юбориши, бир қараганда, ғалати бўлиб кўринса-да, бунда теран маъно — лирик қаҳрамоннинг баъзи жамият қусурларига қаршилиги, уларни рад этиши, маънавий жазолаши тасвирлангандай. Албатта, поэзиянинг гўзал қоидаларига таянадиган бўлсак, инсон қалбидаги нозик кечинмаларни лирик ифодалаш ақл бовар қилмас тасвирлар билан амалга ошади… Ана, шундай бўлганлиги учун лирик қаҳрамон:

 

Менинг оёғимда толмас қанот бор,

Менинг оёғимга жойланган юрак —

Қамишдай бўйнимга қўнган ниначи,

Гулдай ҳаётимдан учган капалак —

Бозбарак, бозбарак, бозбарак… —

 

деб оламга жар солишга ҳақли эди. Шуни айтишим керакки, бу шеърнинг таъсир кучи натижасида менинг тасаввуримда “Бу қашқадарёлик шоир бало-ку!” деган бир чақмоқ ялт этган эди.

Дўстим, ёдингиздадир, темир панжали қаттол тоталитар совет тузуми чириган ва ҳар ким ўз тақдири билан ўзи овора бўлиб ётган мус­тақилликнинг дастлабки ўн йиллигида бир гуруҳ ёзувчи ва шоирлар Тошкентдан Нукусга келди. Уларнинг орасида Икром Отамурод, Шойим Бўтаев ва сиз ҳам бор эдингиз. Жийдали Бойсундаги ҳали тўлиқ тикланиб битмаган уйимизда сизларга кичкина дастурхон ёздим, меҳмоним бўлдингиз. Уйимизнинг олди бетартиб тўзғиб ётган, томининг ярмидан ҳам ози хомаки шифер билан чала-чулпа ёпилган, кириш эшикнинг ўрнига қамиш эрганак ўрнатилган, иккита хонанинг поли бўлгани билан, шифтларига фанер билан қопланган чийларнинг орасидан сомонлар шалвираб турган, деворларда похол сувоқ — абгор ҳолатда эди. Оғир йиллар эди. Қалбларнинг бойлиги баридан устун келиб, ўша куни кечқурун бошланган ўзгача адабий мушоира эрталаб қуёш уйғонгунча авжига чиқди. Устозимиз Тўлепберган Қайипбергенов бу машваратга кўрк бағишлади. Шеърларингизни шунда ўзингиздан эшитдим. Ёзганларингизни ўзгача услубда, ўзгача овозда, баланд мусиқали лафзда ўқир экансиз.

 

Узумзор орасинда

Тун-у кун пойлаб ётдим.

Юракни палахмонга

Тош қилиб жойлаб отдим.

Ҳой гала-гала, ҳой гала-ааа…

(“Қўриқчи” шеърингиздан)

 

Сизнинг “Қўриқчи” шеърингизни жўшиб ўқиган пайтингизда қорақалпоқ ботир эрларида учрагувчи “…ҳала-ҳала”ларни эслатгувчи сатр­ларингиз қадимий “Ўғуздарё” (Амударё) ва Қаттиқоқар канали орасида жойлашган бизнинг Жийдали Бойсун овули осмонида янграб қанот қоқди.

 

Бир, икки… бешоёққ,

Ўрмалайди бешоёққ,

Тўртоёққа эшоёққ,

Бешоёқда пешоёққ…

Ҳа, той-той!

Ҳа, той-той!

— Чўлпп…

(“Ўғил суйиш” шеърингиздан)

 

Ота бўлмоқ бахтига муяссар бўлган йигитнинг тўнғич ўғил фарзанди гоҳи эмаклаб, гоҳи энди қадам босган кунларида қалбидаги тўлиб-тошган қувониш ҳисларини шундоққина етказиб бера олгансиз. Бу зурриётга бўлган меҳрнинг ўзгача поэтик тасвирланиши эди.

Поэзиянгизнинг бошқалардан кескин фарқ қиладиган белгиларидан бири сатрларидаги сўз ўйини, айниқса, овозларнинг, товушларнинг ўйини (рақси) экан. Бу устоз Икром Отамуродга бағишланган “Руҳимнинг довуши” номли шеърингизда яққол сезилади. Чолғу асбобларидан чиққан овозларни таърифлаш орқали сиз диди нозик китобсеварларга ўз поэзиянгизни уқтиргингиз, қалбингиздаги жон қийқириғини тушунтиргингиз келади:

 

Токи нафас олмоқда чолғу:

Ҳаётининг шартидир наво.

Куй барҳаёт, мусиқа мангу,

Мен — най нафас олаётган ҳаво:

– И-фу-у-увв…

– И-фу-у-увв…

– И-фу-у-увв…

 

Улкан бир мусиқали оркестр Тангридан ўзга ҳеч кимни тан олмайдиган ва илоҳий жазавага тушиб, кўзга кўринмай ўйнаётган дарвеш учун соз чертаётгандай:

 

– Иҳ-ҳа-а-ааа…

– Иҳ-ҳа-а-ааа…

– Иҳ-ҳа-а-ааа…

 

“Ватаним”, “Овутиш”, “Бу тун”, “Ой тўлди, Ой тўлди”, “Умр тасвири”, “Совчи”, “Келинчак”, “Гул экарман жаҳоо-она”, “Тўлғоқ”, “Гул базми”, “Ёр келар йўлга қараб” шеърларингизда, “Руҳ насибаси” достонингизда ва бошқа лирик асарларингизда теран маънога эга фонемалар ва товушлар ўйини етакчилик қилади. Поэзиядаги овозни, шеър ёзишдаги ва ўқилишидаги маҳоратни улуғлайсиз. Қорақалпоғистон халқ шоири Халила Давлатназаровга бағишланган шеърингизда сўздаги товушларнинг поэтик мазмуни кўркам тасвирланган:

 

Шеърни ўқиш — ибодат,

Яратганга муножот.

 

Халилло, Халилло,

Довушдан ожиз имло,

Тилсиз қалам ва қоғоз

Овоз бўлолмас, овоз.

 

Ҳа. “Шеърни ўқиш — ибодат”, шеър ёзиш муножотдай! Қоғозни, қаламни, имлони яратувчи бу — овоз! Барчасининг ижодкори Руҳ-ку! Хусусан, “Руҳ насибаси” достонингизда бўлса, ушбу юқоридаги айтилган улуғ неъматларнинг куч-қудратини ёниб-куйиб куйлагансиз:

 

Дўзахдан

Жаннатга қадар,

Азоб-уқубатдан

Роҳатга қадар,

Оддий фуқародан

Давлатга қадар,

Саодатга,

Бахт-у иқболга қадар

Кенжа ботир янглиғ

Аларга қоровул,

Аларга масъул.

Соддадиллар ризқи —

Руҳ насибаси…

 

…“Қозонни осамиз

Осмонга.

Остига

Қуёшни қалаймиз.

Кўнглимни

Тўўлдириб қозонга,

Қайнатиб…

Сумалак ялаймиз…”

 

Сўз юритилаётган лирик достонингизда қарама-қаршиликларга тўла табиат ва жамиятдаги инсонларнинг ўрни, мусофир тирикчилиги, тақдири, қалби, куюниш ва суюнишлари тўла дардларингиз тоғлар зилзиласидан отилган вулқондай тўлиб-тошиб, ўзанига сиғмай шарқираб сачраб оқаётгандай… Албатта, сизнинг поэзиянгиз улуғ ўзбек классик бадиий асарлар чўққиларидан бошланади, лирикангизнинг томирлари дунё халқлари адабиёти дарёларидан сув ичган. Кўпчилик адабиётшунослар шеърларингизда халқ оғзаки ижоди оҳанглари устунлигига диққат қилишади. Менинг назаримда, асарларингизда модернизм чизмалари ҳам кўриниш бериб тургандай. Айниқса, ҳеч кимга ўхшамаган рус футурист шоири Велимир Хлебниковнинг кучли таъсири бордай…

Гўзал асарларингизга тутдай тўкилиб меҳр бериш сизнинг қорақалпоқ адабиётини ўзбек тилига таржима қилиш маҳоратингизга хос хусусият бўлиб келмоқда. Не учун бундай бўлаётир? Сиз ўзингиз тушунтириб бера оласизми? Йўқ, бу вазифангиз эмас. Буни ўзбек адабиётшунослари қандай баҳолайди, бу уларнинг касб вазифаси… Лекин қаламингизга мансуб асарларингизни ва таржималарингизни ўқиб ва уқиб пайқаганим ўша: кўплар “ана у-мана у” деб совуннинг кўпигидай “урра-урра”лар ёзиб юрган даврларда бошқача ва тўғри йўлни танладингиз.

Ҳа, ўзбек поэзияси ривожланишига ҳисса қўшмоқдасиз.

Рустам дўстим! Ҳа, шундай!

Бироқ ўзбек туғишганлар мени кечирсин, оға-ини миллат ўзбек халқига қараганда кўпроқ бизлар учун — қорақалпоқ халқи адабиётининг ривожи учун тер тўкдингиз, кўз нурингиз кўпроқ қуйилди (кимларнинг асарларини таржима қилганингизни санаб ўтирмайман, у узун рўйхат!). Бир жайдари қорақалпоқ бўлиб, Қорақалпоғистон тасвирларидан шеърлар ёздингиз. Ҳаттоки:

 

Ўзбек элим еринда гард, тупроқман,

Улли шоирлар ичинда урпоқман.

Минжир, сарой, кенагасга аймоқман,

Зотим чуют, мен ҳам қорақалпоқман, —

 

деб катилдингиз, титилдингиз — кўксингизни очиб, қовурғаларингиз орасидаги юрагингизни ва жигарингизни қорақалпоқчалаб кўрсатдингиз. Шунинг учун ҳам қорақалпоқ халқи, Қорақалпоғистон Республикаси, Қорақалпоғис­тон Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғис­тон ижодий жамоаси Рустам Мусурмонга — Сизга Қорақалпоғистон халқ шоири деган давлат унвонини берди.

Биласиз, Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг икковимизга ҳам устоз, ҳам оға, ҳам дўст эди. Ҳаммасидан ҳам аълоси — улуғ инсон эди. Унинг ўрнида Тошкентда бизлар билан сирлашгудай русийзабон ижодкорлардан ким бор энди?! Сиз унинг ўзбекчага ўзингиз таржима қилган шеърларини ўқиб берганингизда Саша оғадан-да кўпроқ Инна янгамиз қувонганлари-чи… Оҳ… Энди у даврлар қайтиб келмайди!..

Саша оға устоз Абдулла оға билан қадрдон дўст эди…

Рустам! Славян халқларидан, турк халқларидан, дунё поэзиясидан ширали асарларни ўзбек тилига таржима қилдингиз. Қалби поэтик ширали бўлмаган инсон ўзга халқнинг, миллатнинг, дини ва фикрлаши ўзга инсонларнинг асарларини, такрорланмас шеърларини ўз она тилига олиб кела олмайди, кучи етмайди. Мажор халқининг классик шоири Шандор Петёфининг поэзиясини ўзбек тилига ўгирганингиз, менимча, бутун Марказий Осиё маданияти ва адабиётида улкан ютуқлардан бири бўлди.

Қадрли дўстим!

Улуғ устоз Абдулла оғанинг: “Булбул ҳашаматли саройларда эмас, кенгликлар теграсидаги тиконли буталар орасида туғилади… Бундай талантларни авайлаб-асрашимиз зарур… Рустам, Бахтиёрни сенга топширдим. Сени Худога топширдим! Икковингиз бир-бирингиздан асло айрилманглар…” — деган кўнгил гапи мангу юрагимда қолган. Бир пиёла чой устида ё мен, ёки ўзингиз ушбу сўзларни ўтириб эсга оламиз… Ҳа, кам сонли халқлар ва миллатларга хавф туғдираётган ҳозирги глобализация замонида “Кимга ишониб яшаш зарур?” деган савол ҳар битта инсоннинг қалбини ечими йўқ ташвишларга солаётгани сир эмас.

Бир томчи кўз ёшда бутун уммоннинг мазмуни бор. Бир шеърда кўнгилнинг, кўнгилда инсоннинг, инсонда эса чексиз осмоннинг, космоснинг маъноси бор. Кўнгилдан чиққан шоир сўзи тингланишни, ёзилишни, инсонларнинг ўқишини истайди, қаламни излайди. Болалик даврида осмонни, оламни бармоқ учида айлантирган БОЛАнинг қўлида бугун ҚАЛАМ бор. Ўша қалам ушлаган бармоқ ва қўл фалакни, самони бойлаб қўйибди:

 

Варрак учмоқда.

Осмонни қўлига боғлаб

Ўйнайди бола.

 

Шоир қаламида — дунёни жамламоқчи, пок­лантирмоқчи бўлган руҳ қўзғолонлари қанот қоқмоқда…

 

Қорақалпоқ тилидан Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Роҳилабону ҒЎЧЧИЕВА ўзбек тилига ўгирди.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + nineteen =