Менинг ёзувчи дўстим

ёки таниқли адиб Алишер Ибодинов ҳақида айтмоқчи бўлган гапларим

Аслида, уни таништириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Китоб ўқиган, озгина адабиётдан хабари бор кишидан сўрасангиз, Алишер Ибодинов кимлигини бир зумда айтиб беришади. У — энг яқин дўстим! Беш йил ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида бирга таҳсил олганмиз. Бизга ўхшаб беш йил “олтин давр”ни бирга ўтказганларни кўп кўрганман, учратганман. Аммо “ҳаммаям бизчалик бўлавермаса керак”, деган хулосага келганман. Негаки, инсон бошида яхши-ёмон кунлар бўлади. Биз эса ҳар доим биргамиз. Довон ошиб юриладиган масофанинг ҳам биз учун фарқи йўқдек.

Йиллар ҳам бир-бирини қувиб ўтиб кетавераркан. Дўстимизнинг куни кеча илк китоби чиққанини нишонлаб юрган кунларгаям салкам эллик йил бўлибди. Қадрдонимиз 70га кириб қўйибди. Шу муносабат билан яқинда Олтиариққа бордик. Бир байрам бўлди. “Тўй бола”нинг ўзига ўхшаш ўта самимий байрам… Минбарга кўп қатори сўзга чиққан Фарғонанинг катта олими, профессор Йўлдош Солижонов Алишернинг асли туғилган куни 12 декабрь деган гапни айтди. Бу вилоятда ўтган адабиёт кунларига қўшиб юборилган тадбир бўлганлигини кўпчилик биларди. Хуллас, Алишер Ибодинов тўйи баҳонасида Фарғонада катта адабиёт байрами бўлди. Шу куни, айниқса, Олтиариқ халқи ўзининг фахрланадиган бир эрка фарзандини қанчалар яхши кўришига гувоҳ бўлдик.

У адабиёт майдонига кириб келган илк кунлариданоқ юртимиздаги икки таниқли адиб назарига тушганди. Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида Алишернинг бирданига ўша пайтда қўлма-қўл ўқиладиган “Гулистон” журналида “Гулсапсар ҳиди” ва “Денгизчи” ҳикоялари берилади. Адабий жараённи мунтазам кузатиб борадиганлар бу ҳикояларни ўқигач, янги овозни эшитгандай, ўзига хос иқтидор эгасини кўргандай бўлишган. Ундаги иқтидорни илк бор журнал бош муҳаррири Асқад Мухтор эътироф қилганди. У киши ҳарбий денгизчидан келган ҳикояни ўқиб, журналнинг навбатдаги сонида босишга қарор қилади. Эринмасдан муаллифга хат ёзиб, денгизчилар ҳаётига оид ҳикоя юбориш топшириғини беради. Ўқишга ҳужжат топширишига ҳам бош-қош бўлади. Қиш­лоқда қолиб, бошқа соҳани танласа, адабиёт бир иқтидор эгасидан айрилмасин, деган хавотирда уни олий маълумот олишга ундайди. Одил Ёқубов эса машҳур “Алишер ҳақида ўйлар” деган мақоласини ёзади…

Нега бир бошловчи ёш ижодкорга шунчалар эьтибор берилди? Икки забардаст ёзувчининг Алишерга назари тушиши, меҳр-муҳаббатининг сабаби нимада? Бундай саволларга жавоб топиш учун Алишернинг ҳикояларини қайта-қайта ўқиш керак экан, деган хулосага келганман. Сўзимнинг исботи учун қуйида баҳоли қудрат унинг икки ҳикояси ҳақида ўйлаганларимни қоғозга туширдим.

“Гулистон”да босилган “Кўл бўйида” ҳикоясини биз курсдошлар талашиб-тортишиб ўқигандик. Худди Шоҳимардонни эслатувчи мас­кандаги кўл бўйида, қадрдон қишлоғидан анча нарида чол ва кампир яшайди. Улар нега бу ерни танлашган? Чолнинг набираси Амир халқ оғзаки ижоди намуналарини тўплаш ниятида келган қизларнинг саволларига жавоб қайтариб, барчасига аниқлик киритгандай бўлади:

“— Ким билсин? — дея елка қисди йигит. — Бобомиз энамизни рашк қилганидан тоққа олиб чиқиб кетган, деб чала-ярим эшитганман. Одамларнинг гапи… Энам ёшлигида шу қиш­лоқлик бир йигитга кўнгил қўйган эканми-ей. Хуллас, шунақа гаплар”.

Асар давомида “ўтмиш достони” очилади. Амирнинг энаси ҳақиқатан ҳам қишлоқдоши Шаҳобиддинга кўнгил қўяди. Лекин кўнгил билан ҳисоблашадиган даврмиди?! Уни Ўтарбойга узатадилар. Шаҳобиддин ҳам ўзга бир қизга уйланади. Илк муҳаббат, кўнгил қурғур уни ҳеч бўлмаса севгилисини бир кўришга ундайверади. Кунларнинг бирида отда йўлга тушади. Кампир тилидан айтилган учрашув тас­вири:

“— У кетди. Тахтадай қотиб қолавердим жойимда. Олапар итимиз ғингшиб этагимдан тортди. Шундагина ҳушимни йиғдим…”

Ёзувчи итнинг ғингшиганини бежиз келтирмаган. Бу ҳолатнинг қанчалар оғирлигини бечора ит сезганидан нола қилганди. Шу ерда ёзувчи Ибодинов рассомга айланади. Қисқа сатрлар орқали айрилиқ азоби манзарасини чизади.

Жон беролмай, севгисига етиша олмаган кишисини кутаётган Шаҳобиддин. Бундай пайтда рафиқаси мардлик қилиб, Амирнинг энасини олиб келади… Бу ҳам ҳикоядаги бир ҳолат. Лекин ўта ҳаётий кўриниш бўлганлиги учун ўқувчини ўзига тортади…

Бу ҳикоя дастлаб “Ҳур қизлар” деб номланганди. Назаримда, шундайича қолаверса ҳам бўларди. Сабаби, ҳикоядаги “Ҳур қизлар” афсонаси асарнинг асосини ташкил этади.

Тоғ бағрида тинчгина яшаётган “Ҳур қизлар”га душман ҳужум қилади. Босқинчилар кучли. Лекин “Ҳур қизлар” душманга таслим бўлишни истамайди. Ори бунга асло йўл қўймайди. Сўнгги чора сифатида улкан қоя ўз бағрига олишини айтиб, илтижо қилишади. Ниҳоят ёрилган қоя ичкарисига кириб кетиб, мангу қўним топишни афзал кўрадилар. Душманга бўйин эгмаслик, ўз тупроғини ўзгага топширмаслик, бўйсунмаслик истаги устун эди улар учун. Асарда бу ҳақда ҳеч қандай гап йўқ. Лекин ёзувчининг мақсадини зукко ўқувчи англаб етиши учун вақт берилади. Экспедиция сафида келган қизлардан бири Азиза учун бундай туйғулар бегона. Унинг ўз олами бор. У гимнастикачи қиз… Лекин дугонаси Гулнора бошқача. У “Ҳур қизлар” тақдирига бефарқ эмас. Шунинг учун ҳам “Ҳур қизлар-у-у-у!” деб қичқиради. Бу ҳайқириқ ўқувчининг қулоғи остида жаранглагандай бўлади… Шу ерда ёзувчи Ибодиновча тасвир, маҳорат яққол намоён бўлади.

Алишернинг “Бир томчи ёш” асари 1978 йили юртимизда “Йилнинг энг яхши ҳикояси” сифатида тан олинган.

“— Ҳамманинг келини абитта ўтириб кашта тикса, меники китобга термилади. “Олима”-да!

Қудаси Қурбон кампирнинг маъракада катта-кичикка эшиттириб ва атайин унга тегизиб шанғиллаши Собира холага оғир ботди. Атрофида ўтирган бир-икки кампир лабини қимтиди. Қўшниси Пайзи хола унинг тиззасига қўлини босиб:

— Индаманг! — деди”.

“Бир томчи ёш” ҳикояси ана шундай бошланади. Бу, айниқса, ёши 60дан ошганлар учун жуда таниш манзара. Ёзувчи Алишер Ибодинов бу ҳолатни қандай бўлса, шундайлигича ўқувчи кўз олдига келтириб қўяди. Ёзувчи маҳорати деганлари шу бўлса керак. Ҳикоядаги воқеалар асосий қаҳрамон Маъсума атрофида кечади. Китоб ўқийдиган келинчак билан унинг турмуш ўртоғи ўртасидаги фарқ осмон билан ерча. Иккиси – икки дунё. Воқеалар давомида ана шу оралиқ масофа кўрина бошлайди:

“— Ражаббой даладан қайтиб ҳордиқ чиқараётса, Маъсума унга ғазал ўқибди. Чарчаган эмасми, ноилождан эшитиб ўтирган боламни уйқу босибди. Шунга қанча аразлади-ю…”

Бу қайнонанинг навбатдаги дийдиёси. Бечора келин қишлоқдаги кўплаб қисматдошлар қатори барчасига чидашга мажбур. Лекин 18 ёшида Ражаббойга турмушга чиққан келинчакнинг ширин ўй-орзулари бор. Эрини ўзгача кутиб олса, эркаланса, эркалатса. Ахир кўнгил деганлари… Яна ҳикоядан парча:

“Маъсума уст-бошини ўзгартирди-да, кўчага чиқиб артезиан қудуғидан сув келтирди. Даҳлиздаги обрезда яхшилаб ювинди. Ўсма қўйди. Пардоз бошлади.

Шифонердан янги “яҳудий” атлас кўйлагини олиб кийди, ўзини ойнага солди. Кўйлак хиёл узун эди. Этагини букиб боқди. Барибир кўнглига ўтирмади.

Кўйлакни тиззасидан тўрт энлик юқорига кўтарди. О-о-о-й! Ойнадан унга боқиб, келишган, бели ингичка, оёқлари бежирим, сарвқад, сочлари елкасини қоплаб, бир қарашда юрак­ларни жизиллатадиган жонон қараб турарди. Бирданига рақсга тушгиси келди”.

У китоб ўқиган қиз. Отасидан “Кунтуғмиш” ва бошқа достонларни эшитиб улғайган. Баъзан шеър ҳам ёзади:

Сизни кута бағрим эзилди,

Сиз-чи, кимга айтасиз роз?

Эри келган пайтда шеърни ёстиғи остига қўйиб, ўзини уйқуга солади!

Шундай ширин хаёллар билан ёстиқдошини кутаётган келинчакни кошкийди эр қурғур тушунса. Кела солиб:

“Падарингга лаънат сендай хотинни! Сигир очдан ўлай деб қопти! Дўмпайиб ётишингни қара!” — деб уйқудан уйғотади.

Шунда:

“Маъсуманинг кўзлари тубида ҳам аллақачонлардан бери пайт пойлаб ётган бир томчи ёш сизиб чиқиб киприкларига илашди, сўнг офтобда қорайган юзида из қолдириб, атлас кўйлагига юмалади, унга ҳам сиғмай пастга оқиб тушди…”

Ўқувчи Маъсума билан бирга йиғлаши мумкин буларни ўқиб. Ҳа, бундай асарларни қайта-қайта ўқиш керак. Асло зерикмайсиз. Асар қаҳрамони билан бирга яшайсиз. Дардига шерик бўлгингиз келади. Аммо осмон йироқ, ер қаттиқ. Шу ерда ижозатингиз билан дўстимизнинг икки ҳикоясига билдирган муносабатларимни тўхтатсам. Бир гапни ёзмасам бўлмас. Ҳали ўзбек адабиётшунослиги Алишернинг асарларига етарлича баҳосини берган эмас. Тўғри, ўз вақтида Озод Шарафиддинов ва Умарали Норматовдек катта олимларнинг назари тушганди. Лекин… “Чақмоқ чақнаганда”, “Оқ… Оппоқ булутлар”, “Қуёш ҳам олов”, “Зулм базми”, “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари” ва бош­­қа кўплаб асарларининг бирортаси китоб дўконлари пештахталарида туриб қолгани йўқ. Фақат таниқли адиб ва ўзбек журналистикасининг устунларидан бири Аҳмаджон ака Мелибоевга Алишернинг Қўқон хони ҳақидаги асарига берган баҳоси учун раҳмат айтмоғимиз керак.

Энди ёзувчи Алишер Ибодинов шахсияти ҳақида.

Дўстликни қадрлашни, дўстга садоқатни ҳам Алишердан ўрганса арзийди. Бир воқеани батафсил бўлмаса-да қисқароқ айтиб, сўзимни исботласам. Беш-олти йил аввал данғаралик дўсти, бир неча китоблар муаллифи Носир Зоҳид устида “қора булутлар” пайдо бўлиб қолади. Унинг асарлари муҳокамага қўйилганида, айримлар ноҳақ фикрлар билдиришади. Биргина Алишер: “У менинг дўстим, ҳам Фарғонамиздаги яхши ижодкорлардан бири”, деб кўпчиликка қарши туради ва ўз фикрини ўтказади. Носир Зоҳид билан бўлган жараён “яқин ўтган ўтмиш”имизни ёдга солади. Айтайлик, 1937 йил воқеаларини. Эҳтимол, ўша даврда ҳам Алишерга ўхшаган адиблар кўпроқ бўлганида, бегуноҳ қатағон қурбони бўлган миллат ойдинлари Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Чўлпонлар тирик қолиб, халқимизга айтолмаган гап­ларини айтиб, ўлмас асарлар ёзиб қолдиришармиди, дейсан-да. Мирзакалон Исмоилий, Шукрулло, Саид Аҳмадлар умрини узоқ ўлкалардаги қамоқхоналарда не азоблар билан ўтказмаган бўлармиди?! Уларни сотганлар ва отганлар орасида ўзимиздан чиққан хоинлар бор эканлигини архивлардаги ҳужжатлар тилга кириб, “гапираётганлигини” ҳам кўриб турибмиз. Алишер жуда кечиримли. Лекин сотқинни, дўс­тига хиёнат қилганларни асло кечирмайди.

Алишер Абдулла Қодирийни жуда яхши кўрарди. Талабалик давримиздаёқ адибнинг набираларидан ижозат олиб, “Ўткан кунлар”нинг бир боби асосида роман ёзишни ният қилганди. Шу мақсадда Қодирий асарлари қаҳрамонларининг яқинларидан бирини топ­ганди. Нимагадир роман ёзилмади. Бу ҳам бир жумбоқ. Балки Қодирий даҳоси олдида чўчиганмикан? “Ўткан кунлар”га яқин келадиган асар ёзолмайман, деб қўрққандир. Ёки буюк ёзувчининг аччиқ ва аламли қисмати асарни ёзишга қўли бормаганига сабаб бўлдимикан? Ўша йиллари адабиёт майдонига кириб келган Ибодиновга айримлар жуда катта умид билдиришганди. Алишер ёзса бўларди. Бу иш қўлидан келишини “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари” асари билан исботлади, деб ўйлайман. Лекин унга турмуш ташвишларими, соғлигими, газета таҳририятларидаги сира тугамайдиган (дўстимиз Алишер Ибодинов узоқ йиллар “Ўзбекистон овози” газетасининг Фарғонадаги ўз мухбири, вилоят “Фарғона ҳақиқати” газетасининг бош муҳаррири бўлиб самарали фаолият юритди) юмушларми, ишқилиб, шу нарсалар панд бергани-да ҳақиқат. Бу ташвишни бундан 40 йил аввал Одил Ёқубов “Алишер ҳақида ўйлар” мақоласида ёзганди. Бунисини йирик адибнинг башорати дейиш мумкин. Бир умид ҳам йўқ эмас. Аллоҳ йўл берса, тайёр материалларни қоғозга туширмоқ учун Алишерда ҳали имконият бор…

Атоқли шоир Абдулла Орипов Ҳаж амалларини бажариш учун борганида таниқли уламолардан бирига: “Ҳазрат, кимга сиғинмоқ керак?” деган саволни беради. Ўшанда дин уламоси: “Ёлғиз Аллоҳга!” деб жавоб қайтаргач, “Яна-чи?” деб мурожаат қилади. “Ундан кейин онага сиғинса бўлади”, деган жавобни олади. “Пайғамбарлар-чи? Ота-чи?” Бу саволларга: “Пайғамбарлар ва оталар зиёрат қилинади”, деган жавоб олган эканлар. Бу савол-жавобни эслашимнинг сабаби бор. Алишер университетни битирганидан сўнг пойтахтда қолиб, адабий муҳитдан куч олиб, кўплаб асарлар ёзиши мумкин эди. Балки адабиётимизнинг етакчи устунларидан бирига айланарди. Унда шундай куч, иқтидор борлигига асло шубҳа йўқ. Бу сўзларни тенгдош ижодкорлар ҳам ўзига айтишган. Лекин у олдинда кутаётган ўша машҳурликни хоҳламади. Ёлғиз ўғли учун умрини бахшида этган, ўта меҳрибон онасини ота ҳовлида ёлғиз қолдиришни истамади. “Онамнинг олдида бўламан”, деб пойтахтнинг қизғин адабий муҳитидан воз кечди. Онасини сўнгги йўлга кузатгунча бўлган даврда қўлидан келганича эъзозлади. Кўнглига қаради. Дуосини олди. Китоблари чиққанида, онасининг севинганлари… Ижодни ҳам бир чеккага суриб қўйиб, эсдан чиқаргани йўқ. Шунинг учун ҳам кам бўлмади. Ўзи ҳам тан берган ҳолда: “Ўтган ҳаётимдан миннатдорман. У менга ҳамиша сахийлик қилди”, деб яшаяпти.

Алишернинг раҳматли шоир Рауф Парфига меҳри бошқача эди. Рауф ака вафот этган куннинг эртасига Фарғонадан Тошкентга етиб келди. Бирга буюк шоир ўзининг сўнгги кунларини ўтказган Чоршаъм Рўзининг хонадонига фотиҳага бордик. Ташқарига чиққач, Чоршаъм акага миннатдорлик билдириб: “Ака, мен денгизчи бўлганман. Кемамиз баъзан йирик қояларнинг олдига яқин бориб, ҳафталаб тўхтаб қоларди. Ўшанда у бизга кичикроқ кўринар, унчалик эътибор ҳам бермасдик. Лекин қоядан узоқлашгач, унинг ҳайбатини кўриб, ҳайратга тушардик. Рауф ака ҳам адабиётимиздаги улкан қоя эди. Ҳозир унчалик билмасак-да, вақтлар ўтиб унинг улуғворлиги кўринади. Ўшанда биз денгизчилар қайта-қайта қояга қараганимиздай, Рауф Парфини англаймиз, уни соғиниб яшаймиз”, — деган гапларни айтганди.

Алишер Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимовни “устоз” деб эъзозлар, энг яқин жигаргўшасидай эркаланарди. Коронавирус деган касаллик бошланган кунлари қизи ва набираларини кўрмоқ ниятида Тошкентга келган Охунжон ака шу ерда қолишга мажбур бўлади. Йўллар беркилган. Энг яқинлар ҳам бир-биридан ўзини олиб қочадиган кунлар. Халқимизнинг таниқли шоири кўринмас ёв, касаллик авж олган кунларда оламдан ўтди. Фарғона тугул, Тошкентдаги яқин дўстлари ҳам унинг жанозасида қатнаша олмадилар. Акамизни Тошкентнинг чеккасидаги қизи яшаётган ҳовлидан кўриниб турадиган қабристонга дафн этишди. Касаллик бироз чекингач, хасталигига қарамасдан Алишер Тошкентга келди. Озгина юрса, терлаб кетаяпти. “Қийналиб қолмаяпсизми?” деб сўрагандим, “Нима қилиб бўлса-да, Охунжон акамнинг қабрига бормасам бўлмайди”, деган жавобни эшитдим. Қабрис­тонни топиб бордик. Қабр бошида иккимиз. Майин шаббода эсиб турибди. Қабр яқинидаги тепаликда ўсган ниҳоллар маъюс эгилиб, “келдиларингми?”, — дея салом бераётгандай. Қуръон тиловатидан сўнг ортга қайтмоқчи бўлганимда, дўстим: “Тўхтанг, акамга айтар гапларим бор”, деб қолди:

— Устоз, бизни кечиринг. Қадрдонингиз Йўлдош акага: “Фарғонага кел, дўстим, қолган умримизни шу ерда ўтказайлик”, деб шеърлар ёзгандингиз. Йўлдош Сулаймон Фарғонага бориб, анчагина яшаб, бандаликни бажо келтирди. Ўзингиз эса бу ерда қолдингиз. Бандаси эртага нима бўлишини билмас экан-да. Тақдир ҳукмидан қочиб қутулиб бўлмайди, деган гапнинг маъносини тушунаётгандайман. Вақтида кела олмадим. Сўнгги сўзларингизни эшитиш насиб этмади. Кеч бўлса-да, қабрингиздан туп­роқ олиб бориб, сиз севган Водил тупроғига қўшамиз. Шу ниятда ҳам келганман…

Алишер бу гапларни худди устози эшитаётгандай гапирарди. Анчагача жим туриб, ортга қайтдик. Иккимиз ҳам бир-биримизга қараёлмаймиз. Кўзларда ёш. Раҳматли Охунжон ака биз укаларини, укалар эса уни яхши кўрардик. Тезда қабр бошидаги ваъда бажарилди. Устоз ҳурматига қўйилган Водилдаги рамзий қабр қошига келганлар узоқ вақт туриб қолдилар… Устоз билан ўтказилган бир-биридан ажиб кунлар эсланар, хотиралар уйғонарди.

Сўзим аввалида “Нега адабиётимизнинг икки забардаст вакили айнан Алишерга шунчалар эътибор қаратди?” — деган саволни қўйгандим. Бирлари йигитлик бурчини ўтаётган ҳарбийга мактуб ёзди, илк учрашгандаёқ, тағин “Олтиариқда бодринг экиб, деҳқончиликка берилиб кетмасин”, деган ўйда Маҳмуд Саъдийдек ажойиб инсонни бир-бирига тутинган ака-укадай қилиб боғлаб қўйди. Иккинчиси эса Алишер ҳақида ўша машҳур мақоласини ёзди. Улкан ёзувчилар Асқад Мухтор билан Одил Ёқубовнинг бошқа ишлари йўқмиди? Шубҳасиз, улар ўзбек адабиётига бир иқтидор эгаси кириб келаётганлигини билишгани учун шу ишга қўл ургандилар. Шунинг учун ҳам бугун 70 ёшга кирган дўстимнинг ана шу икки адиб ва устоз Саъдий руҳлари олдидаги қарзи катта, деб ўйлайман.

Яна шунга ишончим комилки, қадрдон дўс­тим Алишер Ибодинов ҳали яна кўплаб ажойиб асарлар ёзиб, мухлисларини, ўқувчиларини хурсанд қилади. Негаки, бунинг учун унда етарлича маҳорат, меҳнатдан қочмайдиган улкан салоҳият мужассам. Дўстимга узоқ умр тилаш билан бирга, қайноқ ижодий имконлар тилайман.

Анвар АБДУВАЛИЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =