Мирзо Улуғбек даҳоси

“Ўтмиши кўмилган миллатнинг

истиқболи ҳам зулмат пардаси

остидадир”.

Ҳерман Вамбери

2024 йил 12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Унга кўра, мамлакатимизда жойларда, олий ўқув даргоҳларида қизғин учрашувлар, мулоқотлар ўтказилди, алломанинг қутлуғ хотираси ёдга олинди. Самарқандда улуғ олимга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.

Мирзо Улуғбек халқимизнинг энг суюкли ва ардоқли фарзандларидан бири

“Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаб ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир”, — деган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.

Эсимда, 2010 йил эди, Шавкат Мирзиёев ўша пайтлар Республикамиз бош вазири эдилар, Самарқандда Расадхона ёдгорлиги пойида тарихчи ва қурувчиларни йиғиб, Мирзо Улуғбек ҳақида гап очдилар: “Биз Мирзо Улуғбекнинг даҳолик даражасига лойиқ, хос ва мос ёдгорлик мажмуасини яратишимиз керак. Советлар даврида бунёд қилинган мажмуа тарихий ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди”, — дегандилар.

Дарҳақиқат, ўша кезлар мажмуа ғариб бир аҳволда эди. Музей заллари диндорлар билан Мирзо Улуғбекнинг зиддиятлари ва курашини акс эттирувчи ёлғон-яшиқ киною драмалар лавҳалари суратлари билан тўлдирилган бўлиб, худосизликка чорлаб турар эди. Бу Мирзо Улуғбек даҳосига зид, туҳмат бир ғоя эди. Ахир у Мовароуннаҳр мамлакатининг 40 йиллик ҳукмдори, даҳо олим, буюк султони эди-ку.

…Қисқа вақтда “Расадхона ёдгорлик мажмуаси” янгидан барпо қилинди, у туристларнинг энг суюкли жойларидан бирига айланди. Меҳмонларни худдики Мирзо Улуғбекнинг ўзлари кутиб олаётгандек. Пастки майдонда бронзадан қуйилган Мирзо Улуғбек тахтиравонда нафақат фалакка, балки келажакка, сизу бизга кўз тикиб тургандай. Орқада юлдузлари чарақлаб турган коинот акс этган улкан панно бунёд қилинган. Гуллар ва яшилликлар оралаб, зиналар орқали юқорига, тепага кўтариласиз. У ерда музей ва дунёни лол қолдирган Мирзо Улуғбек даврига гувоҳлик бериб турган расадхона пойдевори ястаниб ётибди. Бу ерларда унинг руҳи, нафаси, қадамларининг излари бор.

“Талли-и-расад”

Мирзо Улуғбекнинг илмий мероси, мадрасалари ва расадхона қурилиши тўғрисида жуда кўп манбалар сақланиб қолган. Уни европалик, россиялик шарқшунос олимлар яхши билишарди. Фақат расадхонани узоқ қидиришди, топа олишмади. Чунки у аллақачон нураб, ер қаърида қолиб кетган эди. Расадхонани топиш шарқшунос, ҳаваскор археолог В. Вяткинга насиб қилди. Қандай қилиб? Чунки у бошқа рус олимларидан фарқли ўлароқ, маҳаллий аҳоли билан чиқишиб кетган эди. Одамлар Оби Раҳмат ариғи бўйида “Талли-и-расад”, яъни “Расадхона тепалиги” борлигини билар эдилар. Абу Саид Махсум ва Эгам Хожа муллалар В. Вяткинга ўша жойни кўрсатишди. 1908-1909 йиллари қазишма ишлари бошлаб юборилди ва ниҳоят ХV асрга оид Мирзо Улуғбек расадхонаси — обсерваторияси, унинг асосий қурилмаси секстант топилди. Бу ҳақда телеграф агентликлари бутун дунёга хабар тарқатди. Бу XX аср кашфиёти сифатида қабул қилинди.

Муҳаммад Тарағай ибн Шоҳрух ибн Темур

Ҳа, Мирзо Улуғбекнинг азон билан қулоғига сингдирилган исми худди шундай. Жуда ёшлигидан уни бобоси Улуғбек деб эркалаган, суйган ва у айнан шу Мирзо Улуғбек номи билан тарихга муҳрланди.

Улуғбек 1394 йилнинг 22 март куни ғарбий Эронда, Султония шаҳрида бобоси Амир Темурнинг ҳарбий юришлари пайтида туғилган. Отаси — Амир Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзо. Онаси Хоразмда ҳукмронлик қилган сўфийлар сулоласига мансуб Ғиёсиддин Тархоннинг қизи Гавҳаршод бегим бўлади. Улуғбек уларнинг тўнғич фарзанди.

Ўша давр таомилига кўра Амир Темурнинг набиралари, жумладан, Улуғбек пойтахтда — Самарқандда Сароймулкхоним-Бибихоним тарбиясида бўлган. Улуғбек зукко, хотираси кучли, адолатпарвар, илм-фанга мойил бола сифатида улғайди. Унинг биринчи устози шоир, файласуф Ҳамза ибн Али Малик Тусий бўлиб, 1405-1411 йилларда сиёсий ва ҳарбий ишларни ўргатган. Сўнгроқ мунажжим Мавлоно Аҳмад устозлик қилган. Лекин Мирзо Улуғбек ўзининг устози сифатида Қозизода Румийни тилга олади.

“… Ислом оламининг Султони олим инсондир”

Мирзо Улуғбек жуда эрта, йигирмага етиб-етмасдан ҳукмдор ва олим сифатида эл-улусга танилди.

Юқоридаги иқтибос эронлик математик Ғиёсиддин Жамшид ал-Кошийга тегишли. У 1417 йили Мирзо Улуғбекнинг таклифига кўра Самарқандга келади ва отасига ёзган хатида бу ердаги илмий-маданий муҳитга юқори баҳо беради, Хуросон билан Туркистонни солиштиради. Мирзо Улуғбек атрофига йиғилган олимлар, мадраса, расадхона, илмий мунозаралар, Султон ва олимлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида тўлиб-тошиб ёзади: “Ҳазрати олийлари математиканинг барча соҳаларини яхши биладилар. Бир куни у киши от устида кетаётиб, 818 йил ражаб ойининг 10-15-кунларига тўғри келувчи душанба куни қуёш йилининг қайси фаслига тўғри келишини билмоқчи бўлдилар. У киши от устидаёқ ёддан бу масалани ҳал этиб, ерга тушгач, натижани текшириб кўришни мендан сўрадилар. Ҳақиқатан ҳам, бу жумбоқни ҳал қилиш учун киши ўз ёдида жуда кўп рақамларни саклаши лозимдир. Бошқа бир киши ҳам бу масалани ҳал қилмоқчи бўлган эди, бунга унинг ақли етмади. Бундай оғир масалани ҳал этишга менинг бирорта ҳам замондошим қодир эмас, буни ҳеч ким ҳал эта олмайди. Шуни айтишим лозимки, бу илмда у киши беқиёсдир”.

Мирзо Улуғбек Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувон шаҳарларида улуғвор мадрасалар барпо қилди. Ғиждувондаги мадрасанинг пештоқини пайғамбаримизнинг: “Ҳар бир муслим ва муслиманинг билим олиши фарздир”, — деган ҳадиси безаб турибди.

Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси 1417-1420 йилларда қурилди. Мадрасада диний билимлардан ташқари дунёвий илмлар — математика, астрономия, тарих, геометрия, мантиқ, турк, форс, араб тиллари, фиқҳ ва бошқа фанлар ўқитилган.

1420 йили мадрасанинг очилишида ўз даврининг машҳур алломаси, мударрис Муҳаммад Хавофий биринчи маъруза ўқиган эди. Шунингдек, ушбу мадрасада Қозизода Румий (1360-1437), Ғиёсиддин Жамшид ал-Коший (1385-1430), Али Қушчи (1402 — 1474), Хўжа Фазлуллоҳ Абу Лайс Самарқандий ҳамда Мирзо Улуғбекнинг ўзи ҳам илм-фаннинг турли соҳаларидан талабаларга маъруза ўқиганлар. Мирзо Улуғбек ўз даврининг энг кучли олимларидан 100 га яқинини Самарқандга йиғди. Улар мадрасаларда таълим бердилар, назарий концепцияларни илгари сурдилар, баҳс ва мунозаралар қилдилар. Ажойиб бир илмий муҳит яратилди.

Талабалар мадрасани тўлиқ тамомлаш учун 8 йилдан то 16 йилгача ўқиганлар.

Мирзо Улуғбекнинг мадрасаи олиясини битирганларга дипломлар берилган. Ана шундай дипломлардан бири ҳозирги кунда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида “Р-10683-ш” рақамда сақланади.

Бу диплом мадрасаи олияда таълим олган Шамсиддин Муҳаммад Балхий номига берилган бўлиб, уни Қозизода Румий 838 йил ражаб ойининг ўрталарида, яъни 1435 йили февраль ойида ўз қўли билан ёзилганлигини қайд қилган.

Мирзо Улуғбек мадрасасини тамомлаганлик ҳақидаги диплом нафақат Мовароуннаҳрда, балки дунёнинг барча мусулмон мамлакатларида тан олинган.

Айниқса, замона талаби сифатида математика ва астрономия илмларини ривожлантириш долзарб бўлиб қолди. Алалоқибат расадхона-обсерватория қуришга қарор қилинди. Расадхона шаҳардан 5-6 чақирим нарида, Чўпонотанинг Кўҳак тепалигида қуриладиган бўлди.

“Сирли осмон тоқига илк — Қўйди нарвон ўзбегим”

Расадхона 1424-1428 йилларда қурилиб битказилди. Унинг қурилишига, мазмун-моҳиятини ойдинлаштириш жараёнларига Мирзо Улуғбек шахсан раҳбарлик қилган. У ҳукмдор бўлишига қарамасдан, олимлар ўртасида ўтадиган қизғин баҳс ва мунозараларда фаол бўлган, ўзининг фаоллиги, мақоми билан иштирокчиларга босим ўтказмаган. Ҳар бир мутахассиснинг мулоҳазаларини эшитган ва адолатли, тўғри қарорлар чиқаришга интилган.

Ғиёсуддин Жамшид ёзади: “Расадхона қурилаётган жойда меридиан чизиғини аниқлаш учун ер текисланаётган эди. Бу ишга энг моҳир тоштарошлар жалб қилиниб, ер текисланди. Биз бу ерга меридиан чизиғини аниқлаш учун йиғилдик. Дастлаб биз ернинг текислигини аниқламоқчи бўлдик. Ҳазрати олийлари давлат таянчи (Аллоҳ унинг сиҳҳати ва давлатини барқарор қилсин), барча аслзодалар ва сарой аъёнлари, олимлар, фан арбоблари — барчалари тоштарошларнинг ерни текислашга мўлжалланган асбоби атрофида тўпландик”. Кўриниб турибдики, Мирзо Улуғбек расадхонанинг қурилиши ва тегишли асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш масалаларини бошдан-оёқ ўз назоратида сақлаган.

“Иброҳим мискарга менинг ҳузуримда глобуссимон асбобни ясаш топширилган эди. Глобуссимон асбобни яратишда мискарнинг вазифаси мушкулдир. Астролябияни яратишда эса ҳар иккала томоннинг ҳам вазифаси мушкулдир”, — деб гувоҳлик беради Ғиёсуддин Жамшид.

Натижада Султон Мирзо Улуғбек томонидан XV аср бошида дунёда тенги йўқ энг замонавий, пешқадам расадхона бунёд қилинди.

Асосий бинонинг тарҳи айлана шаклида бўлиб, унинг диаметри 46, 4 м, уч ошёнли бўлиб, баландлиги 30, 4 м ни ташкил қилади. Унинг ўртасидан меридиан чизиғи бўйлаб ер сатҳидан пастда, тоғ жинслари қаърида радиуси 40, 21 м лик секстант қурилган. Унинг ёрдамида қуёш ва юлдузларнинг географик координатлари, жойлашиши, баландлиги ва масофалари аниқланган. Секстант доиранинг 6/1 қисмини, яъни 60 градусни қамраб олган.

Расадхонада илмий кузатув ишлари билан Қозизода Румий, ал-Коший, Али Қушчи, Мирам Чалабий каби унча кўп бўлмаган мутахассислар қатнашган. Қарийб ўн йиллик кузатувидан сўнг Мирзо Улуғбек ўзининг “Зижи Жадиди Кўрагоний” асарини яратади. Бу унинг шоҳ асари эди.

Каталогда 1018 та турғун юлдузларнинг географик координатлари аниқланди, қуёш йилининг давомийлиги, ернинг ўз ўқи атрофида айланиши, ой ҳаракатининг вақтлари аниқланди. Қуёш йили 365 кун 6 соат 10 дақиқа 8 сония деб белгиланди. У атиги ҳозирги замон космик кузатувлари натижасидан атиги 58 сонияга фарқ қилади, холос. Бу жуда катта кашфиёт эди.

Бунга қандай эришилди? Сўзсиз, Мирзо Улуғбекнинг илмий салоҳияти, баланд савияли олимларнинг бир жойга йиғилиши ва ўзларидан аввалги расадхоналар томонидан йўл қўйилган хатоларни бартараф қилиш эвазига ана шундай оламшумул натижага эришилди. Масалан, Ғиёсуддин Жамшид ал-Коший Самарқанддан аввал Эрон Озарбайжонидаги Мароға расадхонасида ишлаган эди. Унда йўл қўйилган хатолар “Элхоний Зижи”да ҳам акс этди, натижада жадвалнинг илмий қиймати йўққа чиқарилди. Ёки Птоломей жадвалидан ўрин олган саккизта юлдуз кўрсатилган жойда топилмаганлиги ва умуман йўқлиги учун “Зиж”га киритилмади. Шу сабабдан Самарқанддаги илмий мунозараларда аввалги хатолар чуқур таҳлил қилинди ва тўғри ечими топилгандан сўнггина қарор қабул қилинди.

Мирзо Улуғбекнинг “Зиж”идаги юлдузлар жадвали, қўлланилган ускуналари бир неча юз йиллар давомида денгиз навигациясида ишлатилиб келинди. Ҳатто Христофор Колумбнинг “Санта Мария” кемасида Мирзо Улуғбекнинг “Зиж”и бўлганлиги тахмин қилинади.

Мирзо Улуғбекка Европанинг таъзими

Ҳукмдорнинг кўп вақти давлат бошқаруви, мамлакат ободончилиги, мадрасалар қурилиши, маърузалар, низоларни бартараф қилиш каби дунёвий ишлар масалаларига сарфланган.

Шу сабабдан, Мирзо Улуғбекнинг илмий асарлари сон жиҳатдан унча кўп эмас. Булар Мирзо Улуғбекнинг астрономияга бағишланган “Зижи Жадиди Кўрагоний” ва “Рисолайи Улуғбек”, математикага оид “Бир даража синусини аниқлаш ҳақида рисола” ва тарихга оид “Тарих-и арбаъ улус” асарларидир. Сўзсиз, Мирзо Улуғбекнинг шоҳ асари “Зиж” бўлиб, у расадхонадаги 10 йиллик кузатувларнинг натижаси эди. “Зиж” муаллифи расадхона амалиётларида ва асарнинг дунёга келишида кўмакдош бўлганларни — Қозизода Румий, Мавлоно Салоҳ, Мавлоно Ғиёсуддин Жамшид ва ёш бўлса-да, “фарзанди аржуманди” — кенжа шогирди Али Қушчиларни тилга олади. “Зиж” тайёр бўлган 1437 йилга қадар Али Қушчидан бўлак уларнинг ҳаммаси вафот қилган эдилар. Шунга қарамасдан, Мирзо Улуғбек олимлик этикасига риоя қилган ҳолда, улуғ ҳукмдор бўлса-да, ўз асарида уларнинг номларини хотирлаб дуолар қилган.

1449 йили Улуғбекнинг фожиали ҳалокатидан, айниқса, 1469 йилда Темурий Абу Саид Мирзо вафотидан сўнг Самарқанд олимлари дунёга тарқалиб кетди. Хусусан, Али Қушчи 1473 йили “Зиж” нусхаларини Истанбулга ўзи билан олиб борди. “Зиж” мусулмон мамлакатларининг деярли барчасида ўрганилган, шарҳланган.

Айниқса, у Ҳиндистон олимларига кучли таъсир кўрсатди. Истанбул ва Ҳиндистонда Самарқанд расадхонасидан андоза олиб обсерваториялар қурилди.

“Зиж” Истанбул орқали Европага юриш қилди — Жон Гривс, Томас Хайт, Френсис Бейли, Ян Гевелий, Л. Седийо, Е. Нобллар Мирзо Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини XVI асрдан бошлабоқ қайта-қайта нашр қилдилар. “Зиж” бутун дунёга машҳур бўлди. Айниқса, улар орасида поляк олими Ян Гевелийнинг “Селениум” асари юртдошларимизнинг Мирзо Улуғбек билан ғурурланиш ҳиссини ўн чандон ошириб юборди. Тасаввур қилинг, асарда гравюра — расм эълон қилинган. Унда дунёнинг энг буюк астрономлари бир қатор терилган — Птоломей, Мирзо Улуғбек, Николай Коперник, Галилео Галилей, Жордано Бруно ва бошқалар. Европа афсона-ривоятларига кўра, астрономлар ҳомийси маъбуда Урания бўлиб, у ўртада, унинг ўнг томонида Улуғбек, чап тамонида Николай Коперник жой олган. Бундан ортиқ эҳтиром бўладими?

Бу Европанинг Улуғбекка таъзими эди.

* * *

Ўз мулоҳазаларимни Мирзо Улуғбекнинг замондоши, машҳур шоир Саккокийнинг қуйидаги шеъри билан тугатмоқчиман:

Фалак йиллар керак сайр этса-ю

келтирса илкига,

Менингдек шоири туркни,

сенингдек шоҳи донони.

 

Мирзо Улуғбек бундан 600 йил муқаддам она заминимизда рўй берган Иккинчи Ренессанснинг ёрқин тимсолидир.

Сўзсиз, Президентимиз қарорларининг ҳаётга татбиқ қилиниши юртимизда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилишига хизмат қилади.

Темур ШИРИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × three =