Навоий бойлигини нимага сарфлаган?

Замондошлари орасида унга ҳавасманд­лар мавжудлиги асносида ҳасад қиладиганлар ҳам йўқ эмасди. Зеро, Алишер Навоий нафақат мутафаккир шоир ва давлат арбоби, балки ўз даврининг энг бой кишиларидан бири ҳам бўлган. Ҳатто, қолган умрини ижод ва илмга бағишлаш мақсадида ўз ихтиёри билан вазирликдан истеъфога чиққанида, ғаразгўйлар “Алишербекнинг бойлиги ошиб, давлати ғуруридан нозиклашиб кетди”, дея миш-миш ҳам тарқатишганди.

Темурийлар сулоласига хизмат қилиб, Сабзавор шаҳрига ҳоким бўлган Ғиёсиддиннинг ўртанча ўғли Алишербек отаси вафотидан сўнг мерос сифатида ўзига тегишли бўлган сармояни, қолаверса, топган пулини, ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро инъом этган ер-сувни ҳаракатлантириш асносида қисқа фурсат ичида бойиб кетди. Тадбиркорлик йўналишини, асосан, боғу роғлар қилишга қаратди, ундан келадиган даромадни эса маданий-маърифий иншоотлар қурилишига сарфлади. Яъни, қишлоқларни боғзорларга айлантирди, улардан тушган пулларни хайрия ишларига, илмга сарфлади.

Алишер Навоийнинг деҳқончилик қилинадиган кўплаб ери бўлиб, асосан, Ҳирот атрофларида, Сабзаворда эди. Бу ерларда деҳқонлар келишилган ҳолда ишлаб, мунтазам ҳақ олиб туришган.

Навоийнинг 1481 йилда ёзган “Вақфия” асарига кўра, унинг “Олинжон бўлуки Фаррошон мавзеъида йигирма беш жериб боғ, Хожа Шиҳоб боғоти ва юз жериб ер, Сабгур бўлукида икки қитъа узум боғи — олти жериб, яна Сифлий маҳалласида неча боғот жаъми олтмиш жериб, яна мазкур маҳаллада йигирма олти жериб узум боғи. Яна бир қитъа ўн саккиз жериб ер ва дағи ўн икки жериб боғ. Яна қитъа ўн тўққиз жериб. Яна ток била боғот етмиш тўрт жерибким, ундан ўттиз тўрт жериби узум токи, ўзгаси ер бўлгай, яна неча қитъа ер туташ ўн тўрт жериб, яна бир қитъа ер йигирма тўрт жериб, яна бир қитъа ер бир ярим жериб” ерлари бўлиб, жами 800,5 жерибни ташкил қиларди. Навоийга қарашли ушбу ҳудудларнинг бари суғориладиган, ҳосилдор ерлар бўлган.

Булардан ташқари, Алишербекка қарашли бир қатор савдо расталари ҳам бўлиб, улар, асосан, энг гавжум бозорларда жойлашганди: “Ҳиротдаги Малик бозори ичиндаги растада бир-бирига муттасил (туташ) бешта дўкон, жанубий бозорнинг ғарбида яна бир пўстинфурушлик дўкони ҳам бир болохонаси, яна бир тимча ва тўрт дўкон бир-бирига муттасил. Малик дарвозаси тошида (ташқарисида) икки ошом (қават) иморат ва саккиз дўкон тимчага туташ. Яна икки дўкон Қуҳундузда, яна икки дўкон Боғи Зоғон кўчасида воқеъдур”. Яна Хуросоннинг бошқа сарҳадларида 4 та тим бозори, 24 та дўкон ҳам бор эди.

Ушбу бозорлардаги савдо расталарида, дўконларда тошу тарозининг тўғрилигини, харидор ҳақига риояни, олиб келинган молга йўл харажатларидан ташқари ортиқча пул қўймасликни ҳам шахсан Навоий ҳазратларининг ўзи назорат қилиб турган.

Ана шу ерлар, боғзорлар, дўконлардан келадиган даромадни шоир сахийлик билан муҳтож, етим-есир, бева-бечора, илмли инсонларга инъом қиларди. Ҳатто, бир гал Ҳусайн Бойқаронинг давлат хазинасида харажатлар кўпайиб кетганда солиқлар халқдан йиғилса, аҳли муслимга жабр бўлур, дея ўз ҳисобидан 25 минг динорни бутун бошли мамлакат аҳли учун тўлаб юборганди.

Саховатпеша зот ўзи барпо эттирган Шифоия, Низомия, Хисравия мадрасалари маъмуриятига топшириқ беради. Унга кўра, “Икки олиму муттақий (тақводор олимлар) мударрис бўлгай. Ҳар бирининг йиллик вазифаси (иш ҳақи) икки юз олтин нақди, йигирма тўрт харвор (бир эшак кўтарарлик юк) ошлик, ярми арпа, ярми буғдой бўлгай. Ҳар ҳалқаи дарсда ўн бир толиби илмким, бориси йигирма икки бўлгай. Олти аъло (аълочи) ҳар бирига ойлик нақди йигирма тўрт олтун, йилда буғдой беш юк, васат (ўрта ўқиғонлар) секиз (талаба) ойлиғ ҳар бирига нақди ўн олтин, буғдой — йиллик тўрт юк, адно (паст ўқигонлар) секиз-талаба ойлик ҳар бирига ўн икки олтун, ошлиғ йилига уч юк” бериларди. Ошпаз ва фаррошларга ҳам очиққўллик билан маош тўланган. “Табақчи (ошпаз)га йиллик нақди икки юз олтун, буғдой беш юк. Бир фаррош ва икки ходимдин ҳар бирига йилига икки юз олтундин жамъи олти юз олтун, буғдой беш юкдин ўн беш юк” этиб белгиланган.

Ушбу мадрасаларда асосий эътибор талабаларнинг илм олишига қаратилиб, ўқитиш жараёни Навоийнинг назоратида бўлган. Талабалар гуруҳларга ажратилган, ҳар бир гуруҳ ўн бир кишидан ташкил топган. Бу уларнинг дарсни яхши ўзлаштириши учун қилинган. Табиийки, дарсни ўзлаштиришига қараб, талабалар уч тоифага бўлинган, шунга кўра нафақа тўланган. Энг илмли толиб шахсан Навоийдан ойига 24 олтин динор ва йилига беш қоп ошлик олган. Ўша вақтда энг семиз қўйнинг нархи 4-5 олтин динор бўлиб, ўша вақтда талаба бир ойлик нафақасига масалан, бешта қўй сотиб ололган.

Шоир мударрисларни ҳам ғоят қадрлаган — йилига 200 олтин динор маош, ҳар ойда 2 қоп буғдой ва арпа, кундалик озиқ-овқат, ҳатто уйидан мадрасагача миниб келадиган оти учун ем ажраттирган. Баъзи улови йўқ мударрисларга от ҳам олиб берган. Буларнинг барчасини тадбиркорликдан қозонилган маблағлар ҳисобидан қилган.

Таниқли олим Е.Э.Бертельс 1948 йилда нашр этилган “Навоий” номли асарида “Алишер Навоий хазинасига ер-мулкларидан тушадиган даромаддан 300 дан ортиқ работлар, йигирмага яқин кўприклар ва 380 жойда хайрия-эҳсон уйлари қурилган, ҳар куни улар орқали минглаб муҳтожларга текин овқат ва кийим-кечак улашиб турилган” (134-бет. Москва, 1948), деб ёзган.

Улуғ шоир масжид ва мадрасалар бунёд этиш, уларни таъминлаш билангина кифояланиб қолмай, ҳаёти давомида кўплаб ариқ, тўғон, 9 та ҳаммом, 20 та ҳовуз каби 300 дан ортиқ иншоот бунёд қилдирганки, бу анча-мунча бойваччанинг қўлидан келавермайдиган саховатлилик намунасидир.

Отасидан қолган мерос, давлат амалдори сифатида ажратилган молу мулки ва ерларидан келадиган даромад, Мирзо Ҳайдар Дўғлотнинг “Тарихи Рашидий” асаридаги маълумотга кўра, кунига 18 минг шоҳруҳий динорни, Фахрий Ҳиротийнинг “Латоифнома”сида ёзилишича эса кундалик даромади 75 минг, чиқими 15 минг динорни ташкил этарди. Аммо, у бошқа мулкдорлардан фарқли равишда, ўз эҳтиёжидан ортиқча барча пулларини хайрия ишларига сарфлаган.

Навоий ҳазратлари “Маҳбубул қулуб”да “Яхшиларни топмоқ едирмоқдир ва айбларни ёпмоқ кийдирмоқдир. Ўринли берилган эски чопон ва қора тўн — сахийлик ва ўринсиз берилган зардан тўқилган сарпо — ярамаслик. Овқатинг бекор кетмасин десанг, едир; кийиминг эскирмасин десанг, кийдир. Сахийлик йўлини юқорида айтилганча англа, аммо яхшилик равиши ва ҳожат чиқариш расмларини бошқача англа”, деб ёзган. Яъни, ул зот давлатманд киши сифатида қандай сахийлик қилиш кераклигини ўз асарида таъкидлаб ўтган.

Табиийки, бундай саховатпешалик улуғ шоир қалбига ёшлигидан ота-онаси томонидан сингдирилганди. Алишербекнинг отаси Ғиёсиддин бир умр темурийлар хонадонига хизмат қилган, 1452-57 йилларда Сабзавор шаҳрига ҳоким ҳам бўлган. Молу мулкини уч ўғил — Баҳлулбек, Алишербек ва Дарвешалибекка мерос қилиб қолдирган. Кейинчалик, 1469 йили шарқда Балх, ғарбда Бистом ва Домагон, шимоли Хоразм, жануби Қандаҳор ва Сейистондан иборат Хуросон тахтига Ҳусайн Бойқаро чиққач, дўсти Алишербекни олдинига муҳрдор, сўнгра амир ва Астробод вилоятига ҳоким қилиб тайинлайди. Шунингдек, акаси Баҳлулбек ва укаси Дарвешалибек ҳам вилоят ҳокими лавозимига эришадилар.

Алишер Навоий отасидан мерос мулки ва ўзига давлат амалдори сифатида ажратилган ерлардан келадиган даромад ҳисобидан Ҳиротда Ихлосия, Шифоия, Низомия мадрасасини, Халосия хонақоҳи, жоме масжидини, Марвда Хисравия мадрасасини, Ҳиротдан ташқарида Работи ишқ, Работи санг, шоир Аттор қабрига мақбара, Нишопур шаҳри атрофидаги жойлардан бирига Работи яздобарни қурдиради; Гуласт булоғидан Машҳад томон 80 чақирим узунликдаги ариқ қаздириб, шу ва бошқа ариқларга 16 та кўприк ўрнаттиради. 9 ҳаммом, 20 ҳовуз, 52 работ барпо эттиради.

Инглиз олими Д.С.Тримингем 1989 йилда Москвада нашр қилинган “Суфийские ордена в исламе” номли асарида 90 та работ қурдирган деган маълумотни келтириб ўтган, шунингдек, яна кўплаб тўғон, жами 300 дан ортиқ иншоот бунёд қилдирганини таъкидлаганди.

Хондамир “Хулосатул ахбор” асарида Ҳиротдаги жоме масжидининг тоқиси ва мақсураси зилзила натижасида шикастланиб, таъмирга муҳтож бўлиб қолганини, Навоий ҳазратлари ушбу обидаларни ўз маблағидан таъмирлатганини келтирган. Шу каби зилзила ва давр тўфонлари боис шикаст топган яна 12 та масжидни, машҳур Қобус минорасини, Аслон-жозиба работини қайта таъмирлаш ишига ҳам бош бўлган.

“Вақфия” асарида Навоий ҳазратлари ёзади: “Ва бу Марғани кўшки бу ҳавили муҳавватасининг ҳадди жануби била ҳадди ғарбийсининг мобайнида воқеъ эрди ва ул иморате эрди — бурун чоғда тарҳ солғон ва қадимда ясалғон биноси тошдан эрди. Ҳамоноки, ул тошни меҳнат тоғидин ташиб эрдилар ва девори хом кирпичдин эрди, гўёким, ул кирпични андуҳ туфроғи ва ҳасрат сувидин қуюб эрдилар, тарҳи икки ошом эрди: қу­йиғи ошоми тийраликдин фироқ шоми ва анда нуҳусат бимлари била зулмат хуффошларининг ороми, юқориғи ошоми бузуғлуғдин фироқ аҳли кўнгли эвидин нишони ва анда нав­мидлик чуғзлари била мотамий либос кабутарлар ошёни… чун бу муважжаҳ хаёл кўнгулда устувор бўлди ва бу мақбул андиша хотирда қарор тутти, ул бинойи дайр пайвандни ҳамвор қилиб, ўрнида мадрасае бино қилинди ва ул асоси калисо монандни бузуб, ерида масжиде солилди… Ва мадрасадин киргач, масжид анинг ҳадди ғарбики, қибла сори бўлғай, воқеъ бўлди. Ва хушхон имом ва хушовоз муқри муқаррар бўлдиким, салоти хамсани маҳалла аҳли била қоим тутуб, ул ҳазрат дуосиға машғул бўлғайлар. Ва мадрасанинг тўридаким, ҳадди шимолийдур, гунбазе ясалдиким, сураи қуръоний ва оёти фурқоний адосида қироат гулшанининг Исавий нафас андалиби хуш алҳонлари ва тажвид равзасининг Довудий нағма фохтаи ширин адолари ҳар кун ҳазрати рисолатпаноҳи мутаҳҳар руҳонияти учун бир сий пора калом ўқуб, ул ҳазрат дуоси бирла хатм қилғайлар. Ва гунбазни Дорул ҳуффоз дейилди. Ва мадрасанинг шарқий ва ғарбий суффасида икки мударриским, бириси фиқҳ усули ва фуруи ва бириси ҳадис фуру ва усули айтқойлар ва ҳар дарс ҳалқасида ўн бир толиби илмким, муваззаф бўлғайлар — таъйин қилилди. Ва мадрасағаким, хулуси ихлосдин ясалди — Ихлосия от қўюлди. Ва бу Ихлосия мадрасаси жанубий ҳаддининг тошидинким, Инжил ариғи оқар, ул ариғнинг жанубий ҳаддиким, қироғи бўлғон шории омдурким, ул ҳазрат бино қилғон мадрасадинким, ҳар тоқи улви рифъатдин сипеҳри муқарнас равоқиға кунгира еткурубтур ва ҳар гунбази сумузи манзилатдин фалакнинг кўк гунбазидин бош ўткарибдур, ҳар мударриси қошида Муштарийким, олтинчи айвон донишмандидур — омий ва нодон, ва ҳар толиби илми олинда Аторидким, иккинчи суфа мустаиддидур — тифли абжадхон, ходимлари суфрасида ой гирдаси ва қуёш қурси икки фатир ва таббохлари тахтасида қаҳкашон шакли ун сепган бир зувола хамир.

Рубоия:

Бу буқъаки то биноси бунёд ўлди,

Эл ҳожат ила фақрдин озод ўлди,

Дарвешу ғани неъматидин шод ўлди,

Бу важҳдин оти Неъматобод ўлди…”

Ҳа, Алишербек ўз асарида завқланиб ёзганидек, бу ҳудудлар айнан Навоий туфайли обод бўла бошлаган.

Яна Навоий Ҳирот аҳлига жабр бўлмасин деб, бир неча бор солиқларни ўз ҳисобидан тўлаб юборган. Ҳар йили камбағалларга минг дона сарпо туҳфа қиларди. “Макоримул ахлоқ”да қуйидагича келади: “906 ҳижрий йил бошларида (1500 йилнинг августи) султони соҳибқирон Мозандарон вилоятига ташриф буюрган эдилар. Ҳукумат эгаси амир Муборизуддин Валибек жаноблари номига Ҳирот шаҳри ва унинг атрофидаги аҳолидан зарур харажат учун 100 минг динор кепакий ундириб етказиш ҳақида фармон келди. Ул жаноб шу маблағдан 50 минг динорни булукот деҳқонлари ва молдорларидан, қолган қисмини, хона бошига сочиш йўли билан Ҳирот ичида истиқомат қилувчилардан ундиришни хаёл қилди. Лекин бирон ишга давлатли Амирнинг фикрисиз ва маслаҳатисиз қўл урмас эдилар. Шунинг учун ҳам ул ҳазратнинг ноибларидан бирини чақириб, бу фикр Навоийга етказилди. Ул киши “бу фурсатда халқ устига ўринсиз солиқ солишни олий даражали соҳибқирон давлатига муносиб кўрмаймиз”, дедилар ва шу вақтнинг ўзидаёқ мазкур маблағни ўзларининг хусусий пулларидан бердилар. Халқ эса ул ҳазратни дуо қилиб, кўпдан-кўп раҳматлар айтди…”

Ихлосия мадрасасида шеърий санъатлар бўйича мударрислик қилаётган Бурҳонуддин Атоуллоҳ Ҳусайнийга уч минг динордан ортиққа мадраса яқинидан ҳовли сотиб олиб бериши, Мавлоно Шаҳобуддин Мудаввинга эгар-жабдуқли от инъом этиши ҳам ўша вақтда Ҳиротда катта шов-шувга сабаб бўлганди. Бундай ишлардан мақсад ўзини тарғиб қилиш эмас, балки иқтидорли одамлар қийналиб юрмай, бор эътиборини ўз касбу корига қаратишлари учун қилинганди.

Ҳотамтой шоир мадраса, масжид, хонақоҳларда яшовчи талабалар, муллавачча, бева-бечора, етим-есирларнинг ҳам моддий эҳтиёжларини таъминлаб турган. Масжид ва мадрасага ажратилган ерлардан келадиган даромад эвазига талабаларга нафақа, ишловчиларга маош, кундалик озиқ-овқат, кийим-кечак бериларди. Агар талабалар мадраса ҳужрасида эмас, бошқа жойда истиқомат қилса ёки дарс қолдирса, бошқалар олган пулнинг ярмини беришган. Шу билан бирга, мадраса ва масжидда яшовчилардан ободончилик, тозалик, саранжом-саришталикка қатъий риоя қилиш талаб этиларди. Қиш фаслида қор ёғса ёки теварак-атрофдаги ариқлар балчиқ ва қум билан тўлиб кетса, тозалаш ишларига фаррош, қори, ходимлар жалб қилинган. Баъзида мутавалли, иш кўп бўлса, мардикор ёлланган. Жамоат ишлари учун талабалар дарсдан қолдирилмаган.

Мутавалли Навоий бунёд эттирган ҳар бир мадраса талабалари учун 100 пўстин, 100 тўн, 100 чакмон, 100 кўйлак, 100 тўнбон (чалвар), 100 кавуш улашарди. Шу каби уларнинг уй-рўзғор анжомлари — кигиз, палос, бўйра, ёритқич шамлар учун 400 олтин пул сарфланган.

Саховатпеша ва мурувватли шоир 450 ботмон буғдой, 270 ботмон нон, 30 ботмон чалпак, 110 ботмон ҳолва, 900 товоқ узум шинниси ёки мавизоб, 5 та қорамол, 10 та қўй, 20 ботмону 3 тонналик гўштни ҳам мадрасадагилар учун ажратарди. Бундан ташқари қиш фаслида ҳар куни 20 ботмон (400 кг) нон, 3 тангалик гўшт, агар гўшт топилмаса, гўжа оши пиширтириб турган.

Шу каби вазифадорлар ва талабаларнинг ўзигагина буғдой, арпа ва ошлиқдан ташқари ойига 1300 олтинга яқин маош тайинлаган.

Бор пулини хайру эҳсонга сарфлаган мутафаккир шоир ҳайит кунлари янада мурувватли бўлган. Улуғ айём шарафига 100 ботмон нон ва 50 ботмон ҳолва тарқатилган. Қурбон ҳайи­тининг биринчи кунида ҳар йили бешта мол, бешта қўй сўйдириб, масжид, мад­раса, хонақоҳларга улашилган бўлса, иккинчи куни 20 ботмон гўшт, 20 ботмон буғдойдан тайёрланган ҳалим, 50 ботмон нон эҳсон қилинган.

Навоий “Вақфия” асарининг “Равотиб” бўлимида бундай ёзади: “Рўза ойида ҳар кеча ўн беш ботмон буғдой, беш ботмон полудаи душобдин ёки мавизобдин ўттиз табақ, масолиқ — улча эҳтиёж бўлғай”.

Шунингдек, Халосия хонақоҳида ҳар куни мингдан ортиқ фақирлар учун овқат пиширилган. Ҳар йили муҳтож мискинларга икки мингта пўстин, босма чакмон, кўйлак-иштон, тоқия ва ковуш улашилган. Машҳад шаҳридаги Имом Ризо боғида эса муҳтож, заиф ва етимларга таом тайёрлаб бериладиган иморат, Дорул ҳуффоз барпо қилдирган.

Навоий ҳазратлари ўзи қурдирган иншоот усталарини ҳам тақдирлаб борган. “Макоримул ахлоқ”да Хондамир бундай ёзади: “… ушбу жаннатмисол масжидни безаш ва пардозлаш ишлари поёнига етгандан кейин, 905 йил шаъбон ойининг ўн тўртинчиси чоршанба (1500 йил 13 март) куни тадбир эгаси Амир Алишер ош тортиш маросимини ўтказиб, хатиб, имом воизлар, қорилар, мутавалли, ходимлар, усталар ва иморат ишчилари бу маросимга чақирилиб, зиёфат маросимлари амалга оширилди. Қарийб 100 кишидан иборат гуруҳнинг қобилиятли қоматлари қимматбаҳо пўстинлар, аъло тикилган чакмонлар ва бошқа хил либослар билан безатилди.

Шундан кейин бу табаррук мақомнинг томи юзасини мустаҳкамлаш ва чидамлилигини оширишга ишора қилди. Иморат ишчилари асбоб-ускуна тайёрлаш, усталар эса уларни ишга солишга киришиб, бир оз вақт ичида сони тахминан ўн тўрт жериб миқдордаги бино томларини икки қаватли қилиб ёпиб, устини сомонли лой билан сувадилар, кўнгилни бу ишлардан батамом фориғ қилдилар. Шу пайтда ҳидоятли Амир яна бир тўй керак-яроғини ҳозирлаш тўғрисида қайта-қайта фармон берди. Фармонбардорлар бу ишга машғул бўлиб, чақириққа 50 бош қўй ва 9 бош от сарфладилар…”

Хондамир шу асарининг бошқа бўлимида яна бир бор Навоийнинг хайр-саховатини қаламга олади: “Ул ҳазрат Навоий мазкур йилнинг шаъбон ойи ўрталари (1499 йил март ойи охири) да яна бир бор фахрли шаҳар Ҳиротни ўзининг муборак чеҳраси билан нурга тўлдирди. Шу сабабдан машойих, саййид ва олимлардан тортиб, барча аҳоли ва фуқаро ғоятда шоду хуррам бўлдилар. Шу аснода ҳидоятли Амирнинг кўнгли Ансория остонасида катта йиғин қилиб, Ҳирот шаҳри улуғларини меҳмон қилишни, улардан фотиҳа сўрашни тилаб қолди. Мулозимлари чақириқни тартибга солиш ишлари билан шуғулланиб, 75 қўй, 20 бош от ва 30 ботмон қанд сарфладилар. Бошқа харжларни шунга қиёслаш лозим…”

Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкиратуш шуаро” китобига кўра, Амир Алишернинг вақф иншоотларига сарф бўлган харажати 500 туманни ташкил этган.

Ҳусайнқулихон Азимободийнинг “Наштари ишқ” асарида ёзилишича, “қарийб 12 минг киши Навоийнинг ҳомийлиги остида тарбия қилинган”. Булар, менимча, улуғ шоирга қарашли мадрасаларда таҳсил олиб, Алишербекнинг мурувватидан баҳра олган толиби илмлардир.

Бу саховатпеша зот эли учун шу даражада фидойилик қилдики, мурувват истаб келган ночор фуқаро, масжид, мадраса, хонақоҳда яшаётган кишилар ёзда чанг, қишда лойда қийналмасин деб йўлларга тош ҳам ётқиздирган.

Навоий ҳазратлари бойликларини элу юрт манфаати учун оғринмай сарфлаган, бошқа мулкдорларни ҳам ҳимматга чорлаган. Бу ҳақидаги мулоҳазаларини “Маҳбубул қулуб” асарида баён этган: “Сахийлик кишилик боғининг ҳосилдор дарахтидир, балки у дарахтнинг ширин мевасидир, одамгарчилик ўлкасининг тўлқинли дарёси, балки у тўлқинли дарёсининг асл гавҳаридир. Саховатсиз эр ёғинсиз баҳор булути ва ҳидсиз мушки тотордир. Мевасиз дарахт ҳам биру ўтин ҳам бир ва ёғинсиз булут ҳам биру тутун ҳам бир. Саховатсиз киши билан гавҳарсиз садафни бирдай ҳисобласа бўлади. Дурсиз садаф билан ўлиб қуриган тошбақанинг қандай эътибори бор?.. Сахий булутдир, иши хирмон, балки хазина бермоқ, бахил эса чумолидир, одати дон ва машоқ термоқ. Ҳимматлиларнинг ихтисоси сахийликдир, бу икки шарафли сифат покиза кишиларга хосдир. Сахийлик одамнинг баданидир, ҳиммат унинг жони; ҳимматлилардан дунёга юз минг кушойиш бўлур. Ҳимматсиз киши эр сонида эмас, жонсиз баданни киши тирик демас. Олийҳиммат қарчиғайдир баландпарвоз, беҳиммат сичқон овчидир худди йўртоқи тоз. Шунқорнинг ўрни шоҳнинг қўли, йўртоқининг жойи ўликнинг сассиқ бадани ва сўнгаги.

Арслон иши ов қилиб йиртқич ҳайвонларни тўйғизмоқ, сичқон ҳаракати ақча ўғирлаб, тугун ахтармоқ. Ҳиммат эгаси қашшоқлик билан тубан тушмас: ҳимматсиз хазина топса, буюклар билан тенг бўлмас. Чинорнинг бўш қўллигидан унинг юксаклигига қандай нуқсон келади, тупроққа эса яширин хазиналари билан қандай шараф ва шон ҳосил бўлади, ҳимматлиларнинг агарчи даражаси юксакдир, аммо сахийликнинг мартабаси бир қанчадир. Исрофгарчилик сахийлик эмас, бемаъни совуришни одамлар сахийлик демас. Ҳақ молини куйдирганни девона дерлар, ёруғ кунда шам ёққанни ақлдан озган дерлар. Фахрланиш учун бермоқ ўзни кўрсатишлик ва бу билан ўзини сахий демак беҳаёликдир. Кишилар кўрмагунча бермаган пасткашдир, сахий эмас. Тиланганга берганни ҳам сахийликдан йироқ бил, қистов билан бергандан бермаганни яхшироқ бил. Битта нонни икки бўлиб, ярмини бир очга берганни сахий дегил, ўзи емай барини муҳтожга берганни ахий — дўст дегил”.

Хуллас, Навоий ҳазратларининг бойлик­лари, уларнинг тўғри ва оқилона сарфланиши ҳар бир давр учун ибратли ҳолатдир. Шу боис Навоий номи фақат шоир ва давлат арбоби сифатидагина эмас, мулкдор, маърифатли тадбиркор,саховатпеша инсон сифатида ҳам тарихда қолди.

Умид БЕКМУҲАММАД,

тарих фанлари бўйича

фалсафа доктори, доцент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × one =