Мирзо Улуғбек ва Бобур

Тарихий ва адабий манбаларда Соҳибқирон Амир Темур ҳамда темурийлар даврида, хусусан, Мирзо Улуғбек давлат бошқарувида ҳам Самарқандда илм, фан, маданият, бадиий адабиёт юксак даражада ривожлангани ва пойтахт Ренессанс шаҳарга айлангани хусусида муҳим маълумотлар ёзилган. Ушбу эътирофнинг баъзи жиҳатларини биз Бобурнинг “Бобурнома” мемуари мисолида тадқиқ қилишга ҳаракат қилдик. Аммо Мирзо Улуғбек сиймосининг тарихий, адабий манбаларда ёзилган тасвири, у ҳақидаги тарихий во­қеалар баёни Бобургача ҳам мавжуд бўлгани ва уларда берилган тасвир, маълумотларда ўзаро муштараклик касб этишини ҳисобга олган ҳолда, мемуарга мурожаат қилишдан аввал қиёсий аспектда қисқа тарзда бўлса ҳам, Алишер Навоий ва Давлатшоҳ Самарқандийларнинг Мирзо Улуғбек шахсига бўлган қизиқиши, эътирофлари ва ёзган қимматли маълумот, тасвирлари билан қизиқиб кўрдик. Чунки, Навоий, Давлатшоҳ Самарқандий, Бобур Самарқандда маълум муддат яшаган ва маданий кўтарилишни ўз кўзлари билан кўрган зотлардир.

Навоийнинг ихлоси Мирзо Улуғбекка жуда баланд бўлган. У Самарқандда яшаган даврида темурий ҳукмдорнинг ҳаёти, буюк шахси, унинг Самарқанд услубида амалга оширган бунёдкорлик ишлари, хусусан, қурдирган мадраса, масжид, расадхонасини бориб кўрган ва у ёзиб қолдирган илмий мероси билан яқиндан таниш бўлган. У “Мажолис ун-нафоис” ва “Фарҳод ва Ширин” каби асарларида буюк донишманд ҳақида тарихий ҳамда поэтик лавҳа битган. Навоий “Мажолис ун-нафоис”нинг Темурийларга бағишлаб ёзган 7 -мажлисида Мирзо Улуғбекнинг 7 қироат билан Қуръони Каримни ёд олгани, буюк астроном сифатида 1018 та юлдуз тўғрисида “Зижи Кўрагоний”ни битгани ва асарнинг илмий муҳитда ҳамон амалда, истеъмолда эканлиги, расадхона қурдиргани хусусида тўлқинланиб ҳикоя қилган. “Улуғбек Мирзо — донишманд подшоҳ эрди. Камолоти бағоят кўп эрди. Етти қироат била Қуръони Мажид ёдида эрди. Ҳайъат ва риёзийни хўб билур эрди. Андоқким, Зиж битиди ва расад боғлади ва ҳоло анинг Зижи орода шоеъдур. Бовужуди бу камолот гоҳи назмға майл қилур”.

“Фарҳод ва Ширинда” эса муаллиф ҳакимлар Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” асари тўғрисида яна минг йиллар давомида илмий ва амалий усулда тадқиқотлар олиб бориши, шарҳлар ёзиши, уни ҳам ҳукмдор, ҳам ҳаким сиймосида Шоҳғариб Мирзо ва бошқа темурийларга намуна, ибрат қилиб кўрсатгани ҳақида маълумот, хабарларни назмда маҳорат билан ёзган.

Энди мавзуимиз доирасида Навоийнинг истеъдодли замондоши Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” асарига мурожаат қилсак. Асарни ўқиб-ўрганишимизга кўра, адиб устози Навоий каби Мирзо Улуғбек ҳақида алоҳида фиқра ёзмаган. Маълумки, китобда бир юз элликдан ортиқ шоир, адибларнинг ижоди билан боғлиқ фиқралар битилган. Қизиғи шундаки, Улуғбек Мирзо ҳақида тарихий баёнлар, тасвирлар ёки унинг сиймоси, портрети билан боғлиқ чизгилари “Тазкират уш-шуаро”да талайгина эканлигига, муаллифнинг ихлоси ҳам унга жуда баланд бўлганига гувоҳ бўлдик. Яъни, ўндан ортиқ ижодкорлар ҳақидаги фиқрада Мирзо Улуғбек ҳақида, унинг буюк сиймоси, адабиёт, санъат, маданият намояндаларига қизиқиши, ҳатто, маълум бир шоирларнинг девонларини ўзи шахсан ўқиб ўрганиши билан боғлиқ қимматли маълумотларга кўзимиз тушди. Айниқса, бухоролик шоир Исмат Бухорий ҳақидаги фиқрада Давлатшоҳ Самарқандий Мирзо Улуғбек ҳақида шоир Исмат Бухорийдан ҳам кўпроқ маълумот ёзганини билдик. Унинг маълумотида ҳукмдорнинг Самарқанд тахтида ўтириб, адл, инсоф, ҳиммат билан Мовароуннаҳрни қирқ йил мус­тақил идора   қилиши, расадхона қуриши, 1018 та юлдуз билан боғлиқ илмий тадқиқотлари натижаси сифатида “Зичи Кўрагоний” (“Зижи Султоний”) ни ёзиши ёки унинг расадхонасида илмий, амалий фаолият олиб борган Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид каби машҳур астроном олимларнинг фаолияти билан боғлиқ тасвирлар берилган. Бу тас­вирларни биз иккига бўлиб ўрганишга ҳаракат қилдик:

  1. Исмат Бухорийнинг Мирзо Улуғбек даврида мадҳ услубидаги шеърларни ёзиш иштиёқининг сусайгани ва унинг Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида вафот этиши билан боғлиқ хабарларда донишманд ҳукмдорнинг шарафли номи тилга олинган.
  2. Фиқрада айнан донишманд ҳукмдорнинг шахси, фаолияти билан боғлиқ 2 та ҳикоятнинг тамсил қилиб келтиришидир. Ҳатто отаси Шоҳруҳ Султон вафотидан сўнг, Мирзо Улуғбек отасидан унга қонуний мерос бўлиб қолган мулкни талаб қилиб, Мовароуннаҳрдан Хуросонга лашкар тортиши билан боғлиқ гаплар ҳам бор.

Муаллифнинг ихлоси унга жуда баланд бўлиб, тазкирада у ўз эътирофини шундай баён қилган: “Фозиллар ва ҳакимларнинг якдил фикрлари шулки, исломият замонида, балки (Искандар) Зулқарнайн замонидан шу дамгача Улуғбек Кўрагондек олим ва подшоҳ салтанат тахтида ўлтирмаган”.

Муаллиф Самарқандда у қурдирган мадрасани бориб кўрар экан, “Улуғбек Кўрагон Самарқандда бир олий мадраса ҳам бино қилдиким, безаги, афзаллиги ва улуғворлиги жиҳатидан унга ўхшаши етти иқлимда ҳам йўқдир. Шу кунларда у олий мадрасада юздан ортиқ талаба ўқиб, истиқомат қилмоқда”, деган хабар ёзган. Билишимизча, асардаги ушбу маълумотни ўрганган М.Шайхзода “Мирзо Улуғбек” трагедиясида унинг бадиий талқинини маҳорат билан яратган.

Давлатшоҳ Самарқандий Мирзо Улуғбекнинг ўткир фаросати ва хотираси хусусида гапирар экан, унинг қилган овлари акс этган дафтари йўқолиб қолиши ва унинг ўзи дафтарни ёддан айтиб котибга қайта ёздиргани билан боғлиқ ибратли ҳикоят берилган, ҳикоят муаллиф тилидан баён қилинган, бироқ Мирзо Улуғбек нутқининг келтирилгани ҳам лавҳага ўзгача руҳ бағишлаган. Яъни: “Ҳикоят. Мирзо Улуғбек фаросати ҳам хотирасининг қуввати шу даража эдиким, ҳар жойда бирон жониворга ўқ отиб, ов қилса, бу тарихни эслаб қолар, воқеа қайси куни, қаерда содир бўлганлигини, жониворлардан қайсилари овланганлигини дафтарга битиб қўяр эди. Тасодифан ўша дафтар ғойиб бўлди ва қанча қидирсалар ҳам уни тополмадилар. Дафтарни сақловчилар саросимага тушдилар. Подшоҳ деди: “Ташвиш тортманглар, мен дафтарга ёзилган (гап)ларни бошдан-оёқ ёд биламен”. (Шундан кейин) подшоҳ котиб­ларни чақиртириб айтиб турди, улар ёзиб олдилар. Янги дафтар   тўлган ҳам эдики, аввалги (йўқолган) дафтар топилди. Ҳар иккала дафтарни солиштириб, тўрт-беш ихтилофдан бўлак фарқ топ­мадилар. Онҳазрат истеъдоди, ўткир зеҳни борасидаги бундай нақллар кўпдир.”

Тазкирада Шайх Озарий тилидан айтилган ҳикоят ўзига хос бўлиб, унда ҳам Мирзо Улуғбекнинг кучли хотира, пок идрок соҳиби эканлигига гувоҳ бўламиз. Мазкур ҳикоятда йиллар ўтиб ҳукмдор билан Шайх Озарийнинг қайта учрашуви ва биринчи бўлиб Мирзо Улуғбекнинг унга илтифот кўрсатиши, ўзаро мулоқот ва суҳбатлари борасида гапирилган: “Ҳикоят. Маърифатли Шайх Озарий, унга Танг­рининг раҳмати бўлсин, (бундай) деган: “Мен 800 (1398) йили Қорабоғда, улуғ Амир Темур Кўрагон қиссахони – тоғам билан эдим. Улуғбек Мирзо хизматига тайинландим. Ўша вақтда ҳали ёш бола эдим ва бир неча йил гўдаклик шодлигини шаҳзода билан ўтказдим. У билан бирга ўйнар, нақлу ҳикоятлар айтар эдим. У мен билан яқин дўст ва ўртоқ бўлиб қолди. 1448 (852 ҳижрий) йили мазкур подшоҳ Хуросонни забт этди ва Исфароинга келиб тушди. Ёшлик ўтиб, қариб қолган эдим. Ўрнимдан туриб, шоҳ ҳузурига бордим. Мени узоқдан фақиру   тақводор либосида кўрди. Салом-аликдан кейин, сўради: “Эй, дарвиш, сен эски ҳамсуҳбатимиз кўринасан, қиссахонимизнинг жияни эмасмисан?” Шоҳнинг ўткир зеҳни, фаросату пок идрокидан лол қолиб, дедим: “Ҳа, жаноблари қиссахонининг жияниман”. Улуғбек Қорабоғда айтилган ҳикоятлар, Гуржистон ғазовоти ҳамда Озарбайжон ажойиботларини ўртага солди. Мен ёдимда қолганларини айтиб бердим”.

Яна китобнинг “Шайх Озарий” фиқрасида Давлатшоҳ Самарқандий унда ёзган хабарида ҳукмдорнинг биринчи муаллими билан бизни таништиради. Унинг Мирзо Улуғбекка устозлик қилганлиги ҳақида таъсирли “Мирзо Улуғбекнинг биринчи муаллими”, деган ёқимли хабар битган.

“Мавлоно Бадахший” фиқрасида муаллиф унинг ХV асрнинг етук шоирларидан бўлиб, Улуғбек Мирзо даврида Самарқандда истиқомат қилгани ва унинг “мадҳида айтган покиза қасидалари бор”   деб изоҳ ёзар экан, демак, ўз даврида Мавлоно Бадахший ҳам шоир Саккокий каби ҳукмдорга қасида жанрида шеърлар ёзганидан хабар беради.

Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкирот уш-шуаро” асарида Мирзо Улуғбек ҳақида муҳим хабар, эслатмалари тўғрисидаги фикрларимизни давом қилар эканмиз, биринчидан, у китобнинг қасиданавис шоир асли исми Абу Низом Муҳаммадга бағишлаган “Фалакий Ширвоний” фиқрасида тилга олган ва: “…Фалакий девонини пок тийнатли подшоҳ Улуғбек Кўрагон ҳузурига киритганлар. У девонни ўқиб чиқиб, маъқул топган ва “Баққол” деган ғаройиб тахаллуси бор эканки, бу яхши эмас” деган”. Ёки асарнинг шоир Сайфиддин Исфарангий девонини Мирзо Улуғбек мажлисларида мутолаа қилиши борасида изоҳ ёзилган.

Муаллиф “Амир Хусрав Деҳлавий” номли фиқрада Мирзо Улуғбек номи истеъдодли укаси Бойсунқур Мирзо билан бирга тилга олинган ва Бойсунқур Мирзонинг Амир Хусрав Деҳлавий “Хамса”сини Шайх Низомий “Хамса”сидан ортиқ кўришини, Улуғбек Кўрагон эса Шайх Низомий “Хамса”сини ортиқ кўриб мутолаа қилиши ҳақида гапирган. Шу ўринда Бобур “Бобурнома”да отаси Умаршайх Мирзонинг ҳам Шайх Низомий “Хамса”сини, ҳам Хусрав Деҳлавий “Хамса”сини севиб мутолаа қилиши ҳақидаги лавҳани эслар эканмиз, демак, темурий ҳукмдорларнинг хамсанависларга ва уларнинг “Хамса” асарларига бефарқ бўлмаганидан воқиф бўламиз, ибрат оламиз.

Бобур “Бобурнома”да Мирзо Улуғбек ҳақида битган маълумот ва хабарларни ўқиб-ўрганар эканмиз, Бобур битикларининг баъзилари Алишер Навоий ва Давлатшоҳ Самарқандийлар битган маълумотлари билан ўзаро муштараклик касб этгани ёки мемуар асар услубидан келиб чиқиб фарқли жиҳатлари ҳам борлигини кузатдик.

Темурийлар Уйғониш даврига хос бунёдкорлик ишларида Улуғбек Мирзо фаолияти “Бобурнома”да буюк бобоси Амир Темур билан ёнма ён тилга олганини кўрамиз, бу ҳолат, айниқса, мемуарнинг фозил шаҳар Самарқанд тасвирида яққол кўринади. Чунончи: “Темурбекнинг ва Улуғбек Мирзонинг имороти ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур”.

Яна унинг Самарқандда қурдирган мадраса, хоноқоҳи, ҳаммоми, ислимий ва хитоий нақшлар услубида солган масжиди Муқаттаъси хусусида қуйидагича хабар ёзилган бўлиб, бу ҳам Мирзо Улуғбекнинг буюк бобоси Соҳибқирон Амир Темурдек кўпроқ ижтимоий характердаги бинолар қурдирганини кўрсатади: “Улуғбек Мирзонинг иморатларидин Самарқанд қалъасининг ичида мадраса ва хонақоҳдур. Хонақоҳнинг гунбази бис­ёр улуғ гунбаздур, оламда онча улуғ гунбаз йўқ деб нишон берурлар. Яна ушбу мадраса ва хонақоҳға ёвуқ бир яхши ҳаммом солибдур, Мирзо ҳаммомиға машҳурдур, ҳар навъ тошлардин фаршлар қилибдур. Хуросон ва Самарқандда онча ҳаммом маълум эмаским, бўлғай. Яна бу мад­расанинг жанубида бир масжид солибдур, масжиди Муқаттаъ дерлар. Бу жиҳаттин Муқаттаъ дерларким, қитъа-қитъа йиғочларни тарош қилиб, ислимий ва хитоий нақшлар солибдурлар, тамом деворлари ва сақфи ушбу йўсунлуқдур. Бу масжиднинг қибласи била мад­раса қибласининг орасида бисёр тафовуттур. Ғолибо бу масжид қибласининг самти мунажжим тариқи била амал қилибтурлар”.

Маълумки, Бобур асарида Темурийларнинг 140 йил муддатда Самарқанд тахтида ўтириб давлат бош­қаргани ҳақида ҳам алоҳида гапирган. Мазкур шонли сулоланинг бошқарув тарихида ўзини “мен” деб тилга олган, чунки Бобур қисқа муддатга бўлсада, Самарқанд тахтини 3 марта эгаллаган ва бу билан умрининг охиригача фахрланиб юрган. Шу даврда у пойтахт шаҳар инфратузилмасини яхши ўрганган ва шаҳарда қурилган муҳим ижтимоий характердаги биноларни бориб кўриш бахтига муяссар бўлган. Бобурни Самарқандда Навоий ва Давлатшоҳ Самарқандий сингари маҳлиё айлаган, ҳайратга солган бинолардан бири, бу – Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонадир. Бобур Навоий ва Давлатшоҳ Самарқандийдан фарқли ҳолда расадхона қурилган тарихий географик топоним номини ҳам аниқ айтган. Чунончи: “Яна бир олий иморати Пуштайи Кўҳак доманасида расаддурким, Зич битмакнинг одатидур. Уч ошёнликдур. Улуғбек Мирзо бу расад била “Зижи Кўрагоний”ни битибтурким, оламда ҳоло бу Зиж мустаъмалдур. Ўзга Зиж била кам амал қилурлар. Мундин бурун “Зижи Элхоний” мустаъмал эрдиким, Хожа Носир Тусий Ҳалокухон замонида Мароғада расад боғлатибтур. Ҳалокухондурким, Элхон ҳам дерлар. Ғолибо, оламда етти-секкиз расад беш боғламайдурлар. Ул жумладин бири, Маъмун халифа расад боғлабдурким, “Зижи Маъмуний”ни андин битибдурлар. Бир Батлимус ҳам расад боғлабдур. Яна бир Ҳиндустонда раажа Бикрамажит ҳинду замонида Ужжайи ва Дҳардаким, Малўт мулкидур, ҳоло Мандуға машҳурдум, яна бир расад қилибтурлар, ҳоло ҳиндуларнинг мус­таъмал Ҳиндустонда ул Зиждур. Бу расадни боғлағони минг беш юз саксон тўрт йилдур. Бу ул Зижларға боқа ноқисроқтур”. Маълумотдан кўринадики, Бобур Самарқандда Улуғбек Мирзо қурдирган расад ва у битган Зижи сабаб, у расад ҳамда Зижлар тарихини яхши ўрганган.

Маълумки, Соҳибқирон АмирТемур Самарқандда ўндан ортиқ боғлар барпо қилган. Бобур “Бобурнома”да буюк бобокалонининг барпо қилган боғлари хусусида ҳам маълумотлар ёзган, ўзи ҳам юришлари давомида кўрган ё қаровсиз қолган боғларни қайта обод қилган, Аграда боғлар барпо қилган. Мирзо Улуғбекнинг Пуштаи Кўҳакда барпо қилган “Боғи майдон” ва ушбу боғнинг марказида қурган Чилустун иморати, яна бир боғ ҳамда боғда қурилган айвон, айвон ичида ўрнатилган тош тахт, Чиннихона каби обод манзиллар ҳақида тартиб билан маълумотлар ёзгани Мирзо Улуғбек даври ва Самарқанд тарихини ўрганиш учун муҳим аҳамият касб этади деб баҳолаш мумкин.

Хулоса шуки, биринчидан, Бобурнинг “Бобурнома” қомусий асарида Мирзо Улуғбек ҳақида битилган маълумотлар турли характерда бўлиб, биз унинг Самарқандда амалга оширган ақл ва қўл ихтиролари билан боғлиқ маълумот таҳлили билан чекландик. Иккинчидан, Навоий, Давлатшоҳ Самарқандий асарларининг Бобур битикларига ҳамоҳанг бўлган лавҳалар эканлиги ва Самарқандда маълум муддат яшаган ва маданий кўтарилишни ўз кўзлари билан кўрган улуғлар бўлгани учун тилга олдик.

Буробия РАЖАБОВА,

Ўз ФА Ўзбек тили,

адабиёти ва фольклор институти

етакчи илмий ходими,

филология фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 9 =