Тарихнинг сирли дунёси
ёхуд жой номлари ва уруғ-аймоқлар муштараклиги хусусида
Жойлар – шаҳарлар, қишлоқлар, кўчалар номлари кўпинча кишини ўйлантиради. Айниқса, манзилдан манзилга элтувчи йўллар бўйида тикланган устунда ёзиб қўйилган жой отлари сал масофадан сўнг устига чизиқ тортилган ҳолда кўринади. Шу ҳудуд тугади дегани бу. Ўйланиб қолади одам. Бу номлар қачондан бери аталиб келинади.
Жой номларининг аксарияти ўзбек уруғлари номи билан аталади. “Кенагас”, “Найман”, “Барлос”, “Арғун”, “Болтали”, “Арлот”, “Катман”… қадимий бой тилимизга ишора қилади бу сўзлар. Улар бизга ўзликдан сўзлайди. Жой номлари ўзида юртимиз тарихига оид кўплаб атамаларни ва шу сўзлар билан боғлиқ маъноларни ташийди.
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га мурожаат қиламиз. Лекин луғатга кенг истеъмолда бўлган жой номлари киритилмаган.
Дунё миқёсида қадимда кишиларнинг ижтимоий-маънавий уюшган жамоалари бўлган уруғ ва қабилалари номи бугун йирик кишилик жамияти, туман, шаҳар ва давлатлар номига айланган. Буни ўзимизнинг ўлкамиз мисолида кўриб чиқишимиз мумкин.
XII аср тарихчиси Абдулкарим ибн Муҳаммад ал-Самъонийнинг (1113-1167, Марв. Ўрта Осиё шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилган. Фиқҳ, ҳадис, араб тили тилшунослиги, грамматикаси, адабиётига доир 50 дан зиёд асар ёзган) тарихий манбалардан бири бўлган “Насабнома” (“Китоб ал-ансоб”) номли асарида бизнинг диёримизда 92 уруғ мавжуд бўлгани ҳақида ёзилади. Бугунги кунда юртимизнинг ҳар бир вилоятида ушбу қабила ва уруғга мансуб авлодлар борлиги бошқа кўплаб манбаларда ҳам таъкидланади. Баъзи уруғ ва қабила номлари эса бир неча юз йиллар аввалданоқ жой номларига айланган. Кичик-кичик қишлоқ ва овуллар номларида уруғ-қабила номлари жуда кўп сақланиб қолган.
Халқ истеъмолида туманлар номи кенг қўлланишини ҳисобга олган ҳолда, туманлар номида қолган уруғ номлари, аниқроғи, қадимги уруғ-қабила номи билан ҳалигача атаб келинаётган айрим ҳудудлар номига тўхталиб ўтмоқчимиз.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 170 дан ортиқ туман мавжуд. Қуйида қабила ва уруғ номидан олинган баъзи туманлар, уларнинг келиб чиқиши ва маънолари жой олган.
Боёвут – Сирдарёнинг алоҳида эътиборга молик туманларидан бири. Бу туманнинг топонимига этник келиб чиқиш асос бўлган. Боёвут ўзбек уруғларидан бири бўлиб, қадимги Боёвут авлодлари ҳозирги Гулистон шаҳри ва атрофларида истиқомат қилишади. Сўзнинг маъноси “бой” сўзи билан изоҳланиб, -овут, -вут қадимги ўзбек тилидаги кўплик қўшимчалари саналади. Боёвут “бойлар” деган маънони англатади. Рашидиддин Ҳамадонийнинг ёзишича, қадимги вақтда боёвут анча катта қабилалардан бири бўлиб, тармоқларга бўлинган. Қўлёзмаларда қадимий 92 ўзбек уруғининг бири сифатида кўрсатилади.
Бўка – Тошкент вилоятидаги туман. Топонимнинг келиб чиқиш туркий халқларнинг Бўка (Бўке) уруғининг номи асос бўлган деб тахмин қилинади. Мутахассислар Ўзбек-қанғлилар ва Қатағанлар таркибида Қўка-қанғли, Бўка-қатаған уруғлари борлигини қайд этади. Таниқли олим Суюн Қораевнинг ёзишича қадимги туркий тилда бўка сўзининг “кучли, қудратли, паҳлавон” каби маънолари бор. Сўғдда энг кучли бўка шарафига йилига бир марта нишонланадиган байрам ҳам бўлган. Ушбу сўзнинг мозор, ибодатхона, мамлакат, жой, пастлик деган маънолари ҳам мавжуд.
Жомбой – Самарқанд вилоятидаги туман. Топонимнинг “жом” ёки “ём” “бекат”, “истеҳком” сўзларига алоқаси йўқ, дея таъкидланади манбаларда. Жомбой номли топоним Е.Койчубаев айтишига кўра, Қозоғистоннинг Гурев туманида ҳам мавжуд бўлиб, этник асосда пайдо бўлган. Жомбой қозоқларнинг бир уруғи номи ҳисобланади.
Нукус – Қорақалпоғистоннинг марказий тумани. Бу республиканинг пойтахти номи ҳамдир. Нукус аслида уруғ номи ҳисобланади. “Некуз”, “некус” – қўнғиротлар ҳамда қорақалпоқларнинг кенагас қабилалари таркибидаги уруғлардан бири, дейилади манбаларда. Шунингдек, у мўғул қабилалардан бирининг номи ҳамдир. Маълумотларга кўра, XIII асрда мўғуллар истилоси даврида нукусларнинг бир қисми Дашти қипчоққа, кейинчалик Мовроуннаҳрга келиб жойлашишган.
Олот – Бухоро туманларидан бири. Олот – орлот сўзининг фонетик ўзгаришга учраган тури бўлиб, ўзбек уруғларидан бирининг номидир. Бу сўз ҳақида Абдулғози Баходирхон “Шажараи турк” китобининг “мўғул авлодлари” қисмида ёзиб қолдирган. Асарда “орлот” сўзининг асл маъноси “онасининг севган ўғли” демакдир”, тарзида изоҳ келтирилади.
Ургут – Самарқанд вилоятидаги туманлардан бири. Тарихий манбаларда “аркут” шаклида учрайди. Маҳмуд Кошғарийда “арғу”ни турк қабиласи номи дея таъкидланади. Қадимги манбаларга кўра, “аркут” “арғу” сўзига “т” (қадимги туркий ва мўғул тилларидаги кўплик ҳосил қилувчи қўшимча) қўшилишидан ҳосил бўлиб, кейинчалик товуш ўзгаришларига учраган. Ургут – аргутлар ёки арғулар яшайдиган жой маъносини билдиради.
Андижон – Бу жой ҳақида афсоналарга қоришган турли маълумотлар мавжуд. Афросиёб ҳокими қизининг исми “Андижон” бўлиб, ушбу ном шу қабила номига қўйилган жой бўлиши мумкинлиги ҳақида қарашлар бор. Мутахассислар кўп ҳам ёқламайдиган яна бир ривоятда бу ҳудудда ҳиндлар яшаган Ҳиндукон – “ҳиндулар макони” номидан келиб чиққан деган қарашлар ҳам мавжуд. Ўрта Осиёга оид тарихий маълумотларда эса бу топоним ўзбекларнинг анди қабила номига боғланади. Андижон анди – қабила номи ва кан “қишлоқ, “андулар қишлоғи” дейилган.
Бектемир – Тошкент шаҳридаги туман. Бектемир – атоқли от ёки этноним. Лекин туркман қабиласида бектемир уруғи бор. Шунга кўра, ушбу туман номи ҳам ўзбек уруғлари тармоқларидан бири номини ўзида сақлаб келаётган бўлиши мумкин.
Миришкор – Қашқадарё вилояти таркибидаги туман. Миришкор сўзи “ўз ишининг моҳир устаси, “омилкор” деган маънони англатади. Бироқ манбалар бу номнинг ҳам қадимий ўзбек уруғларидан бири номига қўйилганини кўрсатади. Ўзбекнинг миришкор (меришкор) деб аталган қабила номи ҳам мавжуд бўлган.
Қамаши – Қашқадарё вилояти таркибидаги туман. Қамаши номи ўзбек-қўнғирот қабиласи таркибидаги қамайчи уруғи номидан олинган. Номшунос Тўра Нафасовнинг ёзишича, “қамай” – қадимий туркий этноним. Бу туркий қабила ҳайвон оти асосида номланган. Этник гуруҳ вакиллари учун лочинсимонлар, қарчиғайлар муқаддас кўрилиб, қушларнинг шу оиласига мансуб бўлган қумай (ҳозирда қумой) ном сифатида қабул қилинган. Ривоятларга кўра, қуш учганда сояси кимнинг бошига тушса, у давлат, салтанат бахтга эришган. Қуш номи кейинчалик уруғ номи, шаҳар, туман номига айланган.
Қибрай – Тошкент вилоятидаги туман номи. Маҳаллий ривоятларга кўра, Қибрай номи туркий уруғ номидан келиб чиққан. Суюн Қораевнинг ёзишича, туркий халқларнинг дуғлат қабиласининг бир уруғи қибрай деб аталган. Бу уруғ вакиллари афсонавий Қибирай ботирдан тарқалган деган ривоят бор. Дуғлат – қадимий туркий қабилалардан бири. Улар XIII асрда Чиғатой улусининг шарқий минтақасида яшаган. Дуғлатлар Шарқий Туркистон, Иссиқкўлнинг жанубида, Фарғона водийсининг шимолий ҳудудларида кўчиб юрган. Асосий машғулоти чорвачилик бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигорхоним ва “Тарихи Рашидий” асари муаллифи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ҳам дуғлатлардан бўлган. Қибрай сўзининг маъноси биз кузатган манбаларда учрамайди.
Қува – Фарғона вилоятидаги туман. Илк бор “қуба” шаклида учраган. Черик қирғиз қабиласи орасида куба номли катта уруғ бўлган. Ўзбек-қўнғиротлар орасида “кува” этноними тилга олинади. Маълумотларга кўра, ўрта асрларда қипчоқлар таркибда куба (кува) қабиласи мавжуд бўлган.
Тойлоқ – Самарқанд вилоятидаги туман. Тайлоқ (Тойлоқ) – уруғ номи. Бу ҳам ҳам ҳайвон номи билан боғлиқдир. Тойлоқ деб бир ёшдан ошган туя боласига айтилади. Шу асосда уруғ номи, сўнг туман номи юзага келган.
Узун – Сурхондарё вилоятидаги туман. Мутахассислар томонидан Қашқадарё қўнғиротлари, Фарғона, Зарафшон қипчоқлари таркибида узун деган уруғ аниқланган. “Узун” – этник гуруҳ номи шаҳар ва туманга ном бўлиб ўтган. Узун аслида чорвадорлар тамғасининг номидир. Уруғ ва унинг бўлимлари тамғасининг шакли, кўриниши, босиш ўрни, миқдорига кўра бир-биридан фарқ қилган.
Ғузор – Қашқадарё вилоятидаги туман. Қадимги тошбитикларда Хузор (Хузар ёки Хазар) тарзида учраса-да, қайси тилга мансублиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Хазар (ҳазар) қадимги туркий қабила, халқ номи. Бу номдаги қабилалар яқин ўтмишда Афғонистонда яшаганлиги маълум.
Чиноз – Тошкент вилоятидаги туман. У ўзбек қабилаларидан бири бўлиб Рашидиддин Ҳамадонийнинг “Жоме-ат-таворих” асарида мўғулларнинг “тайжуит” қабиласи таркибида чиноз деган уруғ мавжуд бўлган. Чиноз мўғулча “бўри” деган маънони билдиради ва бу ҳам тотемизмга асосланган ном ҳисобланади. Кейинчалик чинозлар тайжуитлардан ажралиб мустақил қабилага айланган. XVII асрда уларнинг бир қисми Қарши чўли ва Тошкент воҳасига кўчиб келиб, ўтроқлашган.
Мамлакатимиздаги катта-кичик қишлоқлар, овуллар, ҳатто маҳаллалар номида ҳам қадимий уруғлар, қабилалар номлари жуда кўп учрайди. Уларни ўрганиш бизни тарихнинг сирли дунёсига олиб киради. Маълумотларни бир-бирига улаш, тарих ҳақиқатларини ўрганишда ёрдам беради. Халқимизда “Ҳар бир инсон етти авлодини билиши керак”, деган гап бор. Бироқ бу ишни аксариятимиз уддалай олмаймиз. Шундай экан, ўзимиз келиб чиққан уруғнинг номини, шу номнинг маъносини иложи борича билишга интилганимиз хайрли бўлади. Эҳтимол, шу тариқа аждодимиз шажарасидаги номлари унутилган боболарни ёд этган бўлармиз.
(Мақоладаги маълумотлар жой номларига оид турли манбалар, луғатлардан фойдаланган ҳолда тайёрланди)
Гулнора ШЕРМАТОВА,
журналист.