Маҳмудхўжа Беҳбудий – миллат фидойиси

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган “Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори аждодларимиз меросини ўрганиш ва улардан халқ маънавиятини юксалтириш мақсадида фойдаланиш борасида бошланган савобли ишларнинг давомидир.

Дарҳақиқат, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз даврининг ҳақиқий зиёлиси, миллатнинг чинакам фидойиси эди. У ўзига тўқ ва илмли оилада туғилиб ўсди. Шу сабабли ҳам бутун умрини маърифатга бағишлай олди, ўзига қарашли ширкат ва ерлардан олинадиган даромадларни ҳам халқ манфаати йўлида сарфлади. Натижада эл орасида юксак салоҳиятга эга бўлди.

Халқ хонликларнинг ўзаро урушларидан, рус империяси зуғумларидан чарчаганлигини ҳисобга олиб, у энг аввало миллатни, унинг фарзандларини саводли, илмли қилиш кераклигини тушуниб етди. Ана шу ғояси билан атрофига ўзига ўхшаган элсевар зиёлиларни тўплай олди. Тарихимизда жадидчилик номи билан аталган бу ҳаракат ўша даврда минтақамизда чинакам уйғониш даври эди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сиёсий қарашлари ўз замонида нафақат мамлакат, балки ташқи дунёда ҳам эътиборга молик бўлган. Хусусан, “Ҳақ берилмас, олинур” шиори миллат фидойиларини чинакам ҳушёрликка чорлади. Ўтган асрнинг бошидаёқ маърифатпарвар бу инсон Туркистон ўлкасининг маърифий концепциясини яратишга ва уни императорга ҳавола қилишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, “Туркистон мухторияти” ҳаракатининг етакчиларидан бўлди. Ўзи таъкидлаганидек, халқ озодлиги йўлида агар лозим бўлса, жонини беришга ҳам тайёр эди.

Бу инсоннинг яна бир буюк хизмати шундан иборатки, у ўз ҳисобидан мактаблар очди, алифбо ва бошқа дарсликлар чиқарди, бу ҳаракати орқали халқ маърифатига сармоя киритди. Энг муҳими, Самарқандда айнан янги қарашдаги зиёлилар ҳамкорлигида миллий матбуот тамал тошини қўйди. Бу таҳририят атрофида Марказий Осиёнинг турли минтақаларидан ижодкорлар келиб фаолият кўрсатдилар. “Hurriyat”, “Камбағаллар товуши”, “Меҳнаткашлар ўқи” каби кўплаб номларда газеталар чоп этилди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда биринчи бўлиб “Падаркуш” драмасини ёзди ва бу асарнинг оммалашуви орқали халққа театр – ибратхона эканлигини тушунтира олди. Таҳририятдаги ва умуман, атрофидаги барча иқтидорли ижодкорларни қўллаб-қувватлади, уларнинг бошини бириктирди. Бундан ташқари, мусулмон давлатлари зиёлиларини бир-бирини қўллаб-қувватлашга чорлади. Бинобарин, “Қозоқ қардошларимга мактуб” номли эссеси минтақада ўша даврнинг чинакам даъватига айланди. Шунингдек, у халқимизнинг илмга интилмайдиган, тўй ва маъракалардан бўшамайдиган тоифасини кескин танқид қилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу қарор орқали бугунги давр учун Беҳбудий ғоялари, бу алломага ўхшаш фидойи зиёлилар нечоғлиқ зарур эканлигига ишора қилмоқда. Негаки, миллат маърифатига сармоя киритиш, уни қўллаб-қувватлаш замонамизнинг энг савобли ишларидан биридир. Маҳмудхўжа Беҳбудий ижоди, ҳаёт йўлини пухта ўрганган профессор Бегали Қосимов (жойи жаннатдан бўлсин!), бугунги кунда жадидлар фаолиятини кенг тадқиқ қилаётган олимлар Ҳалим Сайид, Қаҳрамон Ражабов, Баҳром Ирзаев ва бошқа зиёлилар ҳам бу жадид бобомиз миллат йўлида нечоғли улуғ ишларни қилганлигини таъкидламоқдалар.

Камина Маҳмудхўжа Беҳбудий ташкил этган газетада бош муҳаррир бўлиб ишлаётганимдан фахрланаман ва бу юкнинг нечоғлиқ вазмин эканлигини ҳис қиламан. Насиб этса, Самарқанд вилоят мусиқали драма театри учун бу улуғ аллома ҳақидаги саҳна асаримни яқин кунларда тақдим этиш ниятидаман.

Фармон ТОШЕВ,

Самарқанд вилоят “Зарафшон” ва

“Самаркандский вестник” газеталари

бош муҳаррири,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

ИЛМ, МАЪРИФАТ, ҲУРЛИК КУЙЧИСИ

Миллат ҳурлиги, юрт истиқлоли, маърифати йўлида жонини фидо қилган жадидлар номи мудом ҳар бир инсон қалбида мангу яшайди. Уларнинг фаолияти ва ижодига қизиқиш, ундан бугунги ўзбек жамияти ва маърифатини ривожлантириш йўлида самарали фойдаланиш ғоят долзарбдир. Шундай маърифат ҳимоячиларидан бири Туркистон халқининг миллий қаҳрамони, миллий уйғониш даври адабиётининг таниқли намояндаси, адиб,публицист, ношир, муҳаррир,жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийдир.

Бутун умрини халқни саводли ва маданиятли қилишга сарф этган маърифатпарвар ҳақида кўплаб манбалар мавжуд. Ўтган 2024 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодини кенгроқ тарғиб қилиш, жадид ҳақида батафсилроқ маълумотларни китобхонларга етказиш мақсадида “Маҳмудхўжа Беҳбудий” номидаги тўплам нашр этилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, санъатшунослик фанлари номзоди Сирожиддин Аҳмад томонидан тўпланган жамланмада Беҳбудийниннг “Вақт”, “Улфат”, “Туркистон вилоятининг газети”, “Тараққий”, “Шуҳрат”, “Тужжор”, “Самарқанд”, “Сироти мустақим” нашрларида босилган ва аввалги икки жилдлик сайланмаларга киритилмаган мақолалари киритилган. Бундан ташқари, илк бор адиб асарларининг фахристи илова қилинган.

“Ҳақ олинур, берилмас!”. Бу — эрк ва ҳурлик куйчиси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг дастуриламали, миллатни уйғотгувчи сўзлари эди. Китобда Маҳмудхўжа Беҳбудий тўғрисида деярли барча маълумотлар мавжуд бўлиб, уни мутолаа қилиш орқали адибнинг шахсияти ва маориф йўлидаги мардонавор ҳаракатлари билан танишиш мумкин.

Маҳмудхўжа Беҳбудий, аввало, маърифатпарвар, муаллим, драматург, миллий театр муассиси, журналист, санъат вакили, таржимон бўлган. Ушбу тўплам нафақат маърифат куйчиси ҳақида куйлайди, балки фар­ёд чекади, ўқишга, илмли бўлишга ундайди. Шояд мазкур китоб барча олий таълим муассасаларида, илмий тадқиқот институтлари кутубхоналаридан жой олса, бор куч-қувватимизни уларга муносиб издош бўлишга ва миллат равнақига хизмат қилишга сарфлашга йўналтирсак.

М.ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + one =