“Балиқкўл”да ҳикмат кўп
(Султон Увайс Қараний ва Наима биби зиёратида)
Наманганнинг Чортоғида “Балиқкўл” қадамжоси борлигини билсам-да, Султон Увайс Қараний ва унинг онаси Наима биби мақбараси шу ҳудуддалигини Чортоқ тумани ҳокими Илҳомжон Сатторовдан эшитдим. Унинг улуғ авлиёларга ихлос-эътиқодига ҳавасим келди.
Ислом оламида улуғланган авлиё, анбиёларга меҳрим баландлиги боисидан қайси юртга борсам, ўша жойдаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишга одатланганман.
Яқинда таниқли ижодкор, чортоқлик журналист дўстимиз Рустам Умматов билан “Балиқкўл”га қараб йўлга чиқдик. Йўл-йўлакай “Қишлоқ ҳаёти” газетасида ишлаган пайтларимиздаги воқеаларни ёдга олдик. У долзарб муаммолар хусусида таҳлилий-танқидий мақолалар ёзарди. Шундай танқидий мақоласи туфайли ишдан бўшатилганини билардим. Мана, орадан анча йиллар ўтиб, ҳақиқат юзага чиқди. Яқинда Рустам Умматов бир пайтлар ўртага ташлаган муаммо бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди. Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди, деганлари бежиз эмас экан-да.
Журналистнинг ўшанда адолатсизлик туфайли вайрон бўлган кўнглидаги ҳақиқат иморати бугун тикланди. Манзилга етгунча шу каби ўтган кунларимиз ҳақида суҳбатлашиб кетдик…
Тарихий маълумотларга кўра, Увайс Қараний 594 йил Яман юртининг Мурод қабиласи Қарн қишлоғида туғилган. У зоҳидона ҳаёт кечириб, хилватни ёқтириб, туябоқарлик қилган. Доимо онасининг хизматида бўлган. Яманлик илк сўфий, тобеъинларнинг улуғи Увайс Қараний Ислом оламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ғойибона ошиқ бўлган, унга кучли муҳаббат қўйган. У пайғамбаримиз ҳаётлик даврларида яшаган бўлса ҳам, онасининг сўзига итоат қилиб волидасини ёлғиз қолдириб узоқ сафарга чиқмаган ва Расуллулоҳ С.А.В. билан кўриша олмай, ул зотга ғойибона иймон келтирган эди.
Увайс (Вайсал) Қараний Сиффинда Ҳазрати Али ва Муовия ўртасидаги жангда ҳазрати Али лашкари томонида туриб шаҳид бўлади. Ривоят қилинишича, Увайс Қараний шаҳид бўлгач, унинг тобутини қабилалар талашиб қолишади. Ҳазрати Али қуръа ташлаш йўли билан бу муаммони ҳал қилади. Майитни еттита тобутдан бирига жойлайди. Барча қабила вакиллари ўзи танлаган тобутларни араваларга юклаб хурсанд бўлиб олиб кетадилар. Аллоҳнинг мўъжизаси ва Увайс Қаранийнинг каромати билан ҳар бир тобутда Увайс бирдай кўринган экан.
Бугунги кунда Султон Увайс Қаранийнинг Яманда, Суриядаги Раққа ва Сафа шаҳарларида, Тожикистонда, Озарбайжонда, Туркияда рамзий мақбаралари мавжуд. Ўзбекистонда эса икки жойда: Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида ва Наманганнинг Чортоқ туманидаги “Балиқкўл” қишлоғида ул зотнинг мақбараси ва қадамжоси бор. Бу даргоҳ ихлосли ҳамюртларимиз учун зиёратгоҳга айланган.
Зиёратгоҳда ҳаво жуда тоза, табиат манзаралари гўзал. Кўкларга бўй чўзган қатор-қатор тераклар болалигимизни, туғилган қишлоғимизни эслатиб юборган бақатеракларнинг ғуборсиз оппоқ баданларига қараб кўз тўймайди. Беихтиёр Тошкентнинг ҳавоси ифлослигидан, чанглигидан дов-дарахтларнинг танасидан тортиб шох-новдаларигача қорайиб кетгани кўз ўнгимиздан ўтди…
Сафардаги йўлдошинг зиёли, самимий бўлса, суҳбат ҳам қовушади. Рустам ака шундай ижодкор. У кейинги йилларда ижодга муккасидан кетиб, ўндан ортиқ китоблар ёзибди. У “Наманган энциклопедияси”ни тайёрлаб чоп эттирибди. “Бобур ва Наполеон” асарини ёзибди.
“Балиқкўл” зиёратгоҳи ҳудудидаги “Султон Увайс Қараний” жоме масжиди ўзининг маҳобати, файзи-таровати билан эътиборимизни тортди. Масжид ёнидаги Султон Увайс мақбарасида Қуръон оятларидан тиловат қилдик. Онаси розилиги учун умрини унинг хизматига бағишлаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ йўлида яхши кўрган ва унинг ҳам муҳаббатига эришган, тасаввуф машойихларининг улуғи — Увайс Қаранийни меҳрибон раббимиз раҳматига олсин, ўтган ота-оналаримизни ҳам Тангримиз жаннати билан сийласин деб дуолар қилдик.
Мақбара билан бир қатордаги кутубхона-музейга кираверишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларига нигоҳимиз тушди: “Наманган қадимдан кўп-кўп истеъдод эгаларининг парвозига қанот берган илоҳий макондир”.
Ҳа, Юртбошимиз ҳақ гапни айтибди. Дарҳақиқат, авлиёлар ётган тупроқда ҳикмат бўлар экан.
Кутубхона-музей залида муқаддас Қуръони каримнинг қадимий ноёб нусхаларидан бири сақланмоқда. Увайс Қаранийнинг ҳикматларини ўқиймиз: “Биродарингиз ҳаққига йўқлигида дуо қилинг, зиёрати ва кўришишдан афзалдир”. “Улуғлик тавозеликда”. “Аллоҳнинг улуғлигини тафаккур қил”.
Улуғ зотлардан бири Абдулҳақ Деҳлавий шундай деган экан: “Авлиёларнинг зикри бўлган пайтда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади”.
Мутафаккир Абдураҳмон Жомий эса “Нафақот ул-унс” асарида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Яман тарафга юзларини буриб дер эдилар: “Яман томондан раҳмат шабадалари эсмоқда. Эҳсон ва эзгуликда тобеинларнинг энг яхшиси Увайс Қаранийдир”, деб ёзади.
Шундоқ қорли тоғлари кўриниб турган чекка бир қишлоқда бунёд этилган бундай гўзал ва маҳобатли зиёратгоҳни томоша қилиб жуда таъсирландик. Бугун бахтимиз кулган кун экан.
— “Балиқкўл” мажмуаси ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қайта бунёд этилди, – деди мажмуа масъул ходими Содиқ Ботиров. — Зиёратчилар учун замонавий шароитлар муҳайё.
Зиёратгоҳдан пиллапоя билан пастга тушиб, кўлдаги балиқларни томоша қилсангиз, қалбингиз ором топади. Зилол сувга тикилиб руҳоний қувват оласиз.
Ҳамроҳимнинг ҳикоя қилишича, мусулмон умматлари учун муқаддас бўлган жума куни пешинда кўлчадаги балиқлар кўринмас экан. Худди Аллоҳнинг бандалари каби улар ҳам жума намозини ўқишар эмиш.
“Балиқкўл” яқинидаги “Сутли булоқ” зиёратгоҳидаги Султон Увайснинг онаси Наима биби мақбараси ҳам муқаддас қадамжолардан бири ҳисобланади. Мўъжизани қарангки, “Сутли булоқ”дан ҳам шифобахш сув чиқади. Бу сув таркибида турли маъданлар кўп бўлганлиги учун ички органлар, жигар ва тери касалликларини даволашда фойдали экан.
Юқорида айтганимиздек, Султон Увайс Қараний умрини кўзлари ожиз онаси Наима биби хизматига бағишлаган. У онасини ёлғиз қўйишга кўнгли бўлмай, ҳатто бир умр уйланмай ўтган. Ривоят қилинишича, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимидан аввал Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Алига муборак хирқасини Увайс Қаранийга етказишни васият қилган экан. Ҳазрат Увайс хирқаи саодатни киймасдан эъзозлаб, муҳаббат тожи сифатида сақлаган. Шаҳид бўлганидан сўнг бу либос яманлик унинг яқинлари орасида асрлар бўйи қўлдан-қўлга ўтиб юрган. Ҳозирги кунда хирқа Истанбулдаги “Хирқаи Шариф” жоме масжидида сақланмоқда.
Дарвоқе, бир неча йил аввал Истанбулдаги ушбу жомеда ибодат қилгандим, хирқаи шарифни кўрганман.
Зиёрат шарофати ила “Балиқкўл”дан руҳимиз қушдек енгил бўлиб қайтдик…
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
публицист.