Биз кимларга ҳайкал қўямиз?

ёхуд жўмард кишилар ҳақида

Адабиёт, матбуот — ҳаёт кўзгуси. Аммо қандай кўзгу? Ҳамма нарсанинг хунугини чиқариб кўрсатадиган ойнами ё тўғри, рўйирост намоён қиладиган? Ҳаётни расво қилиб акс эттирадиган қийшиқ кўзгуни тошга уриб чилпора қиламиз, чароғон, равшан кўрсатадиган ойнани эса ардоқлаб, уй тўрига қўямиз…

Ўн йилча олдин Ҳотамжон ака деган қадрдонимиз оламдан ўтди. Ёши етмишдан ошган, иззат-обрўли одам эди. Кўп йиллар заводда раҳбар лавозимида ишлади. Пенсияга чиқиб ҳам бирон кун тинмади, чунки қўли гул ҳунарманд эди, ишласа дам олиб, ишламаса чарчаб қоладиганлар хилидан эди. Ҳамшаҳар сифатида гап-гаштакларда учрашиб турардик. Бундай олганда, бу ёшда вафот этганлар ортидан: “Ошини ошаб, ёшини яшади, энди нариги дунёси обод бўлсин”, деб дуои фотиҳа қилсак, кифоядай.

Аммо Ҳотамжон ака…

Мен эллик-олтмиш ёшларида ҳам жуда серзавқ, қақ-қаҳ уриб куладиган, давраларнинг гули бўладиган бу одамнинг бир сирини билар эдим. У бошидан ўтган бу воқеани бировларга айтиб юрмас, мен ҳам бир тасодиф билан эшитиб қолгандим.

Тафсилоти шуки, Ҳотамжон ака кўп йиллар аввал, йигит чоғида биринчи рўзғоридан ажрашади. Тақдир-да. Бирон йиллардан сўнг собиқ хотини эрга тегади, ўзи ҳам бошқа аёлга уйланади. Ҳаёт шу зайилда янги изга тушади. Аммо яна бирон йил ўтгач, собиқ хотини эри билан бирга аварияда ўлганини эшитиб қолади. Ачинади, ахир бирга яшаган, туз тотишган. Ўйлаб-ўйлаб, янги рафиқасига оғиз очади: “Хотин, шундоқ-шундоқ бўпти, фалокат-да, энди икков бирга бориб, фотиҳа ўқиб, ҳамдардлик билдириб келсак…”

Бориб қарашса, собиқ хотинининг қайнота-қайнонаси қари одамлар экан, ўзлари абгор бўлиб ўтиришган экан, ўғли-ю келинининг аварияда ўлгани етмагандек, улардан ёдгор бўлиб қолган уч ойлик чақалоққа қараб, парвариш қилгудек одам ҳам йўқ экан. Эр-хотин кўнгил сўраб қайтишибди.

Орадан бир-икки кун ўтгач, акамиз яна келинойига маслаҳат солибди: “Аяси, кўрдингизми бояги гўдакнинг аҳволини? Жуда увол-ку. Шу болани обкелиб, бир-икки ёшигача боқиб бермасак, ўлиб қолади. Савоб ҳам бўлар?”

Келинойимиз ўйлаб, бу гапни ҳам маъқул топибди. Ўша уйга тағин боришибди, ўзларини бошқатдан танитиб, болани холис боқиб улғайтириб бериш ниятида эканликларини изҳор қилишибди. Чолу кампир осмондан тушгандай, бу эр-хотинга “жон худо” дея чақалоқни бериб юборишибди…

Ҳозир бу гапларга қирқ йилдан ошди. Ўша бола ҳозир қирчиллама қирқ ёшида. Гўдак пайтида ким тонг саҳарда дўконга бориб, навбатларда туриб, сут олиб келиб ўзини боққани, ким тунлари ухламай парваришлаб чиққани, тетапоя қилдиргани-ю, тили чиққанида айтган илк сўзларини эшитганини, йўртмачоқ бўлган чоғида яна бобосию бувисига қайтариб берганини, эҳтимол, билар, эҳтимол, билмас. Унга бу воқеани қариндош-уруғлари айтиб беришганми-йўқми, бу ёғи ҳам бизга номаълум.

Аммо Ҳотамжон аканинг — ажрашиб, етти ёт бегона бўлиб кетган хотинининг бошқа бировга тегиб туққан фарзандини, яхшиликда ундан кам бўлмаган хотинининг эса — эрининг аввалги хотини бировдан кўрган болани бағирларига олиб, бир неча йил боқиб ўстирганини эсласам, ишонинг, ҳар гал уларнинг бунчалар кенгбағирлигига ҳайрон қоламан. Ахир эр учун, ажрашиб кетган хотиннинг нодўстлиги, хотин учун эса, эрнинг аввалги хотини ғайир кимса бўлиши бор гап-ку! Шу биргина воқеанинг ўзи бу эр-хотиннинг нечоғлиқ одамийлигини кўрсатиш учун етарлимикин дейман?

Яхшилардан бири — Ҳотамжон ака ҳам ўтиб кетди…

Фидойилик — савобнинг каттаси

Она тўнғич қизини куёвга чиқарди-ю, ётиб қолди. Тўй югур-югурларида санчиб-санчиб ўзини сездириб турган юрак оғриғи кун сайин зўрайди. Орадан бир ой ҳам ўтмай, етти боласини етим қилиб ташлаб кетди.

Узатилган қизи ёлчитиб келинлик даврини сура олмади, онаси — қирқ ёшга ҳам кириб улгурмаган меҳрибонининг қазо қилганига бир куйса, ҳали бешикда ётадиган кенжа укасининг аҳволини эслаб, баттар ўртанарди.

Дадаси далада ишлаётган тракторларга солярка ташийдиган машинани ҳайдар эди. Хотини ўлгач, дилтанг бўлиб, ўзига қарамай қўйди. Кир-чирини ювадиган одам йўқ, эгнидаги оқ нейлон кўйлаги мой босиб, қоп-қорайиб кетган, бошида яғир дўппи, соқолига ҳафтада бир устара тегмайди. Болаларнинг тўрттаси мактабда ўқийди, қолган иккиси майда. Кечқурун чарчаб ишдан қайтса, совуқда жунжикиб оч ўтиришган бўлади — уларга овқат пишириб берадиган одам қани? Айниқса, бешикдагисига жуда жабр бўлди…

Хайрият, эл-юрт, қавм-қариндош бор экан, олти ой ҳам ўтмасдан, Ҳожархон деган бир жувонни топиб, бошларини қўшиб қўйишди — аввалги эридан бола кўрмай ажрашган экан. Уйдаги аҳволни кўриб, Ҳожархон ачинганидан ўпкаси тўлиб, кўнгли юмшаб кетди, ётсираб турган болаларни бағрига босди. Оила бошлиғи эртаси куни тонгда бошида ярақлаган янги дўппи, эгнида оҳорли кўйлак, машинани гуриллатиб ишига жўнади.

Бундай олганда, ҳамма нарса изга тушгандек. Аммо сиртдан шунақа кўринаркан. Болаларнинг янги онага кўникиши қийин бўлди. Ҳожархон уларни оқ ювиб оқ тарайди, сочларини ўриб мактабга кузатади, аммо пешин маҳал ҳаммаси худди келишиб олгандай, бири қўлидан тортиб, бошқаси ортидан итариб, кўчага судрашади, бақириб йиғлашади: “Кет уйингга, бизга ўзимизнинг аямиз керак, сен йўқол!”

Ҳожархон саросимага тушиб қолмайди, бирининг бошини, бирининг кўзини силаб дегандай, аста юпатади: “Бўпти, болалар, мен кетаман, аммо ҳали даданглар ишдан қайтганида мени машинасида обориб қўяди, хўпми, унгача овқатингларни еб олинглар, қорнинглар ҳам очиб кетгандир?”

Албатта, мактабдан қайтган болаларнинг қорни оч, иссиқ овқатни еб, бироз ухлаб, ё ўйнаб дегандай, бир маҳал қарасаларки, дадалари ишдан келиб қолибди. У кишининг олдида бояги тўполонни такрорлашга ботинмайдилар. Аммо эртасига яна бояги аҳвол такрорланади.

Шундай қилиб, болалар янги онага аста ўрганишди. Орадан ойлар, бир-бирини қувалаб йиллар ўтди. Ҳожархон — бу оилага кириб келган чоғида ёшгина, икки юзи бамисоли анор, бўйлари товусдай сулув шу аёл — бу фарзандларни менга худо берди, дея шукур қилиб, уларни ўстириб-улғайтирди, она бўлиб, кейинги икки қизни турмушга узатди, она бўлиб, ўғилларни уйлантириб, тўрт келинли бойвуччага айланди.

Бу орада вақти-соати етиб, ота қазо қилиб кетди. Йигитларнинг тўртови ҳам, ким кўрса ҳавас қиладиган, боодоб, топармон-тутармон бўлиб улғайишди. Бир пайтлар гўдаклигига бориб, уни кўчага судраб чиқаришга чоғланган бу болаларнинг ҳар бири энди унинг қўлларидан тортгудай бўлиб, онам бизникида турсин, дея ўзаро талашишади. Учинчи ўғли ўтган йили Ҳожархон опани ҳажга олиб бориб келди.

Мен бу гапларни қаёқдан биламан? Гап шундаки, юқорида эслатилган катта қиз бизнинг бир қариндошимизга келин бўлиб тушган. Яқинда бир маъракада онамга: “Қуда хола, ичимдаги гапимни айтсам, бировлар айб қилади, деб қўрқаман, — деб дил ёриб қолибди. — Аммо сиз тўғри тушунасиз. Шунчаликки… гоҳо, асли раҳматлик аям яхшимиди, ё ҳозирги онамми, деб ўйлаб ҳам қоламан…”.

Албатта, бу дунёга ҳеч ким устун бўлолмайди, аммо шундай одамлар ҳам бўлар эканки, улар астагина, намойиш қилмасдан, дунё биносига жўмардлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат… хуллас, одамийлик устунларини қўйиб кетишаркан.

Жигарлар

Қўқон ёқларда бир яхши анъана бор: кимдир ўғил уйлантирса, яқин қадрдонлардан бўлган бир оила уларни ҳомийликка олади, эр — вакил ота, хотин — вакил она қилиб тайинланади. Улар бу янги рўзғорнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлишади, оёққа туриб олишига баҳоли қудрат кўмаклашади. Албатта, бунинг ўзига яраша оворагарчилигу қийинчиликлари ҳам бор. Аммо бундай шарафга унча-мунча хонадон ноил бўла олмайди ҳам.

Қишни шаҳарда ўтказамиз деб астойдил келган қудамга тунов куни телефон қилсам, “Яйпандамиз”, деб қолди. Овози негадир дилтанг. Ажабланиб сўрасам, улар вакил ота-вакил она бўлган бир келин ўттиз бир ёшида қўққисдан вафот этган экан, шунинг учун эр-хотин жўнаб кетишибди.

Вақти қазо қачон етади, бандаси буни билмайди. Аммо ўттиздан энди ошганида уч норасидасини ташлаб, оламдан ўтган бу келинга биз ҳам ачиндик, албатта. Ҳайрон бўлиб, суриштирсам, кўпдан бери унинг жигари оғрир, талай жойларга бош уриб, шифо топа олишмаган экан. Ниҳоят, икки ой бурун ҳиндистонлик шифокорлар билан алоқа боғлашса, улар: “Кимдир бу аёлга ўз жигарининг бир қисмини ажратиб беришга рози бўлса, марҳамат, келишсин, биз шундай операция ўтказишга ҳозирмиз, аммо иккала одамнинг жигари бир хил бўлиши керак (қон гуруҳи, ҳужайра тузилиши)”, дейишибди. Текширтиришса, йигирма олти яшар синглисининг жигари баайни эгизакдай экан. Синглиси эса: “Жигаримнинг қанча қисми керак бўлса, опамдан айлансин, мен ҳам бориб, операция столига ётишга розиман”, деб айтибди. Шунга тайёргарлик кўриб, йўлга чиқишларига уч кун қолганида бояги келин битта ёстиқни тахмонга кўтариб жойламоқчи бўладими? Шугина ҳам оғирлик қилиб, ўша ернинг ўзида қон қусиб, омонатини топширибди-қўйибди…

Боя айтдик, қазо муқаррар. Бугун ўлмаган одам бошқа вақтда чин дунёга йўл олиши бор гап. Бояги келин ҳам, агар яна юз йил яшаса-да, бу фоний дун­ёни тарк этиши тайин эди. Албатта, ундан қолган норасидалар ҳам худо берган кунини кўриб кетади, чунки замонамиз, шукурки, тўкинчилик.

Аммо мени шу вафот этган аёлнинг синглисидаги жўмардлик, жонфидолик ҳайратга солди. Бир парча ерни талашиб ё бир кийимлик матоҳни деб ака-ука, опа-сингиллар юзкўрмас бўлиб кетишаётган ҳозирги даврда бу қиз, керак бўлса, опасига жонини ҳам беришга тайёр экан! Ахир жигарининг ярми кесиб олинадиган операциядан қай аҳволда чиқишини ўзи ҳам билмас эди-ку!

Мен ана ўша қизни кўрмаганман, отини ҳам билмайман. Аммо ўтириб, унинг ҳаққига дуолар қилдим, умри узун бўлишини астойдил сўрадим. Умидворман шу тилакларимнинг ижобат бўлишидан…

Алқисса…

Мен тилга олган бу оилаларнинг ҳаммасини яхши биламан. Хўш, уларнинг бошидан ўтган бир қатра-бир қатра воқеа тафсилотини сизга ҳам илинганимнинг боиси нимада?

Гап шундаки, сўнгги йилларда олди-қочди газеталарда, журнал ва китобларда кишиларнинг бузуқлиги, алдоқчилиги, бир-бирига қаҳр-ғазаби, тошюраклиги каби ярамасликлар тасвири “бадиий асар” деган гулқоғозга ўраб тақдим этиладиган бўлиб қолди. Ўқисангиз, бу ўтар дунёси кўзингизга янаям тор кўриниб кетади, одамларнинг бари расво, дунё тубан одамларга тўлиб кетибди, деган хулосага келасиз. Алалоқибат, ўзингиз ҳам бошқаларга шубҳа билан назар солувчи бадбин кимсага айланиб қоласиз. Бунақа “асар”лар яхшиларнинг дунёқарашини бузиб, ёмонларни кўпайтириб ётибди.

Уларда оилавий машмашалар элга достон қилинади, бирон тантиқ келиннинг қандай қилиб қайнонаю қайнотага гап қайтариб мот қилиб қўйгани-ю, куёв болани қай тарзда таҳқирлаганини, ҳатто унга шапалоқ урганини кўрсатиш орқали бошқаларга ҳам шундай муомала ўргатилади, бунинг устига, жуда кўп асарларда ҳалигиндақа “ғалати” гаплар ҳам бор. Бошқа бир хил нашрларни ўқишга тушсангиз, каллакесарлар, мафиялар ҳамма ёққа ин қуриб олишган экан, деган бадбин ўйларга бориб қоласиз, бу ғаддор дунёсидан этак қоқиб чиқиб кетгингиз келиб қолади…

Одамлар суҳбатида бўлсангиз, юқорида намуна қилиб келтирилган каби не бир хушхулқликларга гувоҳ бўласиз, ибратомуз воқеаларни эшитиб, ажиб сабоқлар оласиз. Дилингиздан, мен ўзимни яхши одамман деб юрган эканман, деган фикр ўтади, некбинроқ бўлиб қоласиз, эртадан кўп олижаноб ишларни амалга оширишга чоғланасиз.

Шундай экан, адабиёт ўзимизга хос ҳаётни ва ҳаёни, ўзбекона турмуш тарзини ёритгани — ёмонликни эмас, яхшиликни элга ёйгани дуруст эмасми?

Адабиёт, матбуот — ҳаёт кўзгуси. Аммо қандай кўзгу? Ҳамма нарсанинг хунугини чиқариб кўрсатадиган ойнами ё тўғри, рўйирост намоён қиладиган? Ҳаётни расво қилиб акс эттирадиган қийшиқ кўзгуни тошга уриб чилпора қиламиз, чароғон, равшан кўрсатадиган ойнани эса ардоқлаб, уй тўрига қўямиз…

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + three =