Юракни янгилаб бўлмайди

Ҳамал юракларга ишқ куртакларини ундириш илинжида келди. Ижод аҳлининг кўнгли ёришди. Гўзалликка интилган сари қоғозга сўз ёғилаяпти. Эзгуликлар ҳосилини дилларга жо қилгувчи ўтли сўз… Янги шеъри дунё юзини кўрган шоирнинг ҳолатини ҳис қилганмисиз?! Дунёда ундан-да бахтиёрроқ одам бўлмаса керак. Ўзи ва сўзи оламга сиғмай қолган лаҳзаларини кўз-кўз қилишга ошиқади.
У кун ишхонада қоғозларни титиб ўтирсам, хонамга сирдарёлик болалар шоири Мўмин Аваз секин, оёқ учида кириб келди. Шу одамга ҳайронман: ёши саксондан ошганига қарамай, ёш болаларга ўхшайди. Ёнида ҳар доим ижод намуналари солинган катта сумка бўлади. Биламан, янги шеър ёзган. Аммо унинг шеърини тинглайдиган одам йўқ. Газетага чоп этадиган мард топилмайди. Мўмин одамнинг ижоди кимга ҳам керак? Умр бўйи ёзганларини йиғиб юради. Нафақа пули ҳисобидан бир нечта китобларини номига эллик-юз дона қилиб чиқарган. Қалбида китобимни бир кун келиб, кимдир ўқийди деган ишонч бор. Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиш орзусида юради. У бир шеърида:
Ўқиб, ўқиб ўрганар
Дил, етдим шу ёшгача.
Меҳнат қилсам кўтарар
Юрт ердан қуёшгача… —
дея ёзибди. Нима бўлганда ҳам, яхши ният ижобат бўлишини тилаймиз. Оқсоқолга бошдан-оёқ разм соламан. Йиллар уни ҳолдан тойдирган. Пешонасига кимдир мушт туширгандек ғурра пайдо бўлибди.
— Ким билан муштлашдингиз? — дея сўрайман ярми ҳазил, ярми чин оҳангда.
У киши беозоргина пиқирлаб кулиб:
— Оилада бир бош молимиз бор, мен уни ҳар куни етаклаб, ариқлар бўйида айлантириб келаман. Тунов куни у ҳам менга баъзи “дўст”ларим каби ёмонлик қилди. Арқонидан етаклаб юргандим. Кутилмаганда мени писанд қилмай, судраб кетса денг. Кучим етмай, чирпирак бўлиб қолдим. Арқони учидаги қозиқ қарсиллаб пешонамга урилди. Йиқилиб, ҳушдан кетибман. Бироздан кейин ўзимга келсам, уст-бошим қип-қизил қон эди. Сигиримиздан кўнглим қолди. У эса узоққа бормай, кавш қайтариб турган экан. Ёнига бордим, ювош тортиб турибди. Қилган ишидан пушаймон бўлгандек. Унинг кўзларига тик қараб дўқ урдим: “Нима қилиб қўйдинг, ҳайвон? Мен сени шунча эъзозлаб юрсам-да, сен бўлса мени шу кўйга солсанг!” У сўзларимни англагандай жим эди. Кўзларига қарасам, кўзлари жиққа ёш, раҳмим келди… Қизиқ. У бир ҳайвон, мол бўлса. Гапни тушунармиди. Ўзимни юпатиш учун жаҳл устида гапирсам. Бу ҳолни кўриб ҳайрон қолдим.
“Эҳ, Мўмин ота! — дейман ичимда. — Нега сиз бунчалик мўминсиз? Мўмин кишини одамлар қўрқоқ деб ўйлашади. Бўлмаса, ёзганларингиз ҳеч кимдан кам эмас. Сизнинг ярмингизча ёзолмай юрганлар ҳам керилиб юришибди. Ҳар гал болалар нашрида чиққан шеърингизни кўриб, ёш болалар каби қувониб кетасиз. Газетани ўпиб, кўзларингизга суртасиз ва беихтиёр сумкангиздан бир дона қип-қизил олмани олиб, столим устига қўясиз. “Йўғ-э, ота, нима қилаяпсиз?” — десам, “Сирдарёники олинг”, — дейсиз. Мана, яна сизнинг бир туркум шеърларингизни “Тонг юлдузи” газетасига бердик. Аммо негадир уч ойдан бери қорангизни кўрсатмасдан юрибсиз. Тинчликмикан?..”
Ҳа, чиндан ҳам ижод аҳлининг кўнгли нозик бўлади. Уларнинг ёзганларини қайсидир бир газеталар бериб турса, савобга қолади. Ахир улар ёмонлик ҳақида ёзишмайди-ку! Гоҳида ўзим ҳам дилимдаги саволларимнинг жавобини тополмай қоламан. Минг шукурки, менинг беҳисоб мухлисларим бор. Улар мендан тинмай шеър сўрашади. Телефон орқали бўлса ҳам юрагимдагини бўшатаман. Бир пайтлар ижодкорларнинг ижодини аҳолига кенг тарғиб қиладиган нашрлар кўп бўлар эди. Далалар бағрида юриб бўлса ҳам почта орқали юборган шеъру мақолаларимиз республиканинг энг нуфузли нашрларида чоп этилганидан бошимиз осмонга етган. Яхши ёзсанг, сенинг кимлигингнинг фарқи йўқ эди… Бугун сўз эркинлиги берилган давру замонларда яшаяпмиз. Қирқ миллионга қараб бўйлашган халқимизнинг орасида бўлса, минг-икки минг ҳақиқий ижодкори бордир. Аммо уларнинг адабиёт минбари қаёқда?! “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”дек газетани сақлаб қолиш шунчалик қийинмиди?!
Менинг болаликдаги ҳаётимни ўзгартирган китоблар Зулҳаёт опам ўқиб берган Ўлмас Умарбековнинг “Одам бўлиш қийин”, Парда Турсуннинг “Ўқитувчи”, Вали Ғофуровнинг “Вафодор” номли асарлари бўлган, десам, хато бўлмайди. У асарларнинг лаззати умр бўйи юрагимнинг қат-қатида турибди. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири устоз Абдулла Ориповнинг шеърлари бир майдон газеталарга чиқмай қолганини ҳаммамиз биламиз. Шунда мен гўё устозга ғамхўрлик қилгандай, янги тандирдан чиққан нондай тафти баланд Ватан ҳақида ёзилган шеърини газетага чиқара олишимни айтиб, қўлларидан олгандим. Устоз ҳам ишонқирамай уни менга берганди. Ўша куни устоз менга тўрт марта телефон қилганди. Ҳар бир телефон қилганда шеърга янги фикр қўшилиб, у жилоланарди. Мен шеърни сариқ матбуотда ишлайдиган яқин биродаримга олиб боргандим, у бошини узоқ лиқиллатиб: “Оқсоқолни ҳозир газетага бериб бўлмайди, “запрет”, — дея жавоб берган, унга қанча тушунтирсам ҳам, сўзим ҳавода қолган эди. Устоздан шеърни бекор олган эканман, дея туни билан қийналиб чиққанман. Охири шундай қарорга келдим. Адади энг кўп чиқадиган Сурхондарёнинг энг чекка туманидаги “Сариосиё” газетаси бош муҳаррири Абдурайим Раҳмоновга қўнғироқ қилдим. Газетасини роса мақтадим. Бу нашрнинг республикадаям алоҳида ўрни борлигини айтдим. Газетанинг янги сонида Абдулла Ориповнинг туркум шеърлари берилса, янада зўр бўлишини таъкидладим. Абдурайим ака дангалчи одам, сўзимни рад этмади. Кўп ўтмай, “Сариосиё” газетасида Абдулла аканинг туркум янги шеърлари салкам бир бет бўлиб чиқди. Мен бир даста газетани олиб Абдулла Ориповнинг ёнига югурдим. Устознинг ўша кундаги қувончини сўз билан ифодалаш қийин эди. У киши беихтиёр: “Дунёда шундай мард муҳаррирлар ҳам бор экан-ку…” деди. Бугун бу сўзларни нега эслаяпман? Мақсадим — сўз заргарларининг сўзига озроқ эътибор қаратишдир. Ижодкорларимиз нима ҳақида ёзишидан қатъи назар, у инсоният учун хизмат қиладиган энг ноёб ҳаётий ҳақиқатлардир. Аммо уларнинг ижод қилиши учун қамрови кенг майдонлар кераклигини назарда тутаяпман. Тўғри, бугун республикамизда бир қанча оммабоп нашрлар фаолият юритяпти. Айниқса, биз ижодкорлар учун “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Гулистон”, “Саодат”, “Фермер” каби журналлар ҳамда “Халқ сўзи”, “Hurriyat”, “Адабиёт зиёси” “Маърифат” каби газеталар фаолияти қадрлидир. Лекин барибир нима бўлганда ҳам, шоиру ёзувчи, олиму уламоларнинг оламини кенгроқ қамраб оладиган кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган нашр етишмаётгани билиниб турибди. Ўйлайман: у газета — ижодкорлар учун эшиклари очиқ, ошна-оғайничиликдан холи, устоз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, сўзни қадрлайдиган мард муҳаррири бор даргоҳ бўлиши керак. Чунки ижодкорларнинг кўнгли нозик бўлади. Улар юрагида олган кичкина дард ҳам гоҳо уларга оғирлик қилади. Ҳамма нарсани янгиласа бўлади. Лекин юракни янгилаб бўлмайди. Биз яшаётган янгича давру замон бизнинг юрагимиз учун ҳам масъулдир!
АХТАМҚУЛИ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси,
“Шуҳрат” медали соҳиби, шоир.