Сўзнинг қадрига етсанг…

image description

Обид ҚЎЛДОШ

Муаллиф ҳақида:

Обид ҚЎЛДОШ — Бухоро вилоятида туғилган. “Хаёлимни ўғирлаган қиз”, “Моҳиятга сайр”, “Унутилган ашула” номли китоблари чоп қилинган. Ҳикоялари турк, озар, қирғиз, рус ва инглиз тилларига ўгирилган.

Қанийди, “Аллоҳ йўлида нимани қурбон қилдинг?” деганларида, “нафсимни” дея олсам! Ўшанда мендан-да бахтли бўлармиди бу масканда?..

* * *

Минг афсуски, шундай кунлар келади: “табиий” сўзи “Қизил китоб”дан жой олади.

* * *

Ҳар бир нарсага ўзининг табиатидан келиб чиқиб ёндаш.

* * *

Душманингни узоқдан излама, у сен билан. Дўстинг ҳам сендадир.

* * *

У ҳаммадан хато ахтаради ва бошқаларнинг камчиликларини эслаб қолишга уринади. Унга ўзининг ҳеч кимлиги шундай алам қиладики…

* * *

Бахтлиман, дейишга ҳақлиман. Чунки менинг кўзларим бахтсизликни кўрмайди.

* * *

Табиатни севмаслик табиийликни севмасликдир.

* * *

Дунёда одамзоддан ҳам ношукур мавжудот кўрмадим.

* * *

Эзма, майдакаш раҳбар йирингга ўхшайди. Қўйиб берсанг, суяккача етиб боради.

* * *

Ўзидан бошқани тан олмайдиганлар бошқалардан мақтов кутиб яшайди.

* * *

Биз қанчалик ташқарига отилмайлик, ҳақиқий бахт — юрагимизда.

* * *

Бу бешафқат ҳаёт бизни ўзимиз ўйлагандек эмас, бошқалар хоҳлагандек қилиб қўйиши мумкин.

* * *

Шаҳарда светофор, қишлоқда кўнгил бор.

* * *

У гапини маъқуллатиб олиш учунгина савол беради.

* * *

Ҳар бир буюк иш катта қийинчилик билан бажарилади. Аммо инсонлар ўзларини худди бу миллион йилдан буён шундайдек тутишади.

* * *

Наҳотки хурсандчилигимиз, хафа ва норози кайфиятимизни усталик билан яширадиган кимсаларга айланиб қолдик?

* * *

Юраги тоза бўлмаган одамнинг эзгулик ҳақидаги сафсатаси кулгимни қистатади.

* * *

Сўзнинг қадрига етсанг, сўзламаслик ҳақида ўйлай бошлайсан.

* * *

Китоб ўқимайдиган кимсалар билан суҳбатим об-ҳаво ҳақида бўлади.

* * *

Жуда бачканалашиб, майдалашиб ёзадиган эзма “ёзувчи”ларимиз бор. Уларни сўзнинг уволи уради.

* * *

Одатда, дори аччиқ, лекин унинг фойдаси ширин бўлади. Танқид деганда шуни тушунаман.

* * *

Эътибор қил, раҳбарга қандай ҳурмат кўрсатиляпти, ўринбосарга, оддий ходимга-чи? Бунда манфаатнинг ўрни нечоғли?

 

Диққат билан кузат, ўшанда одамларнинг асл қиёфаларини кўрасан.

* * *

Фоний дунё майпарастнинг дўконига ўхшайди. Дастлаб ҳамма эшитади, ҳеч ким гапирмайди. Сўнг барча сўзлайди, биров тингламайди.

* * *

Битта мақола ёки китобнинг муаллифи 2-3 киши бўлган ҳолларни ҳам кузатяпмиз. Бу қанчалар ачинарли ва кулгили.

Ҳар бир асар гўё фарзанд. Фарзанднинг эса отаси битта бўлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 4 =