Шукроналик

Халқимизда бир-бири билан ҳол-аҳвол сўрашганда  Худога шукр ёки шунчаки шукур деб қўйиш одати бор. Бу сўзларнинг таг замирига эътибор берилса, олам-олам маъно борлиги ойдинлашади. Шукр қилиш — сабр, қаноат, кенг феъллилик, нафснинг тийилиши, ортиқча ҳою ҳавасларга берилмаслик ҳамда киши  руҳиятини забт этувчи турли хил иллатлардан покиза тутувчи қалқон дейиш мумкин.

Қалбида шукроналик ҳисси бор одамдан кўра бахтлироқ киши бўлмаса керак. Шукр кўнгилнинг тўқлигидан далолат. Кўнгли тўқ одам хотиржам яшайди, беҳуда, ўткинчи нарсаларга вақт сарфламайди.

Яқинда бир дўстимнинг машинасида кетаётганимизда, катта йўлга чиқишда машинанинг ғилдираги йўл ёқасидаги бетон ариқчага тушиб кетди. Худога шукр, деди у. Бу ҳолатдан ҳеч қандай фожиа ясамади, ваҳимага тушмади, безовталанмади. Тўғри-да, катта йўлга чиқиб кетганда бундан-да каттароқ ҳодиса рўй берганда нима бўлар эди?!  Зум ўтмай уч-тўртта йигит келиб, машинанинг олд томонидан кўтарганча текис йўлга чиқариб қўйишди…

Дуода хосият кўп, дейишади. Ота-боболаримизнинг дуоларини эслайлик. Улар ҳар бир дуоларида шукрни  зикр этишади.  Аввало элга тинчлик, осо­йишталик тилаб, сўнгра ўзларининг, аҳли оиласининг ҳақларига дуо қилишади.

Ҳозирги тезкор замонда ҳаммамиз елиб югурамиз, лекин гўёки ҳеч нарсага улгуролмаймиз. Сабаби нимада? Балки Аллоҳнинг бизга бериб қўйган умрига, танамизнинг соғлиғига, ризқимизнинг бутунлигига, ота-онамизнинг, фарзандларимизнинг, дўсту биродарларимизнинг тинч, осойишта яшаётганликларига шукримиз камлик қилаётгандир! Орзу-истакларимиз ўзимизнинг эҳтиёжимиздан ортиб кетаётгандир!..

Табиийки, одамнинг орзу-ниятлари чегара билмас. Ҳар ким ширин орзулар қилади, яхши турмуш кечиришга ҳаракат қилади.  Орзу-ниятлар шукроналик ҳисси билан уйғунлашса, янаям гўзалроқ мақомга эга бўлади. Рўзғорда ҳаловат, топганида барака бўлади.

Бир кексароқ танишим бор эди. Йўлдан ўтиб-қайтганда саломлашиб турардик. Суҳбатимиз чўзилиб кетган чоғларда у киши мени уйининг олдидаги тут дарахтининг соясига таклиф қилар, сояда ёнбошлаб роса гурунг қилар эдик. Суҳбатимиз шу тарзда беш-олти йил давом этди (Аллоҳ у кишини раҳматига олган бўлсин). Шу вақт мобайнида у кишининг юзида бирор марта норозилик ёки асабийлик аломатини кўрмаганман. Юзларидан нур ёғиларди гўё. Тилидан бирор калима ножўя сўз эшитмаганман. Ҳар бир гапида шукрни зикр қилар, оиласи ҳам жуда ҳамжиҳат, бир-бирларига меҳрибон эди. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ундай кишилар билан суҳбат қилсангиз, дилингиз яйрайди, ҳаётнинг нақадар гўзал, жозибали эканини ҳис қиласиз. Борлиққа, одамларга бўлган муҳаббат дилингизни тўлалигича забт этади, кайфиятингиз кўтарилади.

“Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё”, деб бежиз айтишмаган. Гап нимани излашимизда. Шундай кишилар ҳам борки, ҳаётдан бир умр нолиб яшайдилар. Улар учун ҳаммаёқ қоронғи, зим-зиё. Ҳаммага кулиб боққан бахт, омад уларни четлаб ўтаётгандай гўё. Менинг назаримда, ундай кишиларда қаноат етишмайди, шукроналик ҳиссидан йироқ кишилар дейиш мумкин ундайларни. Шукр қилиб яшаш ҳаётини тақдир измига бутунлай ташлаб қўйиш ёки ҳар қандай ҳолатга кўникиб яшаш, дегани эмас, албатта. Шукроналик — очкўзлик, нафс, худбинлик каби иллатлардан фориғ этувчи, ҳаётга ёруғ юз билан боқиб яшашга ундовчи гўзал хислатдир, инсон хулқини безовчи фазилатдир.

Ҳар бир оила жамиятнинг кичик бир бўғини саналар экан, бу муҳитда қандай тартиб, интизом шаклланиши оила бошлиқларининг тутумига, бошқарувига боғлиқ. Ҳар ким қалбига қаноат ва шукроналик кайфиятини жо қилиб яшаса, ёшлар  шу руҳда тарбия топиб, ўқиб, изланса, илм-фан чўққиларини забт этишда давом этса, Янги Ўзбекистоннинг равнақига улкан ҳисса қўшган бўладилар.

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик тўйи арафасида кўнг­лимдан кечган ўй шу бўлдики, биз буюк алломалар, аҳли донишлар авлодимиз. Осойишта ва обод юрт фуқароларимиз. Жаҳонга дарс берган миллат вакилларимиз, Аллоҳнинг суюкли бандаларимиз. Буларнинг ҳар бири беадад шукронамизга сабаб бўлувчи омиллардир.

Юсуф ЗИЁД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 9 =