Экологлар қачон уйғонади?

“…Корхонага қаердан қанча ер ажратилишидан қатъи назар, бир неча ўн йиллар аввал хизматини ўтаб бўлган техникалар янгиланмаса, чиқиндиларни қайта тақсимлаш шохобчасига етказиб бериш маблағлари тўлаб берилмаса, ишчи-ходимларнинг ойлик маошлари оширилмаса, аҳвол ўзгарадиганга ўхшамайди. Халқ ибораси билан айтилганидек, “эски тос, эски ҳаммом”лигича қолаверади!..”

Тошкент шаҳридаги Маннон Уйғур кўчаси ҳозир “Кўкча дарвоза” номига ўзгартирилган. Бу кўчанинг олдинги номи билан аввалги файзи ҳам кетиб қолгандай. Илгарилари бу кўчадан юрганлар йўлнинг икки четидаги азим дарахтлар соя-салқинидан баҳраманд бўларди, яшилликдан завқ олишарди. Эндиликда кўча бўйларидаги дарахтлар кесилиб, қолганлари ҳам қуриб бораётгани етмаганидек, шаҳарсозлик меъёрларига амал қилинмай, пала-партиш, паст-баланд бинолар қуриб ташланган. Савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат, автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари, уй-жойлар ва бошқа иншоотлар олди томонидаги тупроқли майдонлар турли брусчаткалар билан қопланган ҳамда бетонлаштириб ташланган. Дарахт у ёқда турсин, гул экишга ҳам жой қолдирилмаган.

Бу нафақат шаҳар инфратузилмасига, балки аҳолининг кундалик ҳаёти учун ҳам жиддий муаммолар туғдирмоқда.

“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йил 26 сентябрдаги 196-сонида “Йиғлаётган дарахтлар” сарлавҳали танқидий-таҳлилий мақола эълон қилинганди. Унда ҳам “Кўкча дарвоза” кўчасидаги ташвишли экологик ҳолат ва ҳатто туман Ободонлаштириш бошқармаси биноси атрофидаги қуриб ётган дарахтларнинг аянчли аҳволи ҳақида ёзилганди. Ўшанда Учтепа тумани Ободонлаштириш бошқармаси масъулларига бошқарма ҳовлисидаги уйилиб ётган чиқиндилар, қаровсизликдан қуриб қолган ва қуриётган азим чинорлар, катта-катта манзарали дарахтлар ҳақида эътирозларимизни, фикр-мулоҳазаларимизни билдирган эдик. Масъуллар: “Тегишли чоралар кўрамиз, камчиликларни бартараф этамиз”, деб айтишганди.

Бугун Ободонлаштириш бошқармаси маъмурияти жойлашган ҳудудга кирсангиз, биноларидан баланд чиқинди уюмларини кўриб, таъбингиз хира тортиши тайин.

— Учтепа тумани кўчаларидан йиғилган кундалик чиқиндиларни олиб борадиган жой йўқ, – деди бошқарма бош муҳандиси Бахтиёр Мустафоев. — Бу муаммодан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг ҳам хабари бор. У кишининг топшириғи билан туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан кундалик йиғилган хазон, ўт-ўлан, пакет ва бошқа чиқиндилар “Махсустранс” ташкилотига қарашли қайта юклаш шохобчасига шартнома асосида олиб борила бошланди. Шох-шаббалар, ариқ лойлари, бетон қолдиқлари эса, одатда, ободонлаштириш бошқармаси ҳовлисига тўпланиб, кейин Тошкент вилоятидаги жарликларга олиб бориб тўкилади.

Қайта юклаш шохобчаси билан бизнинг ўртамиздаги харажатларни қоплаш масаласини ижобий ҳал қилишни шаҳар ҳокими ўз зиммасига олган эди. 2024 йилнинг июнь ойидан ноябрь ойигача бўлган вақт ичида туман Ободонлаштириш бошқармаси қайта юклаш шохобчасидан 144 миллион сўмдан ортиқ қарздор бўлиб қолди. Қарзни вақтида тўламаганлигимиз учун қайта юклаш шохобчаси биздан борадиган чиқиндиларни қабул қилишни тўхтатди.

Шу сабабли ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён туманимиз ҳудудларидан олиб келинган чиқиндиларнинг асосий қисми ишхона ҳовлисига йиғилмоқда.

Туман ҳокимияти ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўмаги билан ҳашар асосида чиқиндиларни жарликларга олиб бориш ташкил этилмоқда. Бу ишимиз ҳам экология қонун-қоидаларига зид. Аммо бошқа илож йўқ.

Бошқарма ҳудудида турли хил яроқсиз транспорт воситалари сочилиб ётибди. Гўё техникалар қабристонига ўхшайди.

Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Хуршид Каримовнинг айтишича, аввалги раҳбар ободонлаштириш бошқармаси мутахассиси эмаслиги, соҳани яхши билмагани учун муаммолар йиғилиб қолибди.

— Бу муаммонинг илдизи жуда чуқур, – деди Хуршид Каримов. — Бошлиқ бўлиб келганимдан бери элликта машинада шох-шабба ва чиқиндилар Тошкент вилоятидаги маълум жойга олиб бориб ташланди. Куни кеча ҳам ҳуқуқ-тартибот идораларининг ёрдами билан тўртта машинада чиқинди олиб кетилди. Ҳозир ишхонамиз ҳудудида 30-40 машина чиқинди босилиб ётибди. Ихтиёримиздаги 1985-1987 йилларда ишлаб чиқарилган автомашиналар, тракторлар ва погрузчикларнинг 20 таси хизмат муддати бир неча ўн йиллар аввал ўтиб кетган.

Эрталаб соат еттидан тўртгача саккиз соат, ҳафтасига олти кун ҳудудларни қўлда тозаловчи ишчилар-фаррошлар ойлиги икки миллион сўмга ҳам етмайди.

Ободонлаштириш соҳасида ишлайдиганларнинг меҳнати савобли бўлса-да, касби орзу қиладиган эмас. Соҳа ишчи-ходимларининг бир қанчаси жиноят қилганликлари учун суд ҳукмига кўра шартли жазони ўтаётганлар. Улар давлатга иш ҳақларидан маълум миқдор қисмини тўлашга мажбурлиги ва бошқа жойдан яхшироқ иш топа олмагани учун бу жойда ишлашмоқда. Бугун бошқармада ойлик маош миқдори камлиги, ходимларга шарт-шароитлари ночорлиги боисидан 43 та иш ўрни вакант турибди.

Шаҳар ичидаги “Кўкча дарвоза” кўчасида яшил ҳудудлар камайиб бораётир, кўкаламзорлаштиришнинг аҳволи ночор.

— Бошқарма жойлашган “Кўкча дарвоза” кўчаси 487-а уй ҳудуди уй-жой қуриш учун аукционда сотилибди, – деди Хуршид Каримов таассуф билан. — Янги мулкдорлар бир ой муддатда жойни бўшатишни талаб қилишмоқда. Бошқарма учун ҳозирги бир гектарга яқин майдон ўрнига йигирма беш сотих ер ажратилар экан.

Мавзуни ўрганиш жараёнида шу нарса аён бўлдики, корхонага қаердан қанча ер ажратилишидан қатъи назар, бир неча ўн йиллар аввал хизматини ўтаб бўлган техникалар янгиланмаса, чиқиндиларни қайта тақсимлаш шохобчасига етказиб бериш маблағлари тўлаб берилмаса, ишчи-ходимларнинг ойлик маошлари оширилмаса, аҳвол ўзгарадиганга ўхшамайди. Халқ ибораси билан айтилганидек, “эски тос, эски ҳаммом”лигича қолаверади!

“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йилида”ги бу ҳолат пойтахт ободончилиги, тозалиги йўлидаги жиддий муаммодир. Тасаввур қилинг-а, аҳоли хонадонлари, кўчалар ва юридик шахсларга тааллуқли масканларни чиқиндилардан тозаловчи корхонанинг ўзи чиқиндига ботиб кетган, шаҳар марказида жойлашган корхонага тегишли маъмурият ҳудуди чиқиндилар уюмидан иборат ахлатхонага айланиб қолган бўлса? Яна бунинг устига бу жой кимларгадир сотиб юборилган?!

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги янги Ўзбекистондаги эски муаммога ечим топа олармикан, деган жиддий савол кўндаланг турибди.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + eleven =