Кўнгилли сафар

(Юрт кенгликларида кечган икки кун)
Бундай ўйлаб қарасам, ижодий фаолиятим давомида жуда кўп маротаба юртимиз бўйлаб турли сафарларда бўлган эканман. Бирда қайси бир соҳа илғорлари ҳақида очерк ёзган бўлсам, бирда у ёки бу муаммолар ҳақида, журналистлар тили билан айтганда, “бонг уришимга” тўғри келган. Худога шукур, мени шоир, ижодкор сифатида чорлаган давраларнинг ҳам саноғи йўқ. Гуриллаб ёнган гулханлар атрофида гуриллаб ўқилган шеърлар билан умр ҳам гуриллаб ўтиб турибди. Баъзан ёшлар, баъзан ёши улуғлар даврасида сўз айтишга тўғри келди. Эндиликда болаларимдан ҳам анча ёш навқирон авлод вакиллари билан тиллашишга тўғри келаётганидан мамнун бўламан. Айни дамда ушбу мақолага ҳам, аслида, ана шу “қарашлари осмон” болалар туртки бўлди…
Йўлда
Кейинги йилларда адабиёт аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ишонч ортидан эл орасига “юришларимиз” янада кўпайди. “Маънавият карвони”, “Китоб карвони”, “Маърифат улашиб” каби лойиҳалар доирасида ўтаётган учрашувларда бир гуруҳ зиёлилар қаторида аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, мамлакатда кечаётган сиёсий жараёнлар ҳақида суҳбатлашиб, ватанпарварлик борасида шеърлар ўқиб водий-у воҳа тарафларда юрганларимиз — алоҳида мавзу.
Яқинда юртимизнинг жанубий вилояти Сурхондарёга бориб қайтдик. Бу ижодий сафар Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ташаббуси билан ташкил этилди. Соҳибқирон бобомиз номи билан аталадиган фонд, Денов тумани ҳокимлиги ҳамда Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ҳамкорлигида “Буюк Амир Темур мероси — келажагимиз асоси” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Яна бир ҳамроҳимиз — таниқли адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков ҳам эзгу сафарларга ҳозиру нозир маънавият фидойиларидан. Кун совуқ бўлишига қарамай, муждалари ҳаётбахш Янги йил кайфиятиданми ёки кўнгилга яқин ижодкорлар йиғилганимиз боисми, димоғларимиз чоғ ҳолда поезд купеларга жойлашдик. Вагон ичи иссиққина, тоза ва тартибли. Кўп ўтмай қаторлар жойидан силжиди ва биз йўлга тушдик. Ижод аҳли, шогирдлар даврасида ёшлардек яйраб кетадиган серҳиммат устоз Муҳаммад Али бундай сафарларни кўп кўргани, унинг завқи-шавқи билан бирга йўл азобини ҳам яхши билгани учун купенинг мўъжаз столчаси бир зумда безалди. Ёши улуғ ижодкорнинг камарбаста фарзанди аржуманди Комронбек отасига йўлдош бўлиб чиққан экан, бизни иссиқ ва аччиқ чой билан таъминлаб турди. Суҳбатимиз мавзуси ўз-ўзидан шонли тарихимиз ўзанига бурилди. Буюк ўтмиш буюк келажакнинг бешигидир. Ана шу бешикда муносиб фарзандлар вояга етиши учун бугун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани борасида мулоҳазалар айтилди. Қизғин гурунг билан бўлиб, ер юзининг сайқали бўлмиш Самарқанд шаҳрига қандай етиб келганимизни билмай қолибмиз. Вагон кузатувчисининг: “Самарқанд! Самарқанд! Тезлашамиз, тушиб-чиқадиганлар йўлини тўсмаймиз…” деган овозини эшитиб, бўлма дарчаси пардасини кўтариб, ташқарига қарадик. Вокзал чироқлари ёғдусида қор парчалари ўйноқлаб тушаётганига кўзимиз тушиб, қувониб кетдик. Доимий қор соғинчи боис ҳаммамиз беихтиёр боладек қийқириб юбордик. Ҳа, сафар табассум ва кўтаринкилик билан бошланди!
Анойи деманг бизни…
Поезд Денов туманига етиб келганида соат кундузги 10 дан ошган эди. Йўл барибир йўл-да, толиққанимиз рост. Тезроқ меҳмонхонага жойлашсаг-у бироз оёқ чигилини ёзсак, кейин режа бўйича ишга киришсак, деб ўйлардик. Бизни Республика Маънавият ва маърифат марказининг Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари Наргиза Раҳматуллаева, деновлик машҳур ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тоштемир Турдиев бошчилигидаги бир гуруҳ мезбонлар ҳурмат билан кутиб олди. Наргизахон режадан ташқари бир таклифни ўртага ташлаб қолди. Унга кўра, кун тартибини Денов туманидаги 79-умумий ўрта таълим мактабида ёшлар билан учрашувдан бошлашимиз сўралди. Ўзаро фикр алмашиб, Адҳамбек Алимбеков билан иккимиз мактабга, Муҳаммад Али эса конференция материалларини кўздан кечириб олиш учун меҳмонхонага борадиган бўлдик. Йўл-йўлакай енгил уловда шаҳардаги бунёдкорлик ишларини кузатиб кетдик. Бундан 6-7 йил илгари ҳам бу туманда бўлгандик. Ўтган вақт ичида Денов жуда ўзгариб кетибди. Илгари катта қурилишлар фақат пойтахт ва вилоят марказларида бўларди. Эндиликда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш тадбирлари туман ва маҳаллаларга ҳам кўчди. Баланд бинолар, ҳашаматли иншоотлар чекка ҳудудларда қад ростлаши одатий ҳолга айланмоқда.
Мактаб залига йиғилган ўқувчиларнинг қий-чуви узоқдан эшитилиб турарди. Шериклар бир-биримизга маъноли қараб қўйдик. Чунки ҳар биримизнинг хаёлимизга ўша қадрдон болаликдаги шўхликларимиз, мактабда кечган ўт-олов йилларимиз келганди. Рост, биз ҳам ўқитувчиларимиз бирор йиғилиш деса, қочишга баҳона ахтарардик. Лекин у вақтлар шоир ёки ёзувчининг пойтахтдан чекка мактабларга бориб, ўқувчилар билан суҳбатлашиши камёб ҳодиса эди-да. Мактабга кириб борарканмиз, учрашув, йиғинларда болалар юз фоиз иштиёқ билан кўнгилли бўлиб ўтирмаслигини ўйладим. Худди хаёлимдагини уққандек, Наргизахон андак хижолатомуз: “Болаларимиз турли феълли. Ораларида ўйинқароқ, насиҳатни малол оладиганлари ҳам йўқ эмас. Буларнинг баъзилари спортчиларгагина қизиқади. Шунинг учун…” деб қолди. “Хотиржам бўлинг, мен фақат катталарга эмас, болалар учун ҳам шеър ёзиб тураман. Насиб қилса, кўнгилларига йўл топамиз!”. Шундай дедим-у, буни қандай уддалаш ҳақида ўйладим.
Залга кириб бордик. “Секингина қуённинг расмини солишмасин” дегандек, олд қаторга шўх, қулоқсиз болаларни ўтирғизиб қўйишибди. Буни уларнинг ўзини тутиши ва олазарак назарларидан сездим.
Адҳамбек ака ижодкор, олим одам, нафақат адабиёт, тарих, балки бошқа соҳаларнинг ҳам билимдони. Катта аудиторияларда маъруза ўқиб юрмаганми, сўз беришлари билан дарров болаларни қизиқтирадиган маълумотларни пайдар-пай айтиб, ёшларни сеҳрлаб қўйди гўё.
Каминага навбат етганда, секин ўрнимдан турдим. Бир-икки оғиз гапдан сўнг шеър ўқидим. Адабиётга қизиққан ўқувчилар кўзлари ёниб тинглади, саволлар беришди. Менинг эса эътиборим кўпроқ олдинги қатордаги алпкелбат, айни пайтда Наргизахон айтгандек, анчайин ўз кучига ишонган, панду насиҳатга унчаям тоби йўқлиги сезилиб турган болаларда эди.
“Мана бу олд қаторда ўтирган ёшларга қаранг! Дунёга донғи кетган Сурхон полвонларининг давомчилари эмасми булар? Балки, уларнинг назарида биз шоирлар, олимлар сўздан бошқани билмайдиган, спортдан анча узоқ одамлар бўлиб туюлаётгандирмиз. Бу ёшларимиз эртага ўз йўлини топиб, машҳур инсонлар қаторидан жой олишларига ишонаман. Ўшанда бир вақтлар кўришганман деб, фахрланиб юриш учун, қани, бир сўрашиб қўяйлик-чи!” деб секин минбардан пастга тушдим. Улар билан бир-бир кўришиб, суҳбатлашдим.
Ижод аҳли орасида ҳам жисмонан кучли инсонлар кўп бўлган, фақат улар бутун қувватини фойдали ишларга сарф қилганлар. Масалан, жаҳон адабиётининг буюк намояндаларидан бири Байрон 1810 йилда Геллеспонт бўғозидан сузиб ўтиб, ҳаммани лол қолдирган. Ёки Хемингуэй нафақат Америка бўйлаб, балки Африка сафарларида ҳам шер, буғу, фил овлаган. Бу машғулотдан мақсади табиат билан сирлашиш бўлган. Ана шу овлар таассуроти тарзида “Африканинг яшил тоғлари”, “Килиманжаро қорлари” асарларини ёзган. Ёхуд ўзимизнинг Паҳлавон Маҳмуд бобомиз полвонлик бобида ниҳоятда машҳур эди. Аммо уни бутун дунё пурмаъно рубоийлари орқали билади. Ҳа, ёшлар, фақат шоир деманг бизни!..”
Шундан кейин сездимки, болалар биз билан ўзгача кайфият ва ҳайратда мулоқотга киришиб кетишди, биргаликда суратларга тушишди ҳамда самимий хайрлашишди.
“Буюк Амир Темур мероси — келажагимиз асоси”
Термиз давлат университетининг Денов филиали негизида Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ташкил этилган экан. Айнан шу йўналишларда ўқишни истаган туман ва қўшни ҳудудлар ёшлари энди вилоят марказига қатнамайдилар. Бу яхши имконият, албатта. Лекин энг қизиғи, институтга бошқа вилоятлардан келиб ўқиётган талабалар ҳам кўп экан.
Соҳибқирон Амир Темур меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш мақсадида ташкиллаштирилган илмий-амалий анжуман таъкидлаганимиздек, айнан шу олий ўқув юрти даргоҳида бўлиб ўтди. Темур шахсини фонд раиси Муҳаммад Алидек ўрганган ва Соҳибқирон ҳаёти, фаолиятига доир ҳар бир воқеа-ҳодисани рақамлари билан батафсил айтиб берадиган мутахассис камдан-кам топилади. Унча-мунча тарихчилар ҳам ортда қолади бу борада. Темур ва темурийлар ҳақида кўплаб роман, достон, драмалар ёзган Ўзбекистон халқ ёзувчиси буюк аждодимизнинг давлат бошқарувидаги адолатли тамойиллари, жанг қилиш услубининг ўзига хослиги, маданият, санъат, адабиёт соҳаси вакилларига ғамхўрлиги, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларига эътибори ҳақидаги мулоҳазаларини нафақат талаба ёшлар, балки биз конференция қатнашчилари ҳам қизиқиш билан тингладик. Айниқса, Соҳибқирон бобомизнинг Чағониёнда бўлган пайтларида рўй берган воқеалар ҳаммамиз учун янгилик бўлди. Адиб шунчаки ўзаро суҳбатлар чоғида ҳам Темур шахсиятига тааллуқли янги маълумот бера олади. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Али билан сафарлар мароқли. Бу кишининг билимдонлигидан ташқари, ғайрати ва шижоатидан ҳам ўрнак олса арзийди.
Дилоромнинг жасорати
“BBC” нашри эълон қилган 2024 йил учун дунёнинг эътиборга молик 100 нафар энг нуфузли ва фаол аёллар рўйхатидан ўрин олган деновлик Дилором Йўлдошева Президентимиз томонидан юксак “Мардлик” ордени билан мукофотланганини эшитган эдик. Сафаримизнинг эртаси куни мезбонлар мана шундай матонат эгаси бўлмиш юртдошлари билан бизни яқиндан таништириш ниятлари борлигини айтишди. Дилором Йўлдошева яшайдиган маҳалла кўчасига кириб борар эканмиз, йўлнинг яхши таъмирлангани эътиборимизни тортди. Аммо бу асфальт айнан Дилоромнинг шарафига янгидан тўшалганини кейинроқ маҳалла фаолларидан эшитиб, шахснинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида ўйладик.
Кўксида “Мардлик” ордени порлаб турган Дилором Йўлдошева бу эътирофларга том маънода ўз жасорати билан эришди. Бахтсиз тасодиф туфайли икки оёғидан айрилган муштипар аёл аввалига тушкунликка тушди. Аммо вақт ўтиб, бу фожиа умр поёни эмаслигини англади. Янги ҳаёт бошлаш учун ўзида куч топди. Олти ойлик муолажалардан сўнг қатъий оёққа турди ва бир йил ўтмай тикувчилик ҳунаридан фойдаланиб мўъжазгина цех очди, жамиятга тадбиркор аёл сифатида қўшилди. Бугунги кунда ўнлаб ҳамқишлоқ хотин-қизларни иш билан банд қилиб, буюртмачиларга турли бичимларда кийимлар тикиб бермоқда.
Биз Дилоромхон билан ишлаётган хотин-қизларнинг фикри билан қизиқдик. Уларнинг эртанги кунга бўлган дадил ишончидан руҳландик, ҳаммаларига омад тиладик. Дастхатларимиз битилган китоб ва журналлардан совға қилиб, Сурхон воҳасининг энг чекка туманларидан бўлган Сариосиёга қараб йўл олар эканмиз, кўнглимиздан: “Ўз матонати билан юртининг, қолаверса, ўзбек аёлларининг неларга қодирлигини дунёга кўрсатиб қўйган Дилоромдан бугун туғилган қишлоғи, Ўзбекистон фахрланмоқда”, деган фикрлар ўтди.
Балиқ сайли
Сурхондарё мамлакатимизда табиати энг бой вилоятлардан саналади. Унда тоғу дашт ҳам, дарё ва кўллар ҳам кўп. Қайси бир туманга борманг, ўзига хос манзарага дуч келасиз. Юқорида айтганимиздек, Сариосиё вилоятнинг энг чекка туманларидан. Биз у ерда Денов тадбиркорлик ва педагогика институтининг яна бир факультети ёшлари билан учрашдик. Ижодий мулоқотимиздан сўнг бир гуруҳ талабалар билан “Себзор” деб номланувчи маҳаллада ташкил этилган “To‘palang fish” балиқчилик фестивалида иштирок этдик.
Тўпалангдарёси Ҳисор тоғ тизмасининг жанубий ён бағридан бошланади. Сурхондарёнинг энг серсув ўнг ирмоғи. Узунлиги 117 километр. Дарё, асосан, қор ва музликлар сувидан тўйинади. Энг юқори оқими Сариосиё ёки Қорасув, сўнгра Талишуш деб аталади. Унга Ғовасой қўшилгандан сўнг Тўпаланг номини олади. Дарёнинг бир қанча ирмоқлари бор. Дарё водийсида ёнғоқзор, арчазор ва яйловларни учратасиз. Мана шу гўзалликнинг ўзидан кўз қувнайди. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оласиз.
Йилнинг тўрт фаслида ҳам сайёҳларни мафтун этадиган тоғли ҳудудда альпинизм ва хайкинг, этно ва тоғ туризми, отда сайр қилиш, квадроциклларда айланиш каби хизмат турларини ривожлантириш мўлжалланмоқда. Табиат қўйнида ўтов уйлар барпо этиб, меҳмонларнинг тоғ қўйнида қолиши учун етарли замонавий шароит яратилмоқда. Ривожланиб бораётган этнотуризм ишқибозлари учун ҳам Сариосиёда бир қатор қулайликлар мавжуд. Буни гастрономик туризм борасида ҳам айтиш мумкин. Айни пайтда хонбалиқ етиштириш мақсадида ҳавзалар барпо этилган. Сайёҳлар ҳавзаларда сузиб юрган балиқларни мириқиб томоша қилиши, овлаши ва ундан турли таомлар тайёрлаши мумкин.
Балиқчилик фестивалида иштирок этиб, қозон бошида ошпазларнинг пазандалик маҳоратини кузатдик, турли балиқ таомларидан татиб кўрдик. Халқимиз сайилсевар. Фестивалга янада шукуҳ бағишлаган фольклор жамоаларининг чиқишларидан завқландик. Шу асно Тўпаланг дарё соҳиллари бетиним ўзига чорлаб турарди.
Тўпалангдаги тўпаланг туйғулар
Айқириб оқаётган Тўпаланг дарё. Унинг қишдаги жамоли нақадар гўзал! Соҳил бўйида давра қурган уч авлод вакиллари — ижодий жамоа, институт профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшлар сувнинг шиддат-шаштига тикилган кўйи азим дарё ҳайбатидан ҳайратланардик. Гарчи ҳаво салқин, аммо юракларда бир ўт, бир олов гурилларди. Устоз Муҳаммад Али шеър айтишни бошлади. Кейин мушоирага талабалар қўшилди. Бирин-кетин ўқилаётган шеърларда эса юртга ошиқлик, Яратганнинг бетимсол мусаввирлигига ҳайрат, тинчлик-осойишталикка нисбатан шукроналик туйғулари акс этарди…
Сирожиддин РАУФ,
“Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока”
журналлари
Бош муҳаррири.