Яхшилик излаган “ёмон” одамлар

Яқинда қишлоғимизда бир қариндошимиз қазо қилди. Маросимнинг эртаси куни шу инсоннинг катта ўғли билан суҳбатлашиб қолдим.

— Отамни кўпчилик ёқтирмасди, — деди у ўкиниб. — Бор айби одамларга яхши бўлсин деб елиб-югургани… Свет тез-тез ўчаяпти деб туманга қатнарди, газ баллонлари вақтида тўлдириб берилмаяпти, деб яна чопардилар. Қишлоқ кўчасига тош тўктирди, шунда кимлардир: “Майдасини тўктирса бўлмасмиди, бу тошлар машинамизнинг ғилдирагини ейди”, дейишибди. Орада дарахт экишни кўп гапириб қолдилар. Икки ойча олдин бир мансабдорнинг олдига бориб: “Дарахт экишга маблағ ажратаман дегандингиз, лафзингизда турмадингиз”, деб қаттиқроқ гапирган. Ўша одам: “Э, маҳалла фаоли бўлсангиз ўзингизга, касал ҳолингизда ҳаммага ёмон кўриниб ҳар ишга аралашавермасдан, уйингизда тинчгина ётинг-да”, дея ўшқирибди. Отам шу гапга анча пайт эзилиб юрди…

Сўнг дўпписини қўлига олиб қоқди-да, қайтадан бошига қўндирди.

— Ўша дарахтларни барибир ўзим эктираман, югуриш керак бўлса, югуравераман!

Беихтиёр кўзимга ёш келди. Яратганнинг чеварлигига қойил қолдим. Ахир шу йигитнинг бобоси бундан олтмиш беш йилларча олдин қишлоқ ичида йўл қураман деб “катталар” билан жанжаллашган! Эшитишимча, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида “илонизи” кўчаларни кенгайтиришга киришилган. Қишлоғимиз этагидан оқиб ўтадиган катта Булунғур ариғига борадиган йўл йўқ, сабаби, пахта экиб ташланганди. Шунда ўша инсон қишлоқнинг икки-учта олд кишиларини эргаштириб, пахта даласи ўртасидан анҳоргача бўлган “бир кишилик” илонизи кўчани кенгайтиришга, сўнг ҳар икки томонига қатор тут кўчатлари экишга зўрға рухсат олган экан.

Ўша тутзорлар ҳалиям бор. Ҳар йили кўкламда қаторасига яшилланади, одамлар ипак қурти боқиш учун мўл-кўл баргларидан олади, қизил-оқ меваларини эса катта-кичик териб ейди. Қарангки, эзгуликнинг йўллари шу қадар узун. Қолаверса, эзгупараст одамлар ташвиши билан яшаган инсонларни эл унутмайди.

Юз йиллик тарихга эга Сарқипчоқ қишлоғи Жомбойнинг энг кўҳна масканларидан бири бўлиб, шу жойларни яшнатган, кўркига кўрк қўшганларни одамлар ҳанузгача эслашади. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ишбилармон раис Халил Наврўзов қишлоқ болалари учун мактаб қуриш ташаббуси билан чиқади. Бироқ қурилиш учун ер ажратилишига келганда ҳатто бойлар ҳам кўмак беришдан ўзини олиб қочади. Шунда у ўзига қарашли майдонда ҳашар йўли билан бошланғич мактаб қуришга киришади. Янги мактабга болаларни йиғиш, дарс ўтадиган муаллим топиш осон кечмайди…

Олтмиш йиллар аввал қишлоқ халқи, асосан, ариқ, ҳовузлардан сув ичишарди. Айниқса, ҳовузларда туриб қолган сув тоза бўлмасди, ичида майда ҳашаротлар бўларди. Ўша кезларда қишлоғимиз фидойиси Эшқувват Баратов ҳовлилардаги ҳовузлардан олинган сувни шиша идишга солиб, Самарқанддаги раҳбарлар олдига йўл олган. Анча вақтдан кейин навбати келиб, раҳбар қабулига кирган.

— Мана шу сувга яхшилаб қаранг, ичида нималар бор экан?

— Бу қанақа сув, қаердан олдингиз? — дебди раҳбар.

— Қишлоғимиздаги ҳовузнинг суви, биз шу сувни докадан ўтказиб ичамиз.

Бундай нохуш гап, ёқимсиз манзара виждони бор раҳбарга таъсир қилмай қолмайди, албатта. Вилоят каттакони дарҳол қишлоқ манзилини сўраб ёзиб олади, сўнг мутасадди ташкилот кишиларини чақиртириб, Сарқипчоқни тоза ичимлик суви билан таъминлаш зарурлигини айтади. Шундан сўнг кўп ўтмай, қишлоқда ер остидан сув тортиб чиқарувчи иншоот қурилади…

— Қишлоқнинг корига ярайин деб ўзини ўтга-чўққа урадиган одам борки, албатта, у бир қанча идоралар эшигини тақиллатиб боради, имконияти бўла туриб ўзини четга оладиганлар билан талашиб-тортишади, дарё тошса тўпиғига чиқмайдиганларга қаттиқ-қуруқ гап айтади, бу баъзи бировларга ёқмайди-да, — деган эди бир пайтлар оқсоқолимиз Неъмат ҳожи Муродов билан суҳбатлашганимда. — Аслида, роҳатидан кечиб бошқалар учун елиб-югуриш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди, юрагида ўти бўлиш керак бундай одамнинг. Баъзи бировларнинг тинчини бузгани учун маломатга ҳам қолади, лекин фидойи инсонга барча тан беради, барибир. Ахир ҳамма ўзини ўйлаб яшаса, олдинга қараб боролмаймиз-ку!

Анча йиллар олдин Ургутнинг Сўфиён қишлоғида яшайдиган кекса боғбон Роҳатой Қўйсунова ҳам менга худди шу гапни айтган эди.

— Ҳамма ўз тинчини кўзлаб уйидан чиқмай ўтирса, бу турмуш турмуш бўладими?

Қарийб чорак аср вақт бригадирлик қилган бу аёл узоқ йиллар аввал фаоллар қаторида Қримга саёҳатга юборилади. Қарасаки, у жойнинг тоғу қирларида узумлар жуда чиройли ва мўл-кўл пишиб ётибди. “Мен ҳам Ургутга қайтсам, шунақа узумзор барпо этаман”, дея аҳд қилади. Ўшандан сўнг тинчини йўқотади. Бешала ўғлини ёнига олиб Тўпхона тепалиги ён-бағирларини кўзлаб бораверади. Бу жойларни тошлардан тозалаш керак, кейин кўчат қадаш керак, уларга сув етказиб бериш эса биринчи галдаги масала. Тепаликка сув чиқариб узумзор яратаман, деса… раҳбарлар ёрдам кўрсатармикин? Ўшанда маҳаллий раҳбарлар имкон қадар кўмак беришди, сув чиқариш иши тўхтаб қолганда ҳатто пойтахтгача борилади! Қазиш-созлаш ишлари учун ҳам қанчалаб югур-югурлар бўлди, қарабсизки, бир неча йиллар ичида тепалик ён-атрофида оқ-қора кишмишлар ғарқ пишди, ҳатто экилган шафтоли, нок, олмалар ҳосилга кирди. Мевалар дастлаб болалар боғчаларига, сўнг кам таъминланган оилаларга тарқатилди.

Ўша йилларда бир юз эллик метр баландликка сув чиқариб, боғ-роғ яратган, бу йўлдаги минг бир машаққатларни енгиб ўтган Роҳатой Қўйсуновани мен эркаклардек кучли, қайсар ва шаддод феълли бўлса керак деб ўйлаган эдим. Учрашганимизда эса рўпарамда жуссаси кичик, жуда озгин лекин фариштасифат аёлни кўрдим. Аммо сўзларидан ички қатъият ва ўзгача жасорат балқиб турарди.

“Мевали дарахтга тош отилади”, дейдилар. Бу нақлнинг мазмуни шундаки, ҳеч кимга фойдаси тегмай, чекка-чеккада жимгина юрадиган кишилар ҳеч кимга керак эмас. Куйиб-ёниб, машаққатли меҳнати орқали обрў топаётганларга эса доимо рақиб топилади. Роҳатой онанинг тиним билмай қилган меҳнати эл назарига тушгани айрим кишиларнинг ғашини келтирди. “Шу муштдеккина кампирга нима бор тоғу тош орасида, идорама-идора қатнагандан кўра уйида жимгина ўтирса бўлмайдими?” дегувчилар бўлди.

Қаранг-а, кимдир тақир-тошли жойни обод қилиб, у ерда қанду новвот мевалар етиштирса-ю, “баракалла” дейиш ўрнига унинг йўлига ғов бўлишса!

Яхшиямки, оқни оққа, қорани қорага ажратадиган адолатли-инсофли раҳбарлар бор. Роҳатой Қўйсунованинг меҳнати юқори ташкилотлар томонидан муносиб тақдирланди, ҳатто у бир қанча йиллар Ургут шаҳар Кенгаши депутати сифатида ҳам фаолият юритди.

Қачонки Роҳатой Қўйсунова боғ иши бўйича ўғилларидан фикр сўраса, улар: “Сиздан ўтадиган боғбон йўқ-ку, она”, дейишарди. Бир куни: “Менга суяниб қолманглар, ҳар бирингиз ўз боғингизни яратинг”, деди фарзандларига. Шу суҳбатдан кўп ўтмай, она қазо қилди.

Кичик ўғил Луқмонжоннинг айтишича, боғбон она набираларига шундай насиҳатнома ёзиб кетибдилар: “Ҳар қарич тупроқнинг қадрига етдим, фақат меҳнат қилдим, нимаики топган бўлсам, шу тупроқдан топдим. Сизлар менинг ишларимдан ўрнак олинг, кўп меҳнат қилинг, чунки меҳнат одамни улуғ қилади, иззат-ҳурматини оширади…”

Ўғиллар боғ-роғларни яшнатишни ўз қўлларига олдилар. “Амин, Турсун, Қўйсун боғлари” фермер хўжалигида ҳар йили иш қизигандан-қизийди. Боғлар янада кенгайди, ҳосили ҳам шунга яраша…

Муборак ҳадислардан бирида келтирилади: “Ибн Қудомадан “Бахтли инсон ким?” деб сўрашди. У зот: “Нафаси тўхтаса ҳам яхшиликлари тўхтамайдиган инсон”, деб жавоб бердилар”.

Ҳа, эл-юрт ташвишини қилиб, шу йўлда тиниб-тинчимайдиган одамлар айримларга ёмон кўринишса-да, доим элнинг назарида ва чинакам бахтлидирлар. Бундай кишилар эса орамизда озчилик эмас.

Гулчеҳра ЖАМИЛОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + six =