Халқ ва армия бирлиги — осойишта ҳаётимиз кафолати

“Айни вақтда барчамиз яхши англаймизки, ҳозирги вақтда, дунё миқёсида турли хавф-хатарлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётган ўта мураккаб вазиятда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий шайлигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.”

Ўзбекистон Республикаси Президенти,

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригидан.

Дарҳақиқат, бугун дунёда тинчликнинг, осойишталикнинг қадри ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва қимматлироқдир десак, хато бўлмаса керак. Негаки, жаҳондаги бир қанча юртларда уруш, қон тўкиш давом этмоқда. Кўз ёшлар, йўқотишлараро  тинч аҳоли яшаётган шаҳар ва қишлоқлар узра отилаётган портловчи қуроллар неча юзлаб, минглаб бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлаётгани ғоят ачинарлидир. Шу боисдан ҳам ҳар бир юртнинг осмони мусаффо, халқи тинч-тотувликда яшашининг ўзи бахтнинг олий кўринишидир.

Давлат раҳбарининг табригида қайд этилганидек, Яратганга шукрки, кейинги йилларда Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашнинг чинакам кафолатига айланиб бормоқда. Барча қўшин турлари замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланяпти. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги ва юксак маънавий тай­ёргарлиги узлуксиз ошиб бормоқда. Миллий армиямиз ёшларимиз учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланаётир.

Ҳозирги пайтда Президентимиз ташаббуси билан Қуролли Кучларимизни ислоҳ этиш ва ҳар томонлама модернизация қилиш, уларни замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган, янги Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва суверенитети, халқимиз хавфсизлиги ва фаровонлигини кафолатли таъминлашга қодир янги армияга айлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бунда, энг аввало, мудофаа ва хавфсизлик соҳасини қонун талаблари асосида бошқариш санъатига эришиш амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Жумладан, ҳарбий соҳада мамлакатнинг миллий хавфсизлигини таъминлашга доир принцип ва ёндашувларни ўз ичига қамраб олган Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Шунингдек, соҳага доир бир қатор қонунлар қабул қилинди.

Ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, миллий армиямизни янада ривожлантириш ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар ва мудофаа саноати фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари ўта муҳимдир. Демак, ҳозирги кунда Қуролли Кучларнинг замонавий инфратузилмаси негизи ҳамда мономарказларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар намунали йўлга қўйилган. Шунингдек, ёшларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мақсадида медиа маконда олиб борилаётган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги ишларни янада кучайтириш лозим. Президентимиз таъкидлаганидек, миллий армиямизда ва халқимиз ўртасида киберхавфсизлик борасидаги огоҳликни ва рақамли маданиятни ошириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш юзасидан энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Бундай узоқ муддатга мўлжалланган муҳим вазифаларни амалга оширишда Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 20 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасалари ҳамда ўқув марказларида Марказий Осиё ва Европа давлатлари ҳарбий хизматчиларининг таълим олиши ҳам йўлга қўйилди. Чунончи, Қуролли Кучлар Академиясида қардош қирғиз ва тожик ҳарбий ёшларининг таълим-тарбия олишлари қувонарли ҳолдир.

Мамлакатимизда узлуксиз олий ҳарбий таълим тизимини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Қуролли Кучлар Академияси ҳарбий илм-фан соҳаси локомотивига айлангани, олий ҳарбий таълим муассасаларида янгича ёндашув ҳамда ўқув услублари жорий этилгани натижаси ўлароқ Ватан ҳимоячиларининг ҳарбий хизматга бўлган ёндашуви тубдан ўзгарди, ҳарбий қисмларда масъулият ва интизом янада мустаҳкамланди.

Демак, янги Ўзбекистон армияси мамлакат қудрати, чексиз ифтихор ва садоқат намунасига айланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойиши асосида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон армияси — мамлакат таянчи, халқимиз фахри” шиори остида ҳарбий ва ватанпарварлик ойлиги яна бир карра ўзининг яққол ифодасини топиб, Ватан ҳимоячилари, посбонларининг жанговар шайлиги ва юксак маънавий-руҳий тай­ёргарлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактабларда бошланғич ҳарбий таълим сифатини ошириш, ўқувчи-ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига жўнатилди. Қонун лойиҳасида Мудофаа вазирлигининг сержантлари таркиби хизматчиларига ҳарбий унвонлар беришнинг янгича тартибини белгилашни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар амалга оширилади.

Айтиш жоизки, ҳозирги пайтда навқирон авлод ўртасида ҳарбий хизматга қизиқиш кучайиб, минглаб йигит-қизларимиз Ватан ҳимоясига дадил бел боғлаётгани барчамизни қувонтиради. Шубҳа йўқки, мард ва жасур фарзандларимиз тимсолида бўлғуси қаҳрамонларимиз, Қуролли Кучларимизнинг бўлажак сержантлари, офицер ва генераллари, моҳир қўмондонлари етишиб чиқажак. Аскар ва офицерларнинг касбий маҳорати, ҳарбий билим юртларида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрлар захирасини яратиш доимо устувор вазифага айланмоқда.

“Халқ ва армия — бир тану бир жон” деган улуғ тамойилни амалда таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, яъни Қуролли Кучлар халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши ҳамда уларни ишончли ҳимоя қилишнинг чинакам кафолати бўлмоқда, — деди Қуролли Кучлар Академияси бошлиғи, полковник Бобуржон Шаякубов. — Кучли руҳий-маънавий ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси нафақат Қуролли Кучлар тизими учун, балки бутун мамлакат ёшлари учун ҳам энг муҳим воситадир. Айни пайтда бу тарбиялар ўз ўрнида қалқон ва керак пайтда ҳимоя қуроли вазифасини ўтай олади”.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида Қуролли Кучлар Академияси ўқитувчи ва курсантлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўташ тизимини шакллантириш ва унинг нуфузини кўтариш, мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш каби йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикрлар билдирилди.

Таъкидланганидек, мудофаа йўналишида касбий ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, таълим жараёнларида энг янги усул ва технологияларни чуқур эгаллаши учун кўникмаларини ошириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни ишга қабул қилиш учун саралаш, танлаб олиш тизимини янада такомиллаштириш ва илғор хорижий тажрибаларни жорий қилиш айни муддаодир.

Очиғини айтганда, 7-8 йилдирки, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларимиз сабаб Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашнинг чинакам кафолатига айланиб бормоқда. Дарвоқе, узоқ йиллик танаффусдан сўнг “Хонобод”, “Мингтепа”, “Қорасув” ва “Учқўрғон” чегара постлари фаолияти тикланди. Шу йили “Ғишткўприк”, “Навоий”, “Довутота”, “Шовот” ва “Гулбаҳор” каби чегара постларида қўшимча коридорлар қурилиб, ўтказиш қуввати 5 карра оширилади.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳасида улкан тарихий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Мазкур янгиланишлар жараёнида Президентимиз фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қайд этилган халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ғояси алоҳида ўрин эгаллаган. Ушбу ғоя асосида янги Ўзбекистоннинг Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва ходимлари Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилишни олий бурч деб биладилар. Улар ана шу эзгу мақсад йўлида бор куч, билим ва салоҳиятини аяшмайди.

Карим НОРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академияси профессори,

тарих фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =