Бошим узра ҳилпирайди Ватан байроғи

Иродаси мустаҳкам, шижоатли ўзбек ўғлонлари Ватанимиз хизматида собит бўладилар. Улар буюк саркарда Амир Темурнинг аждодларидир. 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни арафасида армия сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ана шундай йигитлардан бири, Андижондаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўз бурчини ўтаётган Ойбек Ҳамроев билан суҳбатлашдик.

— Ҳарбийлик кийимини эгнимга илганимда, дафъатан кўнглимда фахр ва ғурур туйғусини ҳис этдим. Бош кийимимда Ҳумо қуши рамзи қўндирилган нишон, белимда камар. Энди мен ҳарбийман, эр йигитман, Ватанимнинг, унинг сарҳадларида яшаётган юртдошларимнинг, ота-онам, жажжи сингилларим, укажонларимнинг ҳимоячисиман, деган фикрлар бошимда ғужғон ўйнар, эслаганим сари кучимга куч қўшиларди. Айниқса, ҳарбий оркестр ўқчи мусиқачиси лавозимига қабул қилишгач, бор туйғуларимни ҳарбий маршларда ифодалаш ва бу билан хизматдошларимни ғайратлантиришга киришдим. Жанговар руҳ ҳар бир аскар йигит қон-қонига сингиб кетиши керак. Бу ҳис йигитлик бурчини Ватан сарҳадларида ўтаётганлар учун таниш. Мен жанговар руҳ қанақа бўлишини хизматим давомида тайёргарлик машқлари давомида устозларимдан олаётган таълим-тарбия орқали ҳис этдим, амалда кўрдим ҳам.

Болалигимда ҳарбий хизматдан қайтган акаларимга ҳавас қилардим. Мана энди ўзим ҳарбийман. Ўшанда ҳавасим ортиб, танкларнинг расмларини чизардим. Отам: “Улғайсанг ким бўласан?” десалар, “Албатта, Ватан ҳимоячиси бўламан!” деб ваъда берардим. Ҳарбий хизматга чақирилганимда эса ваъдаларим эсимга тушиб, энтикиб кетдим. Мана, мақсадларимдан бири амалга ошди. Командирларим томонидан ота-онамга, оиламга ташаккурномалар, диплом, фахрий ёрлиқлар юборилибди. Отамдан: “Шундай ўғлим борлигидан фахрланаман!” деган сўзларни эшитганимда, бошим осмонга етди. Ҳар бир эришган ғалабам ота-онам ва халқимнинг чексиз ишончидир.

Юртбошимиз томонидан биз ҳарбийлар учун яратилаётган шарт-шароитлар кундан-кунга янги имкониятлар эшигини очмоқда. Жуда кўп матонатли дўстлар орттирдим. Бўш пайтларимизда давра суҳбатлари, китобхонлик, бадиий кечалар уюштирилади. Бизнинг кун тартибимиз жуда қизиқарли, жанговар руҳда ва мазмунга тўла ўтади. Мен Амир Темурдек буюк саркарда бобомизнинг давомчилари сафидалигимдан фахрланаман. Тенгдошларимга қарата: “Шарафли Ватан ҳимоясига ҳамиша шай турайлик! Эзгу мақсадлар йўлида бирлашайлик, азиз ёшлар!” дегим келади. Ватанимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асрайдиган, билаги кучга тўла, забардаст ўғлонлар сафи янада кенгайсин.

ЎзЖОКУ ҳарбий журналистика

йўналиши 2-босқич талабаси

Рушана РЎЗИБОЕВА

ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three − one =