Ватан туйғуси — улуғ неъмат

Тонг чоғи янграган чақалоқ йиғиси қалбларни жунбишга келтирди. Ижарада яшовчи ёш оилада фарзанд дунёга келди. Юраклар қувончдан ҳапқирди. Янги меҳмонга исм танлаш эса қизғин муҳокамага айланиб кетди. Бундай ширин тортишув, завқли баҳс ота-онанинг хаёлларини, орзуларини осмон қадар юксакларга учириб кетар, боланинг бахтли келажаги улар кўз олдидан бирма-бир зувиллаб ўтиб турар эди. Бир кун биз ҳам албатта уйли-жойли бўламиз, деган умидли қарор рўёбига мос исм танланди.

Орадан 3 кун ўтгач, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олишга борган отадан ФҲДЁ ходимаси сўради:

— Хўш, чақалоқнинг исмини нима қўясизлар?

— Ватаншо, — деди ғоз туриб ота.

Бироздан сўнг масъул аёл:

— Кечирасиз, бундай исм исмлар китобида йўқ экан, — деди.

— Нима қилибди, бизнинг ҳам бу Ватанда уйимиз йўқ.

* * *

Бундан чамаси салкам 10 йиллар бурун маҳалла идорасига бир ёш қиз кириб келди.

— Менга уй керак, — деди у дабдурустдан раисга.

— Кечирасан, қизим, маҳалла уй берадиган идора эмас. Шу пайтгача қаерда яшардинг? — деб сўради раис.

— Болалар уйидан чиқдим.

— Қаерда яшамоқчисан?

— Ўзимам билмайман…

* * *

Ёлғиз аёлнинг уйига ўт тушди. Бор-буди ёниб кул бўлди. У уввос солиб йиғларди:

— Войдод! Қаерга бораман энди?!

* * *

Айтайлик, Ватан деганда деҳқоннинг кўз олдига экинзори келади. Боғбон эса биринчи галда боғини, чўпон ҳуув элас-элас кўринган қир-адирларни тасаввур қилади. Юрт посбони юртининг бутун ҳудудини Ватаним деб билади. Шунинг учун ҳам у Ватан ҳимоячиси.

Ватан посбони бўлиш ҳар кимгаям насиб этавермайди. Шунинг учун ҳар бир посбон Ватан нелигини, унинг қадрини билиши керак. Қолаверса, шу Ватанда яшовчи ҳар бир инсон унинг бебаҳо неъматлигини англаши зарур.

Акс ҳолда, қорни тўйган жойни Ватан билиб кетавериши мумкин.

Қадимда аксар инсонлар ўзга юртнинг буғдойидан ўз юртимнинг сомони яхши, ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртимда гадо бўлганим яхши, деган нақлларга қатъий амал қилган. Негаки, Ватан гадоси — кафан гадоси, деган айтимларни одамлар олимлардан ёки китоблардан ўрганмаган. Уларни аждодларимиз ўз ҳаётида, тақдири ва аянчли қисматларида кўришган. Шу боисдан ҳам ота-боболаримиз Ватаннинг бир қарич ери учун жон бериб, жон олишган.

Мустақилликни мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш, кўз қорачиғидай асраш йўлида кўплаб Ватан посбонлари айни йигитлик чоғида ҳалок бўлишди. Шулар орасида юздан зиёд ички ишлар идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари ҳам бор.

1999 йил 16 февраль куни пойтахтимизда террорчилар томонидан содир этилган портлашларда Тошкент шаҳар ИИББ ППХ полкининг 8-ротаси милиционери, сержант Нурғали Ўрмонов хизмат жойида жиноятчилар билан отишмада ҳаётдан кўз юмди. Айнан ўша йили 15 ноябрь куни Тошкент вилояти “Янгиобод” дам олиш масканида бир гуруҳ қуролланган жиноятчиларга қарши курашда Янгиобод шаҳар ИИБ бошлиғи, подполковник Валерий Говорухин, унинг биринчи ўринбосари майор Бахтиёр Пўлатов ҳамда катта тезкор вакил, майор Абдуманноп Қорабоев ҳалок бўлишди.

2000 йили Сариосиё ва Узун туманлари тоғли ҳудудларига суқилиб кирган террорчиларга қарши жангларда ИИВ Тошкент олий ҳарбий техника билим юрти ўқитувчиси, лейтенант Ғафуржон Ражабов, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ходими, кичик сержант Абдуҳалим Тошқулов қаҳрамонларча ҳалок бўлишди. Ўша йили Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудида террорчилар хуружини даф қилиш чоғида Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ИИБ ЖТСХ инспектор-кинологи, сержант Эрфан Эмираджиев оғир яраланиб, мардларча ҳалок бўлди.

2004 йил 29 март тонгида бир гуруҳ қуролланган жиноятчилар ППХ постига ҳужум уюштиради. Оқибатда  Яккасарой тумани ИИБ профилактика инспектори, катта лейтенант Мансур Турғунов ўқдан оғир яраланиб, бевақт ҳаётдан кўз юмди.

2005 йил 13 май куни Андижон воқеалари чоғида ҳам бир неча ўнлаб ички ишлар органлари ходимлари қурбон бўлди. Юртимиз тинчлиги, Ватанимиз мустақиллиги йўлида азиз жонини фидо қилган барча ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланишди.

Инсоннинг хасталик туфайли жон бермоғи осон эмас-ку, ҳаётини юртига бағишламоқ ҳам осон дейсизми? Шунинг учун ҳар ким ҳам тақдирини Ватан посбони бўлишдек шарафли ва масъулиятли ишга боғлайвермайди. Марднинг иши ва дононинг сўзи ўлмайди. Жонфидо йигитларнинг фарзандлари оталаридан барвақт айрилган бўлишса-да, бир умр кўкрагини кериб яшашга ҳақли.

Энди юқорида қайд этганимиз — янги туғилган чақалоққа отаси нима учун Ватаншо деб исм қўйганига тўхталиб ўтсак. Агар киши ўз Ватанида ижарада туриб яшаса-да, у ҳеч бир шоҳдан кам эмас. Бугун бўлмаса, эртага уйли-жойли бўлади, албатта. Шунинг учун унга ота-онаси яхши ният билан Ватаншо деб исм қўйишди.

Маҳалла раисидан уй сўраб келган қиз эса шундай деди: “Мени ота-онам гўдаклигимда ташлаб кетишди, лекин Ватаним ташлаб қўймади. Тарбиялаб улғайтириб, едириб-ичирди. Эл-юртим бундан буён ҳам мени кўчага ташлаб қўймаслигига ишонаман”.

Дарҳақиқат, шундай бўлди. Президентимиз инсон манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг қадрини юксалтириш масалаларини энг биринчи ўринга қўйди. Натижада бугунги кунда Меҳрибонлик уйларида вояга етган ёшларга бир хонали уй бериляпти.

Уйи ёниб кетган аёлни эса қўшнилари ўз уйига олиб кетишди. Бирпасда ҳашар йўли билан унинг уйини тиклаб ҳам беришди. Бу бизнинг азалий қадриятимиз. Мана буни асл Ватан дейди, чин инсон эса ватандошининг ғамин ейди!

Шуҳрат РЎЗИЕВ,

 истеъфодаги подполковник.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 16 =