Кўкларга кўтариб Ўзбекистонни…

Бу олам   яратилибдики, одам болалари   кучли инсон рутбасига   чиқиш учун интилади.   Чунончи, ушбу истак   эпкинлари   Алпомиш, “Рустами достон” сингари халқ эпосларида   бизгача етиб келган.   Буюк мутафаккир   Паҳлавон   Маҳмуд ҳам фахру   ифтихор ила, бизга   яқинлашган чумоли арслонга   эврилади, қабилидаги ғояни   майдонга ташлаган эди:

Бир зарб берамиз…   чарх фили яксон   бўлғай,

Уфқ доираси ноғораи   шон бўлғай,

Жой олса чумоли   гар бизим сафлардан,

Давлатимиз   туфайли арслон бўлғай.

Туркийлар кучли инсонларни   “Алп” деганлар. Алпомиш   атамасининг   негизида ҳам   айнан шу сўз   мавжуд. Жисмоний ва   руҳий қувватни ўз   вужудида муштарак айлаган   қаҳрамон Алпомишдир. Не   ажабки, “Олимп чўққиси”,   “Олимпия” атамалари шу   номга уйқаш. Неча юз йилларки, дунё аҳли ҳам ўз алпларини Олимпия   ўйинлари орқали   аниқлаб   олади.

…Жорий йил шу   жиҳати ила эсда   қоляптики, дунё спорт мухлисларининг нигоҳлари Япониянинг Токио шаҳрига қадалди. ХХХII ёзги   Олимпия ўйинлари чоғида   икки юздан ортиқ   делегациялар вакиллари қаторида   серқуёш Ўзбекистонимиз спортчилари   ҳам кураш олиб бордилар.   Вакилларимиз спортнинг 17   та тури бўйича   71 та йўлланма асносида қатнашди.   Таэквандо, дзюдо, оғир   атлетика, эркин кураш   ва бокс жамоалари   биттадан медаль олиб   беришди. Алалхусус, алпларимиз 3 та олтин ва   2 та бронза медалларини қўлга   киритиб, дунё­нинг 206   мамлакати орасида 32-ўринни эгаллашди. Таққослаш жараёнида   воқелик янада ойдинлашади.

Ватандошларимиз   Осиё   қитъаси давлатлари орасида   бешинчи, МДҲ мамлакатлари орасида Россия олимпиячиларидан кейин иккинчи, туркий   давлатлар орасида ва   Марказий Осиёда биринчи   бўлдилар.

Булар —   факт ва рақамлар.   Ғолиблик учун курашдаги   уч интилиш —   уч олтин медални   қўлга киритиш жараёнларига ҳис-ҳаяжон, қувонч кўз ёшлари ҳамроҳлик қилди,   десак муболаға саналмас.   Алҳол, ўн тўққиз   ёшли ўзбек ўғлони   Улуғбек Рашитов қатнашган финал баҳсининг   сўнгги дақиқаларини “юрак ҳовучлаб” кўрдик. Қандайдир мўъжиза юз берди-ю   у шиддатни оширди   ва рақибини мағлубиятга   учратди. Айтишларича, “зангори экран” қаршисидан жой олган домлалари   Улуғбекнинг ғалаба   нашидасини кўриб туйғуларини   жиловлай олмай бақириб   юборган эканлар. Шу   зайл­­да Улуғбек Рашитов   мамлакатимиз олимпия жамоасига биринчи бўлиб   олтин медални тақдим   қилди. Бу ҳали   бошланиши эди.

“Токио-2020” жараёнида   бир неча бор   қитмирона хатоларга йўл   қўйган ҳакамлар Баҳодир   Жалоловга нисбатан ҳам   “ҳунар” кўрсатишга уринишди.   Агар яққол устунликни   намойиш қилмаганидами, ҳакамлар   катта эҳтимолки, АҚШ боксчиси Ричард Торресга ён   босишарди. Умуман олганда,   бизнинг боксчилар ва россиялик бадиий   гимнастикачиларга нисбатан шундай   ёвқараш муносабат сезилди   “Токио-2020” ҳакамлар гуруҳида”.   “Бор гап шуки,   Буюк британиялик ва   америкалик боксчилар ўзбек   ўғлони мушти зарбини   татиб кўришди! Тарих   бир айланиб, шундай   даврга қадам қўйдики,   ўзбек байроғи АҚШ   ва Буюк Британия   туғлари ўртасида баландлади”, деб ёзди Муҳаммад Вали   (“Interfutbol”, 2021. 10   август. 63-сон).

Ҳа, ўзбекнинг ҳеч   кимдан кам эмаслиги   баралла айтилмоқда. Дейлик,   “Токио-2020” ўйинлари завқидан   дунё маст бўлиб   турган маҳалларда ҳамюртимиз   Элдор Шомуродов жаҳоннинг   грант футбол жамоаларидан бири “Рома” либосини   кийиб, норасмий дебют   ўйинида Испания Ла   Лигаси вакили “Бетис”   дарвозасига гол уриб,   яна бир голда   иштирок этиб етти иқлимдаги   мухлислар кўнгилларини ҳайратга   ошно этди. Европанинг   айрим журналистлари Элдорнинг   машҳур мураббий   Жозе   Моуриньо назарига тушганини   “эртакка ўхшайди” дедилар.   Аммо бу эртак   эмас, неча йиллар   мобайнида кутилаётган ҳақиқат   эди. Элдор ўзбеклар   ичидан ҳам Пелелар,   Марадоналар чиқиши мумкин,   қабилидаги хаёлларни чинга   айлантиришга киришди.

…Олимпия ўйинларида оғир атлетикачимиз Акбар   Жўраев тош кўтаришда   беназир бўлди. У   109 килограмм вазн   тоифасидаги спортчилар беллашувида   даст кўтаришда 193   килограмм, силтаб кўтаришда   237 килограмм штангани   кўтариб, умумий ҳисобда   430 килограмм натижани   қайд қилиб, “Токио-2020” Олимпия   ўйинларининг олтин медалини   бўйнига тақди.   Шунинг­дек,   дзюдочимиз   Давлат Бобонов   ва   эркин   курашчимиз   Бекзод   Абдураҳмоновлар мураккаб беллашувлар   асносида бронза медали   соҳибларига айландилар. “Токио – 2020”дан яхши натижа:   бешта медаль! Бу совринлар мамлакатимиз учун Олимпиадалар тарихидаги   иккинчи яхши натижа   сифатида ёдимизда қоладиган   бўлди.

Совриндорларни алқаш,   жасоратини, матонатини маънавий   ва моддий жиҳатлардан   муносиб баҳолаш амали   —   элимизнинг қадимий   удумларидандир. Ўша удум яна куни кеча Олимпиадачиларни кутиб олиш маросимида пойтахт   аэропортидан ибтидо топди.

Соат миллари   21:00 ни кўрсатаётир. Токиодан парвоз айлаган   махсус авиалайнер Тошкентга   қўнди. Японияда юртимиз   шаънини шарафлаган спортчиларимиз давлатимиз байроғини баланд   кўтарган алпозда юрт   заминига қадам қўйдилар.   Шу лаҳзалардаёқ карнай-сурнай наволари янграйди.   Олимпиада   қаҳрамонларига гуллар тақдим   қилинади.

Аэропорт майдонида   ўтказилган тадбирда сўзга   чиққанлар — Ўзбекистон   Рес­публикаси Олий Мажлиси   Сенати Раиси Танзила   Норбоева, Ўзбекистон   Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекис­тон халқ шоири   Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон   халқ артисти   Ёдгор   Саъдиевлар   ғолиб ва   совриндорларни   табрикладилар. Жаҳон миқёсидаги   мураккаб эпидемиологик вазиятга   қарамасдан Токио олимпиадасида матонат   кўрсатганликларини   таъкидладилар.

Ғолиб яъни Олимпиада қаҳрамонлари, уларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб дил сўзларини гапирдилар.

Хусусан, спортчиларнинг бу натижалари   Ватанимиз   мустақиллигининг 30 йиллигига   муносиб совға эканлиги,   Президентимиз Шавкат Мирзиёев   тарафидан яратиб берилаётган   шароитларга жавоб эканлиги   так­рор-такрор айтилди.

Олимпиада ғолиблари,   совриндорлари,   иштирокчилари ҳамда уларнинг   яқинларининг усти очиқ   автобусларга ўтириб, қўлларида   байроғимизни ҳилпиратгани август   тунига алоҳида ёруғлик   бағишлади. Шу кунги   қутловлар, шодлик ҳайқириқлари узоқ вақтларгача хотираларда   акс-садо бериб туриши   муқаррардир.

Музаффар спортчиларимиз кўплаб мухлислар ҳамроҳлигида Ўзбекистон Миллий олимпия   қўмитасига етиб келдилар.   Ғолиб ва совриндорларга   Ўзбекистон Президенти совғалари—қимматбаҳо машиналар ва уй-жойларнинг калитлари   топширилди. Кутиб олиш   ва тақдирлаш маросимларида Ўзбекистон   Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А. Абдувоҳитов,   Ўзбекистон Республикаси Бош   вазири А.Арипов қатнашди.

Ҳар бир инсон   меҳнатининг муносиб баҳоланишидан руҳланади, қувват олади.   Айни вақтдаги диққат-эътибор туйғулари   шак-шубҳасиз келажакдаги муваффақиятларга замин яратиб беради.   Умид қиламизки, мард ва матонатли спортчиларимизни алқасак,   улар яна уч   йилдан кейин воқеликка   кўчадиган “Париж-2024”   ёзги   Олимпия ўйинларида бундан-да   кўпроқ “олтин”ларга, “кумуш”ларга, “бронза”ларга эга чиқадилар   ва ўзбекнинг ўзлигини   жаҳон миқёсида янада   юқори шоҳсупаларда намоён этадилар.

Бунга асло шубҳа йўқ!

Баҳром РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + two =