“Мен – сендамен, сен – мендасен”

ёхуд қўлқоп тиккан жадид ким эди?
1901 йилда биринчилар қаторида Тошкентда илк жадид мактабини очди, ўқувчиларнинг соф ўзбек тилида билим олишлари ва фикрлашлари учун илк алифболардан бўлган “Адиби аввал” дарслигини ёзди ва шу асосда 17 йил таълим берди, муаллимлик қилди.
1912 йилда ижтимоий фанлар ўқитиладиган “Намуна” мактабини ташкил этди. У очган мактабларида бепул дарслик ва таълим жорий қилди.
Жадидлар осмонни ёритган юлдузлар кабидир. Йўлини йўқотган йўловчи юлдуздан йўл сўраганидек, халқ озодлик, саодат, тараққий йўлини тутишида жадидлар маёқ бўлдилар. Маърифат осмонининг йўлчиларидан бири Мунаввар қори Абдурашидхоновдир. У бор умрини, билимини ва бутун салоҳиятини халқини саводли, маърифатли ва маданиятли қилишга бағишлади, илм-фан тараққийси йўлида жасорат билан мақолалар ёзди, мактаб ва газета очди.
Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг фаолияти ва ижодига бўлган қизиқиш, ундан бугунги ўзбек жамияти ва маърифатини ривожлантириш йўлида самарали фойдаланиш ғоят долзарбдир. 2023 йили Тошкентда “Мен сендамен” номли китоб нашр этилди. Филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев муҳаррирлигида нашр этилган ушбу китоб-жамланмадан Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг шеър ва ҳикоялари, айрим дарсликлари, сафар хотиралари, рисола ва мақолалари, турли минбарларда сўзлаган нутқлари, ёзишмалари, мактублари ва шогирдларининг хотиралари келтирилган.
“Мен – сендамен, сен – мендасен”. Бу сўзлар эрк ва ҳурлик куйчиси Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг дастуриламали, миллатни уйғотувчи “харита”си бўлган. “Мен сендамен” китобини мутолаа қилиш билан ўзининг ҳаётини юрт ҳаётида, борлигини элининг борлигида, кўзининг нурини миллатнинг уйғоқлигида, йўлининг чароғонлигини миллат ҳаётининг мунавварлигида кўрган маёқдор маърифатпарварнинг бор руҳий ва маънавий олами, мураккаб ҳаёт йўлини ҳис этиш мумкин.
Асарнинг кириш қисмида унинг халқ олдидаги обрў-эътибори бениҳоя юксак бўлгани ҳақида маълумотлар келтиради. У шу қадар ҳурмат ва обрўга эга эдики, 1921 йилда қамалганида Тошкентнинг эски шаҳар халқи норозилик билдириб бош кўтарган, митинг ўтказган. Вафотидан сўнг Италиянинг бешта газетаси таъзия хабарларини босади, Парижда туркистонлик муҳожир курашчилар Мустафо Чўқай бошчилигида Мунаввар қорини эслаш, хотирлаш кечасини ўтказадилар.
Китобнинг маърифатпарвар фаолиятига бағишланган “Миллатпаноҳ” қисмида маориф тизимини ислоҳ қилиш йўлидаги меҳнатлари тилга олинади. 1901 йилда биринчилар қаторида Тошкентда илк жадид мактабини очди, ўқувчиларнинг соф ўзбек тилида билим олишлари ва фикрлашлари учун илк алифболардан бўлган “Адиби аввал” дарслигини ёзди ва шу асосда 17 йил таълим берди, муаллимлик қилди. 1912 йилда ижтимоий фанлар ўқитиладиган “Намуна” мактабини ташкил этди. У очган мактабларида бепул дарслик ва таълим жорий қилди.
Китобда Мунаввар қори Абдурашидхонов маориф тизимидаги фаолиятини юқори даражада олиб боргани таъкидланади. У Турор Рисқулов, Файзулла Хўжаев, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат сингари фидойилар билан халқни қолоқлик ботқоғидан қутқариш йўлида миллий кадрлар тайёрлашга эътибор қаратди. Бир қатор ёшларни Германия, Туркия, Бокуга таълим, янги билимлар олишлари учун жўнатишда бош-қош бўлди. Бундан ташқари ўзбек халқи учун “Мусулмон халқ дорилфунуни” ташкил этишда унинг алоҳида ва улкан меҳнатлари бўлган.
Давр матбуотини эса Мунаввар қори Абдурашидхоновсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Халқнинг илм-саводи, маънавий қиёфаси, дунёвий тафаккури учун кураш олиб борар экан, миллат келажагини белгиловчи ёшларнинг фикрини кенгайтирувчи, тиниқлаштирувчи омил сифатида газеталарни кўради. 1906 йилда Худоёрхоннинг ўғли шоир Хисрав ёрдамида “Хуршид” газетасини ташкил этади. Кейинчалик “Нажот”, “Шуҳрат” газеталари ҳам очилади. Ҳамма маърифатпарварлар қаторида у ҳам таъқибларга учрайди, газеталар ёпилади. Шунга қарамай, маърифатпарвар жадид бобомиз фаолиятдан тўхтаб қолмайди.
Одамлар дунёқарашига таъсир кўрсатишнинг яна бир улкан майдони мавжуд эди. Бу – театр саҳнаси. Буни чуқур ҳис қилган Мунаввар қори миллатдошларига театр орқали таъсир кўрсатишга аҳамият қаратади ва “Турон” театр труппасининг ташкилотчиларидан бири сифатида фаолият юритади, ҳатто ўзи кўплаб роллар ижро этади.
Мунаввар қори турли жамғарма, ташкилотлар асосчиси ҳам бўлган. Жумладан, “Турон”, “Хайрия жамияти” каби жамғармалар фаолияти йўлга қўйилиб, ўз вақтида катта аҳамият касб этган.
Мунаввар қори “Оврупо ва Омриқо халқлари ҳавода учар, денгиз остида сузар, дунёнинг энг нариги бурчаклари билан бевосита хабарлашар бир ҳолга, бир маданиятга эриштирдилар”, – деганда бизнинг халқимизни истиқлолга, Ватанимизни жаҳон мезонидаги давлатга айлантиришни орзу қилди. Зеро, у истибдоднинг умри қисқалигини яхши биларди. Шу боис сўроқлардан бирида шўро ҳукумати, фирқа ҳам вақти келиб ичидан емирилиб, парчаланишини башорат қилган. Унинг башорати тўлиқ амалга ошди”, деб ёзади “Мен – сендамен” китоби сўзбошисида тарихчи олим Сирожиддин Аҳмад.
Манбаларда Мунаввар қорининг Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Қодирийларга ҳам устозлик қилгани, Қодирийнинг, Маннон Уйғурнинг Москвадаги ўқишида ҳам ёрдам бергани тўғрисида маълумотлар мавжуд..
Миллат ҳимоячиси туҳматга учраб, Москвага кетади. Бу ҳақда “Хотиралар”ида шундай деган: “Мани миллатчилик, ватанчилик ила муттаҳам қилғон шу миллат ва ватандан бутун алоқамни уздим, қолған умримни шўролар марказида кучим етганича илм ила машғул бўлиб ўтказаман”. Аммо кўп ўтмай у Акмал Икромов томонидан юртига қайтарилади. Бир муддат ўқитувчилик қилади, яна қўлқоп тикиб сотиш билан шуғулланади. Бироқ 1929 йилда қамоққа олинади, узоқ қийноқлар жараёнида сўроқ варақаларига қўл қўйдириб олинади. Мунаввар қорини олиб кетишаётганда “агар эътиқодингдан воз кечсанг, шароитингни енгиллатамиз” дейишган. У эса ҳеч қачон қайтмаслигини айтган”, деб ёзган шарқшунос Лазиз Азиззода.
Мунаввар қорини нафақат маърифатпарвар, балки чинакам адиб ҳам дейиш мумкин. Чунки у ҳикоя ва шеърлар ёзган, уларнинг айримларида “Муҳаррам” тахаллусини қўллаган. Масалан, “Садойи Туркистон” газетасида зиёли миллатнинг қандай бўлиши ҳақида “Бизда жамият” ҳикояси чоп этилади. Бундан ташқари “Қулликка қандай тушди?”, “Туғишганлик севгиси”, “Девпечак” каби ҳикоялар, “Ўзи ҳам тор эди”, “Ялқовлик ёвимиздир”, “Ҳар ким экканини ўради” сингари шеърлар ёзган.
Мунаввар қори ўзбек жамиятида оила муносабатлари уйғун ва мукаммал бўлишини истайди. Бу борада куюнчаклик билан ёзилган кўплаб мақолалари ўша давр матбуотида ёритилди. Жумладан, “Никоҳ тўғрисида” номли мақоласида одамларнинг тўй-томошага ўч эканлиги қораланиб, “Закот бермоқ бўлғон ҳолда бир бой закот бермаса, ҳеч кимнинг иши йўқ, аммо ўғлини уйлантириб, базм бермаса. авомлар ўртасида маломатга мустаҳиқ бўлур”, дейди. Бу сўзлар бизнинг ҳануз ана шу каби қарашлардан қутула олмаётганимизни ёдга келтириб, юрагимизни тирнайди. Жадидлар ўйлаган мустақил жамият, давлат қурилди, лекин биз ҳали ҳам истакларимиз ва ортиқча манфаатларга қулликдан қутула олмадик.
“Мақбул қурбонлар” мақоласида эса “Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олуб бўлмас, фақат қон ва қурбон ила олиб бўлур”, деди Мунаввар қори. 145 йил давомида оддий халқдан тортиб, илмли кишиларгача “ҳуррият” байроғини кўтарганки бор, қурбонга айланаверди. Умри давомида ўз эътиқоди ва қарашларига содиқ қолган, халқ манфаатини ўз ҳаётидан устун билган Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳам ҳуррият қурбони бўлди.
Мунаввар қори Абдурашидхонов, аввало, маърифатпарвар, муаллим, журналист, адиб, санъат вакили, шогирди Лазиз Азиззода таърифи билан айтганда, “теран мафкурачи, дипломат” эди.
Хуллас, жадид бобомиз Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Мен сендамен…” китоби бу улуғ маърифат куйчиси ҳақида сўзлайди, наинки сўзлайди, фарёд чекади, бонг уради, уйғотади, ўқишга, илмли бўлишга, миллатга хизмат қилишга ундайди. Истардикки, ушбу китоб мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари кутубхона жавонида мавжуд бўлса ва мутолаа қилинса. Шояд бор қувватимиз ва қудратимизни шу боболарга муносиб бўлиш ва шу миллат равнақига хизмат қилишга йўналтирсак.
Гулнора ШЕРМАТОВА