Буюк тамаддунга буюк эътибор

Асрлар ўтаверди… Миллий тафаккуримиз, миллий маданиятимиз дурдоналари, улуғ тоғлар кўксидаги хазина-ю дафиналаримиз ёғийларга ўлжа бўлиб, дунёнинг турли пучмоқларига сингиб кетди. Президентимиз таъкидлаганидек: “Халқимизнинг бой ва бетакрор меросига оид кўп китоблар, турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар, ноёб маълумотлар, санъат асарлари, афсуски, бизга номаълум эди”.
Бироқ халқимизда “Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ”, деган ҳикматли сўз бор. Ниҳоят, биз узоқ кутган ўша кун келди. Таъбир жоиз бўлса, юртбошимиз унут бўлган тарих қалбига қўл солди — нурли йўл солди. 2017 йил 23 июнда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий қарорга имзо чекди. 2018 йилнинг Рамазон ҳайити куни эса давлатимиз раҳбари унинг пойдеворига рамзий тамал тоши қўяр чоғида: “Бу марказни қуришдан мақсад ислом маърифатини ўрганиш, боболаримизнинг буюк меросини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказишдир”, — деган эди.
Бугунги кунда қадимги меъморий обидаларимизнинг суврат ва сийратини ўзида акс эттирган, маҳобати билан ҳар қандай хорижлик меҳмонни ҳам шошириб қўядиган уч қаватли мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрлик пештоқларнинг кўкка бўй чўзиши, ўртадаги 65 метрлик гумбаз… Нақшларида қуёш нури сирпанаётган рангларнинг беқиёс уйғунлиги алоҳида кўрк ва салобат бағишлаган муҳташам бино қад ростлаб, қурилиши якуний босқичга кирган ушбу мажмуа тарихимизда илгари бўлмаган улкан ва ноёб лойиҳа… ноёб меъморий ҳодисадир.
…Биз республика оила ва хотин-қизлар қўмитаси, оқила аёллар ҳаракати фаоллари кўз тушиши билан кўз ва кўнгилни ўзига мафтун қилиб, чексиз ҳайратга соладиган улуғвор, муҳташам марказ биноси қошида ҳавас ва фахр билан турибмиз. Дилдан кечаётган ҳаяжонларни сўз билан ифода этиш қийин. Чунки пештоқларига Қуръон оятлари битилган бу улуғвор маскан сирли, нурли ва қадимий тарихимизнинг илм-маърифат боғларидан хуш насимларни димоғингизга олиб келувчи, ҳикмат чашмаларининг суви-ла сероб қилиб, чанқоғингизни қондирувчи тилсимдек туюлди менга…
Бизни синчиклаб кузатиб турган, марказнинг қурилишига оид ҳар бир икир-чикирни ёддан билувчи, унинг фаолиятига масъул юртдошимиз меҳр билан ҳикоя қилар экан, беихтиёр ҳаммамизнинг кўнглимиздан Президентимизнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи кечди:
“Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”.
“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар бошлангандан буён муҳтарам Президентимиз етти маротаба Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюриб, Ислом цивилизацияси марказининг лойиҳалаш ва қурилиш ишлари билан танишди, — деди суҳбатдошимиз, сўнгра мажмуа ичкарисига таклиф қилди.
Биз бино ичкарисига қадам қўяр эканмиз, марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилаётганининг гувоҳи бўлдик. Зал ажиб безаги ва шукуҳи билан қалбга ором берар, баланд шифтдан худди нур қуйилаётгандек эди. Катта, салобатли зал — умуман, Ислом цивилизацияси маркази дунё меъморчилигини такрорламайдиган мўъжиза бўлиб туюлди менга. Хаёлимдан ярқ этиб, бир фикр чақмоқдек ўтди: бу муҳташам марказ ўхшаса фақат ўзига ўхшайди. Унинг бошқа эгизаги йўқ. Шу ўринда суҳбатдошимиз мамлакатимизда сўнгги йилларда виждон ва эътиқод эркинлигини мустаҳкамлаш, диний-маърифий саводхонликни оширишга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаб, бундан бир неча йил муқаддам давлатимиз раҳбари аҳоли билан ўтган учрашувлардан бирида беихтиёр азон товушини эшитиб, бир муддат тўхтаб қолган, кейин шундай изоҳ берганлиги ҳақида тўхтаб ўтди:
“Худога шукур, олдин азонлар эшитармидик? Қандай ёқимли! Ҳамма нарса ёпиқ эди, кўп нарса мумкин эмасди. Мумкин эмас, нимага мумкин эмас? Бу ҳам ўзлигимизни англаш, қадрият-ку! Ислом динини ўқиган, тўғри таҳлил қилган, тўғри йўл танлаган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Динимизнинг буюклигини, инсонпарварлигини, эзгулигини тараннум қилишимиз керак. Бу ҳам бизнинг тарихимиз, эртанги кунимиз, ўзлигимиз…”.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ҳам ана шу йўналишдаги қўлёзма, босма ва электрон адабиётларни жамлаш, уларнинг махсус экспозициясини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, мажмуа марказида Қуръони карим залининг жой олиши ҳам Яратганнинг муборак каломига бўлган чексиз эҳтиром натижасидир. Муҳтарам Президентимиз “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади”, деб бежиз таъкидламаган эдилар, — деди суҳбатдошимиз. Шундан сўнг ушбу зал ҳақида батафсил сўзлаб берди:
— Қуръони карим зали экспозициянинг марказий қисмида жойлашган. Унинг асосий экспонати Қуръони каримнинг илк олти ёзма вариантларидан бири — Усмон Мусҳафи умумбашарий аҳамиятга молик муқаддас битикдир. Қуръони карим зали экспозициясининг алоҳида ўрни ва аҳамияти энг аввало мазкур факт билан белгиланади.
Қуръони карим зали cаккиз қиррали интерьерга эга бўлиб, диаметри 45 метр, умумий ҳудуди эса 1 638 квадрат метрни ташкил этади. Ўртада — 55,6 метр баландликдаги гумбаз остида VII асрда битилган ислом оламининг дурдонаси ҳисобланган Қуръоннинг энг қадимий нусхаси — Усмон Мусҳафи жойлаштирилади.
Усмон Мусҳафи махсус витринада, Самарқанддаги Бибихоним масжиди ҳовлисида сақланаётган қадимий мармар лавҳга ўхшаш пюпитрда намойиш этилади. Лавҳнинг тепа қисми устунли шаффоф гумбаз билан ёпилади. Шунингдек, у ерда Усмон Мусҳафи тарихини ёритиб берувчи матн жойлаштирилади.
Ўзбекистонда сақланаётган кийик терисига ёзилган Усмон Мусҳафи ЮНЕСКО томонидан 1997 йили жаҳон хотираси дурдоналари рўйхатига киритилган. 2000 йил 28 августда мазкур Мусҳафга ЮНЕСКО томонидан асл қўлёзма эканлигини тасдиқловчи сертификат берилган.
Қуръон зали интерьерига Қуръон ҳақидаги оятлар ва ҳадислар ёзилади. Мусҳаф жойлаштириладиган айвон ичига Саудия Арабистони Подшоҳи томонидан Ислом цивилизацияси марказига совға қилинган Каъбапўш бўлаги илинади.
Зал деворларида Мусҳафдан олинган оятлар туширилган 8,1х3,7 метр ўлчамдаги 8 та ипак гилам 4 та равоқда намойиш этилади. Гиламларга Усмон Мусҳафидан олинган оятлар битилади.
Биринчи гиламда “Фотиҳа” сурасининг 1-7-оятлари ҳамда “Бақара” сурасининг 1-5-оятлари келтирилган.
Иккинчи гиламда “Бақара” сурасининг 137-142-оятлари туширилган.
Учинчи гиламда “Оли Имрон” сурасининг 199-200-оятлари ва “Нисо” сурасининг 1-2-оятлари туширилган.
Тўртинчи гиламда “Исро” сурасининг 110-111-оятлари ва “Каҳф” сурасининг 1-6-оятлари келтирилган.
Бешинчи гиламда “Марям” сурасининг 97-98-оятлари ҳамда “Тоҳо” сурасининг 1-6-оятлари келтирилган.
Олтинчи гиламда “Ёсин” сурасининг 82-83-оятлари ҳамда “Соффот” сурасининг 1-9-оятлари келтирилган.
Еттинчи гиламда “Соффот” сурасининг 179-182-оятлари ҳамда “Сод” сурасининг 1-6-оятлари туширилган.
Саккизинчи гиламда “Шўро” сурасининг 52-53-оятлари ва “Зухруф” сурасининг 1-8-оятлари туширилган.
Мазкур гиламлар жойлашувининг эстетикаси, уларнинг ердан баландлигига алоҳида аҳамият берилади. Саккизта гиламда акс эттириладиган оятларнинг аслиятдаги куфий хатидан ташқари, насх хатидаги варианти ҳамда ўзбек, инглиз, рус ва бошқа тиллардаги таржималари QR код орқали берилади.
Гиламлар устидаги биринчи доирага таъаввуз, сўнггисига “Садақ Аллоҳул азим” калималари, буларнинг орасидаги (2-7) доираларга оятлар ёзилади.
Гиламларнинг олд тарафидаги витриналарда Қуръони каримнинг Марказ фондида сақланаётган қадимий қўлёзма нусхаларидан намуналар билан бир қаторда Қуръоннинг Туркия давлатидаги Тўпқопи музейида сақланаётган Ҳазрат Али (р.а.) қўллари билан ёзилган нусхаси, Заҳириддин Муҳаммад Бобур тузган “Хатти Бобурий” имлосида кўчирилган нусхаси, Усмон Мусҳафининг хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ томонидан кўчирилган “эгизак” нусхаси ва Амир Темурга атаб тайёрланган, хаттот Нажмиддин Фаёзий кўчирган нусха, Қуръоннинг саҳобалар даврида кўчирилган нусхалари, Амир Темурнинг неварасига атаб кўчиртирган нусхаси, дунёда тенги йўқ, ўта қимматбаҳо Амир Темур Қуръони, Темурийларнинг рангли мусҳафлари, Қўқон Хони Амир Умархон 1824 йилда Туркия Усмонли султони Маҳмуд Султонга совға қилган Қуръон нусхаси, темурийлар даврига оид Қуръоннинг бошқа нодир нусхалари, хорижда сақланаётган Ўзбекистонга оид қўлёзма мусҳафларнинг факсимиле нусхалари каби ноёб хазиналар жойлаштирилади.
Гиламларнинг олд тарафидаги витриналарда Қуръони каримнинг Ўзбекистонга бевосита алоқадор бўлган 114 нодир қўлёзмасининг асл ва факсимиле нусхалари намойиш этилади. Бунинг учун залдаги 10643 мм ўлчамли равоқлар орасида 4 дона ва 2753 мм лик 8 та устун остида 8 дона — жами 12 дона витрина жойлаштирилади.
Ушбу витриналарда намойиш этиладиган Ўзбекистонга бевосита алоқадор бўлган 114 та Қуръон қўлёзмаси ҳақида маълумотлар жамланмоқда. Ҳозирда мамлакатимиз ва хорижда, музей, кутубхона, шахсий коллекцияларда сақланаётган нодир қўлёзмалар ўрганилмоқда. Улардан саккизинчи асрга мансуб нодир қўлёзма — Катта Лангар Қуръонининг Тошкент ва Санкт-Петербургда сақланаётган 97 га яқин саҳифаси, шунингдек, Тоҳирийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Хоразм Маъмунийлар, Салжуқийлар, Ануштегинийлар, мусулмон мўғул ҳукмдорлари, Чиғатой улуси, Темурийлар, Бобурийлар, Сафавийлар, Аштархонийлар, Бухоро, Қўқон ва Хива хонликлари каби турли даврларда мамлакатимиз ҳудудида кўчирилган ёки асрлар давомида юртимизда сақлаб келинаётган Қуръони карим нусхалари аниқланиб, Қуръон залидаги ушбу витриналарда намойиш этилади.
Қуръони карим залидаги экспозициянинг “114 Қуръон қўлёзмаси” деб номланишига Қуръони каримнинг 114 та сураси сонидан келиб чиқиб, шартли равишда танланган.
Қуръони каримнинг илмий асосланган 66 га яқин номи Усмон Мусҳафи тепасидаги гумбаз остидаги нақшлар қисмида ёзилади.
Қуръон зали деворлари, безаклари фони оч яшил, мовий сингари тинчлантирувчи рангларда тасвирланади.
Қуръон залининг кириш эшигига Бақара сурасининг 144-ояти ёзилади.
Қуръон залида 24 соат давомида қориларнинг жонли тиловат қилиши учун махсус жой (ёки хона) ташкил этилади.
Қуръон зали бўлимига кирувчилар учун махсус либос (дресс код) жорий қилинади. Қуръон залида, шунингдек, мультимедиа маҳсулотларини намойиш этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади.
Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур мирзо, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирларнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилган.
— Айни вақтда мажмуада Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбаданбегим, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби тарихимизда чуқур из қолдирган машҳур аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ўз ифодасини топган. Бу экспозиция бугунги қизлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади. Ҳозир ана шу зал билан сизларни таништираман, — деди суҳбатдошимиз.
Биз Бош вазир ўринбосари, республика оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бошчилигида ушбу залга кириб, давлат бошқарувида, оилада илм-маърифат чароғбони бўлиб, ҳозиргача тарих тахтидан тушмай келаётган улуғ аёлларимиз мероси ҳам бус-бутунлигича ёшларимиз онгига сингдирилиши ҳақида фикр-мулоҳазалар айтилди.
— Шу ўринда мен Президентимизнинг мажмуа ҳақида айтган сўзларини эслатиб ўтмоқчиман, — деди фидойи юртдошларимиздан бири Фарида Абдураҳимова. — бу сўзлар барчамизга дастуриламалдир: “Ислом цивилизациясининг, ислом таълимотининг замини — аслида, илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир. Ватанимиз пойтахтида барпо этилаётган марказнинг бош ғояси, асоси ҳам шу. Энг муҳим томони — юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда — мана шу мажмуада мужассам бўлади. Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди”.
Муҳташам Ислом цивилизацияси маркази биноси олдида фото ва видеотасвирга тушар эканмиз, Эски шаҳарнинг тарихий Қорасарой кўчасидан ўтиб кетаётган йўловчиларнинг, ёш-ялангларнинг бу қутлуғ мажмуага қараганларида кўзларида порлаган ҳайрат, қувонч, ғурур туйғуларини кўрар эканман, ўзимга ҳам Янги Ўзбекистон ҳаволаридан нафас олиш, шундай тарихий кунларнинг гувоҳи бўлиш бахти насиб қилганидан масрур эдим.
Шарифа САЛИМОВА