“Ҳақ олинур, берилмайдур”

ёхуд Беҳбудий ижодида инсон ҳуқуқлари ҳимояси

“Турк адами марказият (федералист) фирқасининг маромномаси” ҳужжати бунинг тасдиғидир. Бу ҳужжатнинг ташаббускорларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. Бу ҳужжатни у Туркистоннинг ўн учта тараққийпарварлари билан ишлаб чиқди. “Маромнома”дан мақсад ўлкада мухторият масаласи эди.

Инсон ҳуқуқларини  ҳимоялашга қаратилган ҳужжатнинг биринчи  бўлимида “Давлат ва мухторият” масаласи бўлиб, ўлкада “Халқ жумҳурияти ташкил этмак” масаласи туради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида: “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” дейилганидек, улар ҳам халқ ҳокимияти бўлишни айни пайтда ўртага қўйган эдилар.Тараққийпарварнинг ўлкада мухториятни ташкил этишга қаратилган инсонпарварлик ғоялари кейинги моддаларда бирин-кетин кафолатланиб боради. Ҳужжатда халқ томонидан сайланадиган депутатларнинг мавжуд бўлишлиги айтилади: “Мухториятли қитъаларда очиладурғон мажлиси мабъусонға (депутатлар палатаси), маҳаллий идораларга ва бошқа бутун ташкилотга сайланадурган аъзолар умумий, баробар, яширин ва бевосита сайлов усули ила сайланадур”. Бундай демократик қоидаларнинг 1917 йилда қўйилиши чинакам жасорат эди.

“Маромнома”да ушбу қоидага риоя қилинган ҳолда ҳақ ва ҳуқуқларни олиш масаласи ҳам қўйилган. Яъни, эркаклар ва хотинларнинг тенглик масаласи бўлиб, “миллатнинг йигирма ёшиға етуб аҳлият пайдо қилғон ҳар бир фарди: эр бўлсин, хотун бўлсин – синф, дин ва мазҳаб айирмасиға боқмасдан – сайламак ва сайланмак ҳақина моликдур”. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасида: “Хотин –қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” деб ёзиб қўйилган. Тараққийпарварнинг қарашларида инсонларнинг истиқболига адолат тамойили томонидан ёндашганлигини кўрамиз. Бу ҳужжат мустабидлик тузум даврида яратилишига қарамасдан, миллатнинг келажаги ва ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида майдонга чиққан эди.

Миллат фидойисининг ишлаб чиққан ҳужжатини ўқир экансиз, инсоннинг ҳуқуқи билан боғлиқ биронта ҳам қоидаларнинг қолиб кетмаслигига эътибор қаратганлигини кўрасиз. Мухториятли ўлканинг маъмурий-ҳудудий тузилиши ишлаб чиқилган бўлиб, уни вилоят, санжоқ (уезд), ноҳия (участка) бошқарув тизимларидан иборат бўлиши кўрсатилади.

Шунингдек, мухториятли ўлкани “расмий тили аксар халқнинг сўйлағон тили” масаласи қонунийлаштирилган.

Ҳужжатда миллий, диний масалаларда ҳам келажакни назарда тутувчи нормалар ишлаб чиқилган. Эътиборга молик бўлган масалалардан кейингиси “Мухториятли қитъаларда аҳлият (фуқаролик ҳуқуқи)” масаласидир.  Унда инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ўз аксини топган. Яъни, “Жумла аҳоли, қайси дин ва қайси мазҳабда бўлса ҳам қонун қошида баробар саналур”. Қарангки, мустақил демократик Конституциямизнинг 19-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” нормасининг айнан ўзи шу норма билан бир хил берилганлигини кўрамиз.

Беҳбудийнинг “Маромнома”сида келтирилаётган моддаларнинг мазмуни, унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нормалари бугунги кундаги ривожланган мамлакатлар конституциялариининг нормаларига ҳамоҳангдир.  “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси”нинг 18-моддасида кафолатланганидек: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодиини ўзгартириш эркинлигида ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий  ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”.

“Маромнома”да: “Ҳуррияти виждон (виждон эркинлиги) том маъносила ижро қилинуб, аҳолидан ҳеч ким дини, мазҳаби ва эътиқоди учун таъқиб ва тазйиқ қилинмас”. Бу норманинг ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ифодаланиши 35-моддада қўйидагича: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. Шунингдек, “ҳар ким ўз фикрини, хаёлини сўйламакда, матбуот ва бошқалар воситаси ила нашр ва эълон  қилмоқда ихтиёрийдур”, “ҳар кимнинг йиғилиб ижтимоъ ясамоқға (йиғилмоқға) ҳаққи бордур” каби нормалари бугунги кун демократик қомусий ҳужжатлардан мустаҳкам ўрин эгаллаганлигини кўрамиз.

Қомусий ҳужжатнинг “Маориф ишлари” боби муҳим норма сифатида алоҳида аҳамият касб этади: “илм ва маориф ишларида жумла аҳоли дин ва миллатга айрилмасдан, эркак ва хотунлар баробардур”. Кўринадики, тараққийпарвар томонидан киритилаётган нормаларнинг ҳаммаси халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига ҳамоҳанг равишда ишлаб чиқилган. Шунингдек, ҳужжатда хусусий мактабларнинг очилишига йўл қўйилиши расмийлаштирилган. Таъкидлаш жоизки, ҳужжатда мактабларнинг босқичлари, тизими тўғрисида алоҳида қоидалар жорий қилинган. Яъни, бошланғич мактаб, тўлиқсиз ўрта мактаб, ўрта мактаб, олий ўқув юртларининг бўлиши шулар жумласидандир. Энг муҳими, ҳужжатда: “Таълими ибтидоиянинг умумий, мажжоний (пулсиз) ва мажбурий бўлмоғи керакдур”. Ушбу модда бугунги кунда Конституциямизда: “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди. Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир (50-модда)”.

“Маромнома”нинг “Иқтисод ва молия масалалари”, “Ер масаласи”, “Ишчилар масаласи”, “Адлия масаласи” бўлимларида ҳам муҳим нормалар киритилган бўлиб, инсон ҳуқуқларининг ҳимоясига қаратилган моддалар жой олган. Жумладан, “Хусусий ерлар тўғрисида”ги қоидалар киритилишининг ўзи ҳам Беҳбудийни келажакни олдиндан кўра билган қонуншунос эканлигини кўрсатади. “Баъзи ҳаводислар (ҳодисалар) сабабли (Мингтепадаги эшон воқеаси каби) жамоат қўлидан жабран мусодара қилинуб, бошқаларға тақсим қилинғон ер ва қишлоқларни аввалғи эгаларига қайтармоқға ҳаракат қилинур”.

Беҳбудий мустабид даврида маҳаллий халқларнинг ер борасидаги ҳақ-ҳуқуқлари паймол этилганлигига тўхталади. “Ҳукумат ёки жамоат тарафидаги мусодара қилинғон вақфларнинг барчасини вақфномага мувофиқ аслиға қайтармоқ учун тейишли тадбирларға ҳозирдан бошлаб киришур” деб норма сифатида киритилади. Шунингдек,  ушбу ер ва қишлоқлар аввалги хусусий ҳолда тегишли миллат вакилларига қайтарилиши кафолатланади.

“Маромнома” ҳужжати Туркистон ўлкасида миллат ҳуқуқини ҳимоя этувчи тарихий ҳужжат ҳисобланади. Унда мухториятли давлатнинг барча ҳуқуқий масалалари кафолатлаб берилди. Қолаверса, фуқаролик, виждон эркинлиги, сўз ва матбуот эркинлиги, йиғилиш ўтказиш, махсус органларнинг рухсатисиз фуқарога тинтув ўтказмаслик, шахснинг оила муҳофазаси ҳам асосий жой олган эди.

Беҳбудийнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бўйича қарашлари бугунги кунда ҳам ўз қадрини ва кучини йўқотганича йўқ. Унинг бутун қарашлари келар замон учун эди. Ҳазрат айтганидай: “Ҳар бир миллат ва мамлакат халқи ўзини ҳуқуқи диния ва сиёсатини ҳаракат ва иттифоқ ила бошқалардан олади. Билмоқ керакки, “Ҳақ олинур, берилмайдур!”.

Нормурод АВАЗОВ,

Алфраганус университети профессори,

филология фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + thirteen =