Қуроқ

Зилола ПИРНАЗАРОВА
Муаллиф ҳақида:
Зилола ПИРНАЗАРОВА — 1980 йили Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. ЎзМУ журналистика факультетини тамомлаган. Самарқанд вилоят телерадиоканалида муҳаррир вазифасида ишлайди.
Шеър ва ҳикоялари матбуотда эълон қилинган.
Япониянинг нуфузли маданият масканида кўргазма бўлаяпти. Санъат ихлосмандлари лолу ҳайрон. Бунчалар тиниқ ва туйғуларни мавжлантиришга қодир жонли манзаралар, қадим юртнинг жилва-жозибаси жам бу суратларнинг тафти ҳар қандай одамни ўзига тортиши шубҳасиз.
Тележурналист савол берди:
— Расмларингизда мозаика услубини талқин этгансиз. Кейин сўз билан ифодалашимиз мушкул бўлган алланечук соғинчми ё меҳрми, шунга ўхшаш рамзий чизгилар ҳам титраб турганга ўхшайди. Бу нима? Бундай суратлар чизишда сизга нима туртки бўлган?
Рассом жилмайди:
— Буларда ҳеч қандай янгилик йўқ. Бу — қадрият. Ахир булар бувимнинг қуроқлари-ку… Қуроқ санъати бу!
Шу тобда рассомнинг кўз ўнгида болалиги, ўша гўзал манзара гавдаланди…
…Оддийгина ўзбек хонадони. Райҳон бўйи тутган ҳовли. Жилдирабгина сув оқаётган ариқ. Вайиш остидаги супада кўзойнак илган муштипар кампир турли газламалар қийқимларини бир-бирига улаб, чинакам санъат асари яратмоқда. Ҳайратлари тўлиб-тошган болакай бу манзарага уззукун термилиб ўтиради…
— Ҳа, бу шундай санъат, — рассомнинг кўзларида ёш ҳалқаланди.
ЎГАЙ
Болакайнинг отаси қазо қилди.
Ҳаёт туйқус катта одамга айлантириб қўйди.
Унда онасини ўзгалардан қизғаниш ҳисси уйғонди…
Барибир кўнглида доимо хавотир ва оғриқ солиб турган воқеа содир бўлди: онаси турмушга чиқди.
Йиллар ўтди. Ўгай ота боланинг қалбига йўл топиш учун совға-саломлар, турли ўйинчоқлар билан сийлайверди.
…Бора-бора бола кўникди.
Боғчага борди.
Мактабни тугатди.
Университетга ўқишга кирди.
Ўгай отаси иккиси орасида барибир қандайдир омонат ва мўрт муносабат сақланиб қолди.
Ўғлонга энди чинакам кўмак, ўқиш учун тўлов, ота ҳовлидан олисларда ўз кунини кўриш, оёқда тик туриш учун маблағ керак эди. Негадир… негадир ўгай отадан ёрдам сўрашга тили бормас, қандайдир бир тўсиқ, ғурурми, ожизликми, ўзи ҳам билмайди, нимадир… нимадир, ҳа, нимадир халал берарди… На ота, на ўғил бу нарсани олиб ташлашга ўзида куч тополмасди. Ўгай ота ҳам ундан “нима камчилигинг бор, қандай ёрдам берай?” деб сўрай қолмасди. Йигит ўзига нисбатан унинг жони ачимаслиги, барибир ёрти ётлиги, ўгай отлиги борлиги, ўгайнинг ўтини ёнмаслиги, ёнса ҳам тутуни тинмаслигини ҳис қилгач, оғиз очиб тиш ёрмас, жим эди. Шундай бўлгач…
Хуллас, ҳаёт арзон ўйинчоқлардан иборат эмас экан. Донишманд халқ “ўзинг учун ўл етим”, деб бекорга айтмаган экан-да.
Дарди ичида, ишончи кучида бўлган ўғлон энди ҳаётнинг турфа қийин-қистовларига собит тура билди. Бу ёғига ҳаётнинг ўзи муаллимлик қилди. Ўз мақсадидан чекинмади. Интилди, курашди, йиқилди, энг муҳими, ўрнидан тура билди. Ҳаёт уни яшашга ўргатди…
…Энди уни эл танийди. Обрў-эътибори зиёда. Энди унга ҳамма ҳавас қилади. Энди уни одамлар алқай бошладилар: “Сендай фарзандни тарбия қилган отангга раҳмат!”
“Отангга раҳмат!”
“Отангга раҳмат!”
Бундай олқишлардан сўнг баъзида у негадир маъюс жилмайиб қўярди…