Французча гапира оласизми?

Азиз НЕСИН

Французчадан таржима қилган романимни китоб сотувчисига ташлаб, пулини олдим-да, Боязид масжиди томон юра бошладим. Қарасам, рўпарамдан соллана-соллана бир ҳурлиқо келяпти. Очиғи, киши атрофида ҳамма вақт гўзаллар бўлиши мумкин. Аммо сўз бераман, одам бундай офатижоннинг фарқига, албатта, боради. Ҳозир ким билан бўлса ҳам гаров ўйнайман, бу аёл француз!

Сочининг учидан тортиб туфлисининг пошнасига қадар Париж атири уфуриб турар, нозик бўйнидаги оқ холли ҳаворанг рўмоли шамолда йўловчиларни қўнғироқдек чорларди. Мен сизга нима дедим, француз дедимми, ана, у кўча миршаби томон кетди. Гаплари шундоққина эшитилиб турарди.

— Esküze muva Mösyö L’ajan… Parle vous Franse?

Миршаб ҳайрон бўлиб сўради:

— Хизмат, хоним?

— Parle vous Franse?

Миршаб аёлга ниманидир тушунтиришга ҳаракат қилар, қўлидан ҳеч вақо келмаганидан тинмай кафтини қимирлатар, соҳибжамолга ёрдам беришга тиришарди.

Буни қаранг-да энди. Турист, турист деймиз-у, ўзи оёғимизнинг тагига келиб турса-ю, унинг на тилини билсак ва на дардини англасак. Аммо миршабнинг хорижлик меҳмонга ёрдам беришга шайлиги таҳсинга лойиқ. Ниҳоят, иложсиз қолганидан у йўлдан ўтиб кетаётганларга қарата:

— Ҳой, ҳой, кечирасиз, орангизда французчани биладиганлар борми? — деди. Лекин билгич бўлмади. Фақат бир кекса одам йўл-йўлакай:

— Эсиз, билсам эди, жон деб ёрдам берардим, — деди ва қўшиб қўйди. — Ёшлигимизда “donne muva” деб юрардик ҳартугул. Ёки “donne muva ön beze”миди, ишқилиб-да…

Миршаб шўрлик француз хонимига астойдил кўмак бермоқ истарди. Шу пайт қўли билан аёлга “юр” ишорасини қилди ва биргаликда четдаги йўлакка чиқдилар. Йўлда ўн беш-ўн олти ёшлардаги ўқувчилар келишарди. Миршаб ўсмирлардан бирининг билагидан тутди-да:

— Ўғлим, parle vous Franse? — деб сўради. Йигитча бироз довдираганча дўстларига қаради. Миршабнинг ярим туркча, ярим французча гапириши ёшларни ҳайрон қолдирганди. У яна бошқа бир ўспиринга юзланди:

— Parle vous Franse, ўғлим?

Ўқувчи:

— Йўқ, амаки… — деди.

Учинчиси:

— Узр, мен ҳам гапиролмайман, — деди.

Меҳмон хоним эса:

— Par u il fo aile… — деркан, теварак қизиқувчиларга тўлиб кетди. Ёрдамга шай бўлганлардан бири:

— Инглизча бўлса бажонидил. Инглизчани аммо қийвораман, — деди. Бошқаси бўлса:

— Инглизчани ҳамма билади, — деди шартта.

— Ҳа, хотин бечорага қийин бўпти. У тағин ҳожатхонани сўраётган бўлмасин.

— Вой, шўрлик…

— Ёрдам берайлик бечорага.

Ҳар тарафдан ҳайбаракаллачилар тўпланган пайтда, бир йигит туркчани французчадек гапирса, жувон тушунадигандек, шундай деди:

— Мадам… Пардон… Яъни сиз ҳалигини излаяпсиз… Шундайми?

— Ҳалиги деманг-эй, чет эллик хоним уялади ахир, — деди яна бири унинг гапини тузатиб.

— Tuvalet…ми, хоним? Шуни сўраяпсизми?

Миршаб эса яна ўқувчиларга ўгирилиб деди:

— Сизлар қандай ўқувчисизлар-а? Бир “Parle vous”ни тушунмасангиз, ҳайф сизларга!

Шу маҳал ўсмирлардан бири шошганча хонимдан:

— Parle vous Franse? — дея сўради. Жувон эса кулимсираганча ўз тилида:

— Vly… Natürelman… U e la müze d’arkoloji? — деди.

Миршабга жон кирди. Йигитчанинг ажнабий тилда гапираётганидан мамнун, уни энди ўртоқлари ёнида дастаклашга тушиб кетди:

— Баракалла, қани, ўғлим, жавоб бер-чи. Янаям кўпроқ “Parle vous Franse” дегин-чи, қани, кўпроқ гапир!

— Амакижон, бошқа гапиролмайман, фақат ўқий оламан, холос, — деди халоскор ҳам. Буни эшитиб, оғайниси гапга қўшилди:

— Ие, ахир француз тилидан ўндан тўққиз балл олдинг-ку. Қани энди гапир, кўрайлик-чи?

— Грамматикадан сўраса, биламан, қарасанг-чи, нуқул “parle vous” деяпти, — деди бола ҳам ноилож.

Энди аёл сўраганига пушаймон бўлгандек турарди, кетай деса, у учун шунча оломон жон куйдириб ётибди. Камига дастёр миршаб тўпланганларга қарата:

— Хўш, наҳотки ичингиздан бирорта “parle vous” французчани биладиган бўлмаса? — деди ҳафсаласи пир бўлиб.

Орқадан кимдир баланд овозда гапирди:

— Ҳалиги, нима эди-я қурғур. “Комси, комса”миди?

— “Комси комса” дейилмайди, биродари азиз, — деди кимдир киноя билан.

— Унда нима дейилади, афандим, айтинг-чи?

— “Ön pö” дейилади, “ön pö”…

— Ҳааа, “ön pö” дейиларкан, қойил! Келинг, унда французчани чалпак қилиб ташланг-чи!

— Тажриба йўқ, азизим, тажриба. Китоб бўлганидами, ағдар-тўнтар қилиб ташлардим сизга, — деди билағонлик қилиб.

— Тўғри айтдингиз, дўстим. Шунинг учун таржима бошқа, “parle vous” бошқа…

Бу орада ҳалиги ўқувчилар бир-бирига гап қотди.

— Ҳеч қурса, сен гаплаш.

— Нима дейин ахир, бу хотин мениям тушунмаса, шарманда бўламан.

— Француз хотинларига “бей”ни қандай айтади?

— Ўғлим, “бей” ҳар сўзда бир хил. Французча учун алоҳида сўз йўқ.

Гўзал меҳмонга ғала-ғовурнинг бир нафи тегмаётганидан миршабнинг жони сиқилар, ора-орада бояги ёшларга: “Ичингизда шу хотинни мот қилиб қўядиган битта мард топилмайди, эсиз”, деб қўярди. Шу маҳал француз тилидан ўндан тўққиз балл олган ҳалиги ўқувчи уяла-уяла:

— Regüliye феълларини сўрасин, майли, жавоб бераман, — деди. Уни тушунгандек, аёл дона-дона қилиб тушунтирди.

— Pardon… Mösyö L’ajan, je mere aile o müze d’arkoloji En sikö o pale dö Topkapi?

Миршаб дарҳол йигитчага қаради:

— Нима деди?

— “Топкапи” деяпти.

Кекса йўловчи сўради:

— Яъни бу хотин Франциядан атайлаб Топкапига келибдими?

— Ахир бу турист бўлса, истаса Топкапига, истаса чопкапига келади, сизга нима? — деди бирови.

— Шундай-ку-я, лекин Топкапида нима қиларкин, қизиқаяпман, — деди қария ҳам бўш келмай.

Хижолатдан ер бўлган миршаб эса ҳар замонда томошаталабларга қарата:

— Орангизда шу француз тилида икки оғиз гапни эплаб гапирадиган наҳотки топилмаса, — дерди умид билан.

Талотўпда ҳассасига суянганча турган бошқа бир қария:

— Менинг хотирам панд бермаса, бир нечта сўзларни билардим, — деди қалтираб. — Бироқ буни хонимга айтиб бўлармикин?

— Айтинг, худо хайрингизни берсин, нимадир денг! — деди миршабнинг тоқати-тоқ бўлиб.

— Нима десам экан. Буни, адашмасам, ўттиз йил олдин Шаҳзодабошидаги Тулуат театрида эшитгандим. Хотирамдан кетмаган бўлса, “Je vuzem je vuze dö tu mon kör… Ah mon amur…”миди, валлоҳу алам.

Ҳаммага қараб, ҳайрон бўлаётган ажнабий гўзал бирдан хандон отиб кулди-ю, сўнг:

— Je vure mersi Mösyö… Me il… — дея дардини тушунтиришга уринди.

Ҳеч ким хоним нега кулганини англамаса-да, йиғилганлар бир енгил тортди. Миршаб эса охирги умидли нигоҳларини ўқувчиларга қадаб:

— Қани, ўғлим, яна бир уриниб кўр-чи, бунинг ҳеч қийин томони йўқ, — деди бояги болага ёлворгандек. Эллик ёшлардаги бошқа кимса эса шундай деди:

— Ҳозирги болалар дангаса, шаталоқ отиб юришса бўлгани. Бизнинг пайтимизда мен мактабда ўқиб юрганимдаёқ Пьер Лотининг асарини таржима қилиб бўлгандим. Бундай “parle vous” французчасини булбул каби сайратиб юрардим.

— Ҳа, нимасини айтасиз. Эсимда, француз тили ўқитувчимизнинг дарсда хатосини топганим учун мени синфдан чиқариб юборганди.

Бу гапнинг завқидан орқада турган бир йигит кафтини оғзига олиб борди-да, ғалати товуш чиқарди. Ҳамма гуррос кулиб юборди. Аммо бояги нусха пинагини бузмасдан давом этди:

— Энди бўлса одамнинг эсида французча қоладими, тавбангдан кетай? Кеча нима еганимни эслолмайман-ку.

Кимдир луқма ташлади:

— Ҳақиқатни айтадиган бўлсам, ҳамма айб ўзида.

— Нимага? — деди кимдир.

— Хотин бошинг билан бегона мамлакатга келяпсан, бир-иккита туркча сўзни ўрганиб келсанг асаканг кетармиди а, нима дедингиз?

— Тўппа-тўғри! Шундай бўлсайди, амаллаб ишора қилиб бўлсаям тушунтирардик, — деди шеригини маъқуллаб аёллардан бири.

— Ҳа, айб ўзида. Қани англасайди, унга ҳеч бўлмаса бир қаҳва икром этардик.

— Қаҳва нима бўлибди, мен уни тушликка таклиф қилардим.

— Хўш, буни унга қандай тушунтирардик?

— Овқат “manje” дейилади, — деди болалардан бири топағонлик билан.

— “Manje”ни ҳамма билади, қароғим. Салон-палон деган кўп сўзларнинг номи зотан ўша ердан келиб чиққан, — деди бояги хотин ўзини доно кўрсатиб.

Оломон ичидан чиқишга уринаётган аёлга миршаб йўлбошчилик қиларкан, гўё уловига одам чорлаётган киракашдек:

— Қани, ким “parle vous Franse…”ни билади, битта бўлсаям борми? — дерди гавжум жойга умидланиб. Шу замон бир ўқувчи:

— Айтганча! — деб юборди.

— Демак, эсингга тушди, қани, гапир, ўртоқ, — деди ҳамсабоғи далда бериб. Болалар орқада пичир-пичир гапира бошлашди.

— Ҳалиги… “арувар” феълининг эндикативи нима эди?

— “Jave, tü ave, il ave, nu zavon, vu zave il… zave”ми, охиргисими?

— Йўқ, сен “пассе семпл”ни айтаяпсан…

— Аввало, бу “parle vous” феъли негативми, позитивми, шуни билиш керак!

Сабр косаси тўлган аёл одамларнинг ичидан чиқмоққа уринаркан, миршаб:

— Madam, pardon… ün münit… Болалар энди гапиришади, — деди уни тўхтатиб.

Кейин болаларга:

— Қани энди, йигитча, ғайрат қил, — деди ишонч билан. Қайси биридир: “Бунинг ўрнига “Jö süvi” ишлатилади”, деса, бошқаси: “Хўп, ундан кейин-чи?” дерди. Бу орада тамоман чарчаган хоним уларга гапирди:

— Jö vu rö mersi mösyö L’ajan. Jö viyen dö şanze L’ide si vu vule le son la disküisyon…

Ўқувчилардан бири эса тушунгандек:

— Ҳа, madam, jö süi parle Franse, — деди.

Турганларнинг бари бирдан ўспиринни олқишлади. Одамлар ниҳоят француз хоними билан кимдир гаплашишга муваффақ бўлди, деб ўйлашди ёки шундай бўлишини чин дилдан исташди. Оқибатда жувон талатўпдан чиқди-ю, йўлига равона бўлди…

Сезиб турибман, ҳозир каминадан: “Модомики, сиз французча романни таржима қилибсиз, нима учун аёл билан ўзингиз гаплашмадингиз?” — дея сўраётгандирсиз. Қани эди, мен бу тилни билсам… У ҳолда қандай қилиб асар таржима қилаётибманми? Нафсиламрини айтсам, эски турк тилига бир қанча французча китоблар ўгирилган. Камина эса ўша эски ёзувларни янги туркчага ағдариб қўя қоламан, холос. Сўнг уларни французчадан таржима қилдим, дейман-у сотаман. Ким ҳам мендан “Parle vous Franse?”ни сўрарди дейсиз?..

Турк тилидан

Наргиза АСАДОВА таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 3 =