Эски Римда яшаган одам

Азиз НЕСИН

Сўзлаб бермоқчи бўлган воқеам милоддан аввалги 128 йилда содир бўлган. Илтимос, яхшилаб эътибор беринг, содир бўлди демаяпман, содир бўлган. Чунки мен бу воқеани тарих китобларидан ўқиганим йўқ, шахсан ўзим гувоҳман.

“Таносуҳ” аталган руҳий ҳолат, яъни ҳозирги инсонларнинг кўп йиллар илгари бошқа бировлар ёхуд ҳатто ҳайвонлар ўлароқ яшаганларига ишонасизми? Истасангиз ишонинг, истамасангиз йўқ, каминани бу қизиқтирмайди асло.

Мен ўтган оқшом — бундан икки минг саксон тўрт йил олдинги ҳаётимни бошқатдан яшадим. Ҳали “руҳ-ул-қуддус” абадий бокира Ҳазрати Марямнинг қорнига кирмаган, яъни ҳали ўртада Ҳазрати Исонинг на номи, на нишони бор. Милоддан аввалги 128 йил… Мен римликман. Плафиум тоғининг этагидаги кенг ва улкан боғ ичида шинам виллам бор. Уч кеча аввал вилламга бир гуруҳ меҳмонлар келди: Валустус, Юлиус Перус, Сомпеиус, Тицерон ва бошқалар. Хуллас калом, барча яқин дўстларим келишганди. Сиз уларнинг бирортасини танимайсиз. Шу боис сизга уларни бироз таништира қолай. Дўстим Валустус машҳур гладиатор. Яқинда Колизейда жуда таниқли бир гладиатор билан курашди. Бу жангни кўришингизни жуда истардим. Икки гладиатор майдонга чиққанида, Колизейни тўлдириб ўтирган олтмиш минг одамнинг шовқини одамни гаранг қиладиган даражада баландлади. Ҳозирги даврда партия йиғилишлари, шунингдек, миллий терма жамоаларнинг футбол ўйинларидагина бунчалик шовқинга гувоҳ бўлиш мумкин.

Дўстим Валустус ҳурмат бажо айлаб, консул минбари сари юз тутди, у билан саломлашгач:

— Алвидо, қадри баланд консулимиз, ҳозир ўлимга юз тутаётганлар сенга чин дилдан салом йўллайди! — дея бақирди.

Оломон бу оташин нутқни шундай олқишладики, сиз бунчалик шовқинни ҳозир яланғоч қиз раққос иштирокидаги телешоулардагина кўришингиз мумкин. Икки гладиатор нақ уч соат жанг қилишди. Якунда дўстим Валустус душманни чорасиз қолдириб, ерга йиқитди. Ердаги гладиаторнинг ярқираган кумушранг зирҳи остида кўксининг қандай дупурлаётгани кўриниб турарди гўё. Енгилган гладиатор қўлининг икки бармоғини консулга узатди. Ўлдирмаслиги учун афв тилади. Лаззатланган томошабинлар:

— Ўлим, ўлим!.. — дея бақиришди. Бу худди футбол ўйинларидаги мухлисларнинг “Тепп! Теппп! Ёриб ташла тўпни!..” деган чуввосига ўхшарди.

Консул арслон панжасига ўхшаган қўлини минбарининг олдини ўраган, олтиндан ишланган матога узатди, сўнгра тиржайди. Бошини секин қуйи эгди. Бу Валустусга ишора эди. У “Душманнинг ишини битказ!..” деяётганди. Валустус қиличини яланғочлаб, ерда ётган душман юрагига санчди. Хуллас, менинг жасур дўстим Валустус шундай одам.

Келганлардан биттаси Юлиус Перус — бирга қонли жангларга кирган биродарим, машҳур қўмондон. У Ҳелленизм қироллигини қулатган лашкарни бошқарган.

Дўстим Сомпеиусга келсак, у илгарилари қул эди. Бироқ машҳур шифокор ва файласуф бўлгани, шу билан бирга, хўжайинини оғир хасталикдан қутқариб, жонига ором киргизгани учун уни озод қилишган. Қулликдан партиягача кўтарилган, у ўта ақлли ва донолиги боис ҳатто Трибуна мажлисида трибун этиб сайланган.

Дўстим Тицерон ёшлигида Римнинг энг яхши аравакаши, кўплаб мусобақалар ғолиби эди. Ҳозир эса бу ишни ташлаган, шеъру пьесалар ёзади.

Уйимдаги йиғилиш зап яхши бўлди. Чолғувчилар ҳарп, лира, гитара, флейта чалишди. Раққослар энг янги ва яхши рақсларини ўйнашди. Ичкилик селдек оқди. Бу сафар Валустус даврамиз чемпиони бўлди. Уч кун давомида у ётган диванига нақ йигирма марта егулик ва ичкилик тўла патнис келди. Тўрт марта қусди, кейин яна еди, ичди. Тушундингиз-а, нимадан чемпионлигини?! Бунчалик еган одамни сиз, балки, журналистлар шарафига уюштирилган зиёфатларда кўргандирсиз… Жуда гўзал йиғилиш бўлди. Уч кун давомида тинимсиз еб-ичилди. Кейин барчамиз бундан чарчадик. Ҳозирги очилиш маросимларидаги зиёфатларга ўхшаган бир нарса эди бу. Уч кундан сўнггина ўзимизга келдик.

Илиққина ҳаммом қабул қилгач, баданимга ифор берувчилар сепдим, оппоқ ва бежирим халатимни кийиб, ташқарига чиқдим. Қаерга боришни билмай гаранг эдим. Сўнгра қўшним Плебиуснинг вилласига йўл олдим. У:

— Эртага овга чиқамиз, одамларинг билан тайёрлан! — деди.

— Эртаги иш-ку, майли, — дедим, — бугун нима қиламиз?

Плебиус билан бир партияга аъзомиз, очиғи, унинг партияга каттагина хизматлари сингган.

— Истасанг, мусобақага борайлик, — деди, — баҳслашишга сабаблар кўп.

— Чарчаганман, Плебиус, — дедим.

— Ундай бўлса, амфитеатрга борайлик, яхши беллашув бор, — деди.

Дўстим Плебиус билан амфитеатрга йўл олдик. Ҳесапиануснинг бир комедияси саҳнага қўйилаётганди. Тўғриси, бу ярамасни ҳеч ёқтирмайман. Тилини узиб олсанг арзийди, тили заҳар. Ҳар ўйинида ё Сенатни ёмонлайди, ёки Қурия мажлисини… Ё консул ҳақида бўлмағур гаплар минғирлайди, ёки Претур борасида. Неча марта: “Шу ярамасни йўқотайлик, йиғилишда заҳарланган шароб берайлик”, дедим. Бизнинг файласуф Сомпеиус:

— Рим — республика, бу ерда унақаси кетмайди, ҳамма истаганича ёзади, сўзлайди, — деди.

Жуда жаҳлимни чиқаради бу Ҳесапианус деган ярамас. Мен консулнинг ўрнида бўлсам, уни циркдаги қутурган оч қоплонларга ем қилардим. Унинг гўштини еган қоплонлар ҳам заҳарланарди ҳатто, мараз, ярамас…

Оломон ҳам асабимни бузади. Шу тўнка ёзган асар саҳнага қўйилгудек бўлса, амфитеатрни тўлдиришади дарров. Бироқ келганлардан кўпчилиги плебуслардан, партиячилар, яъни ўз товоқдошларидан кам одам келади унинг томошаларига.

Ҳесапианус ўша кунги асарида яна бизнинг партия ҳақида сўз очганди. Гўё бизникилар сайловчиларни алдаган, берган ваъдалари устидан чиқмаётганмиш. Тўғридан-тўғри сўзламай, нақадар қоғозга ўраб айтмасин, барибир тушунса бўларди. Томоша тугаганида олқишдан амфитеатр қулаб кетай деди. Мен эса роса сиқилдим. Туртиниб-суртиниб вилламга келдим. Қарасам, виллам олдида оломон тўпланган. Нималар бўляпти? Қулларим ташқари улоқтирилган. Биттасидан:

— Нималар бўляпти? — дея сўрадим.

У:

— Афандим, — деди, — аскарлар ўғлингиз Кабакиусни ушлашга келишибди.

Ўғлимни ушлашга келган аскарлар бошида дўстим Юлиус Перус ҳам бор эди.

— Бу қанақаси Перус? Ўғлимни нега олиб кетмоқчисизлар? — дедим. У:

— Аниқ сабабини билмайман, лекин айтишларича, ўғлинг бир шеър ёзган, бир мисрасида “Римга олиб борар йўллар ёпилган”, деб ёзган.

— Э, бу қанақаси тағин? Қувур чуқурлари қазилгани учун йўллар ёпилган. Ёлғонми ё?

— Балки, айби бу эмасдир, балки, шу, билмайман. Ҳамма билган ҳақиқатларни очиқ айтиш баъзан айб саналади. Мержимекиуснинг нега ўлдирилганини эсларсан. Римнинг республика билан бошқарилишини билган ҳолда у “Рим республикадир!” дея бақиргани учун қатл этилганди. Нега ушлансин дейишди, мен билмайман, бироқ қўлимда буйруқ бор.

— Юлиус Перус, бу буйруқни ким берди? Дарҳол айт, Юпитер ҳаққи-ҳурмати, ичагини бошига салла қиламан унинг.

Ханжаримни қинидан чиқардим. У қўлидаги қоғозларни узатди:

— Мана, сенинг душманинг шу қоғозлар, — деди. — Амр шунда. Марс ҳаққи, қасам ичаманки, ўғлингни ўзимдан-ўзим тутаётганим йўқ. Ахир биласан-ку, ўз ишимни бажаряпман, холос.

— Тушундим, иш бу иш, — дедим. — Бироқ бу буйруқни ким берди сенга?

— Қўшин қўмондони Полакиус.

Ғазаб отини жиловлаёлмай қўшин қўмондони Полакиуснинг ёнига кетаётганимда, йўлда файласуф дўстим Сомпеиус билан учрашиб қолдим.

— Бабариус, қаёққа шошиляпсан бунча, нима, орқангдан жаҳаннам худоси қувлаяптими? — дея сўради.

— Плутон мени жазоласа ҳам майли, аммо шу қўшин қўмондони Полакиусни асфаласофилинга жўнатаман. Ўғлим Кабакиусни ушлаш ҳақида амр этибди.

— Полакиус ўз-ўзидан қилмаган бу ишни. У ҳам бирор жойдан олган бўлса керак буйруқни.

— Мен Холис ватандош партияси аъзоси эмасманми ахир, Сомпеиус? — дея сўрадим.

— Ҳа, — деди у жавобан, — сен эски римликлардансан. Римлик ота-онадан дунёга келган маҳаллий фуқаросан.

— Мен ер, мол-мулк ва қуллар соҳибиманми?

— Ҳа, Бабариус.

— Бу тўнкаларни ишга киргизиш учун овоз берганманми?

— Бергансан, дўстим.

— Шундай экан, тўғрими менга қилинган шу иш? Ноҳақлик эмасми бу?

— Ноҳақлик, биродар.

— Шундай экан, бу ноҳақликни қилган бир ярамас бор. Юпитер ҳаққи, унинг бошига етаман бугуноқ.

— Шошилма, Бабариус. Агар ҳақиқий айбдорни тополсанг, ўлдиролмайсан. Ханжаринг унинг юрагига эмас, қинига киради.

— Аҳд қилиб бўлдим аллақачон. Кўрасан мана… — дедим.

Шоҳона кўйлагимнинг этагини учирганча, қўлда ханжар, югура кетдим. Қўшин қўмондони мудири Полакиусга:

— Тўғрисини сўзлагани учун ўғлимни ушлашга амр этган сенмисан? — дея сўрадим.

— Менинг айбим йўқ, мана, шаҳарбошининг буйруғи, — деди.

Шаҳарбоши томонга югурдим. У ҳам:

— Мен буюрилган ишни қиляпман, бўлди, — деди. — Мана, Рим ҳокими Зибариуснинг буйруғи.

Сўнг унинг ёнига шошилдим.

— Ўғлимни сен ушлаттирдингми?

— Йўқ, Бабариус. Тўғрисини айтгани учун бир йигитчанинг ушланишидан мен ҳам жуда ранжидим.

— Шундай экан, айбдор ким? Менга бир қанча қоғоз парчалари, доираларнинг тош деворларини кўрсатишади. Ўғлимни тўғрисини айтди дея бу қоғозлар, бу мармар деворлар ушлаб турибдими? Қоғозларни сўйиб ташлайми? Деворлар бағрини ўяйми?

Зибариус ҳам бир қанча қоғозни узатди.

— Мана, Трибуна мажлисининг амри, — деди, — остида уч трибуннинг имзоси бор.

Дарҳол трибунлар сари югурдим.

— Мен Рим учун қон тўккан Бабариусманми?

— Қаҳрамон римлик, партиямизнинг энг фаол аъзоси Бабариус, саломлар! — дейишди бир овоздан.

— Салом ҳам, қаҳрамон ҳам ўлсин! — дея бақирдим. — Ўғлимни ушлашга сиз буйруқ бердингизми?

— Биз нега бундай қилар эканмиз, асло, — дейишди. — Консул амр қилган.

— Консулми? Фарқи йўқ, ким бўлишидан қатъи назар, бу ноҳақликнинг жазосини чекажак, — дедим.

Қўлимда ханжар, Консул Октамируснинг қаршисига чиқдим.

— Айт, менинг душманим сенмисан? — дея бақирдим.

У:

— Ақлдан оздингми, Бабариус? — деди. — Мен қирол ё диктатор эмасман ахир. Рим республика билан бошқарилади. Мана, ўғлингни ушлаш буйруғи.

— Яна қоғозларми? Нима, ўғлимни шу қоғозлар ушлашяптими? Биров айтсин ахир, қайси занғарнинг иши бу?

— Бу амрни Сенат берган, Бабариус. У аъзоларнинг қарорлари билан амалга оширилади.

Шамол тулпорини қамчиладим. Мутлақо душманни топиш илинжида эдим. Йўлда ўша омадсиз кимса билан тўқнашдим, ўша — Сенат ҳақида танқидий, кулги остига олинган асарлар ёзадиган драматург Ҳесапианус билан.

— “Римга олиб борар йўллар ёпилган” дегани учун ўғлимни ушлашибди, Ҳесапианус, — дедим. — Бу ноҳақлик эмасми ахир?

— Ҳа, ноҳақлик… — деди у.

— Бу ноҳақликни қилган ким? Душманим ким менинг? — дея сўрайман, — Менга амрлар ёзилган бир даста қоғозни кўрсатишади. Айт, ахир шу қоғозларнинг бошига етайми? Бу ноҳақликни қилган аблаҳ қаерда, айт?

— Нима қиласан ўша аблаҳни?

— Юпитер ҳаққи, ичагини калласига салла қилиб ўрайман, умрини битираман, кўкси ханжарим тиғига нишон бўлади.

У ҳам файласуф дўстим Сомпеиус каби:

— Айбдорни топсанг, ҳеч нарса қилолмайсан, — деди.

— Қилолмайсан? Мана кўрасан. Ваъда бераман, тамом у. Бу қоғозларни илк чиқарган одамни ахтаряпман, — дедим.

— Шак-шубҳасиз, Сенат у, — деди.

— Шундай, — дедим.

— Сенат аъзолари кимлар?

— Бизнинг партиядагилар.

— Уларни ким сайлаган?

— Мен!

— Ҳалиям айбдорни излаяпсанми?!

Ханжаримни олиб, кўксимга суқдим. Оппоқ ва қимматбаҳо шоҳона кўйлагим қирмизи қонга бўялди. Айбдорни топган ва ўлдиргандим…

Ишонаверинг, инсоннинг илгари қайси вақтда, қандай ҳолатларда яшаганини хотирлашдан оғир нарса йўқ. Хўш, ростини айтинг-чи, орангизда мендек милоддан аввалги 128 йилда Рим Республикасида яшаган бирор одам борми?

Турк тилидан Раҳмат БОБОЖОН таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 4 =